Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари “Ургут туманини инновацион ҳудудга айлантириш” лойиҳасини ишлаб чиқди.
Вазирлик масъул ходимлари Самарқанд вилоятида бўлиб, мазкур лойиҳа тақдимотини ўтказди.
Тадбирда инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Қозоғистоннинг “AlmaU” Алмати менежмент университети ректори Ербол Сулейменов иштирок этди.
Лойиҳа доирасида қишлоқ хўжалиги, хусусан, доривор ва техник ўсимликларни етиштириш, йўл қурилиши, электротехника, автомобилсозлик соҳаларига инновацион технологияларни жорий этиш таклифлари берилди.
Ургут туманидаги 760 гектар ер майдонини доривор ўсимликлар етиштириш ва уларни қайта ишлаш бўйича таклиф муҳокама қилинди. Уруғ етиштириш ва селекция қилиш йўналишида илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш учун лаборатория ва завод қуриш зарурати бор. Мазкур завод 400 тонна уруғ, 4000 литр ёғ, 1500 тонна тола, 7500 тонна поя ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиши назарда тутилмоқда.
Қозоғистонлик ректор Ербол Сулейменов 2000 нафар талабани ўқитиш имкониятини берадиган университет филиалини очиш таклифини илгари сурди. Унда ёшларга бакалавриат, магистратура ва MBA босқичларида менежмент, муҳандислик менежменти, тадбиркорлик ва инновациялар, туризм соҳасида билим бериш режалаштирилган.
Ургут туманидаги 143 мактабни ҳар йили 4-5 минг нафар ёшлар битириши инобатга олинса, бу ҳудуддаги ёшларнинг олий таълимга бўлган эҳтиёжини қондиради. Инсон капиталининг ривожланишига катта ҳисса қўшади.
Иқтисодиётни ривожлантириш, инновацияларни жорий этишнинг энг муҳим омилларидан бири – йўлларнинг сифатини ошириш мақсадида йўл қурилишига Австралия технологиясини татбиқ этиш таклиф этилди.
Агар анъанавий қурилиш ишлари амалга оширилганида 1 сменада 250 квадрат метр йўл қурилса, бу технологияда 5 минг квадрат метр йўл қурилишига эришилади. Йўл қурилиш харажатлари 1 квадрат метри 120 минг сўмдан 50 минг сўмга қисқаради. Йўлдан фойдаланиш муддати эса 4 йилдан 15 йилга ошади. Бундан ташқари, йўл қурилишининг экологик хавфсизлиги ҳам таъминланади.
Шунингдек, туманда алкотестер, автомобиллар учун SOS қурилмаси, автомобиль музлатгичлари, электрон турникет ишлаб чиқариш ҳамда Самарқанд вилояти кўзи ожизлар жамияти учун лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси вакиллари Самарқанд вилояти ҳокимига ақлли шаҳар концепцияси тақдимотини ўтказди.
Ёшларнинг илм-фанга қизиқишини ошириш мақсадида “TexnoBus” мобиль таълим платформасини жорий этиш масаласи ҳам кун тартибида бўлди. “TexnoBus” чекка ҳудудларда яшовчи ёшларнинг замонавий таълим йўналишларида билим олишлари учун мўлжалланган бўлиб, унда робототехника, дастурлаш, VR/Ar технологиялари, қайта тикланадиган энергия манбалари, 3D протиплаш, сунъий интеллект йўналишларида таълим берилади.
Ушбу платформа Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич ташкил этилаётган Ёшлар технопаркларининг асосини ташкил этиш ва унда фаолият олиб борувчи иқтидорли ёшлар жамоасини шакллантиришга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 11
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.