Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ХАЛК ДЕПУПАТЛАРИ ВИЛОЯТ КЕНГАШИ ҚАРОРИ

ХАЛК ДЕПУПАТЛАРИ ВИЛОЯТ КЕНГАШИ ҚАРОРИ

.

Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетининг 2021 йилдаги кутилаётган ижроси ҳамда 2022 йилги маҳаллий бюджетнинг белгиланган асосий параметрлари тўғрисида

 

Бюджет кодексининг 99-моддаси, Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6, 24-моддалари, “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2021 йил 30 декабрдаги 01/20-01-32/841-сонли кўрсатмасини инобатга олиб, халқ депутатлари вилоят Кенгаши олтинчи чақириқ, эллик учинчи сессияси

ҚАРОР  ҚИЛАДИ:

  1. Ўзбекистон Республикасининг “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни ижро учун қабул қилинсин.
  2. Ўзбекистон Республикасининг “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида” ги Қонунига (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) мувофиқ Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетининг 2022 йил учун даромадлари 3 955,8 млрд.сўм, харажатлари 4 963,8 млрд.сўм прогноз қилинганлиги ҳамда республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар 1 008,0 млрд.сўм миқдорида тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
  3. Қуйидагилар:

2022 йил учун Самарқанд вилоятини  ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ҳамда 2023-2024 йилларга мақсадли мўлжаллари  1-иловага мувофиқ;

         2022 йил учун вилоят маҳаллий бюджети даромадлари прогнози 2-иловага мувофиқ;

2022 йил учун вилоятнинг вилоят бюджетидан ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари 3-иловага мувофиқ;

2022 йил учун туманлар ва шаҳарлар бюджетларига умумдавлат солиқларидан ажратмалар нормативлари 4-иловага мувофиқ;

Бунда, ажратмалар нормативлари бўйича вилоят маҳаллий бюджети билан туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларининг тақсимотини ўрнатилган тартибда вилоят Ғазначилик бошқармаси томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.

шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджетларининг 2022 йилги даромадлари ва харажатларининг чегаравий хажмлари 5-иловага мувофиқ;

2022 йил учун туман ва шаҳар маҳаллий бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорлари 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

  Бунда, тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини туман ва шаҳар маҳаллий бюджетлари даромадлари прогнози ижросидан қатъий назар камайтиришга йўл қўйилмаслиги инобатга олинсин.

  1. 2022 йил учун вилоятнинг вилоят бюджети захира жамғармаси ҳажмлари 16,1 млрд. сўммиқдорида белгилансин.
  2. Туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг 2022 йил учун захира жамғармалари тегишли бюджетлар тасдиқланган умумий харажатларининг камида 1,0 фоизи миқдорида шакллантирилсин.
  3. 2022 йил учун вилоятнинг вилоят бюджети шахсий ғазна ҳисобварақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 11 122,0 млн сўмни ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетлари шахсий ғазна ҳисоб варақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 7-иловага мувофиқ белгилансин.
  4. Ўзбекистон Республикасининг “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида” ги Қонуни билан 2022 йилда халқ депутатлари Кенгашларининг маҳаллий бюджетларни бошқаришда, хусусан, маҳаллий бюджет харажатларини ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилар кесимида тасдиқлаш ва уларнинг Кенгаш олдидаги ҳисобдорлигини белгилаш бўйича ваколатлари кенгайтирилганлиги инобатга олинсин.
  5. 2022 йилда қуйидаги солиқ турлари:

а) шаҳар ва туманлар бюджетига тўлиқ ҳажмда ўтказилади:

жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;

жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;

жисмоний шахсларга тегишли мол-мулкни ижарага беришдан оладиган йиллик даромади тўғрисидаги декларацияга асосан тўлайдиган, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно;

айланмадан олинадиган солиқ;

давлат объектларини ижарага беришдан олинадиган даромадлар;

норуда қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ.

мобиль алоқа хизматлари учун, сигарет учун ва алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво учун акциз солиғидан тушумлар 2021 йил 1 июль ҳолатига кўра туман ва шаҳар аҳолисининг вилоят аҳолисидаги улушига мувофиқ.

