Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Тез-тез бериб туриладиган саволлар

Тез-тез бериб туриладиган саволлар

Тез-тез бериб туриладиган саволлар

САВОЛ №1: "Меҳнат ҳуқуқлари" - Ишдан четлаштириш қандай ҳолатда ва қай тарзда амалга оширилади?

ЖАВОБ: Меҳнат кодексининг 113-моддасига асосан ходимни ишдан четлаштиришга, қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари, йўл қўйилмайди.
Алкоголли ичимликдан, гиёвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида ишга келган ходим шу куни (сменада) ишга қўйилмайди.
Ходим мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки ўтказилган текширишлар натижалари бўйича тиббий комиссия тавсияларини бажармаган тақдирда, иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақлидир.
Ходим иш берувчининг айби билан ғайриқонуний равишда ишдан четлаштирилганда ходимга етказилган зарарни Меҳнат кодексида назарда тутилган тартибда тўлаш мажбурияти иш берувчига юклатилади.

САВОЛ №2: "Сармоя" - Кредит ажратилишида амалий ёрдам кўрсатиш масаласи.

ЖАВОБ: “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунининг 50-моддасига мувофиқ Марказий банк молия-банк тизими барқарорлигини сақлаб туриш, омонатчилар, қарз олувчилар ва кредиторларнинг манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида банклар, микрокредит ташкилотлари ва гаровхоналар фаолиятини тартибга солади ва ушбу қонун билан берилган ваколатлар доирасида назорат қилади.
Мазкур Қонунга мувофиқ тижорат банклари мижозларига кредитлар бериш тўғрисида кўрсатма бериш Марказий банк ваколатлари доирасига кирмайди.

САВОЛ №3: "Пул муомаласи" - Тўлов терминаллари қаерларда ўрнатилган бўлиши лозим?

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010-йил 19-апрелдаги ПҚ-1325-сонли қарорига асосан аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширувчи қуйидаги чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида тўлов терминали мажбурий ўрнатилиши лозим:
авиация ва темир йўллар патталарини сотиш кассалари;
автовокзал ва автостанциялар кассалари;
автомобилларга ёнилғи қуйиш шахобчалари;
меҳмонхоналар;
кредит ташкилотлари (микрокредит ташкилотлари, ломбардлар), суғурта ташкилотлари ва молия бозорининг бошқа субъектлари;
турғун савдо шахобчалари, шу жумладан, дорихоналар (эгаллаб турган майдони ўлчамидан қатъи назар);
умумий овқатланиш объектлари;
уй-жой-коммунал, шунингдек телефон алоқа хизматлари, шу жумладан, уяли алоқа телефонлари хизматлари учун аҳолидан тўловларни қабул қилиш шахобчалари;
автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари;
алоқа бўлимлари;
маиший хизмат кўрсатиш ҳамда маданий-оммавий ва томоша тадбирлари ўтказиладиган объектлар;
аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширувчи бошқа хўжалик юритувчи субъектлар.

САВОЛ №4: "Ҳисоб-китоб" - Бизга банк-клиент дастурини ўрнатиб беришди, аммо хизмат учун тўловни дастурни ишга туширмай туриб ҳисобимиздан ечиб олишибди. Банкнинг ушбу харакатлари қонунийми?

ЖАВОБ: “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг 31-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатлар шартномалар асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 780-моддасида мижоз банкнинг ҳисобварақда турган пул маблағлари билан операция қилиш бўйича хизматларига банк ҳисобварағи шартномасида назарда тутилган шартлар асосида ҳақ тўлайди. Банкнинг хизматлари учун ҳақ, агар банк ҳисобварағи шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, банк томонидан ҳар ойнинг охирида мижознинг ҳисобварағида турган пул маблағларидан ундириб олинади деб белгилаб қўйилган.

САВОЛ №5: "Ҳисоб-китоб" - Агар таъсисчи ўз маблағларини пластик картага ўтказмоқчи бўлса, банк 5 фоиз ушлаб қолиш ҳуқуқига эгами?

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 780-моддасида мижоз банкнинг ҳисобварақда турган пул маблағлари билан операция қилиш бўйича хизматларига банк ҳисобварағи шартномасида назарда тутилган шартлар асосида ҳақ тўлаши белгилаб қўйилган.
“Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида”ги Йўриқнома (рўйхат рақами 1948, 2009-йил 27-апрел)нинг 7-банди 3-хатбошисига мувофиқ банк ҳисобварағи шартномасида банк хизматлари учун тўланиши лозим бўлган комиссиялар белгилаб олинади. “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида” Қонунининг 28-моддасига асосан банк операциялари бўйича фоиз ставкалари ва воситачилик ҳақи миқдори банклар томонидан мустақил белгиланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, банк операциялари бўйича фоиз ставкалари ва воситачилик ҳақи миқдори тижорат банклари томонидан мустақил белгиланади.

