Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

МУРОЖААТНОМА МАЗМУНИНИ ЎРГАНИШ БЎЙИЧА ТАДБИРЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА

МУРОЖААТНОМА МАЗМУНИНИ ЎРГАНИШ БЎЙИЧА ТАДБИРЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА

.

 

Вилоятнинг шаҳар ва туманларида ўтказилаётган тадбирлар ҳақида хабарлар.

 

САМАРҚАНД ШАҲРИ

 

Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини тарғиб этишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда университетнинг профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Пайариқ, Булунғур, Жомбой, Самарқанд, Оқдарё туманлари ва шаҳар кенгашлари, олий таълим муассасаларининг факультет етакчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Р. Қобилов, Самарқанд давлат университети профессори Ф. Набиев, жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси Ш. Шарипов ва СамДУ ўқитувчиси Ш. Жўрақулов мазкур тарихий Мурожаатнома давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларини янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, тараққиётимизнинг янги босқичи учун долзарб вазифаларни белгилаб берганини қайд этди.

Давра суҳбатида давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ташқи сиёсатдаги устувор йўналишларга бағишланган маърузалар тингланди.

- Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси давлат ва жамиятимиз ҳаётида туб бурилиш ясади, - дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Самарқанд давлат университети бошланғич ташкилоти етакчиси Ҳусан Тўхтаев. - Хусусан, ушбу муҳим дастуриламал ҳужжат юртимиз эртаси ворислари - ёшлар ҳаётида муҳим ўрин тутиши шубҳасиз. Таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз тарихида илк бора парламентга тақдим этилган Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш, унда белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Зеро, мамлакатимизни равнақ топтиришда биз, ёшлар муҳим куч бўлишимиз, ўз ғоя ва ташаббусларимиз билан турли соҳалардаги ислоҳотларда фаол иштирок этишимиз керак. Бу борада ёшлар учун барча зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда.

Жумладан, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Ушбу қонун билан янгича ёндашувларнинг жадаллик билан ҳаётга татбиқ этилаётгани ҳам фикримизнинг ёрқин тасдиғидир. Хусусан, 2017 йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ўрнида бутунлай янгича мақсад ва йўналишлар олдига қўйилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди. Ўтган қисқа даврда бу ташкилот ўз сафига мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшишга аҳд қилган ёшларни бирлаштирди. Галдаги вазифамиз ягона мақсад остида бирлашиб, амалий ҳаракатлармизни янада кенгайтиришдан иборат.

Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Умид Алимов, “Samarqandмухбири.

 

 

Марат Каримов, ТАТУ Самарқанд филиали дастурий инжиниринг кафедраси асисстенти:

— Мамлакатимиз Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси нафақат юртимизда, балки хорижий мамлакатларда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Бу қизиқишларнинг йўналиши, мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали доимий равишда кузатиб бормоқдамиз. Бу кузатувлардан сўнг шундай хулосага келдимки, мустақиллигининг 25 йиллигини яқиндагина нишонлаган мамлакатимизда давлат ва жамият тараққиётининг янги даврига дадил қадам қўйилди.

«Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган ғоя бугун ҳар биримизнинг нафақат шиоримиз, аслида эса фаолиятимиз йўналишимизни белгиловчи асосий мезонга айланмоқда. Ушбу мезон ҳар бир фуқаро фаолиятининг асосий йўналишини белгилар экан, амалий ҳаракатимизнинг барча йўналишлари аниқ мақсадга қаратилганлигини чин дилдан ҳис этиб турибмиз.

Ўтган 2017 йил Халқ билан мулоқот қилиш, унинг ташвишларига шерик бўлиш, бир сўз билан айтганда, эл билан жамият ва ҳокимият ўртасидаги мулоқотларни янги поғонага кўтариш даври бўлди. Бу фикримга асос сифатида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ўзига хос демократик интитути сифатида ташкил этилган ҳамда самарали фаолият кўрсатаётган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасини мисол келтиришим мумкин.

