Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Вилоят ҳокимининг 2018 йил 21 ноябрдаги "Ҳудудларни ободонлаштириш, санитария қоидаларига риоя қилиш, маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишни янада самарали йўлга қўйиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 716-Қ-сон қарори

Вилоят ҳокимининг 2018 йил 21 ноябрдаги "Ҳудудларни ободонлаштириш, санитария қоидаларига риоя қилиш, маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишни янада самарали йўлга қўйиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 716-Қ-сон қарори

Самарқанд вилоят ҳокимининг қарори

Ўзбекистон Республикасининг “Чиқиндилар тўғрисида” 2002 йил 5 апрелдаги 362-II-сон Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 4-5-сон, 72-модда), “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2018 йил 10 октябрдаги ЎРҚ-495-сон Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.10.2018 й., 03/18/495/2029-сон), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июлдаги “Франциянинг тараққиёт агентлиги иштирокида “Самарқанд шаҳридаги қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришни модернизациялаш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3139-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 29-сон, 689-модда), Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 787-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.10.2018 й., 09/18/787/1989-сон)да белгиланган талаблар, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2018 йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлисда берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш, жойларда санитария ва экологик вазиятни тубдан яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш, чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, уларни тўплаб олиб кетиш, ташиш, сақлаш, кўмиб ташлаш, қайта ишлаш, утилизация ва реализация қилиш билан боғлиқ фаолиятни тартибга солиш мақсадида “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 25-моддаларига асосланиб,

 

ҚАРОР   ҚИЛАМАН:  

  1. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 10 октябрдаги “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-495-сонли Қонуни қабул қилинганлиги ва мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонунига атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
  2. Вилоят ҳокимининг ўринбосари (А.Шукуров), вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси (Негматов), “Тоза ҳудуд” ДУК (Юсупов), Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази (Бойқобилов), вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси (Сатторов) ҳамда маиший  чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш,  чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотларнинг (кейинги ўринларда ихтисослашган ташкилотлар) атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳудудларнинг санитария ва экологик ҳолатини яхшилаш, маиший  чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш,  жойлаштириш, ташиш, зарарсизлантириш, сақлаш, қайта ишлаш, утилизация ва реализация қилиш борасидаги фаолияти қониқарсиз деб ҳисоблансин.
  3. Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси (Негматов), вилоят Статистика бошқармаси (Абирахматов), вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази (Бойқобилов), вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси (Сатторов), “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси вилоят бўлими (Шаропов), туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда тегишли ҳудудларда чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, уларни тўплаб олиб кетиш, сақлаш, ташиш, кўмиб ташлаш, қайта ишлаш, утилизация ва реализация қилиш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи ташкилотларни хатловдан ўтказиб, бу соҳадаги ишларни янада самарали йўлга қўйиш юзасидан вилоят ҳокимлигига таклиф киритсин.
  4. Вилоят ҳокимининг ўринбосари (А.Шукуров), вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси (Негматов), вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси (Жуманиязов), вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази (Бойқобилов), вилоят Ички ишлар бошқармаси (Ташпулатов), вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси (Сатторов), “Тоза ҳудуд” ДУК (Юсупов), ободонлаштириш бошқармалари, ихтисослашган корхоналар ҳамда бошқа корхона ва ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 787-сон қарорига мувофиқ, ҳудудларни санитария жиҳатидан тозалаш:

- ободонлаштириш объектларида — шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари томонидан;

- кўп квартирали уйлар атрофидаги ҳудудларда — хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки бошқарувчи ташкилотлар томонидан;

- якка тартибдаги турар жой уйлари ва ташкилотларнинг ер участкаларида ажратилган ер участкаси доирасида — жисмоний ва юридик шахслар) томонидан;

- автомобиль йўллари ва сунъий йўл иншоотларида ажратилган ер участкаси доирасида - ушбу объектларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар (балансда сақловчилар) томонидан;

- темир йўлларда ажратилган ер участкаси доирасида— ушбу объектларга хизмат кўрсатувчи темир йўл ташкилотлари томонидан;