САВОЛ №6: "Меҳнат ҳуқуқлари" - Менинг қўл остимда ишлайдиган ходимлардан бири малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли ўзининг меҳнат вазифаларини унчалик яхши бажара олмаяпти. Уни камроқ малака талаб этиладиган ишга ўтказишим мумкинми?

ЖАВОБ: Ҳа, мумкин. Бундан ташқари Меҳнат кодексининг 92-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, иш берувчи сифатида сиз ходимга мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган бошқа ишни таклиф қилишингиз шарт. Агар ходим бажараётган ишига ёки эгаллаб турган лавозимига номувофиқ бўлса – мутахассислиги бўйича бирмунча кам малака талаб этиладиган бошқа ишни, бундай иш бўлмаган тақдирда эса – корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф қилишингиз лозим.
Ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортган ёки корхонада унга мувофиқ келадиган иш бўлмаган тақдирда, меҳнат шартномаси умумий асосларда бекор қилиниши мумкин.

САВОЛ №7: "Меҳнат ҳуқуқлари" - Ташкилотимизда 16 ёшли қиз ишлайди. Ота-онаси қизи институтга кириши учун давлат имтиҳонларига тайёргарлик кўриши лозимлигинини айтиб, у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш талаби билан мурожаат қилди. Ушбу масала бўйича касаба уюшмаси билан маслаҳатлашиш керакми?

ЖАВОБ: Ушбу ҳолатда меҳнат шартномасини бекор қилиши иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинмаётганлиги сабабли меҳнат шартномасини бекор қилишида касаба уюшмаси ёки ходимнинг бошқа вакиллик органининг розилиги талаб этилмайди. Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқда Меҳнат кодексининг 106-моддаси 6-бандига ҳавола қилган ҳолда меҳнат шартномаси ходимнинг ота-онасинини талаби билан бекор бўлганлигини баён қилишингиз лозим. Бундан ташқари, буйруқда Меҳнат кодексининг 247-моддасига кўра меҳнат шартномаси 18 ёшга тўлмаган шахс билан қандай асосларда (масалан, ўқиш жараёнининг иш вақти билан номувофиқлиги) бекор бўлганлиги акс этиши керак.

САВОЛ №8: "Меҳнат ҳуқуқлари" - Дўконимиз ишчилари дўкон эгаси билан жамоа шартномасини тузишмоқчи. Лекин, бизнинг ишхонамизда касаба уюшмаси мавжуд эмас. Жамоа шартномасини тузиш учун касаба уюшмасини ташкил қилиш шартми?

ЖАВОБ: Йўқ, шарт эмас. Меҳнат кодексининг 35-моддасига мувофиқ, иш берувчи билан жамоа шартномасини тузиш зарурлиги ҳақида қарор қабул қилиш ҳуқуқига касаба уюшмаси ўз вакиллик органи орқали, ходимлар томонидан ваколат берилган бошқа вакиллик органи ёки бевосита меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши (конференцияси) эга.

САВОЛ №9: "Консуллик хизматлари" - Хорижда истиқомат қилаётган вақтда фамилияни, исмини, отасининг исмини ўзгартириш мумкинми, бу ҳаракатни қандай ҳолатларда амалга ошириш мумкин?