 

Насиба Аҳмедова, 37-мактаб ўқитувчиси:

- Мустақиллик йилларида умумтаълим мактаблари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги таълим тизимини яратишда янги қадамлар қўйилди. Таълим муассасаларининг янгича қиёфадаги, барча қулайликларга эга замонавий бинолари шаҳарлардагина эмас, юртимизнинг чекка қишлоқларида ҳам қад ростлади. Эндиликда мамлакатимиз раҳбарининг биз, ўқитувчиларга қўйган энг асосий талаби - ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук, илм ва маърифатли қилиб вояга етказишдир. Бу талаб фақатгина юқоридан берилаётган қуруқ буйруқ эмас, амалий ёрдам сифатида ҳам ўз ифодасини топаётганлиги қувончлидир. Педагог ходимларнинг тажриба ва малакасини ошириш, қайта тайёрлаш, уларнинг билимларини ошириш учун жойларда кенг имкониятлар яратилмоқда. Халқ таълими соҳаси халқимиз ва мамлакатимиз ижтимоий, маънавий ҳаётида асосий ўринни эгаллашини ҳисобга олиб, муҳтарам Президентимиз биз, педагогларга қулай ижтимоий шарт-шароитлар яратишга алоҳида ғамхўрлик кўрсатмоқда. Машғулотларни замонавий, инновацион технологиялар асосида ташкил этиш, ҳар бир мавзу ғоя ва мақсадини ўқувчилар онгига сингдириш ўқитувчининг олдига қўйилган асосий вазифадир. Бунинг учун ўқитувчи ўқиш ва изланишни канда қилмаслиги лозим.

 

Гулчи Байрамова, 38-мактаб ўқитувчиси:

— Биз, бошланғич синф ўқитувчилари учун таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш ва бу борада янги технологияларни қўллаш даври етиб келди. Ана шу талаб мамлакатимиз Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини ўқир эканман, бот-бот хаёлимдан ўтди. Давлатимиз ва халқимиз йўлбошчиси ўтган 2017 йилдаги мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётини ривожлантириш борасида қўлга киритилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар, муаммоларни тилга олар экан, уларнинг келиб чиқиш сабабларини ишончли таҳлил қилиб, барча жабҳадаги истиқбол режаларимизни белгилаб берди.

Шундай хулосага келдимки, биз, педагоглар мактаб ва ота-оналар, шунингдек, маҳалла ҳамда жамоат ташкилотлари билан самарали фаолиятни ҳалигача йўлга қўйган эмас эканмиз. Очиғи, шу йўналишда ўтказилаётган барча тадбирларимиз қоғозбозликдан нарига ўтмаётир. Таълим-тарбия тизимини янгича ислоҳот талаблар асосида қайта йўналишга солишимиз, бу борада ҳар бир педагог ғайрат ва ташаббус кўрсатиши лозим, деб ҳисоблайман.

 

Раҳимжон Норжигитов, СамҚХИ зоотехния ва қоракўлчилик факультети етакчиси:

- Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлисга тақдим этилган Мурожаатнома мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётида янги саҳифани очди, десак янглишмаймиз. Мурожаатнома том маънода барқарор тараққиётимизга хизмат қилувчи муҳим дастуриламал ҳужжатга айланди.

Олий Мажлисга Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб этишга қаратилган тадбирлар биз, ёшлар учун жуда муҳим ўрин тутмоқда. Бинобарин, унда белгилаб берилган муҳим топшириқ ва вазифалар, илғор ғоя ва таклифлар фаровон ва бахтли ҳаётимизга асос бўлади. Она-Ватанимиз тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаётган ҳар бир юртдошимиз учун мазкур Мурожаатнома ўзига хос дастурдир. Президентимиз Мурожаатномада қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш лозимлигини қайд этди. Чунончи, чорвачилик соҳасида сифат ва маҳсулдорликка эришиш учун етарли шароитлар яратиш зарурлиги белгиланди. Мақсадимиз етук кадрлар сифатида ушбу йўналишдаги барча вазифа ва топшириқларни вақтида бажариб, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишдир.

