Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда 15-16 сентябрь кунлари ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг йигирма иккинчи саммити якунлари ҳақида маълумот берилди.
– ШҲТнинг Самарқанд саммити тадбирлари якунига етди. Иштирокчилар бирин-кетин ўз юртларига жўнаб кетмоқда – деди Ш.Асадов. – Самарқанд саммитида кенг кўламли масалалар муҳокамада бўлгани ҳамда бир қатор ғоятда илғор қарорлар қабул қилинганини таҳлил қилар эканмиз, янги феномен – ўзига хос “ШҲТнинг Самарқанд жараёни” кузатилди, деб айтишга барча асосларимиз бор.
Биринчидан, 44 та ҳужжат имзоланиб, Ташкилот тарихида рекорд кўрсаткичга эришилди. Улар нафақат ШҲТ фаолиятининг ҳозирги йўналишларини қамраб олади, балки янги формат ва механизмларни бошлаб беради. Айниқса, транспорт ва иқтисодий ўзаро боғлиқлик, саноат ва технологиялар кооперацияси, рақамли тараққиёт ва яшил энергетика борасидаги концептуал дастурларни қайд этиш лозим.
Иккинчидан, ШҲТ иштирокчилари таркибини кўпайтириш бўйича жуда муҳим қарорлар қабул қилинди. Ташкилотга аъзолик бўйича Эрон билан меморандум имзоланди, Беларусни тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиш жараёнини бошлашга қарор қилинди, Баҳрайн, Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Мальдив ва Мьянма мулоқот бўйича шерик мақомини олди. Яъни, ШҲТ минтақавий ташкилотдан минтақалараро ҳамкорлик платформасига айланиш жараёнига гувоҳ бўлаяпмиз ва бу жаҳондаги минтақалашув тенденцияларини яққол экс эттирмоқда.
Учинчидан, ташкилотнинг 20 йилдан ортиқ тарихида биринч бор аъзо давлатлар раҳбарлари ШҲТни такомиллаштириш ва модернизация қилишга қаратилган тарихий қарорни қабул қилдилар. Ушбу йирик сиёсий қадам замирида иштирокчи мамлакатларнинг ШҲТ фаолияти, мақсад ва вазифаларини янги воқеликка мослаштиришга интилиши ётади. Бундан ташқари, ушбу қарор Ташкилот бир жойда тўхтаб қолмаслиги, замон билан ҳамнафас бўлиши шарт ва у бунга қодир эканидан далолат беради.
Шу билан Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги ўз ниҳоясига етди ва раислик илк бор Ҳиндистон Республикасига ўтди.
Президент матбуот котиби ўз сўзи якунида Самарқанд саммити ва унинг доирасида бўлиб ўтган тадбирларни ёритишда қатнашган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларига миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 8
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.