ЖАВОБ: Хорижда доимий истиқомат қилувчи фуқароларнинг аризалари консул томонидан кўриб чиқилади. Фамилияни, исмини, отасининг исмини ўзгартириш тўғрисидаги ариза аризачи томонидан у 16 ёшга тўлганидан кейин тақдим этилиши мумкин (аризачининг ташрифи мажбурий).
Фамилияни, исмини, отасининг исмини ўзгартириш тўғрисидаги ариза қуйидаги ҳолларда кўриб чиқилади:
агар фамилияси, исми ва отасининг исми ҳунук бўлса;
агар фамилияси, исми ва отасининг исми миллатига мос бўлмаса;
ўз хоҳишига кўра никоҳгача бўлган фамилияни қайтариш ихтиёр қилинса (никоҳда турган ҳолатда ҳам, никоҳ бекор қилингандан кейин ҳам);
оила учун умумий фамилияни олиш истаги туғилганда (агар никоҳ тузилаётганда ер-хотин умумий фамилияни танлаган бўлмаса);
консул узрли деб ҳисоблаган бошқа ҳолатларда.
Фамилияни, исмини, отасининг исмини ўзгартириш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати:
Фамилияни, исмини, отасининг исмини ўзгартириш тўғрисидаги ариза (ўрнатилган шакли консулдан олинади).
Аризачининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси.
Агар аризачи никоҳланган бўлса, никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, агар ажрашган бўлса, никоҳдан ажрашганлиги тўғрисидаги гувоҳнома.
Агар аризачининг вояга етмаган фарзандлари бўлса, боланинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалари.
Паспортдан ёки аризачининг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатдан кўчирма.
Агар аризачи вояга етмаган бўлса (16 ёшдан 18 ёшгача), ёки суд қарори билан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, ота-онасининг, ёки васийнинг, ёҳуд ҳомийнинг аризаси.
1 та фотосурат (3х4 ҳажмли).
Вояга етмаган (16 ёшдан 18 ёшгача) шахслар учун, шунингдек ота-онасининг розилиги ҳам талаб этилади.
Агар 16 ёшга тўлган шахс паспорт ёки унинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни олгунга қадар фамилияни, исмини, отасининг исмини ўзгартириш тўғрисида ариза берса, аризага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва туғилганликни қайд этиш далолатномасининг нусхаси илова қилинади.

САВОЛ №10: "Солиққа тортиш" - Менинг фарзандим муддатли ҳарбий хизматни ўтамоқда, бизнинг оила аъзоларимиз (хизматни ўташ даврида) жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғини тўлашдан озод этиладими?

ЖАВОБ: Муддатли ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчилари ва улар оила аъзоларига (хизматни ўташ даврида) мол-мулк солиғидан имтиёз қўлланилиши бекор қилинган. (Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ- 241-сонли Қонуни, 8-банди)

САВОЛ №11: "Меҳнат ҳуқуқлари" - Мени ҳарбий ҳизматга чақиришганлиги сабабли ишдан бўшадим. Ҳарбий хизматни ўтаб бўлганимдан кейин аввалги ишимга жойлашиш бўйича қандайдир кафолатлар борми?

ЖАВОБ: Меҳнат кодексининг 68-моддасига кўра, ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган) ходим резервга бўшатилган ёки истеъфога чиққанидан кейин, башарти, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидан, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қўшинларидан бўшатилган кунидан бошлаб узоғи билан уч ой ичида ишга жойлашиш масаласида иш берувчига мурожаат этган бўлса, аввалги иш жойида ишга жойлашиш ҳуқуқига эгадир.
Ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган), лекин кейинчалик резервга бўшатилган ёки истеъфога чиққан ходим, агар унинг ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган) кунидан бошлаб уч ойдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, аввалги иш жойига (лавозимига) қайтиб келиш ҳуқуқига эга.

САВОЛ №12: "Меҳнат ҳуқуқлари" - Жамоа шартномасида ногиронлар ва бола тарбия қилаётган шахслар учун қўшимча имтиёз белгиланиши мумкинми?

ЖАВОБ: Меҳнат кодексининг 37-моддасига мувофиқ жамоа шартномасида корхонанинг иқтисодий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, бошқа шартлар, шу жумладан, қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган нормалар ва қоидаларда кўрсатилганига қараганда имтиёзлироқ меҳнат шартлари ва ижтимоий-иқтисодий шартлар (қўшимча таътиллар, пенсияларга тайинланадиган устамалар, муддатдан илгари пенсияга чиқиш, транспорт ва хизмат сафари харажатлари учун компенсациялар, ходимларни ишлаб чиқаришда ҳамда уларнинг болаларини мактабда ва мактабгача тарбия муассасаларида текин ёки қисман ҳақ тўланадиган тарзда овқатлантириш, бошқа қўшимча имтиёз ва компенсациялар) ҳам киритилиши мумкин.

САВОЛ №13: "Меҳнат ҳуқуқлари" - Бошқа ишга ўтказишдан олдин буйруқ чиқариладими ёки олдин меҳнат шартномасига ўзгартириш киритиладими, деган масалада кадрлар бўлими ходими билан баҳслашиб қолдик. Ушбу ҳолатга ойдинлик киритиб беришингизни сўраймиз?

ЖАВОБ: Меҳнат кодексининг 96-моддаси биринчи қисмга кўра, доимий бошқа ишга ўтказиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Бошқа доимий ишга ўтказиш ҳақида буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномасига киритилган ўзгаришлар асос бўлади.
Вақтинча бошқа ишга ўтказиш унинг муддати кўрсатилган ҳолда буйруқ билан расмийлаштирилади.
Меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига биноан ҳамда ходимнинг ташаббуси билан вақтинча бошқа ишга ўтказиш ҳақида буйруқ чиқариш учун унинг аризаси, ҳомиладор аёлларни ва икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни вақтинча бошқа ишга ўтказиш ҳақида буйруқ чиқариш учун эса, — уларнинг аризаси ва тиббий хулоса асос бўлади.