 

Ҳусан Тўхтаев, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Самарқанд давлат университети бошланғич ташкилоти етакчиси:

- Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси давлат ва жамиятимиз ҳаётида туб бурилиш ясади. Хусусан, ушбу муҳим дастуриламал ҳужжат юртимиз эртаси ворислари — ёшлар ҳаётида муҳим ўрин тутиши шубҳасиз. Таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз тарихида илк бора парламентга тақдим этилган Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш, унда белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Зеро, мамлакатимизни равнақ топтиришда биз, ёшлар муҳим куч бўлишимиз, ўз ғоя ва ташаббусларимиз билан турли соҳалардаги ислоҳотларда фаол иштирок этишимиз керак. Бу борада ёшлар учун барча зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Жумладан, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Ушбу қонун билан янгича ёндашувларнинг жадаллик билан ҳаётга татбиқ этилаётгани ҳам фикримизнинг ёрқин тасдиғидир.

Хусусан, 2017 йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ўрнида бутунлай янгича мақсад ва йўналишлар олдига қўйилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди. Ўтган қисқа даврда бу ташкилот ўз сафига мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшишга аҳд қилган ёшларни бирлаштирди. Галдаги вазифамиз ягона мақсад остида бирлашиб, амалий ҳаракатлармизни янада кенгайтиришдан иборат.

 

Шаҳбоз Набиев, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Самарқанд давлат чет тиллар институти бошланғич ташкилоти етакчиси:

- Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳаётимизда янги даврни бошлаб берди. Буни бугунги кунда ҳар бир юртдошимиз дилдан ҳис қилмоқда. Жумладан, ушбу ҳужжатда ўсиб келаётган авлодни ҳар томонлама етук, ёрқин келажагимизнинг муносиб ворислари этиб этиб тарбиялаш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам муҳим фикрлар билдирилгани эътиборга молик.

Айниқса, Президентимиз инглиз ва бошқа хорижий тилларни чуқур ўқитишга устувор аҳамият қаратгани, истеъдодли ва иқтидорли ёшларни тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлагани бизларга янада куч ва илҳом бағишлади.

Дарҳақиқат, биз дунё илм-фани ривожи, инсоният тамаддуни тараққиётига муносиб ҳисса қўшган буюк зотларнинг авлодлари эканимизни асло унутмаслигимиз лозим. Бор куч ва имкониятларимизни, илмий салоҳиятимизни она диёримиз равнақи, халқимиз фаровонлигини таъминлашга сафарбар этишимиз шарт. Давлатимиз раҳбарининг парламентга Мурожаатномаси барчамизни ягона мақсадга бирлаштирувчи, илғор ва амалий ғоя ҳамда ташаббусларни амалга оширишга замин яратувчи, пировардида ўз олдимизга қўйган олий мақсадларга эришишга ундовчи ҳужжат бўлди.

 

 

ТОЙЛОҚ ТУМАНИ

 

Абдуманнон Йўлдошев, меҳнат фахрийси, 83ёш:

- Муҳтарам Юртбошимизнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасини «ойнаи жаҳон» орқали ҳаяжон билан тингладим. Гапнинг очиғи, шу ёшга кириб, бундай чуқур мазмунли ва кенг қамровли маъруза бўлганлигини эслай олмайман. Ҳеч бир соҳа Давлатимиз раҳбари эътиборидан четда қолмади; ютуқ ва камчиликларни аниқ-равшан кўрсатиб бердилар.

Бугун вилоятдан ташриф буюрган меҳмонлар, институт домлалари Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини яна ҳам теранроқ тушунтириб бердилар. Бу мени жуда хурсанд қилди. Ўйлайманки, Мурожаатномада илгари сурилган ғоялар, кўрсатмалар, режалар Ватанимизнинг янада обод, халқимизнинг фаровон бўлишига хизмат қилади.

 

Рўзимурод Саидмуродов, Равот маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

- Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мамлакатимизда, шу жумладан маҳалламизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг вужудига, борлиғига сингиб кетди, десам муболоға бўлмайди.

Мурожаатномада хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди, тадбиркорларга имтиёзлар оширилди. Бу эса маҳалламизда ишбилармонлик муҳитининг сезиларли даражада яхшиланишига хизмат қилмоқда. Айни пайтда Равот маҳалласи тадбиркорлар сони бўйича туманда етакчи ўринларда эканлиги фикримиз далилидир. Вилоят тарғибот гуруҳи вакиллари томонидан ҳам ютуқларимиз эътироф этилганлиги қувонарли бўлди.

