Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг ҚАРОРИ

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг ҚАРОРИ

Самарқанд вилояти ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Жўраевнинг тиббиёт муассасалари, жумладан, тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятининг самарадорлиги юзасидан ахбороти ҳақида

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Жўраевнинг ҳудудда тиббиёт муассасалари, жумладан, тез тиббий ёрдам хизмати фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахборотини муҳокама қилиб, ушбу йўналишда муайян ишлар амалга оширилганини қайд этади.

Бугунги кунда вилоятда 350 дан ортиқ тиббиёт муассасаси 3 миллион 200 мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш муассасаларида 45 минг нафарга яқин, жумладан, 7672 нафар олий маълумотли врач, 28 минг нафарга яқин ўрта махсус маълумотли ҳамшира фаолият кўрсатмоқда.

Вилоят аҳолисига жами 197 та тез тиббий ёрдам автомобилларига эга бўлган тез тиббий хизмат тизими имконият доирасида хизмат кўрсатиб келмоқда.

Мазкур соҳада амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, кўплаб камчиликлар, долзарб масалалар мавжуд.

Жумладан, Ургут, Паст Дарғом, Каттақўрғон туманларида белгиланган оилавий поликлиникалар, Каттақўрғон, Паст Дарғом, Ургут туманларида белгиланган тез тиббий ёрдам шохобчалари ўз вақтида ташкил қилинмаган.

Тез тиббий ёрдам хизматларини қўшимча равишда 111 та автомашина билан таъминлаш ишлари охирига етказилмаган. Мавжудлари замонавий алоқа воситалари (рация) билан таъминланмаган.

Шунингдек, тез тиббий ёрдам бригадалари Ургут, Пайариқ, Нуробод, Каттақўрғон, Қўшработ туманларида врачлар билан тўлиқ таъминланмаган, Нуробод, Каттақўрғон, Қўшработ, Оқдарё, Пахтачи, Тойлоқ туманларида эса тез тиббий ёрдам бригадаларида врачлар ўрнига фельдшерлар хизмат кўрсатмоқда.

Паст Дарғом, Тойлоқ, Пайариқ, Ургут, Каттақўрғон туманларида тез тиббий ёрдам бригадалари замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланмаган, Каттақўрғон, Пайариқ, Ургут туманларида тез тиббий ёрдам бўлим ва шохобчалари жойлашган 119 та бинодан 64 таси таъмирталаб, 10 таси янги бинога муҳтож.

Янги ташкил этиладиган ва фаолияти кенгайтириладиган хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш учун “Асакабанк” томонидан 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларини ажратиш муддатлари чўзиб келинмоқда.

Маҳаллий бюджетдан тиббиёт муассасаларига ажратилаётган маблағлар амалдаги сарф-харажатга нисбатан камлигича қолмоқда. Бу эса аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда жиддий камчиликларни келтириб чиқармоқда. Мисол учун, биргина Самарқанд шаҳридаги 3-сон туғруқ мажмуасига фақат дори-дармон ва тиббий буюмлар сотиб олиш учун ажратилган маблағлар миқдори шу йўналишдаги сарф-харажатларнинг бор-йўғи 13 фоизини ташкил қилади. Иштихон туман тиббиёт бирлашмасида бу кўрсаткич 10 фоизга ҳам етмайди.

Вилоятдаги соғлиқни сақлаш муассасаларида мутахассислар етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар қатор йиллардан буён ўз ечимини топмаяпти. Тиббиёт муассасаларида фтизиатр, психиатр, онколог, инфекционист, гематолог, рентгенолог ва умумий амалиёт шифокорларига эҳтиёж катта. Мутахассислар малакасини ошириш бўйича белгиланган режалар ижроси таъминланмаяпти. 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида малака ошириши лозим бўлган жами врачларнинг 12,1 фоизи, ҳамшираларнинг эса 10,5 фоизи малака оширган, холос.

Вилоятда оналар ва гўдаклар ўлими 2017 йилнинг биринчи ярмида 2016 йилга нисбатан камайган бўлса-да, 6 ойда 6 нафар она ва 283 нафар гўдак ўлими қайд этилгани бундай ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги ишлар талаб даражасида йўлга қўйилмаганини кўрсатади.

Патронаж хизмати имкониятларидан зарур даражада фойдаланилмагани, тегишли назорат ва тарғибот ишларининг сусайтирилгани оқибатида вилоятда жорий йилнинг 6 ойида 15-16 ёшдагилар ўртасида  8 та туғруқ қайд этилган ва бу салбий кўрсаткич 3 тага кўпайган.

Вилоят соғлиқни сақлаш тизимида қонунбузарлик ҳолатларига тўлиқ барҳам берилмаяпти. Прокуратура органлари томонидан кейинги 2,5 йилда
552 нафар тиббиёт ходими интизомий, 665 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган. 

Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасига мувофиқ халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Самарқанд вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Жўраевнинг тиббиёт муассасалари, жумладан, тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятининг самарадорлиги юзасидан ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

2. Самарқанд вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Джураевнинг эътибори ҳудудда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тез тиббий ёрдам хизмати кўрсатиш тизимида бир қатор жиддий камчиликлар мавжудлигига қаратилсин.

3. Вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси (А.Жўраев)га:

ўн кун муддатда ушбу қарорда қайд этилган камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, ахборотни муҳокама қилиш давомида вилоят Кенгаши депутатлари ва сессия иштирокчилари томонидан кўтарилган масалаларни ҳал қилишга оид чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

вилоятдаги соғлиқни сақлаш муассасаларида мутахассислар етишмаслиги билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш;

мутахассислар малакасини ошириш бўйича белгиланган режалар ижроси тўлиқ таъминлаш;

тез тиббий ёрдам бўлимларини зарур моддий-техника воситалари, жумладан, тез тиббий ёрдам машиналари билан таъминлаш;

шошилинч тиббий ёрдам бўлимларидаги тиббий жиҳозларни янгилаш;

оилавий поликлиникалардаги ҳар томонлама эскирган, бироқ зарур тиббий аппаратураларни алмаштириш, ушбу муассасаларни терапевт, педиатр ва умумий амалиёт шифокорлари билан таъминлаш;

патронаж хизматидан самарали фойдаланган ҳолда аҳолининг тиббий маданиятини янада юксалтириш;

ҳар бир гўдак, она ва бола ўлимининг сабабларини чуқур таҳлил қилган ҳолда бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган зарур чораларни ўз вақтида кўриб бориш чораларини амалга ошириш топширилсин.

4. Вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси (А.Жўраев) вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармаси (М.Хамдамов) билан биргаликда 20 кун муддатда:

дори воситаларини стандартлар асосида қайта ҳисоблаб чиқиб, ишлатиладиган дори воситаларига ажратилган маблағларни кўпайтириш юзасидан аниқ таклифларни ишлаб чиқсин;

бир ой муддатда вилоятдаги мавжуд дорихоналарни инвентаризациядан ўтказиб, улар фаолиятини амалдаги қонун ҳужжатларига тўла мувофиқ ҳолда йўлга қўйиш бўйича чоралар кўрсин.

5. “Асакабанк” вилоят филиали бошқарувчиси (Т.Бойзоқовга) янги ташкил этиладиган ва фаолияти кенгайтириладиган хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш учун белгиланган кредит маблағларини қисқа муддатда ажратиш чораларини кўрсин.

6. Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари (О.Очилов, А.Умаров), соғлиқни сақлаш бошқармаси (А.Жўраев), вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармаси (М.Хамдамов) билан биргаликда:

Самарқанд “Саховат уйи”да ва Ургут “Мурувват уйи”да амалга оширилиши белгиланган қурилиш ва таъмирлаш ишларини белгиланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан якунига етказиш;

реабилитация техник воситалари (ҳасса, қўлтиқтаёқ, эшитиш мосламаси, ногиронлар аравачаси)га муҳтожлар сонининг кескин ошиб кетганлиги инобатга олиниб, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан муҳтож пенсионер ва ногиронларнинг эҳтиёжини тўлиқ қондириш мақсадида қўшимча 300 миллион сўм миқдоридаги маблағ ажратиш;

республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд филиалида иммуногистокимё лабораториясини ташкил қилиш ва зарур тиббиёт буюмлари, сарфлаш материаллари ҳамда реактивларни харид қилиш  учун  200 миллион сўм маблағ ажратиш;

вилоят онкология диспансери ҳудудида умумий майдони 1 400 м.кв га тенг бўлган 3 қаватли поликлиника-диагностика биноси қурилишини  маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштириш;

Самарқанд шаҳрида онкологик касалликларнинг ўтиб кетган босқичларига чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш  учун керак бўлган минтақалараро хоспис (50 ўринли) биносини қуриш чораларини кўрсин.

7. Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига ҳар чоракда бир марта ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тиббиётни ислоҳ қилишга доир фармон ва қарорлари ижроси борасида амалга оширилаётган ишлар, юзага келган муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари тўғрисида масалани ҳар чоракда Кенгаш сессияларида кўриб бориш, улар ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини кучайтириш чораларини белгилаш ва амалга ошириш тавсия этилсин.

8.  Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссияси (З.Шодиева)га ҳар ойда бир марта Ўзбекистон Республикаси Президентининг тиббиётни ислоҳ қилишга доир фармон ва қарорлари ижросини, раҳбар ходимлар ҳисоботларини доимий комиссия йиғилишларида кўриб борсин.

9. Вилоят “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти (Ф.Тошев), “Овози Самарқанд” газетаси (Б.Жумаев), Самарқанд телерадикомпанияси (Ф.Тўраев), СТВ ижодий уюшмаси (С.Раджабов)ларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг тиббиётни ислоҳ қилишга доир фармон ва қарорлари ижросини кенг ёритиш мақсадида давра суҳбатлари, теледебатлар, тўғридан-тўғри мулоқотлар каби кўрсатувларни ташкил этиш тавсия этилсин.

10. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссияси (З.Шодиева), вилоят ҳокимининг ўринбосари (А.Умаров)ларга юклатилсин.

 

Вилоят Кенгаши сессияси раиси                Ф.Тошев

2017 йил 22 июль


Киритилган вақти: 03/08/2017 15:53.   Кўрилганлиги: 2292
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/local_council/council_documents/xalq-deputatlari-samarqand-viloyati-kengashining-qarori

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 8

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.