САВОЛ №14: "Меҳнат ҳуқуқлари" - Мен илмий-тадқиқот институтида 10 йилдан бери ишламоқдаман. Замон ўзгариши билан меҳнат шартлари ва талаблари ўзгармоқда. Бироқ, менинг меҳнат шартномам анча олдин, ишга кираётганимда тузилган. Мен бошлиғимдан меҳнат шартномасининг айрим шартларини ўзгартиришни сўрашим мумкинми?

ЖАВОБ: Ҳа, мумкин. Меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган ҳар бир шахснинг меҳнат фаолияти тегишли вазифани бажариш (мутахассислик, малака ёки лавозимда ишлаш) билан боғлиқ бўлиб, у ҳар доим маълум бир иш жойида белгиланган меҳнат шароитларида амалга оширилади. Кўрсатиб ўтилган омиллардан ҳатто биттасининг ўзгариши ҳам меҳнат шартномаси ўзгариши лозимлигини англатади.
Ўз навбатида меҳнат шартномасини ўзгартириш жамловчи тушунча бўлиб, ўз ичига:
• меҳнат шартларини;
• ходимнинг меҳнат вазифларини (бошқа ишга ўтказиш);
• иш жойини ўзгартиришни олади.
Айнан шу сабабли меҳнат шартларини, бошқа ишга ўтказиш, иш жойини ўзгартириш қоидалар назарда тутган Меҳнат кодексининг ВИ бўлими 3-параграфи “Меҳнат шартномасини ўзгартириш” деб номланади.

САВОЛ №15: Беморларга бепул асосда бериладиган дори воситаларига қайсилари киради ва улар кимларга берилади?

ЖАВОБ: Беморларга имтиёз асосида дори воситаларини бепул бериш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги 204-сонли қарори асосида амалга оширилади. 
1. Онкологик касалликларга чалинганлар
2. Сил касаллигига чалинганлар 
3. Мохов касаллигига чалинганлар 
4. Эндокринологик касалликларга чалинганлар
5. Руҳий касалликларга чалинганлар 
6. ОИВ касаллигини юқтирганлар 
7. Юрак клапанини протезлаш ва органларни кўчириш юзасидан операция қилинган шахслар 
8. Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар
9. 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари.
10. 1941-1945 йиллардаги уруш-меҳнат фронти қатнашчилари. 
11. Чернобил АЕСидаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган ногирон шахслар. 
12. Байналминал жангчилар. 
13. Ҳарбий хизматни ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида ўтаган пенсия ёшидаги шахслар.

САВОЛ №16: Болаларни турли касалликларга қарши эмлаш тартиби қанақа?

ЖАВОБ: Миллий эмлаш тақвими асосида амалга ошириладиган эмлашлар янги туғилган чақалоқларга туғруқ бўлимларида, 2 ёшгача бўлган болаларга ҳудудий қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли шаҳар, туман марказий поликлиникаларида, 6 ёшли ташкиллашган болаларга болалар боғчаларида, 7 ёшли ва 16 ёшли болаларга эса мактабларнинг тиббий хоналарида бепул ўтказилади. 

САВОЛ №17: Лизинг олувчи жисмоний шахс бўлиши мумкинми?

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 588-моддасига асосан “Истэъмол қилинмайдиган, тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган ҳар қандай ашёлар лизинг объекти бўлиши мумкин ...”, деб кўрсатилган.
Қонуннинг мазкур моддаси талабига мувофиқ, жисмоний шахслар юридик шахс ташкил қилгани ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланса, у ҳолда ўзлари ташкил этган ана шу юридик шахс номидан лизинг олувчи бўлишлари мумкин.

САВОЛ №18: - Ўғлим коллежни битириб кичик корхонада ишлаяпти. Ёш мутахассисларга қандай имтиёзлар белгиланган?