- бозорлар ҳудуди ва уларга туташ ҳудудларда — бозорлар маъмурияти томонидан;

- жамоат йўловчи транспорти бекатларида жойлашган вақтинчалик савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида — ушбу объект эгалари томонидан (агар ижара шартномаларида бошқалар назарда тутилмаган бўлса);

- савдо дўконлари ёки бошқа савдо нуқталарига, шу жумладан, кўчма шохобчаларга туташ ҳудудларда 5 м радиусда — кичик чакана савдо ва умумий овқатланиш, шунингдек, маиший хизмат кўрсатиш (пойабзал таъмирлаш ва шу кабилар) соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектлар томонидан амалга оширилиши;

- маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда, шартнома асосида амалга оширилиши юзасидан ўрнатилган тартибга қатъий амал қилсинлар.

  1. Вилоят Ички ишлар бошқармаси (Ташпулатов), Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси (Негматов), шаҳар ва туман ҳокимлари, ихтисослашган корхоналар:

- ташқи ва алоҳида қисмлари шаҳар, туманларнинг тозалиги ва қиёфаси талабларига жавоб бермайдиган даражада ифлосланган, ёхуд кўча ва йўлларни ифлослантириш эҳтимолига эга транспорт воситаларининг шаҳар ва туман марказлари бўйлаб ҳаракат қилишини  ўрнатилган  тартибда чеклаш;

- кўчаларни ифлос қилиши мумкин бўлган юклар, қурилиш материаллари ва чиқиндиларни (қум, тупроқ ва ҳ.к) шунингдек, бошқа тўкиладиган юкларни очиқ автотранспорт воситаларида ташиш юкни мажбурий тартибда брезент ёки бошқа қалин материал билан қоплаган (намланган) ҳолда амалга оширилишини;

- балансида автотранспорт ва механизмлар мавжуд корхона, ташкилотлар транспорт воситаларини шаҳар, туман кўчаларига тоза, бенуқсон ҳолда чиқаришлари, транспортларни ҳар куни ювиб, тозаланиши таъминланиши, автотранспорт воситаларининг кузови ва ғилдиракларини ювмасдан умумий фойдаланиладиган йўлларга чиқишига йўл қўйилмаслиги юзасидан белгиланган тартибга қатъий амал қилинишини;

- қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш ишларини махсус автотранспорт воситаларида (чиқинди ташиш машиналари ва бошқа махсус машиналарда) амалга оширилиши, маиший чиқиндиларни махсус автотранспорт воситасининг кузовидан ташқарида ташилишига йўл қўйилмаслиги;

- чиқиндилар ташиб кетиладиган махсус транспорт воситаларини бошқаришга махсус тайёргарлик, инструктаж ва тиббий кўрикдан ўтган ҳайдовчилар қўйилишини ва уларда ҳаракат йўналиши кўрсатилган ҳолда, белгиланган тартибда тўлдирилган ҳужжатлар мавжудлигини;

- санитария ва гигиена талабларига мутлақо зид равишда, инсонлар саломатлигига жиддий хавф туғдирадиган, яъни турли хил юқумли касалликлар тарқатилиши эҳтимоли юқори бўлган “эшак арава”ларга чиқиндиларни юклаган ҳолда шаҳар, туманлар кўчалари бўйлаб чиқинди териб юрган шахслар фаолиятини қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда тақиқланишини таъминлаш чораларини кўриш топширилсин.

