Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ФРАНЦИЯДАГИ ХАЛҚАРО КЎРГАЗМАДА САМАРҚАНД ИСТИҚБОЛИ БЎЙИЧА ҲАМКОРЛИК

ФРАНЦИЯДАГИ ХАЛҚАРО КЎРГАЗМАДА САМАРҚАНД ИСТИҚБОЛИ БЎЙИЧА ҲАМКОРЛИК

21-28 сентябрь кунлари Франция Республикасининг Париж шаҳрида Халқаро «Le Villiage de la Gastronomie» гастрономик фестивали ҳамда «ITFM Top Resa» туристик кўргазмаси бўлиб ўтди.

          Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев бошчилигида ушбу мамлакатга ташриф буюрган юртимиз делегацияси таркибида Самарқанд вилояти вакиллари ҳам фаол иштирок этди.

Жумладан, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, вилоят Ички ишлар бошқармаси, “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят ҳудудий бошқармаси, Самарқанд қоғози ишлаб чиқарувчи “Конигил мерос” оилавий корхонаси, “Самарқанд-Бухоро ипак гилами” қўшма корхонаси, Ховренко номли Самарқанд вино комбинати вакилларидан иборат Самарқанд делегацияси дастлаб Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасида мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган қабул маросимида қатнашди.

Шундан сўнг, “Le Villiage de la Gastronomie” гастрономик фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Фестивалда 55 давлат вакиллари ўзларидаги миллий ҳунармандчилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан иштирок этди.

Самарқанд делегацияси Франция, Хитой, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Индонезия, Испания, Мексика, Аргентина, Португалия, Тунис, Сурия, Россия, Арманистон каби давлатлар вакиллари билан ўзаро фикр алмашди. Уларга Самарқанднинг туризм салоҳияти, осори-атиқаларимиз, тарихий қадамжоларимиз, шунингдек, миллий озиқ-овқат маҳсулотларимиз, Самарқанд нони ва бошқа маҳсулотлар ҳақида батафсил маълумотлар берилиб, Самарқандга туристик маршрутни йўлга қўйиш ва ҳамкорликни ўрнатиш бўйича аниқ таклифлар муҳокама қилинди. Миллий таомимиз – Самарқанд палови тайёрланиб, фестиваль иштирокчиларига тарқатилди.

“ITFM Top Resa” 40-Халқаро туристик кўргазмасининг очилиш маросимида эса дунёнинг 210 та давлати (орол давлатлар билан биргаликда) ва 6111 та компаниялар вакиллари қатнашди. Делегациямиз аъзолари томонидан кўргазмада иштирок этаётган Франция, Испания, Туркия, Эрон, Марокаш, Шри Ланка (Цейлон), Камбоджа, Барбадос, Аргентина, Сальвадор, Бразилия, Россия, Грузия, Украина, Қозоғистон ва Тожикистоннинг туристик компаниялари вакиллари билан мулоқотлар ўтказилиб, юртимизнинг бой тарихи, диққатга сазовор жойлари ва туристик салоҳияти ҳақида маълумотлар берилди ҳамда ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш борасида музокаралар ўтказилди.

Ҳар иккала Халқаро тадбирда ҳам Ўзбекистон делегациясининг, хусусан Самарқанд вакилларининг иштироки Франция Ҳукумати вакиллари ва Ҳайъат аъзолари томонидан юқори баҳоланди.

Францияга ташриф давомида туризм соҳасини кенг кўламда ривожлантириш, сайёҳларни фаол жалб қилиш ва оқимини ошириш, ривожланган давлатларнинг туристик компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, шаҳарда транспорт логистикасини такомиллаштириш, чет эллик сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, диққатга сазовор жойларда зиёрат қилиш маданиятини ошириш, шаҳарсозликни миллий ва замонавий архитектура талаблари асосида ривожлантириш, аэропортларда қулай шароитларни яратиш ва хизмат сифатини ошириш бўйича амалий тажриба тўпланди.

Ташриф давомида делегация аъзолари томонидан мамлакатимизнинг Фрациядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси С.Рустамбаев ва Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили У.Шодиев билан учрашув ўтказилиб, Франциянинг ривожланган компаниялари билан ҳамкорликни ривожлантириш, юртимизга туристлар оқимини кенгайтириш ва Самарқанд вилоятига француз инвестицияларини фаол жалб қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлаш, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини янада ошириш, жаннатмакон юртимизни дунёнинг ривожланган давлатлари сафига қўшиш стратегик мақсадимиздир. Шу боис, жаҳоннинг илғор мамлакатлари билан самарали ҳамкорликни тизимли олиб бориш, ижобий тажрибаларидан амалий фойдаланиш ва юртимизга реал инвестицияларни киритиш бугунги кунимизнинг долзарб вазифаларидандир.

Бу борада, давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда истиқболли ташқи сиёсат худудларимизда туризм соҳасини ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб қилиш учун янги имкониятларни яратмоқда. Бу эса,  ҳар бир давлат хизматчисидан фидойилик ва юксак масъулият билан креатив услубда иш олиб боришни тақозо этмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда жаннатмакон юртимизда бошқарувнинг инновацион ёндашув ва фаол ташқи иқтисодий ҳамкорлик асосида олиб борилаётганлиги фуқароларимизнинг давлатга бўлган ишончини оширишга ҳамда юртимизни янги ривожланиш босқичига олиб чиқишга хизмат қилмоқда.   

 Беҳзод Рахматуллаев,

Самарқанд вилояти ҳокимлиги

Ишлар бошқармаси бошлиғи в.б.,

 

Мирзохон Зубайдуллаев,

Самарқанд вилояти ИИБ

бошлиғининг ўринбосари


Охирги ўзгариш: 28/11/2018 11:05.   Кўрилганлиги: 1435
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/regional_government/foreign_relations/frantsiyadagi-xalqaro-korgazmada-samarqandliklar-ham-qatnashdi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 11

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.