Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллиги олдидан

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллиги олдидан

Ислоҳотлар чекка ҳудудларда ҳам бўй кўрсатмоқда

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатларига, халқимизнинг бугунги кунидан рози бўлиб, ҳар жиҳатдан қулай шароитда турмуш кечиришига қаратилган. Ушбу йўналишда белгиланган вазифаларнинг нафақат марказларда, балки чекка ҳудудларда ҳам ўз вақтида амалга оширилиши одамлар кайфиятини, ислоҳотларга ишончини белгилайди.

Бугунги кунда аҳоли ўртасида ижтимоий соҳа объектларига бўлган талаб юқори. Йиллар давомида чекка ҳудудларда таълим-тарбия, тиббий хизматга етарли даражада эътибор қаратилмаслиги ушбу соҳаларда ишнинг издан чиқишига олиб келди.

Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида бирламчи тиббий хизматни ривожлантириш, таълим-тарбияни тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада чекка ҳудудларда ҳам замон талабларига мос тиббий муассасалар, мактабгача таълим муассасалари барпо этилмоқда.

Нуробод туманида ҳам айни йўналишдаги ўсиш-ўзгаришлар кўзга ташланиб, жойларда қатор янги ижтимоий соҳа объектлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари, ишлаб чиқариш корхоналари қад ростламоқда. Туманнинг табиий иқлим шароити бироз оғирроқ бўлса-да, яратилаётган имкониятлар туфайли аҳоли эртанги кунга юксак ишонч билан ҳудуд ободлиги, тараққиёти учун ўз ҳиссасини қўшиш ҳаракатида. Буни олиб борилаётган ўзгаришларга, бунёдкорлик ишларига маҳаллий тадбиркорларнинг бош бўлаётганида кўриб гувоҳи бўлиш мумкин.

Туманнинг Сазағон ҳудудидан туман марказигача бўлган масофа 60 километрдан ортиқ. Бундай масофада аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги муаммолар бўлиши табиий. Шунинг учун Нуробод туман тиббиёт бирлашмасининг Сазағон ҳудудий бўлими ташкил қилиниб, ушбу ҳудуднинг ўзида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўсатиш йўлга қўйилган. Ҳудудий бўлим 1959 йилда ташкил қилинган бўлиб, бу ердаги мавжуд шароит бугунги кун талабига мутлақо тўғри келмай қолган эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси раҳбари ташаббуси билан вилоят ва туман ҳокимликлари томонидан ҳудудий бўлим учун енгил конструкцияли янги бино барпо этилиб, фодйланишга топширилди.

– Ҳудудий бўлимимиз Тепақул, Сарой ва Сазағон маҳаллаларидаги 11 минг нафардан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатиши белгиланган, - дейди Нуробод тиббиёт бирлашмаси Сазағон ҳудудий бўлими мудири Абдужаббор Умаров. – Ҳудудга яқин бўлган маҳаллалар ҳам туман марказигача масофа олислигини ҳисобга олиб бизга мурожаат қилишади. Лекин шу пайтгача уларнинг талабига мос тиббий хизмат кўрсатиш имкониятимиз чекланган эди. Эндиликда янги бинода амбулатор шароитда беморларга хизмат кўрсатиш имкониятини яратилди. Бунда жами 15 ўрин, яъни туғруқ бўлимида 5 та, болалар бўлимида 5 та ва катталар терапия бўлимида 5 та ўрин яратилган. Эски биномиздан кундузги стационар сифатида фойдаланяпмиз.

Тиббий хизмат сифатини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида Жом маҳалласи чекка ҳудудидаги тўрт минг нафардан ортиқ аҳоли ҳам замонавий шароитларда бирламчи тиббий хизматдан фойдаланиш имконига эга бўлди.

Ушбу маҳалла республикамизнинг аҳоли сони энг кўп бўлган ҳудудларидан бири ҳисобланади. Жомда ҳозирда 20 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Маҳалланинг чекка ҳудудида яшовчи аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида “Ором” оилавий шифокорлик пунктининг “Дукур” филиали ташкил қилинган. Ушбу филиал 1992 йилда қурилган бўлиб, ҳудуддаги 4050 нафар аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиши белгиланган. Сўнгги йилларга келиб филиал харобага айланиб, аҳоли узоқ масофа босиб “Ором” оилавий шифокорлик пунктига қатнашга мажбур бўлаётган эди. Маҳаллий ҳомийлар ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида 200 миллион сўм маблағ сарфланиб, филиалда қурилиш, таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, кўркам қиёфага келтирилди.

