Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқанд жаҳон туризм марказига айланади

Самарқанд жаҳон туризм марказига айланади

Ташрифдан ташрифгача

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳар гал Самарқандга ташриф буюриб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш бўйича лойиҳалар билан танишиб, фаоллар билан учрашганида бу қадимий ва ҳамиша навқирон кентнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, мазкур тармоқни иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бирига айлантиришга эътибор қаратади. Шу билан бирга бу ердаги муқаддас қадамжоларни обод қилиш, буюк аждодларимиз маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, ёш авлодни уларга муносиб бўлишга даъват этади.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 ва 2021 йиллардаги ташрифларида ҳам бу жиҳатлар устувор аҳамият касб этиб, бир қатор янги лойиҳаларни амалга оширишга киришилган эди. Шу асосда Самарқандда халқаро аэропортни модернизация қилиш, эшкак эшиш канали атрофида Самарқанд туризм марказини қуриш, Имом Бухорий мажмуасини реконструкция қилиш, шаҳар йўлларини кенгайтириш ва коммуникация тармоқларини янгилаш, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида янги турар жой массивлари бунёд этиш каби ишлар бошланганди. Ушбу қурилиш-бунёдкорлик ишлари натижасида Самарқанд қиёфаси кун сайин ўзгариб, тарихий қудратига мос замонавий кўриниш касб этмоқда.

1967 йилда қурилган Самарқанд халқаро аэропортида амалга оширилган ишлар натижасида янги терминал, учиш-қўниш йўлаги, тураргоҳ ва бошқа объектлар барпо этилди. Эндиликда Самарқанд “ҳаво дарвозаси”да 17 та янги мунтазам халқаро йўналишлар йўлга қўйилади.

Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича давлат дастурида белгиланганидек, жорий йилнинг мартига қадар Самарқанд халқаро аэропортини йирик транспорт хабига айлантириш чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади. Бунда маҳаллий йўналишлар бўйича парвозлар сони ҳафтасига 7 тадан 20 тагача, географияси 4 та йўналишдан 5 тагача оширилади. Халқаро йўналишлар бўйича парвозлар сони ҳафтасига 25 тагача, географияси 4 та йўналишдан 8 тагача кўпайтирилади. «Очиқ осмон» режимини жорий этиш ҳисобига 8 та хорижий авиакомпанияни жалб қилиш ва 17 та янги мунтазам халқаро йўналишларни йўлга қўйишни назарда тутади.

Туристлар оқимини кескин кўпайтириш мақсадида Самарқанд халқаро аэропортининг маҳаллий темир йўл ва автобус қатновларига боғланган, илк бор хусусий бошқарувга берилган янги терминали ишга туширилади. Аэропортда карго хизмати йўлга қўйилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йилда вилоятга ташрифи чоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини кенгайтириш зарурлигини таъкидлаган эди. Шунга мувофиқ, мажмуанинг янги лойиҳаси ишлаб чиқилди. Президент ҳузурида бир неча бор тақдимот қилиниб, такомиллаштирилди. 2021 йил 15 апрель куни давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифи чоғида, муборак Рамазон кунларида ушбу зиёратгоҳнинг қурилиши бошланганди. Айни пайтда бу ерда улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 7 февраль куни пойтахтда бир нечта қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан таниша туриб, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасининг ички ва ташқи чизмалари тақдимотига алоҳида эътибор қаратганини эътироф этиш жоиз.

Мажмуа 10 минг ўринли масжид, 21 гектар майдонда улуғ аждодларимизнинг диний мероси ва моддий маданий мерос объектларини акс эттирувчи тематик хиёбон, 4 ва 3 юлдузли 3 та меҳмонхона ва 24 та оилавий меҳмон уйларидан иборат бўлади. Шунингдек, 3 минг нафар зиёратчига хизмат кўрсатувчи “ҳалол” стандартига эга умумий овқатланиш корхоналари фаолияти йўлга қўйилиб, зиёрат туризми мажмуаси барпо этилади.

Эшкак эшиш канали атрофида замонавий туристик марказ қурилиши туфайли Самарқанд шаҳри ва туманини бир-бири билан боғлайдиган Уста Умар Жўрақулов кўчаси замонавий шаҳарсозлик талабларига жавоб берадиган лойиҳа асосида қайта қурилди. Кўчанинг Самарқанд тумани ҳудудидаги қисми кенглиги 42 метрга етказилди. Асосий автомобиль йўлидан ташқари, маҳаллий йўл, пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилди. Кўчанинг Шоҳи Зинда ва Садриддин Айний кўчалари кесишмасигача бўлган қисми 24 метр энлиликка етказилди. Кўча бўйлаб тунги ёритиш чироқлари ўрнатилиб, манзарали дарахтлар ва яшил майдонлар яратилди. Автобус бекатлари, ошхона, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилди.

Эътиборлиси, кўчанинг икки томонига темир-бетон ва монолит лотоклар ўрнатилди. Кўчанинг М-39 автомобиль йўлига чиқиш жойида монолит усулида кўприк барпо этилди.

212 гектар майдонни эгаллаган Самарқанд туризм марказида ҳам айни пайтда қурилиш ишлари авж паллага кирган. Бу ерда беш ва тўрт юлдузли 8 та меҳмонхона, йирик анжуманларни ўтказишга мўлжалланган конгресс холл, дам олиш масканлари, “Абадий шаҳар” карвонсаройи бунёд этилмоқда. Бу маскан халқимизнинг ўзига хос бой миллий-маданий мероси ва қадриятларини намоён этадиган маскан бўлади. 
Самарқанд шаҳрининг Бўстонсарой ва Рудакий кўчалари кесишмасида бунёд этилган тоннель шаклидаги йўл ўтказгич ҳам Самарқанд шаҳри йўл инфратузимласида янги лойиҳа бўлиб, транспорт воситалари ва пиёдаларнинг хавфсиз ва барқарор ҳаракатланишига замин яратди.

Ер ости тоннелини барпо этиш билан биргаликда Рудакий кўчасида “Сиёб деҳқон бозори – Самарқанд темир йўл вокзали” йўналишида, автомобиль йўли, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, трамвай йўли, қанот йўллари, светофор бошқаруви тизими яратилди. Ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.

Шунингдек, мазкур чорраҳа яқинида, Бўстонсарой кўчасини реконструкция қилиш жараёнида Сиёб каналида 6х3 метр бўлган тўғри тўртбурчакли галерея қурилди. Йўл кенгайтирилиб, транспорт воситалари ва пиёдалар қатнови учун ҳар томонлама қулай шароит яратилди. Йўлнинг икки четида ҳимоя воситаси, шовқин камайтирувчи тўсиқлар ўрнатилди. Пиёдалар йўлаги ва велойўлак барпо этилди.

Айни пайтда шаҳарнинг Садриддин Айний кўчасини реконструкция қилиш ишлари давом этмоқда.

Айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир ташрифидан сўнг Самарқандда бу каби қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари кенг кўлам ва янгича суратда амалга оширилиб, таниб бўлмас қиёфа касб этмоқда. Шу жиҳатдан Шавкат Мирзиёевнинг бу галги ташрифи ҳам Самарқанд ва самарқандликлар ҳаётида янги саҳифа очиши, ҳудуд ривожи, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган ташаббуслар билдирилиши шубҳасиз.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА


Киритилган вақти: 10/02/2022 12:33.   Кўрилганлиги: 436
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/samarqand-jahon-turizm-markaziga-aylanadi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 14

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.