Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида Жанубий Кореянинг Кангвон университети билан ҳамкорликда “Қишлоқ хўжалигида ҳудудий инновацион тизимлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Кореянинг мамлакатимиздаги элчихонаси, Қурғоқчил минтақаларда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари маркази (ИКАРДА)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги вакиллари, Корея, Испания ва юртимизнинг бир қатор олий ўқув юртлари мутахассислари иштирок этди.
Конференция қатнашчилари мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришдаги имкониятлари, экспорт салоҳияти, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни кўпайтириш, дунёда озиқ-овқат танқислиги кучаяётган бир пайтда экспорт салоҳиятини ошириш ҳақида фикр билдириб, Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида ҳудудий инновацион марказ ташкил этиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
– Корея бундан 40 йил олдин қишлоқ хўжалиги соҳасида қолоқ давлатлар қаторида эди, – дейди Кангвон миллий университети профессори, халқаро қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш институти ижрочи директори Кианг Рианг Ким. – Халқаро алоқаларнинг йўлга қўйилиши ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашга қаратилган эътибор туфайли қисқа фурсатда мамлакат бу борада ниҳоятда катта имкониятга эга бўлди. Ўзбекистонда эса маҳсулотни қайта ишлаш борасида биздагидан-да катта имконият мавжуд.
Бундан ташқари, маҳсулотни сотиш ёки соҳа туризмини ривожлантириш орқали ҳам қишлоқ хўжалигини тараққий эттиришга эришиш мумкин.
Анжуман доирасида иштирокчилар Тайлоқ туманидаги “Сиёб Шавкат Орзу”, Самарқанд туманидаги “Оҳалик олтин боғи” фермер хўжаликлари, Самарқанд қишлоқ хўжалик институтининг илмий тажриба хўжалиги ҳамда “Агромир” қўшма корхонасида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 12
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.