ЖАВОБ: - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майда қабул қилинган “Хусусий мулқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ва рағбат яратиш имконини берди.
Фармонга мувофиқ, хусусий мулқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, уларнинг жадал ривожланиши ёълидаги тўсиқларни бартараф этишнинг тўртта асосий ёъналиши бўйича жорий йилда амалга ошириладиган комплекс дастур тасдиқланганди. Мазкур дастурда хусусий мулк ва тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш, уларни ташкил этиш ва фаолиятини ёълга қўйиш тартибини янада соддалаштириш, маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш ҳисобидан тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга алоҳида эътибор қаратилган.
Мазкур фармон ижросига кўра, якка тартибдаги тадбиркорларга уч нафаргача ишчи ёллаш ҳуқуқи берилди. Бунда якка тартибдаги тадбиркор фаолият туридан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига енг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдоридаги суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун белгиланган солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлаш билан кифояланадиган бўлди.
Шунингдек шу йилнинг 1 июлидан якка тартибдаги тадбиркорлар касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга қабул қилганда коллежни битиргандан бошлаб ўн икки ой мобайнида ёлланма ишчилар учун белгиланган солиқдан озод этиладилар. Бундай имконият ва имтиёз натижасида илгари фуқаро якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, ўзи ишли бўлган бўлса, эндиликда бу тадбиркорлик субъекти ўзи билан бирга тўртта янги иш ўрни ташкил этаяпти. Бу эса ишсизликка барҳам бериши қаторида тадбиркорнинг ёллаган ишчиси ёки коллеж битирувчисида тадбиркорликка бўлган кўникманинг шаклланишига ёрдам бермоқда.

САВОЛ №19: - Ун комбинатларида ун ҳар хил моддалар билан бойитилади, деб эшитдим. Бу ун сифатини бузмайдими? Умуман, қандай навдаги бошоқли дондан тайёрланган нон маҳсулотлари организм учун фойдали?

ЖАВОБ: - Ҳа, тўйимлилиги ва организм учун фойдалилигини таъминлаш мақсадида ун темир моддаси, фолий кислотаси ва бошқа моддалар билан бойитадилар. Чунки, инсон организмида темир моддасининг этишмаслиги оқибатида анемия ёки бошқача айтганда, камқонлик хасталиги юзага келади. Камқонликнинг олдини олишда бойитилган ундан тайёрланган нон маҳсулотларини истэъмол қилиш анча самарали. Аслида, камқонликнинг олдини оладиган моддаларнинг барчаси буғдой таркибида мавжуд.
Бироқ, унга ишлов бериш чоғида фойдали моддаларнинг кўп қисми ёъқолиб кетади. Айнан шунинг учун ҳам ушбу моддаларни унга қайтариш жуда муҳим ҳисобланади. Бойитилган ундан нон ва нон маҳсулотларини тайёрлаш жараёнида бу хусусиятлар ёъқолмайди, таъмида ҳам ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди.
Нон маҳсулотлари таркибида В гуруҳига мансуб витаминлар, РР ва Е витаминлари, калий, калций, магний, натрий, фосфор макроелементлари ҳамда темир, мис, ёд, марганец ва фтор микроелементлари мавжуд. Шу жиҳатдан олганда, буғдой арпа, маккажўхори, нўхот каби донлардан тайёрланган омухта ундан ёпилган нон ва нон маҳсулотлари организм учун фойдали ҳисобланади.
Саволга «Регистон нон» масъулияти чекланган жамияти бош лаборант технологи Майсара НАБИЕВА жавоб берди.

САВОЛ №20: - Тадбиркорлик фаолиятимни бошлаганимга икки йил бўлди. Кўпинча кичик бизнес вакиллари учун солиқ, божхона, статистика органлари ёки банк хизмати бўйича имтиёзлар берилади. Очиғи, бундай имтиёзлар ҳақида ўзим каби фаолият юритаётган тадбиркорлардан ешитиб қоламан. Бу қулайликларни вақтида билиш учун интернетдаги қайси сайтлардан фойдалансак бўлади?

ЖАВОБ: - 2015 йил 20 августда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш ёълидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қонун қабул қилинди.
Ушбу қонун ижросига кўра, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, ушбу қонуннинг 5-моддасига асосан мамлакатимизда фаолият олиб бораётган сиз каби тадбиркорларга соҳадаги барча янгилик ва ўзгаришлардан ўз вақтида хабардор бўлиш, ортиқча бюрократик сансалорликларга дуч келмаслик имконини яратиш учун кўзда тутилган имтиёзлар ва преференциялар рўйхати Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона портали – мй.гов.уз сайтида эълон қилинади. Сиз хоҳлаган вақтда интернет орқали ушбу порталнинг Тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ва преференцияларнинг ягона реестрига кириб, ўзингизга керакли имтиёзлардан хабардор бўлиб туришингиз мумкин.
Умид НОРҚУЛОВ,
вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи.