 

Кумуш Обидова, педагогика коллежи ўқитувчиси, футбол бўйича вилоят терма жамоаси ҳужумчиси:

- Мамлакатимизда спортга, шу жумладан футболга берилаётган эътибор туфайли 2017 йилда вилоят терма жамоаси сафида Навоийда ўтказилган мамлакат чемпионатида 2-ўринни эгалладим. Майдон эгалари билан бўлган финал ўйинида гол урдим. Бу биз ёшларга Президентимиз ғамхўрлигининг самараси ҳамдир. Мурожаатномани газетадан ўқиб чиқдим. Юртбошимиз ёшларга қаттиқ ишоняптилар, бизга юрт келажагининг бунёдкорлари сифатида қараяптилар.

Бу ишончни амалий ишимиз, ғайрат-шижоатимиз билан оқлаймиз.

 

Фотима Бекова, Хончорбоғ маҳалла фуқаролар йиғини масъул котиби:

- Маҳаллани «Ватан ичра кичик ватан» дейишади. Дарҳақиқат, жонажон Ватанимиз ана шундай кичик ватанлардан ташкил топган. Маҳалла гуллаб-яшнаса, она юрт обод бўлади. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиеёв маҳаллаинститутига катта эътибор бериб келмоқдалар. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам бу ўз ифодасини топган. Тинчлик-осойишталик бўлган жойда хайр-барака бўлади; тўй-томошалар қилса ярашади.Мен 2018 йил ўтган йилдагига қараганда ҳам баракалироқ бўлишига ишонаман, шундай бўлиши учун ҳамғайрат камарини маҳкам боғлаб, меҳнат қиламан.

 

Холиқ Ҳакимов, фахрий журналист:

- Жамиятга хаққоний, ишончли ахборотни етказиш журналистларнинг зиммасидаги асосий бурчдир. Кўп йиллар вилоят телевединиеси, рўзномаларда фаолият юритиб келдим. Биз ишлаган вақтларда ҳозирги қулай шарт–шароит қаерда эди, дейсиз. Бугун ҳамма соҳа қатори оммавий ахборот воситалари соҳасига алоҳида эътибор берилмоқда.

 Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам оммавий ахборот воситалари соҳаси ривожида малакали кадрларнинг ўрни ниҳоятда муҳимлиги таъкидлаб ўтилди.

Ҳақиқатан ҳам мамлакатимизнинг саноқли таълим муассасалардагина журналистика мутахассислиги мавжуд. Юртбошимиз ўз Мурожаатномаларида Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университети ташкил этиш лозимлигини таъкидлаб ўтдилар. Тўғрисини айтсам, яратилаётган шарт–шароит, имкониятларни кўриб, ёшлик давримга қайтиб, зўр шижоат билан ишлагим келяпти.

 

Ҳафиз Худойбердиев, тадбиркор:

- Мана иккинчи кундирки, вилоят тарғибот гуруҳи туманимиз аҳолиси билан юзма–юз учрашиб, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини янада чуқурроқ тушунтириб бермоқда.

Анча йиллардан буён оиламиз билан чилангарлик қилиб келамиз. Рўзғоримизнинг ободлиги шу оилавий бизнесимиз орқасидан.

Давлатимиз раҳбари 2018 йилни «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб–қувватлаш йили» деб номладилар. Юртбошимиз ташаббуси билан тадбиркорлар учун кўплаб имтиёзлар яратилди. Бу имкониятлардан фойдаланиб, ўз оилавий бизнесимизни кенгайтириб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш ниятидамиз.

 

Клара Шарипова, Навбаҳор маҳалласи раиси:

- Бугун маҳалламизга вилоят тарғибот гуруҳи аъзолари ташриф буюришиб, Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси юзасидан чуқур тарғибот олиб боришди. Маҳалламиз фаоллари билан биргаликда уйма–уй юриб, аҳоли уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиб чиқдик.

