Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Соҳибқирон боғлари

Соҳибқирон боғлари

Соҳибқирон Амир Темур бунёд этган боғлар


Амир Темур бобомиз табиатни, инсонни соғломлаштириш, чўл-биёбонларни ободонлаштириш ва деҳқончиликни ривожлантириш борасида жуда кўп ҳикматли сўзларни мерос қилиб қолдирди. “...Ҳар бир шаҳарда масжидлар, мадрасалар, хонақолар, ҳаммомлар қуришни, мусофир йўловчилар учун йўл устида работни бино қилишни, дарёлар устида кўприклар қуришни буюрдим. Кимки бирон саҳрони обод қилса ёки бирон боғ кўкартирса ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нарса олмасинлар, учунчи йили қонун-қоидага мувофиқ хирож йиғилсин”. 
Моваруннаҳрнинг деҳқончилик воҳаларида, хусусан, Зарафшон водийсида ўнлаб суғориш тармоқлари чиқарилиб, деҳқончилик майдонлари кенгайтирилди. Мозорот ва зиёратгоҳлар обод этилди.

Қашқадарё вилоятидаги Эски Анҳор каналини Амир Темур бобомиз Султон Боязид устидан қозонилган ғалабаси шарафига қурган.  Тарихчи Ҳофиз Абрўнинг ёзишича Амир Темур Хуросондаги Мурғоб водийсида ободончилик ва деҳқончилик ишлари хароб бўлганини кўриб, дарёдан 20 та канал қаздириб, сув чиқариб деҳқончилик ва ободончилик ишларига асос солади. Унинг топшириғи бўйича Кўҳак – Зарафшон, Амударё ва Сирдарёга кўприклар қурилди. Шунингдек, Сирдарёдан, Оҳангарондан канал қазилди. Соҳибқироннинг фармойишига кўра, Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз ва Фарғонада ирригация – суғориш ишлари олиб борилди. Бундай бунёдкорликлар давлатнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилган. У узоқ Қорабоғда 42 км канал қурдирган. Озарбайжондаги Муғон шаҳрида 12 та боғ барпо этган.

Амир Темур даврида бетакрор боғлар яратилган ва уларга ўзига хос номлар қўйилган. Булар хусусидаги дастлабки маълумотлар ўтмиш тарихчилари, шоирлари, сайёҳлари асарларида учрайди. Шунингдек, Амир Темур боғлари ўрта асрлар рассомлари миниатюраларида ҳам тасвирланган. Бу боғлар тузилишига кўра икки хил бўлган:

  • Чорбоғлар – геометрик (тўрт бурчак) шаклида бўлиб, ҳар томони тахминан 1 км масофага чўзилган. Саҳнидан ўтган ариқлар уларни тенг 4 қисмга ажратиб турган. Атрофидаги баланд деворларнинг ҳар бурчагида минора бўлган. Марказда Сарой жойлашган. Бундай боғларнинг дарвозалари шаҳар тарафга қаратиб қурилган.
  • Тузилиши геометрик шаклда бўлмаган, табиий дарахтзор ва чакалаклар бағрида барпо этилган боғлар. Бундай боғлар ҳукмдор ов қилиши учун мўлжалланган бўлиб, асосий қисми табиий, қўл текизилмаган ҳолда сақланган. Уларнинг кичик бир қисмигагина дам олиш учун сарой ва чодирлар қурилган. Ҳовузлар қазилиб, фавворалар ўрнатилган. Бу турдаги боғларнинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ниҳоятда бой бўлган.

Амир Темур боғларидан энг чиройли ва машҳурлари қуйидагилар:

  • БОҒИ БАЛАНД. Соҳибқирон Самарқанд Шимолидаги Чўпонота мақбараси яқинида (ҳозирги аэропорт атрофи) набираси (Мироншоҳнинг қизи)га атаб қурдирган. Уни барпо қилишида Эрон, Озарбайжон ва бошқа мамлакатлар боғчилик санъати усталари ҳамда меъморлари қатнашган. Боғ ўртасида Табриз оқ мармаридан қурилган ҳашаматли қаср бўлиб, унинг атрофидаги узумлар, анжирзор ва олмазорлар боққа гўзал бир тароват бахш этиб турган.
  • БОҒИ БЕҲИШТ. 1378 йилда Соҳибқирон Самарқанднинг Ғарбида суюкли хотини Хайрунисога атаб қурдирган. Айрим ёзма манбаларда “Боғи Жаннат” номи билан аталади. Боғ ўртасидаги атрофи ҳандақ билан муҳофаза этилган сунъий тепалик устида табриз оқ мармаридан қурилган ҳашаматли сарой бўлган. Саройга бир неча кўтарма кўприклар орқали кирилган. Бу боғнинг бир тарафида ҳайвонот боғи бўлиб, турли хил ҳайвонлар сақланган.
  • БОҒИ ДАВЛАТОБОД. Бу боғ Самарқанддан 13 км Жанубда, ҳозирги катта Ўзбекистон трактининг чап томонида бўлган. Амир Темур бу боғда зафарли юришлардан қайтгач, дам олган, хорижий элчиларни қабул қилган. Унда ариқлар, тўртта ҳовуз, катта сарой бўлган. Сарой сунъий тепа устига қурилган, атрофи ҳандақ билан ўралган. Унга иккита кўтарма кўприк орқали кирилган.
  • БОҒИ ДИЛКУШО. (Кўнгил очувчи боғ) 1397 йилда Амир Темур хотинларидан бири Тукалхоним шарафига қурилган. Бу боғ Самарқанддан 5 км Шарқда, Панжакент йўлининг ўнг томонида (қадимий Хиждувон қишлоғи ўрнида) жойлашган. Ҳар тарафи 900 метр узунликдаги баланд пахса девор билан ўралган. Боғнинг тўртта дарвозаси марказида ҳашаматли сарой бўлган. Сарой уч қаватли бўлиб, ҳар қаватида фаввора отилиб турган. Сарой деворларига Соҳибқирон олиб борган урушлардан лавҳалар чизиб қўйилган. Бу боғ ўрнида ҳозирги кунда Дилкушо қишлоғи жойлашган.
  • БОҒИ  ЖАҲОННОМА (Жаҳон кўзгуси). Амир Темур Самарқанддан етти фарсах (42 км) нарида, Зарафшон тоғи этагида қурдирган (тахминан Ургут туманида). Унда сарой ва қалъа бўлган. Боғнинг ҳудуди жуда ҳам катта бўлиб, йўқолиб қолган от 6 ойдан сўнг топилган экан.
  • БОҒИ МАЙДОН. Чўпонота тепалиги этагида, Самарқанднинг шимолида жойлашган. Тарихий манбаларга қараганда, боғда ҳашаматли бир айвон (кўшк) ва қимматбаҳо тошлардан ясалган тахт бўлган. Амир Темурнинг невараси Мирзо Улуғбек бу боғни янада обод қилган. Бу боғ ўрни ҳозир ҳам Боғи Майдон деб аталади.
  • БОҒИ НАВ (янги боғ). Бу боғни 1404 йилда Амир Темур Самарқанднинг Жанубида қурдирган. Лолазор қишлоғи ўрнида жойлашган. Бу боғ тўртбурчак шаклида бўлиб, атрофи баланд пахса девор билан ўралган, ҳар бурчагида минора қад кўтариб турган. Марказида бошқа боғлардагига нисбатан каттароқ қаср, унинг олдида катта ҳовуз бўлган.
  • БОҒИ ЧИНОР. Амир Темур Самарқанднинг Шарқида (Конигилнинг жанубий-ғарб тарафида, ҳозирги Қўштамғалик тепалиги ўрнида) барпо қилдирган. Унда ажойиб чинорлар кўп бўлган. Боғнинг марказида сарой жойлашган.
  • БОҒИ ШАМОЛ. Амир Темур 1397 йилда набираси (Мироншоҳнинг қизи)га атаб қурдирган. Бу боғ Самарқанднинг Ғарбида бўлган. Ундаги сарой тўртбурчак шаклида бўлиб, ҳар томони 1500 қадамни ташкил қилган. Деворларига мармар қопланиб, саҳни қораёғоч ва фил суягидан ишланган. Бу боғ жойлашган ҳудуд ва у ердаги ариқ ҳозир ҳам Боғи Шамол деб аталади.

Амир Темур бобомиз Самарқанд атрофида булардан ташқари, яна бир қанча боғ ва саройлар барпо этган. Чунончи, БОҒИ БУЛДУ, БОҒИ ЗОҒОН, БОҒИ НАҚШИ ЖАҲОН, БОҒИ АМИРЗОДА ШОҲРУХ, БОҒЧА, БОҒИ ДИЛАФРЎЗ, БОҒИ ШЕРОИ, ГУЛБОҒ, ЛОЛАЗОР, БЕДАНА КУРГИ, ЧУМЧУҚЛИК, ҒОЗХОНА ва бошқалар бири биридан қолишмаган.


Охирги ўзгариш: 11/09/2018 18:33.   Кўрилганлиги: 16852
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/about_region/gardens

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 7

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.