САВОЛ №21: - Ишлаб чикариш фаолияти билан шғулланаман. Тадбиркор сифатида товар хом ашё  биржасида катнашиб, уз махсулотларимни давлат харидларига қуйсам буладими?

ЖАВОБ: - Албатта, 2015 йил 26 мартда Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистан Республикаси товар хом ашё биржасининг махсус ахборот портали оркали електрон савдо юли билан тадбиркорлик субъектларидан енг зарур товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат харидини ташкил этиш тартиби туррисидаги низомни тасдиклаш хакида»ги карори кабул килинди. Унга кура, ишлаб чикариш фаолияти билан шурул-ланувчи тадбиркорлар ўз маҳсулотлари билан товар хом ашё биржаларида иштирок этишлари мумкин.
Таъкидлаш уринлики, мазкур қарор қабул қилингач, Са­марканд шаҳри иқтисодиёти усишида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши сезиларли равишда ортди. Жумладан, жорий йилнинг туққиз ойида 529 та янги кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, утган йилнинг шу даврига нисбатан 12,7 фоиз усишга еришилди. Саноат ва бошка ишлаб чикариш тармокларида 27,4, курилишда 13,5, савдо ва умумий овкатланиш соҳасида 36,9 фоиз куп кичик биз­нес субъекти ташкил етилди.
Хусусий тадбиркорликни хар томонлама куллаб-кувватлаш натижасида жорий йилнинг туққиз ойида Самарканд шахридаги кичик бизнес субъектларининг саноатдаги улу­ши 50,2, чакана товар айланмасида 70,6, пуллик хизматлар курсатиш сохасида 56,7 ва ахрли бандлиги буйича 83,8 фоизни ташкил етди.
Шодмон ТОШПЎЛАТОВ, Самарканд шахар статистика бўлими бошлиғи.

САВОЛ №22: - Юридик ва жисмоний шахсларнинг транспорт воситаларини рўйҳатдан ўтказиш юзасидан аризаларни кўриб чиқиш тартибини тушунтиринг?

ЖАВОБ: - Транспорт воситаларини қайта рўйҳатдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 26 майдаги 256-сонли қарори асосида амалга оширилади.
ЙҲХХ органларида юридик ёки жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситалари эгаси корхона ёки ташкилотнинг ёзма аризаси фуқаролар учун шахсий паспорт ёки унинг ўрнига берилган ҳужжат, транспорт воситасини қонуний сотиб олинганлигини, рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган йиғимлар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида рўйхатдан ўтказилади.
Юридик шахслар транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишда юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини тақдим етадилар.
Транспорт воситалари уларни қайд этишдан олдин ҳудудий мудофаа ишлари бўйича бўлимларда рўйхатдан ўтказилади ёки рўйхатдан чиқарилади.
Янги ташкил етилган ташкилот ва корхоналарни автохўжаликларни рўйхатдан ўтказиш вақтида транспорт воситаларини сақлаш учун етарли жой майдони (гараж, автосарой) мавжудлиги ёки бундай жой ижарага олинганлиги ҳақидаги шартномадан нусха, ҳудудий ЙҲХХ органи томонидан шу жойнинг кўрикдан ўтказилгани тўғрисидаги даллолатнома тақдим этилади.
Транспорт воситалари ушбу ҳолларда қайта рўйхатдан ўтказилади: Транспорт воситаларининг турар-жой ёки эгасининг яшаш жойи ўзгарганда, қуйидаги ҳужжатлар асосида:
белгиланган тартибда ариза;
техник ҳужжат (қайд этиш гувоҳномаси, техник паспорт, техник талон);
корхона ва ташкилотлар транспорт воситаларининг турган ўрни ўзгаришига асос бўлган ҳужжат (буйруқ, ижара шартномаси, ҳокимлик қарори);
транспортларнинг турган ўрнини ҳудудлардаги ЙҲХБ органлари томонидан кўрикдан ўтказганлиги ҳақидаги далолатнома;
Ташкилотнинг номи, эгасининг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарганда, қуйидаги ҳужжатлар асосида:
белгиланган тартибда ариза;
исми ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжат (буйруқ, фармойиш, қарор);
фуқаролар учун шахсий паспорт, фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжат (фуқаролик ҳолатини далолатномаларини қайд этиш органи ёки суд органи томонидан берилган ҳужжат).
Эгаси ўзгарганда, қуйидаги ҳужжатлар асосида:
белгиланган тартибда ариза;
нотариал идоралари томонидан берилган олди-сотди, ҳадя, айрибошлаш шартномалари, ворислик, мерос ва мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномалар;
суд қарори;
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулк қўмитаси идоралари томонидан берилган ордер;
Четдан келтирилган ва божхона назорати остида турган транспорт воситалари учун божхона идораси томонидан бериладиган махсус гувоҳнома;

САВОЛ №23: - Солиқ кодексида пенсионерларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган солиқ солинмайдиган майдон ўлчами доирасида имтиёз белгиланганлиги қайд етилган. Бу тўғрисида тўлиқроқ маълумот берсангиз?

