Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Имом Бухорий мажмуаси маънавият ва илм маскани бўлади

Имом Бухорий мажмуаси маънавият ва илм маскани бўлади

Давлатимиз раҳбари 23-24 август кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида ҳар галгидек Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюриб, муҳаддислар султонининг қабрини зиёрат қилди.

Айни пайтда бу қутлуғ зиёратгоҳ Президентимиз ташаббуси билан буюк муҳаддис бобомизнинг мусулмон оламидаги юксак ҳурматига муносиб тарзда қайта қурилмоқда. Давлатимиз раҳбари ушбу жараёнлар билан танишиб, “Бу лойиҳани кўп муҳокама қилдик, қайта-қайта келиб кўрдик. Энди қурилишда ҳам шошмаслик керак. Ҳам зиёрат, ҳам ибодат нуқтаи назаридан бу ерда ҳамма шароит бўлиши зарур”, деди.
Шавкат Мирзиёев мажмуа ёнида Имом Бухорий ҳаётини кўрсатувчи электрон музей ташкил этиш таклифини билдирди. Унда буюк муҳаддиснинг ҳаёти, илм йўли, ўша давр тарихи ахборот технологиялари орқали кўрсатилади. Бу музей халқимизга яна бир маънавий хазина бўлади.
Президентимиз ушбу жой фақат бино ва иншоотлардан иборат маскан бўлиб қолмасдан, инсонларнинг қалбини забт этадиган, айниқса ёшларни ҳаётда адашмасдан, тўғри йўлни топишларида хизмат қилувчи илмий даргоҳ, илм ўчоғи бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Чунки бу жойда гўзал иншоотлардан ташқари маънавият, илму ирфон тараннум этиб турилади. Унинг ҳар бир гўшасида ўзига хос маъно бўлади. Имом Бухорий ҳазратларининг равзаларига бораверишда 74 та устун орасида муҳаддис бобомизнинг “Саҳиҳи Бухорий”, “Адабул муфрад” асарларида келтирилган дину диёнат, одоб-ахлоқ, маънавият, одамийликка доир ҳадислар ўзбек, араб ва инглиз тилларида ёзиб қўйилади. Зиёратчилар ушбу битикларни ўқиб маънавий озуқа оладилар, ҳаёт мазмуни ва моҳиятини англайдилар.
Мажмуа ёнидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчилари, олий ҳадис мактаби тингловчилари ўзларининг амалий машғулотларини ушбу қутлуғ масканда олиб боришлари режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари, мажмуа келгусида бу ерда қорилар томонидан кечаю кундуз, узлуксиз равишда Қуръони карим оятлари тиловат қилиб турилиши, Имом Бухорий ҳазратларининг асарларидан жой олган 7000 дан зиёд саҳиҳ ҳадислар бу жойда мутолаа ва таржима қилиниши, бу жараённи тўғридан-тўғри эфирга узатиб турадиган медиа-студия ташкил этилиши таъкидланди.
Режалар улкан, иншааллоҳ улар амалга ошади. Бу эзгу ниятлар, улуғвор ишлар Имом Бухорий ҳазратларининг бундан ўн икки аср муқаддам динимиз ва илм-маърифат ривожига қўшган беқиёс хизмати учун буюк олимга чуқур ҳурмат-эътиборнинг рамзидир.
Зайниддин Эшонқулов,
Ўзбекистон мусулмонлар идораси вакили, вилоят бош имом-хатиби.

Киритилган вақти: 26/08/2022 16:16.   Кўрилганлиги: 431
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/imom-buxoriy-majmuasi-manaviyat-va-ilm-maskani-boladi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 9

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.