Самарқандлик депутатлар “Саховат ва кўмак” ҳаракати доирасидаги ишларни назорат қилиш баробарида ўз сайловчиларини доимий иш билан таъминлашга ҳам ҳисса қўшмоқдалар.
Олий Мажлис Сенатининг тавсиялари асосида маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз ўзларининг фаолиятини бирмунча жонлантиришга ҳамда сайловчилари ўртасидаги обрўсини таъминлашга эришмоқдалар. Албатта бу ўз-ўзидан бўлмаяпти. Энг аввало, ҳар бир депутат ўз сайлов округида жорий йилда амалга ошириладиган лойиҳалар жадвали билан таъминланди. Вилоят, шаҳар ва туманлар Кенгашларида “Сенаторлар хонаси” ташкил этилиши барча ишни мувофиқлаштириш баробарида депутатларга талабчанликни кучайтиришга ёрдам берди. Депутатларимиз ижтимоий тармоқ орқали ўз округларида белгиланган лойиҳалар, ҳудудий дастурлар ижросини назорат қилиш бўйича кундалик фаолиятларини ёритиб бормоқдалар.
Президентимизнинг пандемияга қарши курашиш доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича ўтказган селектор йиғилишидан кейин барча Кенгашлар сессияларида ушбу масала муҳокама қилинди. Кенгаш раислари депутатларга эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш, рўйхатга олинган 47 300 нафар фуқароларни тадбиркорликка ундаш, ўз бизнесини бошлашига кўмаклашиш, муқим иш билан таъминлаш борасида фаол бўлиш юзасидан мурожаат қилдилар.
Вилоят бўйича белгиланган барча оилага озиқ-овқат маҳсулотлари тўла етказиб берилди. Бу борада депутатлар томонидан аниқланган хато ва камчиликлар дарҳол бартараф этилди. Вилоят Кенгаши қошида сенатор раҳбарлигида ташкил қилинган штаб ҳар куни бу ишларни умумлаштириб, аниқ вазифалар белгилаб бермоқда. Оммавий ахборот воситаларида “Саховат ва кўмак” ҳаракати ҳамда камбағалликни тугатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар мунтазам ёритиб борилаётир.
Мисол учун, Пахтачи туманига кластер томонидан ўн битта культиватор олиб келинган. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Эркин Нурбоев ташаббуси билан уларнинг барчаси хориждан қайтган ва ишсиз юрган мутахассисларга бириктирилди. Ёки халқ депутатлари Пахтачи туман Кенгаши депутати Бердилла Эгамбердиевни олайлик, у йил бошидан буён тўртта оилага иссиқхона қуриш учун кредит олиб беришга эришди. Бир қисми ҳосилини бозорга олиб чиқаётган бўлса, янгидан қуриб битказилган иссиқхоналарда кўкатлар етиштириляпти. Шу тариқа Қувондиқ маҳалласидаги 500 та хонадоннинг деярли ҳаммасида томорқадан катта даромад олиш йўлга қўйилди. Бундан ташқари, депутатларга қилинган мурожаат туфайли муҳтожларга кўмак кўрсатаётган корхоналар учун имтиёзларнинг ўз вақтида амалга оширилишига эришилмоқда.
Нарпай тумани Кенгаши депутати Руқия Шукурова ҳам ўзи яшаб турган маҳалладаги иккита оилага иссиқхона қуриш учун 30 миллион сўмдан маблағ ажратилишига эришди. Шу туман Кенгаши депутати Карим Маҳаммадиев ташаббуси билан Тошкўприк маҳалласида яшовчи 52 нафар фуқаро фермер хўжаликларига доимий ишга жойлаштирилди. Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати Баҳодир Раҳмонов ўрганиш жараёнида Мулиён маҳалласида тўртта эҳтиёжманд оила рўйхатга кирмай қолганини аниқлади ҳамда улар рўйхатга киритилди. Шунингдек, Пайариқ туман Кенгаши депутати Шуҳрат Фармонов Хоса маҳалласидан 32 нафар фуқаронинг ҳақ тўланадиган жамоат ишига жалб этилишини доимий назоратга олган.
Вилоят Кенгаши депутати, сенатор Шавкат Жалолов ўзи раҳбарлик қилаётган “Agromir group” қўшма корхонасига кейинги бир ой ичида минг нафар ишчини аъзо қилиб олди. Самарқанд, Оқдарё, Пайариқ туманларида яшовчи бу фуқароларга тез ва эртапишар помидор ҳамда бодринг ниҳоллари тарқатилди ва бу экинлар ҳосилини сотиб олиш юзасидан шартномалар тузилди. Вилоят Кенгаши депутати Гулбека Қўчқорова ўзининг тикувчилик корхонасига май ойида 10 нафар янги ишчи олди, июнь ойида эса яна ўн нафар хотин-қиз учун муқим ишчи ўрни яратиляпти. Вилоят Кенгаши депутати “Ҳамиджон Муродов” МЧЖ раҳбари Нарзиқул Холиқов ўз корхонасига май ойида 8 та янги ишчи олди. У икки ойдан буён 34 та хонадонни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб турибди.
Депутатлар ўз фаолиятлари давомида аҳоли ўртасида камбағалликни тугатиш, боқимандаликдан воз кечиш, томорқадан унумли фойдаланиш юзасидан кенг тарғибот ҳам олиб боришяпти. Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда жойларда тадбиркорликнинг йўналишлари, лойиҳалари, тақдимотларини ҳам ўтказмоқда. Зеро, элга хизмат қилган киши, албатта, барака топади.
Фармон Тошев,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 12
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.