Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқандда оилавий кўнгилочар марказ иш бошлади

Самарқандда оилавий кўнгилочар марказ иш бошлади

Наврўз умумхалқ байрами арафасида Самарқанд шаҳрида "FAMILY PARK" масъулияти чекланган жамиятининг савдо кўнгилочар маркази фойдаланишга топширилди.

Марказнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов йиғилганларни эзгулик айёми Наврўз билан табриклаб, марказ ташкилотчиларини муваффақияти билан қутлади. Самарқанддаги муҳташам савдо марказининг ишга туширилиши болажон халқимизга байрамга ўзига хос совға бўлганлигини таъкидлади.
"Mirankul group" масъулияти чекланган жамияти бунёд этган марказнинг қурилишига 25 миллион АҚШ доллари сарфланган. Марказ қурилиши 2019 йилдан бошланган бўлиб, унга сарфланган маблағнинг 13 миллион АҚШ доллари кредит маблағлари, 12 миллион доллари ташаббускорларнинг ўз маблағи ҳисобланади.
Шаҳримизда оилавий савдо кўнгилочар марказга эҳтиёж борлигини инобатга олиб, ушбу лойиҳага қўл урган эдик, - дейди "FAMILY PARK" масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Темур Абдуллаев. - Марказимизнинг ўзига хослиги шундаки, унда 1850 ўринга эга муз саройи, китоблар дўкони, 4 та кинотеатр, картинг, 83 та савдо дўкони, болалар ўйингоҳи, боулинг, 12 та умумий овқатланиш нуқталари, медиапарк мавжуд. Қисқа қилиб айтганда, дам олиш кунларини мароқли ўтказиш учун барча шароитлар яратилган. Яна бир эътиборли томони, марказда жами 520 та иш ўрни яратилган. Ўйламанки, марказ юртдошларимизнинг севимли масканига айланади.
Таъкидлаш жоизки, марказда нафақат хорижий номдор фирмаларнинг маҳсулотлари, маҳаллий маҳсулотлар ҳам ўрин олган. Хусусан, самарқандлик ҳунарманд, миллий либослар дизайнери Ҳамида Иноятова ҳам ўз тикувчилик цехи ва миллий либослар галереясини ташкил қилган.
Эътибор қилган бўлсангиз марказдаги кийим-кечаклар савдо нуқталарида хорижнинг бренд маҳсулотлари кўп, - дейди Ҳамида Иноятова. - Биз замонавий миллий либосларимиз билан уларга ўзига хос рақобат муҳитини яратишни мақсад қилганмиз. Айни пайтда ўн нафар ишчи билан фаолиятимизни бошладик.

Киритилган вақти: 20/03/2021 21:16.   Кўрилганлиги: 480
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/samarqandda-oilaviy-kongilochar-markaz-ish-boshladi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 3

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.