Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқанд янада обод ва кўркам масканга айланади

Самарқанд янада обод ва кўркам масканга айланади

Ташрифдан ташрифгача
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар,

амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш,

халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2019 йил январь ва июль ойларида Самарқанд вилоятига ташриф буюрган эди.
Ташрифлар чоғида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, туман ва шаҳарларда қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш ҳамда аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган эди. Шу асосида дастурлар ва уларни амалга ошириш йўл хариталари тасдиқланиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Ўтган йил бошланган пандемия сабабли айрим лойиҳаларни амалга ошириш, қурилиш-бунёдкорлик ишларига салбий таъсир кўрсатган бўлсада давлатимиз томонидан яратиб берилган имконият ва имтиёзлар туфайли белгиланган режа ва дастурлар ўз вақтида амалга оширилди.
Жумладан, иқтисодиёт тармоқлари узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятдаги 19,5 мингта якка тартибдаги тадбиркор ва 37 мингта микрофирма ва кичик корхоналарга 272 миллиард сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланилди. 265 та хўжалик юритувчи субъектларнинг 7,8 миллиард сўм солиқ тўлов муддати кечиктирилди, 3360 та корхонанинг 1,4 миллиард сўм солиқ қарзи ва пеняси ҳисобдан чиқарилди. Шу билан бир қаторда 1 540 та кичик тадбиркорлик субъектлари 7,1 миллиард сўмлик мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан озод этилди. Бу имкониятлар натижасида йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 42,1 триллион сўмга етди ёки 2019 йилга нисбатан 1,9 фоизга ўсди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида эса вилоятда қиймати 580,3 миллиард сўмлик 100 та лойиҳани ишга тушириш белгилангани ҳолда, амалда қиймати 832,1 миллиард сўмлик 248 та лойиҳа ишга туширилиб, 1808 та иш ўрни яратилди. Жумладан, саноатда 55 та, хизматлар соҳасида 114 та, қишлоқ хўжалигида 79 та лойиҳа амалга оширилди.
Мисол учун, Самарқанд шаҳрида “Family Park” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 57,5 миллиард сўмлик замонавий савдо комплекси, муз саройи ва кўнгилочар маскан ташкил этилди. Каттақўрғон туманида эса “Samarqand Qulupnay Inpex” МЧЖ томонидан қиймати 7,2 миллиард сўм бўлган қулупнайчилик хўжалиги фаолияти йўлга қўйилди.
Самарқанд вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини янада ошириш, туристлар учун замонавий шароит ва имкониятлар яратиш масаласи давлатимиз раҳбарининг икки йил олдинги ташрифларида асосий масала сифатида ўртага ташланган эди.
Белгилаб берилган вазифалар ва топшириқлар асосида 2020 йил ва жорий йилнинг уч ойида умумий қиймати 306 миллиард сўм бўлган 74 та лойиҳа амалга оширилди. Жумладан, 1481 ўриндан иборат 30 та меҳмонхона, 39 та меҳмон уйлари очилди. 25 та туроператорлар фаолияти йўлга қўйилди. Вилоятдаги меҳмонларни жойлаштириш воситалари сони 374 тага, улардаги ўринлар эса 11145 тага етказилди. Самарқанд шаҳрида илк бор гастрономик кўча ташкил этилди. Самарқанд туманининг Конигил қишлоғида юртимиздаги биринчи туризм қишлоғи ташкил этилди.
Самарқанд эшкак эшиш канали атрофида эса ўндан ортиқ йирик иншоотлар – анжуманлар саройи, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналар, маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатадиган дам олиш, кўнгилочар масканларини ўзи ичига олган туристик марказ қурилиши давом этмоқда. Вилоятнинг ҳаво дарвозаси – Самарқанд халқаро аэропорти замонавий лойиҳа асосида реконструкция қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифлари чоғида Самарқанд шаҳри аҳолисининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи йил сайин ошиб бораётганини инобатга олиб, Самарқанд тумани Қорасув массивидан 60 гектар ер ажратилиб, бу ерда кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектлари қуриш топишириғини берган ва бу борадаги ишлар бошланган эди.
2018 йилдан буён мазкур ҳудудда 100 дан ортиқ кўп қаватли уй, шунга яраша ижтимоий соҳа объектлари қурилди. Учта янги маҳалла ташкил этилди. Замонавий уйсозлик соҳасида катта тажриба тўплаган “Agromir bildings” корхонаси томонидан шу пайтгача 3890 квартирали 52 та кўп қаватли турар-жойлар фойдаланишга топширилди. 12, 14, 15 ва 16 қаватли бу уйлар аҳолига субсидия асосида берилмоқда. Айни пайтда ҳам ҳудудда бундай замонавий уйлар қурилиши давом этмоқда. Яқин йилларда мазкур ҳудудни 100 минг аҳолили шаҳарчага айлантириш кўзда тутилган. Биргина мазкур ҳудудда эмас, ўтган йил Тойлоқ ва Ургут туманларида ҳам ўндан ортиқ ана шундай кўп қаватли уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.Бу йил эса Каттақўрғон шаҳрида шундай уй-жойлар буёнд этилмоқда.
Бундан ташқари, айни пайтда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Пайариқ туманидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва унинг атрофида, Самарқанд шаҳрининг бир қатор марказий кўчаларида кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Вилоятнинг бир қатор туман ва шаҳарлари марказлари, қишлоқ ва маҳаллалар ҳам бугун улкан қурилиш майдонларига айланган.
Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси дунёга машҳур Самарқандни янада обод ва кўркам масканга, жаҳон туризмининг марказларидан бирига айлантиришга, тадбиркор ва шижоатли самарқандликларнинг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Охирги ўзгариш: 15/04/2021 17:09.   Кўрилганлиги: 538
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/samarqand-yanada-obod-va-korkam-maskanga-aylanadi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 2

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.