б) вилоятнинг вилоят маҳаллий бюджетига тўлиқ ҳажмда ўтказилади:

қонунчиликда белгиланган миқдорлардаги давлат божлари (патент божларидан ва лицензиялар берганлик учун давлат божларидан ташқари);

қонунчиликда белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ундириладиган жарималар;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг улуши бўйича дивидендлар (даромадлар) ва ажратмалар;

электр станциялари томонидан тўланадиган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;

вилоят, туман ва шахарлар ҳокимларининг қарорлари асосида сотиладиган давлат мулки обьектларини сотишдан олинган даромадлар;

тадбиркорлик ва шахарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш ер участкаларини «е-ijro auksion» савдо майдончаси оркали сотишдан тушган тушумлар;

давлат фойдасига мусодара қилинган мол-мулкни сотишдан тушган тушум.

в) қуйидагилар, вилоят бюджети ҳамда шаҳар ва туманлар бюджетлари ўртасида тақсимланади:

юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ;

юридик шахслардан олинадиган ер солиғи;

бензинни, дизель ёқилғисини ва газни якуний истеъмолчиларга реализация қилишдаги акциз солиғи;

айрим турдаги товарларнинг чакана савдосига доир ҳуқуқ учун йиғимлар;

қонунчиликда белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ундириладиган бошқа йиғимлар (божхона органлари томонидан ундириладиган йиғимлардан, ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун ундириладиган утилизация йиғимидан, шунингдек автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш учун тўловдан ташқари)

Бунда, қонунга мувофиқ вилоят маҳаллий бюджетига ажратма қилинган 100 фоиз миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан тушумларнинг (жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан оладиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан тўланадиган ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғидан ташқари) ҳамда фойда солиғидан тушумларнинг (Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ йирик солиқ тўловчилар, Ўзбекистон Республикасида доимий фаолият олиб борувчи муассаса орқали фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан, шунингдек норезидентларнинг тўлов манбаида ушлаб қолинадиган даромадларидан тўланадиган фойда солиғидан ташқари) шаҳар ва туманлар ўртасида тақсимланиши таъминлансин.

  1. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари (Ураков), вилоят Молия бош бошқармаси (Мирзаев), вилоят Давлат солиқ бошқармаси (Инагамов) туман (шаҳар) ҳокимликлари, масъул бошқарма ва ташкилотларга:

тегишли бюджетларни, биринчи навбатда, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон ва коммунал хизматлар харажатларининг режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантириш;

маҳаллий бюджети прогноз кўрсаткичларини ўз вақтида ва самарали бажариш;

бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш;

бюджет интизомига риоя этилиши устидан назорат ва масъулиятни янада кучайтириш;

тегишли маҳаллий бюджетларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушумини таъминлаш;

бюджет даромадлар базасини ошириш ва қўшимча резервларни аниқлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратиш топширилсин.

  1. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари (Ураков), халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти (Юлдашев), шаҳар ва туманлар ҳокимликлари:

бюджет даромадлари ва харажатларининг прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш;

солиқ базасини кенгайтириш, иқтисодий салоҳиятни ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш устидан қатъий назоратни ўрнатиш;

ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар бўйича ҳисоботларини халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туманлар Кенгашларига киритиб борилишини таъминласин.

  1. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари – матбуот котиби (М.Мирзаев), вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонаси (А.Анваров) ушбу қарорни “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталарида расман эълон қилинишини ва вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига ҳамда Lex.uz Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базасига жойлаштирилишини таъминласинлар. 
  2. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
  3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестициялар ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси (Ф.Насруллаев) ва вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари (Ж.Ураков) зиммасига юклансин зиммасига юклатилсин.

Кенгаш раиси                                                                          Э.Турдимов

Самарканд  шаҳри, 2021 йил 30 декабрь VI-53-126-7-0-K/21 - сон

Қарорни юклаб олиш (PDF 363 КБ)


Киритилган вақти: 13/01/2022 15:04.   Кўрилганлиги: 728
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/xalk-depupatlari-viloyat-kengashi-qarori

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 10

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.