Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

«Травмотология»даги узоқ кутилган йўллар

«Травмотология»даги узоқ кутилган йўллар

Республика ихтисослаштирилган травмотология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалининг ҳовли қисмидаги йўлларни кўпчилик яхши эсласа керак.

Ҳа, яхшики, энди у ўйдим-чуқур йўлларни фақат эслаш мумкин. Яқин кунларда шифохонадаги йўллар, ободлик бутунлай янгича қиёфага келди. Илгари шикастланишларни даволайдиган шифохона йўлларининг ўйдим-чуқурлигидан йиқилиб қолмайин-да, деб юришга тўғри келган бўлса, бугун атрофдаги ўзгаришлардан баҳри-дилингиз очилиб, қадам ташлайсиз. Шифохона масъулларининг таъкидлашича, бу ерда 2 минг метр квадрат ҳудуд асфальтлаштирилиб, ёмғир сувлари яшил майсазор ҳудудига чиқиб кетиши учун махсус лойиҳа асосида амалга оширилган. Йўлакларга ақлли чироқлар, замонавий ўриндиқлар ўрнатилган.
Суҳбат давомида англашиладики, шифохонанинг фақат сурати эмас, сийратида ҳам қатор ўзгаришлар мавжуд.
- Битта мисолни келтирмоқчиман. Илгари бутун бошли шифохонада иккита рентген аппарати мавжуд бўлиб, бу беморларнинг узоқ вақт навбат кутиши ва сарсонгарчиликларини келтириб чиқарарди, - дейди Республика ихтисослаштирилган травмотология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали раҳбари Ойбек Маматқулов. – Ҳозир ўз ихтисослиги бўйича қарийб ҳар бир бўлимда замонавий рентгент аппаратлари мавжуд. Юқори технологиялар ёрдамида амалга оширилаётган операциялар сони тобора кўпаймоқда. Аксарияти беморнинг тезроқ оёққа туриб кетиши ва кам жароҳат олишини таъминловчи жарроҳлик амалиётлари саналади. Мисол учун, марказда 2022 йилда жами бажарилган жарроҳлик амалиётлари 8324 тани ташкил этган, уларнинг 956 таси артроскопия ёрдамида бўлса, 1755 таси юқори технологик жарроҳлик амалиётлари саналади. 2023 йилда эса жами операциялар сони 9158 тани ташкил этиб, юқори технологик операциялар сони ҳам ортган. Биргина шу йилнинг ўзида ҳозирги кунга қадар 1193 та мураккаб операциялар замонавий технологиялар ёрдамида амалга оширилди. Табиийки, замонавий жиҳозлар ёрдамидаги операциялар варчдан юқори малака ва билимни талаб этади.
2021 йилда марказимизнинг 24 нафар шифокори хориж давлатларида малака ошириб қайтган. 2022 йилда эса уларнинг сони 49 нафарни ташкил қилди, 2023 йилда 65 нафар шифокор Италия, Япония, Туркия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари каби қатор давлатларда замонавий муолажа усулларини ўрганиб келди. Хорижда малака ошириб келаётган врачлар аниқ бир операцияни ўрганиб қайтиш шарти билан жўнатиляпти, шунинг учун ҳар бир шифокор четга боришдан аввал ўйлаб кўришига, салоҳиятига қараб йўл тутишига мажбур бўлмоқда.
Марказда бугунги кунда 100 нафардан зиёд шифокор, 268 нафар ўрта тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатади. Шифокорларимизнинг уч нафари тиббиёт фанлари доктори, 15 нафари фан номзодлари даражасига эга. Шифохонада койкалар сони 260 тани ташкил этади. Травмотология-ортопедия соҳасида республикада жами 92 тур оператив муолажа усули мавжуд бўлиб, шулардан 85 тури марказда амалга оширилади.
Шу ўринда бир фактни айтиб ўтишим керак, бундан тўрт-беш йил аввал 10-15 фоиз беморларни даволаниши учун пойтахт ё чет элга жўнатишга тўғри келган бўлса, бугунги кунда бу рақам қарийб нолга тенглаштирилди. Аксинча, қўшни вилоятларгина эмас, қўшни давлатлардан даволанишга келувчилар сони ҳам кўпайди.
Хусусан, уларнинг сони 2021 йилда 84 нафарни ташкил қилган бўлса, 2023 йилда 231 нафарни ташкил этмоқда. Улар орасида Тожикистон, Ҳиндистон, Покистон (талабалар эвазига), Туркманистон каби давлатлардан келувчи беморлар кўпчиликни ташкил этади.
Марказга биргина ўтган йилнинг ўзида бир қатор янги турдаги, вилоятда кам сонли тиббий аппаратлар келтирилди. Хусусан, МСКТ аппарати бугун беморларнинг янада тезроқ ва сифатлироқ даволанишига хизмат қилмоқда. Негаки, илгари ушбу жиҳоз таҳлилига муҳтож бўлган беморларни, айниқса оғир аҳволда бўлса, қийналиб, махсус тез тиббий ёрдам машинасида олиб борилишига тўғри келарди. Эндиликда бу ноқулайликлар бартараф этилди. Шунингдек, Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган рентген ҳамда юз-жағ жарроҳлиги учун махсус аппаратлар беморларнинг сифатли даволанишида муҳим омил бўлмоқда. Оддий мисол, илгари турли автоҳалокатлар ё бошқа бир бахтсиз ҳолатларда беморнинг юз-жағ қисмида турли майда тошлар, шиша синиқлари ё бошқа ёт жисмлар кириб қолса, оғир аҳволдаги беморда бу нарса умумий даволаниш билан билинмай кетарди, аммо вақт ўтгач, оғриқ бериб, нохуш ҳолатларга олиб келиши мумкин эди. Бу рентген асбоби айнан шундай ҳолатларни бартараф этишда жуда самарали ташхис сифатида зарур.
Жарроҳлик хонаси учун совуқ плазмали стерилизатор эса операция давомида қўлланиладиган, турли хом ашёдан тайёрланган жиҳозларни сифатли стериллаб бериш имконига эга. Илгари бу масалада бироз мураккабликлар бўларди.
Шифохона мутасаддиларининг айтишича, эндиликда бу ерда даволанаётганларнинг умумий шифохонада қолиш муддати икки йил аввалги кўрсаткичдан икки кунга камайган.
Замонавий шароит, малакали шифокор, сифатли дори-дармон – аслида беморнинг тез даволаниб кетиши учун шу учликнинг ўзи етарли. Аммо биз оддийгина ифодалаган бу формуланинг ортида миллиардлаб маблағлар, ҳукуматнинг алоҳида эътибори, жойлардаги мутахассисларнинг фидойилиги каби қатор бир-бирига чамбарчас боғлиқ жараёнлар мавжуд. Травмотология ва ортопедия билан боғлиқ хасталикларни даволашда бу занжирнинг узвийлигига гувоҳ бўлдик.
Бу ўзгаришлар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ўтказилган преес-тур давомида кўрсатилди.

Охирги ўзгариш: 11/06/2024 11:48.   Кўрилганлиги: 651
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/travmotologiyadagi-uzoq-kutilgan-yollar

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 13

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.