 Ҳозирги вақтда маҳалламизнинг кўпчилик аҳолиси тадбиркорлик билан шуғулланишади. Бу эса аҳоли турмуш фаровонлигини янада оширади. Президентимизнинг Мурожаатномалари бу соҳа ривожида муҳим дастуриламал бўлди.

 

Нодир Сафаров, ўқитувчи:

Мана, иккинчи кундирки вилоят тарғибот гуруҳи вакиллари туманимиз маҳаллаларида тадбирлар ўтказишмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини газетада ўқиган бўлсам-да, айрим жиҳатларга эътибор қилмаган эканман. Вилоятдан келган меҳмонлар, устозларимиз равон, тушунарли тарзда аҳолининг барча қатламларига етказдилар, деб ўйлайман. Юртбошимиз биз, халқ таълими ходимлари, ўқитувчиларга ҳам жиддий эътирозларини айтдилар, аниқ вазифалар қўйдилар.

Шундан келиб чиқиб режалар тузиб олдим. Фарзандларимизни билимли, маънавиятли қилиб тарбиялаш учун бор кучимни бахшида этаман.

 

Хуршид Зуҳуров, тадбиркор:

- Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида биз тадбиркорлар учун алоҳида ўрин ажратилганлиги қувонарли бўлди. Юртбошимиз зиммамизга янги иш ўринлари яратиш, нафақат ўзи ва оиласига, балки бутун жамиятга наф келтирадиган ишбилармон бўлиб етишиш вазифасини қўйдилар. Бунинг учун бизга муносиб шароитлар яратиб берилиши лозимлигини таъкидладилар. ўамхўрлик бундан ҳам ортиқ бўладими? Бунга жавобан икки ҳисса ғайрат билан ишлаймиз. Фаолиятимни кенгайтириб, янги иш ўринлари яратишни ўзимга асосий вазифа қилиб белгиладим.

 

Акбар Жаҳонов, ёш ижодкор:

- Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳақида вилоят тарғибот гуруҳи аъзолари чуқур тушунча бердилар. Юртбошимизнинг: «Ёшларимиз хориждаги тенгдошлари билан илм-фан, маданият, тадбиркорлик, спорт ва бошқа соҳаларда фаол мулоқотда бўлишлари шарт» деган кўрсатмалари мени жуда қувонтирди.

Айниқса, Самарқандимизда Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказиш режалаштирилганини эшитиб, гапнинг очиги, кўзларимдан севинч ёшлари оқди. Мен ўзимни, бутун борлиғимни халқ ишига, Ватанга, эзгуликка бахшида этаман.

 

Феруза Ибрагимова, шифокор:

- Бугун маиший хизмат касб-ҳунар коллежида Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси тарғиботига бағишланган йиғилишда қатнашиб, шу нарсага амин бўлдимки, мамлакатимиз ўз тараққиётида яна бир янги босқичга қадам қўймоқда. Одамларнинг онгида ҳам, ишга бўлган муносабатида ҳам, юртдошларимиз кайфиятида бу ўз аксини топмоқда. Бу келгусидаги фаровон ҳаётдан нишона. Фаровонлик бўлган жойда эса аҳоли соғлом бўлади. Соғлом одамлар ­ биз шифокорларнинг орзуимиз. Юртбошимизнинг Мурожаатномалари ҳеч шубҳасиз Ватанимиз равнақига хизмат қилади.

 

Дилафрўз Улуғбоева, педагогика коллежи директории вазифасини бажарувчи:

- Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси матбуотда эълон қилиниши билан уни педагогик жамоа ўртасида ўрганиб чиқдик. Ўқитувчиларимизнинг фикри бир жойдан чиқди: бундай чуқур таҳлилга ва аниқ мушоҳадага асосланган мазмунли, улуғвор ҳужжат ҳали бўлмаган. Кўпгина ҳамкасбларимиз уни қайта-қайта ўқиб чиқиб, ўз маҳаллаларида ҳам тарғибот қилишди.

