Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Буюк алломаларимиз мероси – бебаҳо хазина

Буюк алломаларимиз мероси – бебаҳо хазина

Самарқандда “Жаҳон тамаддуни тарихида Марказий Осиё Ренессанси” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.

Унда БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКО, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти – ЮНВТО, Ислом ҳамкорлик ташкилоти – ИҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича тузилмаси – АЙСEСКО, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини ўрганиш илмий-тадқиқот маркази – ИРСИКА каби нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, масъул ходимлари, АҚШ, Канада, Буюк Британия, Германия, Испания, Италия, Франция, Саудия Арабистони, Туркия, Хитой, Эрон, Озарбайжон, Россия, Япония ва бошқа давлатлардан олимлар, жаҳоннинг йирик илм-фан ва таълим муассасалари вакиллари иштирок этди. 
ЮНЕСКО шафелигидаги мазкур конференция 2014 йил Самарқандда ўтказилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги конференциянинг мантиқий давоми сифатида Марказий Осиё минтақасидан етишиб чиққан олим ва мутафаккирларнинг тарихий меросини чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш, жаҳон жамоатчилигини уларнинг аниқ ва табиий фанлар, ислом маданияти ривожига қўшган ҳиссаси билан янада кенг таништириш, илмий марказлар ва олимлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди. 
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил октябрь ойида пойтахтимизда ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида юртимиздан етишиб чиққан ислом олами мутафаккирлари асарларини, уларнинг бутунжаҳон цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур ўрганиш, дунёнинг барча халқларига ислом динининг ҳақиқий мазмун-моҳиятини етказиш учун Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифини билдирган эди. Бу ташаббус халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 21 майда Саудия Арабистонига ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси ва Ислом тараққиёт банки ўртасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди. Айни пайтда ушбу мажмуа қурилиши қизғин давом этмоқда. 
Шунингдек, бугунги кунда пойтахтимизда Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди. Президентимизнинг 2017 йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 
Бу саъй-ҳаракатлар муқаддас заминимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар ҳаёти ва илмий-ижодий фаолиятини чуқур тадқиқ этиш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, бугунги мураккаб даврда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш ҳамда ёш авлодни юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялашга хизмат қилиши шубҳасиз.


Анжуманнинг очилиш маросимида Жаҳон сайёҳлик ташкилоти бош котиби Талеб Рифаи, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Бадарч Дендев, АЙСEСКО бош директори Абдулазиз Усмон ат-Тувайжри, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – ижрочи котиби Сергей Лебедев, ИРСИКА бош директори Халит Эрен Марказий осиёлик алломаларнинг дунё тамаддунида тутган ўрни, илм-фан ва маданият ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритди. Айниқса, ислом маданияти ривожида Имом Бухорий, Имом Термизий каби муҳаддисларнинг беқиёс хизматлари қайд этилиб, уларнинг меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш бугунги глобалашув даврида ниҳоятда долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди. Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар юксак эътироф этилиб, бу дунё халқларини бирлаштириш, ислом ниқоби остида ҳаракат қилаётган турли экстремистик оқимларга қарши курашишда муҳим омил бўлиши қайд этилди. 
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича ташаббуси бизнинг ташкилотимиз томонидан тўла қўллаб-қувватланди, – дейди Ислом ҳамкорлик ташкилоти департаменти директори Махла ат-Талебна хоним. – Бу, аввало, Имом Бухорий ҳазратларининг энг сара ва ишончли ҳадисларни тўплаб, муқаддас ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшгани билан боғлиқ. Ушбу меросни ўрганиш ва ёш авлодга ўргатиш барча замонларда ҳам долзарб вазифа бўлиб қолади. Яна бир муҳим жиҳат, дунёдаги бугунги нотинч вазият, турли минтақаларда юз бераётган террорчилик ҳаракатларининг ислом дини билан боғланаётганидир. Ваҳоланки, ислом динининг асосини маърифат ва маънавият ташкил этади. Буни бугунги ва келажак авлодларга Имом Бухорий сингари буюк муҳаддислар илмий мероси орқали етказиш энг тўғри йўлдир. 
Халқаро конференциянинг ялпи мажлисида Марказий Осиё ренессансининг ўзига хос хусусиятлари, бу даврда фаолият кўрсатган алломалар ва уларнинг меросини ўрганиш борасида олиб борилаётган илмий ишлар, ушбу йўналишдаги халқаро ҳамкорлик юзасидан маърузалар тингланди.
– Марказий Осиё ренессансида Буюк Ипак йўли муҳим ўрин тутган, – дейди Хитой халқаро тинчлик фонди раиси Ли Руо Ҳонг. – Бу йўл шунчаки товар олиб ўтиш ёки хизмат кўрсатиш учун восита бўлиб қолмай, турли халқларнинг маданиятини тарғиб этиш, илм-фанни ривожлантириш, Шарқ ва Ғарбни ўзаро боғлашга хизмат қилган. Самарқанд эса Буюк ипак йўлининг чорраҳаси сифатида илм-маърифат, маданият марказига айланган. Шу нуқтаи назардан бугунги анжуманнинг бу қадимий шаҳарда ўтказилиши бежиз эмас. Айни кунларда бу ерда давом этаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ҳам дунё халқлари миллий санъати ва маданиятини ривожлантириш, тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 
Марказий Осиёда IХ-ХII ва ХIV-ХV асрларда рўй берган илмий-маданий уйғониш даврининг турли жиҳатлари, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқа мутафаккирларнинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий каби уламоларнинг маънавий мероси таҳлилига алоҳида эътибор қаратилди. 
Куннинг иккинчи ярмида конференция “Марказий Осиё Ренессанси даврида аниқ ва табиий фанлар ривожи”, “Марказий Осиё – ислом илм-фанининг илғор ғоялари бешиги”, “Марказий Осиё Ренессанси даврида гуманитар фанлар”, “Маданият ва меъморчилик Марказий Осиёдаги маданий юксалишнинг ёрқин акси сифатида” шўъбаларига бўлинган ҳолда давом этди. 
– Биз ўтмишдаги тиббиёт ёки бугунги замон медицинаси ҳақида гапирганда, биринчи навбатда, Абу Али ибн Сино қарашларига таянамиз, – дейди Франциядаги Авиценна ассоциацияси президенти Марк Боннель. – Чунки аллома асарларида қайд этилган фикрлар, касалликлар аломати ва уларни даволаш йўллари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Аксинча, айни пайтда замонавий тиббиётда таклиф этилаётган кўплаб даволаш усуллари ва муолажалар Ибн Синонинг тиббиётга оид китобларида содда тилда баён этилган. Шунинг учун ҳали буюк табиб илмий меросини ўрганиш борасида катта ва кенг кўламли тадқиқотлар олиб боришимиз лозим. 
Марказий Осиё Ренессансида муҳим ўрин тутган буюк аллома ва мутафаккирлар меросини ўрганишда мамлакатимиз ва хорижлик олимларнинг ўзаро фикр алмашиши, илмий-амалий алоқаларни мустаҳкамлаши учун қулай имконият яратган мазкур халқаро анжуман давомида 50 дан ортиқ маъруза тингланди. Муҳокама этилган мавзулар юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилиб, ушбу йўналишда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди. 
Халқаро конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев сўзга чиқди.


Охирги ўзгариш: 06/09/2017 12:51.   Кўрилганлиги: 2630
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/regional_government/foreign_relations/buyuk-allomalarimiz-merosi-bebaho-xazina

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 3

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.