Самарқандда “Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг суд томонидан ҳимоя қилиниши: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзуида халқаро давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, БМТ Тараққиёт дастури, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Савдо-саноат палатаси, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Ҳакамлик судлари ассоциацияси вакиллари, судьялар, адвокатлар, тадбиркорлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Ж.Макгрегор, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги доимий вакили ўринбосари Ф.Караханов ва бошқалар Ўзбекистонда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари суд орқали ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодиётни янги босқичда ривожлантиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Президентимиз ташаббуси билан 2017 йил 1 июндан аввалги хўжалик судлари ўрнида иқтисодий судлар ташкил этилди. Шунингдек, туманлараро, туман ва шаҳар иқтисодий судлари фаолияти йўлга қўйилди.
Ўз навбатида, иқтисодий низоларни кўриб чиқиш ва ҳал этишнинг мустаҳкам қонунчилик асоси яратилиб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси қабул қилинди. Жорий йил 1 апрелдан кучга кирган мазкур кодекс иқтисодий судларда иш юритиш тартибини такомиллаштириб, амалиётдаги айрим камчиликларга барҳам берди.
– Тадбиркорлар ўз фаолияти давомида муайян тўсиқ ёки муаммога дуч келиши табиий, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Мақсудбек Саидов. – Бундай вазиятда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг ўрни катта. Маҳаллий тадбиркор бўладими ёки хорижий, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш орқали уларнинг судга ишончини оширишимиз лозим. Бу айни пайтда судлар фаолиятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг 9 ойида иқтисодий судлар томонидан кўрилган 13 мингдан ортиқ ишнинг 8 мингдан кўпроғида тадбиркорлик субъектлари даъвогар сифатида қатнашган ва ҳуқуқлари тикланган. Уларнинг 772 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағи ундириб берилган. Шунингдек, маъмурий судлар давлат идоралари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва мансабдор шахсларнинг тадбиркорлар ҳуқуқларини чекловчи 8 минг 900 га яқин қарори, хатти-ҳаракати ва ҳаракатсизлигини ноқонуний, деб топди ҳамда 1 минг 100 дан ортиқ хусусий ажрим чиқарди.
Давра суҳбатида судларда иш юритувининг самараси ва сифатини оширишга қаратилган миллий қонунчиликни такомиллаштириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини татбиқ этиш, тадбиркорлар ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш усулларидан кенг фойдаланиш масалаларига доир маърузалар тингланди. Бу борада хорижий давлатлар тажрибаси ва халқаро амалиёт бўйича эксперт ва мутахассисларнинг фикри эшитилди.
– Ўзбекистонда тадбиркорлар ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилиш борасида кейинги йилларда катта ўзгаришлар рўй бериб, кенг имкониятлар яратилганини алоҳида таъкидлаш лозим, – дейди Австрия федерал маъмурий суди судлов ҳайъати раиси Петер Квоста. – Бу ҳам ҳуқуқий демократик давлат сиёсатининг бир йўналиши ҳисобланади. Мамлакатнинг иқтисодий қудрати, аҳоли фаровонлиги тадбиркорлик соҳаси ривожига боғлиқ экан, мазкур субъектларнинг эркин фаолият кўрсатиши ва ҳуқуқини ҳимоя қилишда давлатнинг муҳим органи ҳисобланган судларнинг ўз ўрни бўлиши зарур. Ўзбекистонда бугунги ислоҳотлар айнан шу йўналишда давом этаётгани эътиборга лойиқ.
– Давра суҳбатида муҳокама этилган мавзу Ўзбекистонда бизнес муҳитини яхшилаш ва уни ривожлантириш, бу борадаги ҳуқуқий майдонни кенгайтиришда муҳим, – дейди россиялик халқаро эксперт Егор Мисюра. – Чунки бугун мамлакатга келаётган инвестор, аввало, бу ерда тадбиркорлик учун яратилган шароит, фаолиятининг ҳуқуқий кафолати билан қизиқади. Бу имкониятдан кўнгли тўлса, эртанги кунига ишонсагина иш бошлайди. Анжуманда шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди, мамлакатда тадбиркорлар ҳуқуқи суд органлари томонидан ишончли ҳимоя қилинаётгани аниқ далиллар билан асослаб берилди.
Тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги иқтисодий низоларни ҳал этиш бўйича суд амалиётини такомиллаштириш, судларда тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилишда адвокатлар иштирокини кенгайтириш, солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш, тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ҳаракатларни кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.
– Фаолиятимиз давомида турли идоралар, корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қиламиз, – дейди Булунғур туманидаги “Шоҳжаҳон ДС” фермер хўжалиги раҳбари Дилбар Жалилова. – Шартнома муносабатларида баъзан тушунмовчиликлар ҳам юзага келади. Ана шундай вазиятда ҳуқуқимиз суд орқали ҳимоя қилиниши иқтисодий ва маънавий манфаатдорлигимизни таъминлашга ёрдам беради. Шу сабабли айни пайтда туманларда ҳам иқтисодий ва маъмурий судлар фаолият кўрсатаётгани биз каби фермер ва тадбиркорлар учун катта қулайлик бўлди. Мазкур давра суҳбатида ҳам судларга мурожаат қилиш юзасидан кўплаб фойдали маълумотларга эга бўлдик.
Давра суҳбати якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказилиб, тадбир ташкилотчилари журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.
Тадбир доирасида иштирокчилар Самарқанд вилояти судлари фаолияти билан танишди. Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, тарихий-маданий иншоотларини томоша қилди.
Ғ.ҲАСАНОВ
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 14
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.