Мана бугун ҳам коллежимизнинг муҳташам залида Самарқанддан келган олимлар Давлатимиз раҳбари томонидан яратилган дастуриламалнинг мазмун-моҳияти ҳақида кенг тўхталдилар. Мурожаатнома том маънода Ватанимизнинг 2017 йилги истиқболини белгилаб берган ҳужжат бўлди, деб ўйлайман.

 

МАҲАЛЛАЛАРДА...

УЗУНҚИШЛОҚ маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган маиший хизмат касб-ҳунар коллежида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини кенг жамоатчилик орасида тарғиб этишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари З.Авазов бошқариб борган йиғилишда маҳалла фаоллари, зиёлилар, ўқувчи-ёшлар, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва бошқалар,жами 480 киши қатнашди.

Шунингдек, мажлисда вилоят тарғибот гуруҳи раҳбари, Самарқанд давлат иқтисодиёт ва сервис институти маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректори Ф.Турсунов, институт илмий ишлар бўйича проректори Д.Асламова, ўқитувчилар ­ Б.Ҳасанов, А.Ҳазратов, Б.Дўсматов, туман ҳокимининг ўринбосарлари М.Усмонов, Д.Болтаева, 4-сектор раҳбари, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи А.Алмасов ва бошқалар иштирок этдилар.

 Сўзга чиққанлар,хусусан вилоят тарғибот гуруҳи аъзолари ҳамда

 4-сектор раҳбари, туман ДСИ бошлиғи А.Алмасов Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси ўтган йил якунлари ҳамда 2018 йилги улуғвор режалар чуқур таҳлил қилинган ғоят муҳим дастуриламал бўлганлигини таъкидладилар.

****

НУРАФШОН маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 4­умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини кенг жамоатчилик орасида тарғиб этишга бағишланган тадбирда маҳалла фаоллари, зиёлилар, ўқувчи-ёшлар, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

 

ЧАРОҒБОН маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 29­болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган тадбирни туман ҳокими Б.Садуллаев бошқарди. ҚЎШЧИНОР, БОҒИЧИНОР, БИРЛИК ва бошқа маҳаллалар фаоллари, зиёлилар, ўқувчи-ёшлар, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашдилар.

Шунингдек, мажлисда Тошкент давлат иқтисодиёт ва сервис институти профессори Б.Алиев, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти проректори Ф.Турсунов ва бошқалар иштирок этди.

Сўзга чиққанлар Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси ўтган йил якунлари ҳамда 2018 йилги улуғвор режалар чуқур таҳлил қилинган ғоят муҳим дастуриламал бўлганлигини таъкидладилар.

 

БУЛУНҒУР ТУМАНИ

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси асосида Булунғур миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган семинарда ГУЛИСТОН, ДЎСТЛИК ва НАВБАҲОР маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ва фуқаролар иштирок этди.

ТАТУ Самарқанд филиали катта ўқитувчиси Одил Жўраев, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Абдуалим Азимов, маданият ва аҳоли дам олиш маркази директори Алижон Исоқов, туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи, майор Алижон Турсуновлар Президентимиз Мурожаатномасидаги қўйилган масалалар бўйича тушунчалар беришди.

Шу асосда фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам эшитилди.

- Фозил Йўлдош номли кўчадаги кўп қаватли уйда яшайман, - дейди  Гулистон маҳалласи фуқароси Моҳида Султонова. - Уйимиз қаршисидаги автошоҳбекат доим транспорт воситалари билан гавжум. Ҳайдовчилар жой тополмай қолишса, биз яшайдиган уй ёнидан ҳам ўзларига йўл қилиб олишади. Бунинг устига, баъзи ҳайдовчилар кимўзарга пойга ҳам қилишиб, пиёдаларга хавф солишади. Биз эса юрагимизни ҳовучлаб ўтишга мажбурмиз.

- Шундай ҳолат Ўзбекистон кўчасидаги “Шодлик” базмгоҳи ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи ўртасидаги чорраҳада ҳам учрайди, - дейди шу маҳалла фуқароси Гулсара Абдуллаева. - Бу ердан коллеж ва Мусиқа мактаби ўқувчилари ҳамда шу яқиндаги мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари ота-оналари билан ўтишади. “Учар” енгил автомашиналар улар учун ҳам муаммолар туғдирмоқда.