  1. Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси (Негматов) ҳамда Чиқиндиларни ҳосил бўлиши, тўпланиши, сақланиши, ташилиши, утилизация қилиниши, қайта ишланиши, кўмилиши ва реализациясини назорат килиш инспекцияси (Расулов) ва Самарқанд шаҳар ҳокими (Рахимов)га:

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июлдаги “Франциянинг тараққиёт агентлиги иштирокида “Самарқанд шаҳридаги қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришни модернизациялаш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3139-сон қарори билан лойиҳани амалга ошириш учун  асосий ижрочи этиб белгиланган “Мароқанд обод” ДУК нинг лойиҳани амалга ошириш борасидаги фаолиятига амалий ёрдам бериш;

- ушбу корхонанинг лойиҳани амалга ошириш доирасидаги фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида Самарқанд шаҳрида чиқиндиларнинг йиғилиши, сақланиши, ташилиши, саралаш ва утилизация қилиш масалалари юзасидан “Чиқиндилар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13,14 ва 15-моддаларига мувофиқ, жисмоний ва юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтирган ҳолда ихтиёрийлик асосида шартномалар тузилишини ташкил қилишига кўмак бериш;

- Самарқанд шаҳрида чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, йиғилиши, сақланиши, ташилиши, саралаш ва утилизация қилиш фаолиятини қонун талабларига зид равишда амалга оширувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг ноқонуний фаолиятларига чек қўйиш мақсадида, тегишли органларга маълумотлар киритиб бориш топширилсин.

  1. Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси (Негматов), вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси (Жуманиязов), Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази (Бойқобилов), “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси вилоят бўлими (Шаропов), вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқарма (Р.Сатторов)лари раҳбарлари ва шаҳар, туман ҳокимларига “Чиқиндилар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгилаб берилган ваколатларини сўзсиз амалга оширилиши, атроф муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига амал қилиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилсин.
  2. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

- чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларини тегишли ҳудудда жойлаштириш масалаларини ҳал қилишда иштирок этишни;

- аҳоли пунктларини санитария жиҳатидан тозаланишига ҳамда маиший-рўзғор чиқиндилари тўплаб олиб кетилганлиги учун тўловлар вақтида  тўланишига кўмаклашишни;

- чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларининг санитария ва экологик ҳолати устидан жамоат назоратини амалга оширилишини ҳамда ноқонуний чиқинди қабул қилиш шохобчалари, чиқиндиларнинг ноқонуний олди-сотдиси билан шуғулланаётган шахслар тўғрисида  ҳокимликларга маълумотлар киритиб борилишини таъминласинлар.

- Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят Кенгаши (Насриев) уларнинг бу борадаги фаолиятларини мувофиқлаштириб борсин.

- Белгилаб қўйилсинки, маҳалла фуқаролар йиғинларининг маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги фаолияти ҳар чоракда таҳлил қилиниб, улар моддий ва маънавий рағбатлантириладилар.

  1. Вилоят ҳокимининг ўринбосари (А.Шукуров), ахборот таҳлил гуруҳи (У.Хамракулов), вилоят телерадиокомпанияси (Д.Исматов) ҳамда “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририят (Ф.Тошев)лари оммавий ахборот воситаларида “Чиқиндилар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгилаб берилган фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш, хусусан ихтисослашган ташкилотлар хизматидан фойдаланганлик учун ўрнатилган тартибда шартномалар тузиш ва белгиланган тўловларни тўлаб борилишини таъминлаш юзасидан кенг қамровли тарғибот ишларини олиб борсин, ушбу масалага оид ижтимоий роликларни мунтазам равишда ёритиб борилишини таъминлансин.
  2. Мазкур қарор ижроси юзасидан назорат вилоят ҳокимининг ўринбосарлари (Худайбердиев, Шукуров, Қобилов) зиммаларига юклатилсин.
  3. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

* Мазкур қарорнинг 4-банди 2019 йил 1 январдан кучга киради.

   Вилоят ҳокими в.б.                                                                                                                Э.Турдимов

 


Киритилган вақти: 29/01/2019 19:07.   Кўрилганлиги: 1866
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/viloyat-hokimining-2018-yil-21-noyabrdagi-hududlarni-obodonlashtirish-sanitariya-qoidalariga-rioya-qilish-maishiy-chiqindilar-bilan-bogliq-ishlarni-amalga-oshirishni-yanada-samarali-yolga-qoyish-boyicha-qoshimcha-chora-tadbirlar-togrisidagi-716-q-son-qaro

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 1

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.