Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқандда “Келажак лидерлари” клуби иш бошлади

Самарқандда “Келажак лидерлари” клуби иш бошлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги 

Самарқанд вилояти филиали қошида давлат хизмати учун янги авлод кадрларини шакллантириш мақсадида тажриба-синов тариқасида “Келажак лидерлари” клуби ташкил этилди.

Шу муносабат билан Самарқанд шаҳар ёшлар марказида ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов иштирок этиб, клуб фаолияти бугунги кунда мамлакатимизда кадрлар билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

“Келажак лидерлари” клубининг самарали фаолиятини ташкил этиш мақсадида Агентлик ва вилоят ҳокимлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма қарор имзоланиб, томонларнинг келгуси вазифалари белгилаб олинди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ташаббус мамлакатимизда ёшлар сиёсатини амалга оширишга қаратилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан илгари сурилган бўлиб, ундан кўзланган асосий мақсад давлат хизмати учун янги авлод кадрларини шакллантириш, ёшларни, айниқса, ёш хотин-қизларни давлат хизматига кенг жалб қилиш, давлат хизматининг жозибадорлигини ошириш ҳамда ёш истиқболли кадрлардан раҳбарлик лавозимларига захира шакллантиришдан иборат.

- Клубни ташкил этиш давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 25 декабрда ўтказилган Ёшлар форумидаги нутқи, Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда жорий йил дастурида қайд этилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадига қаратилган, - дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий филиали директори Р.Қобилов. – Клуб аъзолари тўрт босқичдан иборат саралаш босқичлари орқали саралаб олинди. Ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган саралаш босқичи ҳақидаги платформа бўйича 518 та ҳужжат қабул қилинди. Низомда белгиланган талаб асосида тўрт босқичда синовдан ўтказилган номзодлар орасидан энг муносиб 50 нафар лидер ёшлар клуб аъзолига қабул қилинди. Уларнинг 18 нафари олий таълим муассасалари талабалари бўлса, 32 нафари ёш давлат фуқаролик хизматчиларидан иборат. Эндиликда ушбу ёшлар ўз фаолиятлари давомида жамият тараққиётига ғов бўлаётган муаммолар, ечимини кутаётган масалалар билан ўз фуқаролик позициясини намоён қилган ҳолда ишлаб, уларни имкон қадар ечимини топишга ҳаракат қилишлари керак. Бунда лидерлар муаммоларни маълум раҳбарларга кўтариб чиқиши эмас, балки уларга ечим топишлари талаб этилади. Белгиланган тартибда уларнинг фаолиятини баҳоланиб боради. Қисқа қилиб айтганда, “Келажак лидерлари” сафида ўзининг фаол фуқаролик позициясини кўрсата олганлар қолади.



Тадбир давомида Эркинжон Турдимов ва Отабек Ҳасанов “Келажак лидерлари” билан ўзаро мулоқот қилиб, клуб фаолиятини самарали ташкил этиш, бунда эътибор қилиниши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида фикр алмашди.

- Жамиятда ечимини кутаётган муаммолар талайгина, - дейди клуб аъзоси, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси Сарвиноз Турсунова. – Муаммолар оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда кенг миқёсда танқидий, таҳлилий чиқишлар орқали кўтарилмоқда. Биз, лидерларнинг вазифаси муаммони кўтариш эмас, балки унинг ечимини топиш, деб биламан. Бугунги кунда муаммоли масалаларнинг кўпайиб бораётганлиги раҳбар кадрларнинг бошқарув тизими бўйича етарли билим ва малакага эмасликларида деб ўйлайман. Биз бугундан ана шундай муаммолар билан ишлаб, уларнинг ечимини ўз вақтида топишни ўргансак ва амалиётда буни исботласак, албатта, келажакнинг лидерлари бўлиб шаклланамиз. Энг муҳими, мазкур жараёнда жамиятдаги тараққиётга ғов бўлаётган кўплаб муаммоларга ечим топамиз.


Тадбир якунида вилоят ҳокими ва агентлик мутасаддилари ҳар чоракда бир марта “Келажак лидерлари” клуби аъзолари билан учрашиб, улар аниқлаган муаммолар муҳокамасини ташкил этиши маълум қилинди.


Киритилган вақти: 09/04/2021 18:50.   Кўрилганлиги: 1069
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/samarqandda-kelajak-liderlari-klubi-ish-boshladi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 15

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.