- Сўнгги пайтларда спиртли ичимлик ичиб машина бошқараётган ҳайдовчилар кўпгина нохуш ҳолатлар юз беришига сабабчи бўлишмоқда, - деб фуқароларнинг фикрларига муносабат билдирди туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи, майор Алижон Турсунов. – Шу билан бирга, қоидабузар йўловчилар ҳам нохуш вазиятлар юзага келишига сабабчи эканлигидан кўз юмолмаймиз. Ҳар бир фуқаро, айниқса ота-оналар фарзандларига ҳушёр бўлишиб, эътибор қаратишлари зарур.

 * * *

3-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган йиғилишда КАТТАҚИШЛОҚ ва ОЛМАЗОР маҳаллалари фаоллари ва фуқаролари иштирок этишди.

Юртбошимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси юзасидан “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Абдуалим Азимов, ТАТУнинг Самарқанд филиали ассистенти Ойбек Жиянов, туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази директори Алижон Исоқов ҳамда маҳалла профилактика инспектори, капитан Ҳабибулла Кенжаевлар тушунчалар беришди.

- Мурожаатда фуқаролар тинчлигини ишончли ҳимоялашга алоҳида эътибор берилгани бизга жуда маъқул, - дейди Каттақишлоқ маҳалласи фуқароси Сапарали Мардиев. – Жиноятлар содир этилмаса маҳалламиз тинчлиги сақланади. Бунинг учун барча маънавиятини юксалтиришга ҳаракат қилиши лозим.

- Олмазор маҳалласига қарашли Саболоқ қишлоғида яшайман, - дейди фуқаро Ўролбой Қўшанов. – Қишлоғимиздан 260 нафар бола Булунғур шаҳридаги 1-умумтаълим мактабига қатнаб ўқийди. Йўлда транспорт воситалари тиғиз қатнайди ва бу ўқувчилар учун хавф солади. Йўл четида 3 километр масофага йўлак ётқизилиши керак эди. 2 километрига ётқизилган, 1 километрида иш чала қолган. Куз-қиш мавсумида лойгарчилик ўқувчиларга ноқулайлик туғдираяпти.

   Раббим ҲОТАМОВ.

 

- Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини оила аъзоларимиз билан қайта-қайта ўқиб чиқдик. Унда деярли барча соҳаларни янада ривожлантириш ҳақида сўз борган.

Кўп йиллар ички ишлар тизимининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимида фаолият юритганман, ҳозирда нафақадаман. Шу сабабли ҳам матбуотда ёритиб борилаётган турли соҳаларга оид кўрсатувлар, эшиттиришлар ва мақолалар билан танишиш билан бирга, ички ишлар тизимига доир мавзуларга мунтазам эътибор бериб бораман. Гарчи ҳозирда нафақада бўлсам ҳам туманимиздаги ички ишлар тизимидаги ёш кадрларга ўз маслаҳатларимни бериб, йўл-йўриқлар кўрсатаман. Маҳалламиздаги турли йиғинларда, маъракаларда аҳолига қоидабузарликлар, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш учун нималарга асосий эътиборни қаратиш лозимлиги ҳақида тушунчалар бериб бораман.

Айниқса, менга Мурожаатномадаги жорий йилдан бошлаб ички ишлар органлари йўл-патрул хизматларининг ўз вазифасини бажариши, фуқаролар билан мулоқот жараёнини қайд этиш имконини берадиган видеокамералар билан таъминланиши ҳамда вилоятларимиз ўртасида йўл-патруль постларининг эскича жойлашуви ҳаракатланиш эркинлигини чеклаб, савдо-иқтисодий муносабатлар ва сунъий тирбандликларни юзага келтираётганлигини ҳисобга олиб, йўл-патруль постларини тугатилиши, патруль хизмати стационар постлари сонининг кескин камайтирилиши ҳақида фикр юритилганлиги ва амалда жорий этилаётганлиги ҳам аҳолига жуда кўп қулайликлар яратади.

