Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқандга хуш келибсиз!

Самарқандга хуш келибсиз!

Шарқ гавҳари, қадимий ва ҳамиша навқирон, ер юзининг сайқали бўлган Самарқанд бугун яна дунё нигоҳида. 

Шаҳримиз сайёрамизнинг энг нуфузли, обрўли халқаро тузилмаларидан бири – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 22 саммитига мезбонлик қилмоқда.

Саммитда 15 давлат етакчиси, ўндан ортиқ халқаро ташкилотлар вакиллари, дунёнинг кўзга кўринган эксперт ва таҳлилчилари, сиёсатшунослар иштирок этиши кутилмоқда.

Давлатимиз раҳбари таклифига кўра, Хитой Халқ Республикаси Раиси ва Эрон Ислом Республикаси Президенти саммитда иштирок этиш билан бирга юртимизга давлат ташрифини амалга оширади.

Тадбир доирасида давлат раҳбарларининг икки томонлама учрашувлари ўтказилади.

Миллий давлатчилигимиз тарихида муҳим ўрин тутадиган ва бугун халқаро мулоқот майдонига айланиб бораётган Самарқанда илк бор бундай кенг кўламдаги, йирик халқаро тадбирнинг ўтказилаётгани, албатта, бутун вилоятимиз аҳли учун чексиз фахр ва ифтихордир.

Мазкур саммитга тайёргарлик кеча ёки бугун эмас, Президентимиз томонидан ШҲТнинг 2022 йилдаги саммитини Самарқандда ўтказиш ташаббуси илгари сурилганидан бошланганди. Бунинг учун Самарқанд шаҳрининг инфратузилмаси тўлиқ янгиланди, янги йўл ва кўприклар, хиёбонлар қурилди. Рудакий, Ибн Сино, Бўстонсарой, Афросиёб, Шоҳи Зинда, Садриддин Айний, Регистон, Панжикент, Фирдавсий, Даҳбед каби ўндан ортиқ кўчалар реконструкция қилинди. Уста Умар Жўрақулов кўчаси тубдан қайта қурилди. Бу кўчалар атрофидаги турар жой ва бошқа объектлар ҳам миллий ва замонавий архитектура уйғунлигида янгидан бунёд этилди. Самарқанд халқаро аэропортининг ўзига хос кўринишдаги замонавий янги терминали қурилди.

Президентимиз ғояси ва ташаббуси билан 250 гектардан ортиқ очиқ майдонда, эшкак эшиш канали атрофида кейинги йиллар давомида қурилган “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин ифодаси бўлди. Нафақат юртимиз, балки Марказий Осиёда тенги йўқ, деб эътироф этилган бу мажмуада жаҳон стандартларига мос меҳмонхоналар ва конгресс маркази, халқимиз тарихи, маданияти, анъана ва қадриятларини намоён этувчи “Боқий шаҳар” мажмуаси ва яна кўплаб бошқа иншоотлар бугун Самарқанднинг кўркига айланди. Айни пайтда эса буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий номи билан боғлиқ меъморий мажмуа улуғ зотнинг Ислом оламида тутган мавқеи ва салоҳиятига мос тарзда қайтадан бунёд этилмоқда.

Бу иншоотлар, майдон ва хиёбонларда, кўчалар атрофида миллионлаб ноёб дарахт ва буталар, гуллар экилдики бунинг натижасида бугун Самарқанд ҳар қачонгидан кўркам қиёфага кирди.

Ушбу бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларида нафақат самарқандлик, балки юртимизнинг турли ҳудудларидан қурувчи ва муҳандислар, лойиҳачилар, архитектор ва мутахассислар, ҳунарманд ва усталар, боғбонлар иштирок этди. Фурсатдан фойдаланиб, қурилиш-ободонлаштириш ишлари бошида турган вазирлик ва идоралар раҳбарларига, фидойи юртдошларимиз ва хорижлик ҳамкорларимизга миннатдорлик билдирамиз.

Айни пайтда ШҲТ саммитини юксак савияда ўтказиш учун Самарқандга келиб, бизга яқиндан кўмак бераётган турли соҳалар масъуллари ва ходимларига ҳам раҳмат айтамиз!

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТ саммити олдидан матбуотда эълон қилинган мақоласида азал-азалдан Самарқанд турли ғоя ва билимлар “қайнаган” макон бўлиб, бу масканда инсониятнинг тинч ва фаровон яшаш, ўз куч ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бахтли ҳаёт кечириш каби муштарак мақсадлари мужассам бўлгани алоҳида қайд этилди.

“Бу табаррук заминда яшайдиган ҳар бир одам, яхши қўшни – бу Худо инсонга ато этган бахтнинг бир бўлаги эканини, тинч-тотув қўшничилик эса баракот манбаи эканини чуқур англаган, деб ёзади давлатимиз раҳбари. Зеро, ҳамкорлик, савдо, ижод, илм-фан ва санъат, инсоний ғоялар устувор бўлган жойда эзгуликлар кўпаяди, халқлар фаровон ва ўзаро аҳил яшайди. Бугун замонавий ва жадал ривожланаётган инфратузилмаларга эга бўлган Самарқанднинг бундай ноёб жиҳатлари уни минтақавий ва глобал хатарларни биргаликда муҳокама қилиш, бу борада зарур ечимларни излаб топиш учун энг қулай ва мақбул майдонга айлантирмоқда.”

Азиз самарқандликлар! Давлатимиз раҳбарининг ишончига муносиб бўлиб, халқимизга хос меҳмондўстлик, бағрикенглик фазилатларини, Самарқанднинг гўзал ва ободлигини намоён этиб, саммит тадбирларини юксак савияда ўтказиш барчамиз учун шараф ва улкан масъулият эканлигини унутмайлик!

Самарқандга хуш келибсиз, азиз меҳмонлар!


Эркинжон Турдимов,
Самарқанд вилояти ҳокими


Охирги ўзгариш: 13/09/2022 11:04.   Кўрилганлиги: 1596
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/samarqandga-xush-kelibsiz

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 4

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.