Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали профессори Ғулом Ғайбуллаев раҳбарлигидаги
самарқандлик олимлар буғдойнинг янги, серҳосил навини яратиш устида олиб бораётган илмий изланишлари натижасини бермоқда. Ўтказилган тажрибалар, селекция ишлари самараси ўлароқ буғдойнинг иқлим шароитига мос, баракали ва эртапишар «Ўзбекистон-30» ва «Самарқанд» навлари яратилди. Айни кунларда мазкур навлар Республика давлат нав синаш илмий марказида синовдан ўтказилмоқда.
— Ўзбекистон бошоқли дон экинлари ҳосилдорлиги бўйича дунёда етакчи ўнталикка кирган давлатлардан саналади, — дейди профессор Ғулом Ғайбуллаев. — Селекция ишлари Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали, «Ўзагроинспекция»нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ҳамда “Farboma Selekt” илмий уруғчилик фермер хўжалиги томонидан интеграциялашган тарзда олиб борилмоқда. Жомбой туманида жойлашган ушбу уруғчиликка ихтисослашган фермер хўжалигига қарашли 80 гектар тажриба майдонида ҳозирга қадар буғдойнинг «Жасмина», «Фарбома», «Амира», «Зарафшон» ва арпанинг «Бек» навлари яратилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, самарқандлик олимлар томонидан «Крошка» ва «Сангзор-8» навларини чатиштириш асосида яратилган буғдойнинг «Жасмина» нави серҳосил, иқлим шароитига мослиги билан амалиётда тўлиқ ўзини оқлади. Бугунги кунда ушбу нав вилоятнинг 13 минг гектардан ортиқ ер майдонида ва қўшни Жиззах, Навоий, Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари далаларида экилмоқда. Ҳосилдорлиги ҳам ёмон эмас, ўртача 60-70 центнердан ошириб ҳосил йиғиштириб олинмоқда.
2022 йил ҳосили учун вилоятдаги 472 та уруғчиликка ихтисослашган фермер хўжалигининг 10 минг 414 гектар ер майдонига буғдойнинг «Жасмина», «Яксарт», «Давр», «Фарбома» сингари навлари экиб парваришланмоқда. Жорий йил ғалла ўрим-йиғими мавсуми давомида 31 минг 462 тонна уруғлик дон етиштириш режалаштирилган.
— «Ўзагроинспекция»нинг вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан жорий йилнинг январь-март ойларида ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларида 213 та назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, шундан 76 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Аниқланган ҳолатлар бўйича ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилди, — дейди «Ўзагроинспекция»нинг Самарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори Хушнуд Нурбеков. — Уруғлик ғалла экилган майдонлар бегона ўтлар ва бошқа навлардан ҳоли бўлиши лозим. Занг касаллиги мавжуд далалардан уруғлик ғалла олинмайди.
Сара уруғликдан мўл ва, энг асосийси, импорт ўрнини босувчи сифатли ҳосил олинади. Бу эса тўкин-сочинлик омилидир. Шу боис вилоятда уруғлик ғаллани ўриш учун алоҳида ўрим комбайнлари ажратилган бўлиб, уларнинг барчасига тегишли шартли белгилар ўрнатилди. Шунингдек, уруғлик ғалла алоҳида уруғлик цехларида, навлар кесимида сақланади.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 8
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.