Негаки, илгари хизматдаги ходимлар билан ҳайдовчилар ўртасида қоидабузарлик ҳолати бўйича баённомалар тузилишида кўпгина норозиликлар, муаммоли вазиятлар юзага келар эди. Бундай вазиятда йўл-патрул хизмати ходими ҳам, транспорт ҳайдовчиси ҳам ўзини ҳақ ҳисобларди. Энди эса ҳар икки томоннинг ҳам муносабатини акс эттириб турувчи видеокамера холисликни таъминлайди.

 2018 йилда Республикамизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисидаги белгиланган вазифаларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ҳамда бу жараёнда фаол иштирок этамиз.                                  

Маматқул Турдибеков, меҳнат фахрийси.

 

 

КАТТАҚЎРҒОН ШАҲРИ

Иқтисодиёт коллежида ташкил этилган тарғибот тадбирларида Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти Л.Жамолов, ўқитувчи Н.Раҳимов, психология фанлари номзоди И.Аслонов Самарқанд шаҳар қишлоқ хўжалиги институти ўқитувчилари М.Ваҳобов, М.Мавлонов, шаҳар “Маҳалла” жамоат фонди шаҳар бўлинмаси раиси Ш.Султонов ҳамда шаҳардаги Дустлик, Амир Темур, Қўшховуз, Чордара, Гўзалкент, Яккабоғ, Баланд Чордара, Оқ олтин, Баҳористон, Суфи Оллоёр, Ноқис, Ермачит, маҳалла фуқаролар йиғинидан бир гуруҳ фуқаролар иштирок этди.

 

САМАРҚАНД ТУМАНИ

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасининг ишчи гуруҳи томонидан Самарқанд туманидаги 21, 22-мактабларда, Деҳнав, Қавчинон маҳаллалари ва Гулобод ижтимоий-иқтисодиёт коллежида маҳалла фаоллари билан Мурожаатноманинг тарғиботига бағишланган учрашувлар бўлиб ўтди.

Тадбирларда туман ҳокимининг ёшлар сиёсати ишлари бўйича ўринбосари Р.Ражабов, туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Шодиева, СамДУ қошидаги 1-сон академик лицейи ўқитувчиси Ж.Ҳимматов, Самарқанд туман маиший хизмат коллежи директорининг маънавий-марифий ишлар бўйича ўринбосари Д.Худойназарова, ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси М.Баратова, Гулобод ижтимоий-иқтисодиёт коллежи ўқитувчилари С.Сайидов, К.Фозилов, Г.Жумаева, Равонак коллежи директорнинг маънавий-марифий ишлар бўйича ўринбосари С.Жўраев, шу коллеж ўқитувчиси М.Қурбонова, Б.Ўроқов, Самарқанд темир йўл коллежи ёшлар етакчиси Б.Назаровлар мазкур Мурожаатноманинг мазмун-моҳияти ҳусусида фикр юритди.

 

ПАХТАЧИ ТУМАНИ

  Самарқанд тиббиёт институти доцентлари Шерзод Мажидов, Аҳмаджон Бобожоновлар Пахтачи хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти бўйича шу ҳудуддаги аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб борди.

 

Дилором Умарова, Мирза Салимий маҳалласидан:

– Мурожаатнома менда катта таассурот қолдирди. Унда атрофимизда рўй бераётган камчилик, муаммолар рўй-рост айтилган. Хусусан, маҳалламизда ҳам бундай муаммолар бор. Жумладан, аҳолимиз суюлтирилган газ баллонлари, ичимлик суви борасида қийинчиликлардан қийналмоқда.

 

ЖОМБОЙ ТУМАНИ

Мурожаатномани ўрганиш бўйича тарғибот гуруҳи 8 ва 20-мактабларда бўлишди. Уларда ТАТУ Самарқанд филиалининг профессор-ўқитувчилари Ш.Асроров, Ў.Азимов, А.Қурбониёзов иштирок этишди.

 

Матбуот штаби хабарлари асосида тайёрланди.


Охирги ўзгариш: 09/01/2018 10:22.   Кўрилганлиги: 5117
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/murojaatnoma/murojaatnoma-mazmunini-organish-boyicha-tadbirlar-davom-etmoqda

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 5

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.