Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш
1. Вилоят ҳокимлиги аппаратида фуқароларнинг оғзаки ёки ёзма шаклдаги ариза, таклиф ва шикоятлар билан ишлаш ҳамда фуқароларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикасининг Президентининг 2017 йил 11 сентябрдаги ЎРҚ-445-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни ҳамда вилоят ҳокимининг қарори билан тасдиқланган “Самарқанд вилояти ҳокимлигида фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларни қабул қилиш тартиби” асосида амалга оширилади.
2. Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш учун масъулият вилоят ҳокими ўринбосарлари, умумий бўлим, гуруҳ раҳбарлари ва котибият мудирлари зиммасига юкланади.
3. Вилоят ҳокимлигида фуқаролар вилоят ҳокими, ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик аппаратининг котибият, бўлим ва гуруҳ раҳбарлари томонидан фуқароларни қабул қилиш хонасида қабул қилинади. Фуқароларни қабул қилиш вилоят ҳокими қарори билан тасдиқланган жадвал асосида амалга оширилади. Қабул жадвали фуқаролар эътиборига етказилади.
4. Вилоят ҳокими ва ҳоким ўринбосарлари томонидан фуқаролар ҳудудларда махсус жадвал асосида сайёр қабул қилинади.
5. Ҳар бир фуқаронинг қабулидан сўнг қабул варақалари расмийлаштирилади. Унда қабул қилинган фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, истиқомат қиладиган жойи, мурожаатнинг қисқача мазмуни ёзиб қўйилади. Қабул варақаси умумий бўлимда рўйхатдан ўтказилади. Қабулда кўтарилган муаммо ҳал этиш учун тегишли ижрочиларга юборилади ва унинг назорати ҳокимлик аппаратининг тегишли бўлинмаси ва умумий бўлим раҳбарлари томонидан шахсан назорат қилинади.
6. Фуқароларни қабул қилишни ташкил этиш учун масъулият вилоят ҳокимлиги аппарати ишлар бошқармаси етакчи мутахассиси Й.Маматов зиммасига юклатилади.
7. Умумий бўлим мудири вилоят ҳокимлигига келган фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиб олади, мазмунига қараб вилоят ҳокими топшириғи лойиҳасини тайёрлайди ва шахсан вилоят ҳокими кўриб чиқиши учун тақдим этади. Вилоят ҳокими томонидан мурожаатни ўрганиш бўйича берилган топшириқ вилоят ҳокимлиги аппарати ишлар бошқармасида рўйхатдан ўтказилади ва тегишли ижрочиларга етказилади. Ушбу жараён вилоят ҳокимлиги аппарати ишлар бошқармаси етакчи мутахассиси Й.Маматов томонидан шахсан назорат қилинади. Вилоят ҳокими ўринбосарлари ёки ҳокимлик аппаратининг бўлинмалари раҳбарлари номига келган мурожаатлар ҳам вилоят ҳокимлиги аппарати ишлар бошқармаси етакчи мутахассиси Й.Маматов томонидан худди шу тартибда расмийлаштирилади ва назоратга олинади.
8. Фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиб чиқиш учун вилоят ҳокими ёки ушбу мурожаат кўриб чиқиш учун юборилган ҳоким ўринбосари томонидан тегишли мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ тузилиши мумкин.Фуқароларнинг таклифлари тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади (қўшимча ўрганиш талаб этиладиган таклифлар бундан мустасно) ва бу ҳақда таклиф киритган шахсга ўн кун муддат ичида маълум қилинади.
Ариза ва шикоятлар вилоят ҳокимлигига тушган кунидан эътиборан бир ойгача бўлган муддат ичида, қўшимча ўрганишни ва текширишни талаб этмайдиган ариза ва шикоятлар эса ўн беш кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.
Ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материаллар талаб қилиб олиш ёки бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш муддати вилоят ҳокими томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин ва бу ҳақда ариза ёки шикоят берган шахсга маълум қилинади.
Вилоят ҳокимлигига қабулга келган фуқароларга мурожаатлари бўйича ўша пайтда тушунтириш берилади, масаланинг моҳиятига қараб унинг кўриб чиқилиши натижалари тўғрисида мурожаат муаллифларига ёзма шаклда хабар берилиши ҳам мумкин.
9. Фуқаронинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёки у ҳақда сохта маълумотлар кўрсатилган, шунингдек, имзо қўйилмаган ёзма мурожаатлар аноним деб ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.
Фуқароларнинг мурожаатларида қўйилган масалаларни ҳал этиш вилоят ҳокимлигининг ваколатига кирмайдиган бўлса, узоғи билан беш кунлик муддат ичида тегишли органларга жўнатилади ва бу ҳақда фуқарога хабар қилинади.
10. Вилоят ҳокимлиги аппарати ишлар бошқармаси етакчи мутахассиси Й.Маматов ҳар куннинг охирида фуқароларнинг мурожаатларини рўйхатдан ўтказиш ва улар билан олиб борилган ишларни таҳлил қилади, қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик чораларини кўради. Ой якунлари бўйича вилоят ҳокимлигига фуқаролардан келган мурожаатларни умумлаштиради ва уларни мазмуни бўйича таҳлил қилади. Таҳлилий маълумотларни вилоят ҳокимлик соати ва аппарат йиғилишлари муҳокамасига киритади.
11. Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича масъул шахс:
Маматов Йигитали Актамович
Вилоят ҳокимлиги Ишлар бошқармаси етакчи мутахассиси
Манзил:140157, Самарқанд шаҳри, Кўксарой майдони, 1-уй
Телефон: (66) 235-62-36
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 12
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.