– Ёшим 65 да, 10-15 километр масофага бориб келиш қийнаб қўярди, - дейди ҳудудда истиқомат қилувчи Улбўсин Раҳмонова. – “Ором” оилавий шифокорлик пунктининг “Дукур” филиалини қайта таъмирлаб, етарли шароит яратиб берганларнинг ҳаммасига – Президентимизга, вилоят, туман раҳбариятига, ҳамқишлоқ ҳомийларга, барчасига мингдан-минг раҳмат. Чекка ҳудуддаги аҳоли саломатлигини ўйлаб қилинган ишлар хайрли бўлсин.

Туман ҳокимлиги маълумотларига кўра, айни пайтгача туманнинг олис ҳудудлардаги аҳоли яшаш жойларининг жойлашув ўрни тарқоқ эканлигини инобатга олган ҳолда “маҳалла тиббий пунктлари”ни ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу кунгача туманда енгил конструкциядан ясалган 25 та “маҳалла тиббий пунтки” ташкил қилиниб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.

Жумладан, туманнинг Омандара маҳалласида ҳам аҳолига қулайлик яратиш, сифатли бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида “маҳалла тиббий пункти” очилди. 131 миллион сўм бюджет маблағи ҳисобидан бунёд этилган маҳалла тиббий пунктида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган. Энг муҳими, ушбу тиббий муассасаларга олий ўқув юртларини битириб келган ёш мутахассислар жалб этилмоқда.

- Жорий йил Самарқанд давлат тиббиёт университетини битирдим, - дейди “Омондара” маҳалласи тиббий пункти умумий амалиёт шифокори Руслан Қувондиқов. – Турмуш ўртоғим ҳам ўзим билан бирга университетни битирди. Мен Пастдарғом туманидан, турмуш ўртоғим Жиззах шаҳридан. Президентимиз томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга ўз ҳиссамизни қўшиш мақсадида иккимиз ҳам чекка ҳудудда фаолият юритишни мақсад қилдик. Биз учун яшаш ва меҳнат шароитлари етарли даражада таъминлаб берилди. Бошлаган ишимиздан мамнунмиз.

Омондара маҳалласидаги ўзгаришлардан аҳоли мамнун. Маҳалла тиббий пункти билан бирга маҳалла фуқаролар йиғини ҳам янги бинода фаолият бошлади. Вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан 168 миллион сўмлик қурилиш ишларидан сўнг, фаоллар зали, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар, ёшлар етакчилари ҳамда маҳалла профилактика инспектори учун қулай иш шароити яратилди.

– Амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан сўнг маҳалламиз таниб бўлмас даражада ўзгармоқда, - дейди маҳалла фаоли Эштурди Раҳимов. – Хусусан, 12 километр янги асфальт қопламаси ётқизилди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун артезиан қудуғи қазилди. Мавжуд қишлоқ врачлик пункти мукаммал таъмирланди. Бугун маҳалла тиббий пункти, маҳалла биноси фойдаланишга топширилди. Кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Қишлоқ аҳолисининг фаровонлигини таъминлаш учун битта ҳудудда қисқа муддатда шунча иш бажарилишининг ўзи катта гап. Давлатимиз раҳбарининг, маҳаллий мутасаддиларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида шундай фаровонликка эришдик. Энди биз ҳам халқимиз билан биргаликда юртимиз тараққиётига ҳисса қўшиш йўлида бор имкониятимизни ишга соламиз, албатта.

Туман ҳокимлиги маълумотларига кўра, айни пайтда туманда мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг боғчага қамров даражаси 68 фоиздан 71 фоизга етказилган. Бугунги кунда давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг сони 170 дан ортиқни ташкил қилади. Дўстлик маҳалласида ташкил қилинган 20-давлат мактабгача таълим муассасасининг фойдаланишга топширилиши натижасида яна 60 нафар боғча ёшидаги бола мактабгача таълимга қамраб олинди. Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 1 миллиард 331 миллион сўм маблағ ҳисобига бунёд этилган муассасада маҳалланинг 18 нафар фуқароси ҳам ишли бўлди. Маълум қилинишича, мустақиллигимизнинг 31 йиллик тантаналари арафасида туманда яна 5 та мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилади.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА


Охирги ўзгариш: 20/07/2022 09:08.   Кўрилганлиги: 317
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/ozbekiston-respublikasi-davlat-mustaqilligining-31-yilligi-oldidan

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 11

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.