Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Эркинжон Турдимов: “Халқаро дипломатияда “Самарқанд руҳи” деган тушунча пайдо бўлди”

Эркинжон Турдимов: “Халқаро дипломатияда “Самарқанд руҳи” деган тушунча пайдо бўлди”

Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллиги юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Самарқанд вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда.

Халқаро миқёсдаги нуфузли форум ва сиёсий анжуманларга ҳозирлик кўрилаётган вилоятда ўтган ҳафта давлат раҳбари иштирокида “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказининг тантанали очилиши билан байрам тадбирлари бошланган эди. Шу билан бирга ҳудудда бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Ушбу жараёнлар ҳақида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг фикрлари билан қизиқдик.

– Бу йилги байрам тадбирлари мамлакатимиз Тараққиёт стратегиясининг асосини ташкил этувчи “Инсон қадри учун!” ғоясига монанд “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” деган эзгу шиор остида ўтказилаётгани аҳамиятли, – дейди Э.Турдимов. – Бинобарин, ҳурматли Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, илгари сурилаётган ғоя ва ташаббуслар замирида ҳам, аввало инсон қадри, инсон манфаати устувор. Бунинг самараси кўз ўнгимизда яққол намоён бўлмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси йил сайин ўзгариб, аҳоли учун қулай турмуш шароити яратилмоқда. Вилоятимиз мисолида айтадиган бўлсак, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 22 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йилда Самарқандда 193 та объектда, жумладан, 48 та умумтаълим мактаби, 22 та мактабгача таълим ташкилоти, 11 та тиббиёт, 2 та олий таълим, 16 та шаҳар ва туман марказий кўчаларида қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Шу билан бирга инвестиция ва бошқа дастурларга 50 та мактаб, 42 та мактабгача таълим ташкилоти, 11 та тиббиёт муассасаси ва 6 та бошқа объектлар киритилган эди. Ҳозиргача бу объектларнинг аксариятида ишлар якунига етказилиб, фойдаланишга топширилди. 

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида вилоятдаги 28 та қишлоқ ва 4 та маҳалланинг архитектура қиёфасини янгилаш ва ҳудудларини ободонлаштириш ишлари доирасида  31 та ижтимоий соҳа объектларида қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бажарилди. 

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражасини ошириш мақсадида 32 та объектда 383 километр янги тармоқ тортилди. 365 километр йўл таъмирланди. Жумладан, 156 километр йўлга асфальт ётқизилди, 75 километри бетон қопламали йўлга айлантирилди. Шу ўринда бир рақамни айтишим керак, кейинги икки йилда мактаб ва болалар боғчаларига олиб борувчи 29 километр ички кўчаларга ҳашар йўли билан асфальт қопламаси ҳамда 664 километрга қум-шағал қопламаси ётқизилди.

 Бундан ташқари, аҳолининг электр энергияси ва табиий газ таъминотини яхшилаш, суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини қондириш, ҳудудларда алоқа сифатини яхшилаш борасида ҳам тегишли дастурлар асосида иш олиб борилмоқда. 

Инсоннинг бахтли ва фаровон яшаши учун кўп нарса шарт эмас. Аввало, юртда тинчлик-осойишталик бўлишини таъминлаш, меҳнат қилиб, ризқ топиш учун шароит яратиш, ҳар бир инсонга ўз куч ва салоҳияти, иқтидорини намоён этиши учун имконият бериш лозим.

Бугун давлатимиз зиммасидаги ана шу вазифани бажариб, имкониятларни кафолатлаб қўйди. Ҳар бир инсон ўзига муносиб меҳнат фаолияти билан шуғулланиши мумкин.

– Лекин беш қўл баробар бўлмаганидек, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатлами ҳам борки, уларга алоҳида эътибор талаб этилади...

– Албатта, бу борадаги ишларни бутун халқимиз кўриб турибди. Бу ҳақда гапирганда, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган ижтимоий дафтарларни алоҳида қайд этишни истардим. “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” юритилиши натижасида кейинги йилларда вилоятимизда ҳам оғир турмуш вазиятига тушиб қолган юзлаб оилалар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди. Уларнинг турмуш шароити яхшиланди.

Айрим рақамларга эътиборингизни қаратмоқчиман. Маҳаллабай ишлаш тизими орқали вилоятдаги 1126 маҳаллада ҳоким ёрдамчилари томонидан ўтказилган хатлов натижасида ишсиз ва кам таъминланган фуқароларнинг 24 минг нафари доимий иш жойларига, 9 минг 429 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ишга жойлашди. 29 минг нафарга яқин фуқарога ижара асосида ер ажратилиб, уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши таъминланди. Тадбиркорлик қилиш истаги бор 24 минг нафар фуқарога 550,4 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди ва бу орқали 15300 га яқин янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Камбағалликни қисқартириш мақсадида ишсиз, кам таъминланган ва ижтимоий дафтарлардаги 3375 нафар фуқарога 5,5 миллиард сўм субсидия берилди. 

Аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш дастурларига мувофиқ вилоятимизда 4 минг 420 хонадонли 90 та кўп қаватли уй бунёд этилмоқда. Ипотека дастурлари доирасида эса 14 та массивда  3 минг 126 хонадонли уй-жойлар қурилиши жадал суратларда олиб борилмоқда. Буларнинг барчаси юртимизда “Инсон қадри учун!” деган ғоя асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси албатта.

– Жорий йилнинг сентябрь ойида Самарқандда йилнинг энг нуфузли, дунё аҳоли эътиборида бўладиган халқаро тадбири – Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтади. Самарқанд бу тадбирларга қай даражада тайёр?

– Яхши биласиз, мазкур тадбирга тайёргарлик кеча ёки бугун эмас, Президентимиз томонидан ШҲТнинг 2022 йилдаги саммитини Самарқандда ўтказиш ташаббуси илгари сурилганидан бошланганди. Бунинг учун Самарқанд шаҳрининг инфратузилмаси тўлиқ янгиланди, янги йўл ва кўприклар, хиёбонлар қурилди.  Бўстонсарой кўчасидаги Сиёб канали устида галерея типидаги йўл ўтказгич, Бўстонсарой ва Рудакий кўчаларининг чорраҳасида тоннел, М-39 автомагистралида – Самарқанд туристик маркази яқинида монолит усулидаги янги йўл ўтказгич қурилди. Рудакий, Ибн Сино, Бўстонсарой, Афросиёб, Шоҳи Зинда, Садриддин Айний, Регистон, Панжикент, Даҳбед кўчалари реконструкция қилинди. Уста Умар Жўрақулов кўчаси тубдан қайта қурилди. Бу кўчалар атрофидаги турар жой ва бошқа объектлар ҳам миллий ва замонавий архитектура уйғунлигида янгидан бунёд этилди. Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминали ҳам Самарқанднинг бугунги замонавий ва улуғвор қиёфасига узукка кўз қўйгандек ярашиб тушди.

Айни пайтда эса буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий номи билан боғлиқ меъморий мажмуа улуғ зотнинг Ислом оламида тутган мавқеи ва салоҳиятига мос тарзда қайтадан бунёд этилмоқда. 

Президентимиз ғояси ва ташаббуси билан 250 гектардан ортиқ очиқ майдонда, эшкак эшиш канали атрофида кейинги уч-тўрт йил давомида қурилган “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин бир намунаси бўлди. Нафақат юртимиз, балки Марказий Осиёда тенги йўқ, деб эътироф этилган бу мажмуадаги жаҳон стандартларига мос меҳмонхоналар ва конгресс маркази, халқимиз  тарихи, маданияти, анъана ва қадриятларини намоён этувчи “Боқий шаҳар” мажмуаси ва яна кўплаб бошқа иншоотлар Самарқанднинг туристик имкониятини оширишга хизмат қилади. Хабарингиз бор, ўтган ҳафта ушбу мажмуанинг очилиш маросимида Президентимиз иштирок этиб, халқимизни янги объект билан табриклади ва бу иншоот Янги Ўзбекистоннинг дунёга кенг очилаётган яна бир дарвозаси бўлишини таъкидлади. 

Умуман, бугун Самарқанд ўзининг азалий шуҳрати, миллий давлатчилигимиз тарихида тутган ўрнига муносиб тарзда яна халқаро сиёсий мулоқотлар майдонига айланиб бормоқда. Халқаро дипломатияда “Самарқанд руҳи” деган тушунча пайдо бўлди ва унинг аҳамияти ошиб бормоқда. ШҲТ саммитидан сўнг Самарқандда яна бошқа йирик форум ва анжуманлар ўтказиш режалаштирилган. Албатта, бу тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишнинг белгиланган тартиблари бор ва улар ўз вақтида бажарилади. Лекин бу бунёдкорлик ишлари, янги бино ва иншоотлар, мажмуалар юртимизнинг ободлигини таъминлайди, халқимизга хизмат қилади. Мамлакатимизнинг, Самарқандимизнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишга катта туртки беради. Амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг ана шу жиҳатлари муҳим, деб ўйлайман. 

 

ЎзА мухбири

Ғолиб ҲАСАНОВ суҳбатлашди


Киритилган вақти: 01/09/2022 20:53.   Кўрилганлиги: 312
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/erkinjon-turdimov-xalqaro-diplomatiyada-samarqand-ruhi-degan-tushuncha-paydo-boldi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 7

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.