ЖАВОБ: - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 29 декабрдаги ПҚ-1024-сон қарорига асосан мулкида солиқ солинадиган мол-мулк бўлган пенсионерлар учун мол-мулк солиғи бўйича солиқ солинмайдиган енг кам миқдор умумий майдоннинг 60 кв. метри ҳажмида белгиланган.
Яъни, солиқ солинадиган мол-мулки бўлган пенсионерлар учун жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқарганда, мол-мулк солиғи солиқ солинмайдиган енг кам миқдордан ошадиган майдондан тўланади. Бунда солиқ солинмайдиган енг кам миқдор суммасини аниқлаш учун мол-мулкнинг умумий инвентаризация қиймати мол-мулк майдонининг умумий миқдорига бўлинади ва 60 кв. метрга (солиқ солинмайдиган енг кам миқдор) кўпайтирилади. Олинган натижа мол-мулкнинг умумий инвентаризация қийматидан чиқарилади.

САВОЛ №24: - Мен шахсий автотранспортимда автохалокатга учрадим. Кимга ва қандай қилиб мурожаат этишим керак?

ЖАВОБ: Ёъл транспорт ходисасига учраганда ҳар бир хайдовчи, худудий Ёъл ҳаракати хавфсизлиги хизматига ёки яқин орадаги ички ишлар идораларига хабар бериши керак.

САВОЛ №25: - Асосий фаолиятдан ташқари олинган даромаддан қандай солиқлар тўланади (биноларни ижарага беришда, муддати ўтган кредитор қарзларни даромадга олишда)?

ЖАВОБ: - Солиқ кодексининг 355-модда иккинчи қисмига мувофиқ мазкур кодекснинг 132-моддасида кўзда тутилган бошқа даромадлар корхонанинг солиқ солинадиган ялпи тушуми таркибига киритилади ва ягона солиқ тўловчининг асосий фаолият тури учун белгиланган солиқ ставкаси асосида ягона солиқ тўловига тортилади.

САВОЛ №26: - Мен яшаётган квартирадан ўтган совуқ сув қувурини ўз хисобимдан алмаштирдим. Ширкат мен қилган сарф-харажатларни коммунал хизмат тўловларига ўтказишни истамаяпти. Сиз қандай маслахат берасиз?

ЖАВОБ: - Сиз аввалом бор ески суа қувурларини алмаштиришингиз хақида ширкат билан келишиб олишигиз, кейин таъмирлаш ишлар охирида қилинган ишларни хужжатлаштириш уларга тақдим этишингиз лозим еди. Шунингдек хужжатга қувурларни сотиб олганлигингиз ва бажарилган ишлар учун тўлаган пулингизни тасдиқловчи чекни илова қилинади. “Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 30 – моддасида айрим ҳолларда ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши жой мулкдори томонидан мажбурий бадалларнинг бир қисмини тўлашнинг пул шаклини унинг умумий харажатлардаги иштирокининг бошқа турларига алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.

САВОЛ №27: - УЖМШ ташкил етилмаган уйлар қаровсиз қолиб кетмайдими? Бу уйлар 1991 йилга қурилган уйларни капитал таъмирлаш давлат дастурига кирадими?

ЖАВОБ: - 1991 йилгача қурилган барча уйлар, улар ширкатларда бўлиш ёки бўлмаслигидан қатъий назар капитал таъмирлаш давлат дастурига киритилади. Хеч бир хужжатда фақат УЖМШ таркибидаги уйлар дастурга киритилганлиги айтилмаган. Ушбу дастурнинг биринчи босқичи 2007 йил тугалланган ва у барча қолган уйларни қамраган холда 2010 йилнинг охиригача давом етади.

САВОЛ №28: - Қандай ҳолатларда олиб ўтиладиган маҳсулотлар божхона ва солиқ божларидан озод этилади?

ЖАВОБ: - Жисмоний шахслар томонидан бож тўловисиз олиб кириш нормалари тартибида олиб кириладиган маҳсулотлар божхона ва солиқ тўловидан озод этилади. Бу қуйидаги нормани ташкил қилади:
Қўшни давлатлардан келтириладиган истеъмол маҳсулотлари учун -10 АҚШ доллари (Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, Туркманистон, Тожикистон)
Қолган бошқа давлатлардан келтирилган 1 000 АҚШ доллари. Бунда бу норма Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жисмоний шахслар манзилига келувчи маҳсулотларга тегишли бўлмайди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидага маҳсулотни олиб кириш нормалари тартибида, акциз солигига тортилмайдиган импорт молларга акциз солиғи солинмайди.

САВОЛ №29: - Менинг божхонадаги ҳуқуқ ва мажбуриятларимни тушунтирсангиз?

ЖАВОБ: - Божхона декларациясини олмасдан туриб сиз мамлакатга олиб кирмоқчи бўлган маҳсулотлар ва транспорт воситаларини кўриб чиқиш, маҳсулотларни ўлчашингиз, шунингдек бу маҳсулотлардан сиз божхона рухсати билан синов учун намуна олишингиз мумкин. Бунда ҳолатда агар бу намуналар ҳамма маҳсулот Билан бирга ҳисобга олинадиган бўлса, улар учун алоҳида божхона декларацияси тўлдирилмайди. Божхонага келган фуқаро:
Божхонадан ўтиш тартиб қоидаларига асосан маҳсулотлари декларация қилиш, ва божхона органига декларацияни тақдим этиш;
Божхона ходимларига ҳужжатларни ва рўйхтадан ўтиш учун керак бўлган ҳар қандай қўшимча маълумот тақдим қилиш;
Барчса божхона тўловларини тўлаш;
Божхона расмийлаштириш ишларида вақтида ҳамкорлик қилиши лозим.

САВОЛ №30: - Давлат органлари ходимларининг компютер саводҳонлиги бўйича баҳолаш тизимини жорий қилиниши қачон режалаштирилмоқда?

ЖАВОБ: - 2011 йил 27 октябрдаги 289-сон Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан 2012 йил 1 январдан бошлаб давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг компютер саводҳонлиги бўйича баҳолаш тизими жорий қилинади.

САВОЛ №31: - Муаллифлик ҳуқуқи қандай тартибга солинади?

ЖАВОБ: - Муаллифлик ҳуқуқининг ҳимояси ҳеч қандай расмиятчиликларга боғлиқ эмас. Ижодий маҳсулотнинг ҳимояси асар яратилган вақтдан бошланади деб ҳисобланади. Бироқ, кўпгина мамлакатларда муаллифлик ҳуқуқи бўйича миллий идоралари мавжуд, айрим давлатларнинг қонунчилиги эса асарларнинг номини солиштириш ва уларнинг фарқини аниқлаш учун рўйхатдан ўтказиш имкониятини қўллайди.
Ижодий маҳсулот эгаларининг кўпларида муаллифлик ҳуқуқини маъмурий ёки суд тартибида ҳимоя қилиш учун етарли маблағ бўлмайди, айниқса адабий ва мусиқий асарлардан кундан-кунга фойдаланиш ҳуқуқлари ҳамда ижро этиш ҳуқуқи кенгайганлигини ҳисобга олган ҳолда. Натижада, кў п давлатларда мулкий ҳуқуқларни жамоа бўлиб бошқариш жамиятлари ёки ташкилотлари кенг тарқалмоқда. Бу ташкилотлар маъмурий ва юридик фаолиятининг муҳим тажрибасига таянган ҳолда, ташкилотнинг бирон-бир муаллиф-аъзонинг асарларидан халқаро фойдаланилганлиги учун улардан йиғимлар, роялтини бошқариш ва тақсимлаш каби хизматларни ўз аъзоларига кўрсатади.

САВОЛ №31: -Мажбурий ижро бюроси ва электр тармоқлари корхонаси устидан назорат қилувчи ташкилот борми?

ЖАВОБ: 

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ мажбурий ижро бюроси қуйи турувчи раҳбарлари юқори турувчи раҳбарларга, шунингдек, Бош прокурорга, тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) прокурорларига бўйсуниши ҳамда ҳисобдорлиги асосида фаолият кўрсатади.

“Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти таркибига киради.

Демак, сизда мажбурий ижро бюроси бўйича савол ёхуд муаммо пайдо бўлса, туман, вилоят ёки республика прокуратура органларига худди шу тартибда мажбурий ижро бюросининг юқори идорасига мурожаат қилишингиз мумкин. Туман электр тармоқлари корхонаси бўйича муаммолар юзага келганда “Ўзбекэнерго” АЖ ёхуд “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятига арзингизни айтсангиз бўлади.


Охирги ўзгариш: 31/07/2018 20:50.   Кўрилганлиги: 23020
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/faq

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 11

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.