Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ З.МИРЗАЕВНИНГ 2015 ЙИЛДА ВИЛОЯТНИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШИНИНГ ЭНГ МУҲИМ ВА ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИ ЮЗАСИДАН ҲИСОБОТИ ТЎҒРИСИДА

САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ З.МИРЗАЕВНИНГ 2015 ЙИЛДА ВИЛОЯТНИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШИНИНГ ЭНГ МУҲИМ ВА ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИ ЮЗАСИДАН ҲИСОБОТИ ТЎҒРИСИДА

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияси шуни қайд этадики, 2015 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилган.

Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 5652,2 млрд сўмни ёки 113,8 фоизни, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 3387,9 млрд сўмни ёки 108,2 фоизни ташкил этиб,  пуллик хизмат кўрсатиш ҳажми 2774 млрд сўмни ёки 115,2 фоизни, капитал қўйилмалар 2767,1 млрд сўмни ёки 116,7 фоизни, қурилиш пудрат ишлари 1895,1 млрд сўмни ёки 112,4 фоизни ҳамда жами хизмат кўрсатиш ҳажми 5759,6 млрд сўмни ёки 116,9 фоизни ташкил этган.

Натижада вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 11248,7 млрд сўмни ёки ўсиш даражаси 110,5 фоизни ташкил этган.

Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг улуши 77,9 фоизни, хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши 43,8 фоизни ташкил этган.

Инвестиция дастурига асосан давлат бюджети ҳисобидан 2015 йилда
2,9 трлн сўмлик маблағлар ажратилиб, 195 та ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ва таъмирлаш амалга оширилган. Мактабларни қуриш ва таъмирлашга 52 млрд сўм маблағ ажратилиб, 57 та умумтаълим мактаблари капитал таъмирланган, 9 та соғлиқни сақлаш объектларини капитал таъмирлаш ва янги бинолар қуришга 28,9 млрд сўм маблағлар ажратилиб ўзлаштирилган.

Бундан ташқари, вилоят бўйича 40 та мактаблар учун спорт заллари қуриб фойдаланишга топширилган.

Шунингдек, 112 та аҳоли пунктларида ичимлик суви объектлари қурилиши учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 8,6 млрд сўм ажратилиб, 76,2 км сув тармоқлари, 62 та резервуар ва сув миноралари, қудуқлар қазилган ва 78,1 минг аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланган.

Барча турдаги йўлларни қуриш ва таъмирлаш харажатлари учун 139 млрд сўм маблағ  сарфланган.  Ушбу маблағлар ҳисобига 36 км халқаро аҳамиятдаги автомобил йўллар реконструкция қилинган, қишлоқ жойлардаги йўллар учун 9,2 млрд. сўм маблағ ажратилиб, 74,9 км хўжаликлараро ички йўллар таъмирланган.

Қишлоқ хўжалигида амалга оширилган чора тадбирлар натижасида  2015 йилда пахтачиликда 24,3 центнерни ташкил этиб, давлатга 228,7 минг тонна пахта сотилган, шартномавий режа 102,6 фоизга бажарилиб, пахтачиликнинг ўзидан 223,0 млрд. сўмдан ортиқ даромад олинган, соф фойда 20,3 млрд. сўмга етган. Ғаллачиликда сувли майдонлардаги хосилдорлик 62 центнерни ташкил этган, олинган даромад 340,0 млрд. сўмни ташкил қилган, бундан ташқари фермерларнинг ўзларига 371,6 минг тонна ғалла қолган ва соф фойда 48,0 млрд. сўмни ташкил этган.

2015 йилда намунавий лойиҳалар асосида 1235 та уй-жойлар қурилиб фойдаланишга топширилган. Бундан ташқари, 8 та кўп қаватли уй-жойлар қуриб фойдаланишга топширилган.

Замонавий архитектура ва шаҳарсозлик талаблари асосида Самарқанд шаҳри, Пайариқ, Ургут ва Тайлоқ  туманлари марказларида қайта қуриш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилган.

Нарпай тумани, Пайариқ ва Челак шаҳарчаларидаги истироҳат боғлари таъмирланган. Замонавий аттракционлар ўрнатилган ва манзарали дарахтлар экилган. Каттақўрғон шаҳри, Нарпай, Оқдарё ва Иштихон туманларидаги бозорлар замонавий лойиҳалар асосида қайта реконструкция қилинган.

“Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастури ижроси бўйича вилоятда кенг қамровли ишлар амалга оширилган. Жумладан, 6 та бўлим, 103 банддан иборат бўлган дастурни бажариш учун 1 млрд. 48 млн.сўм ажратилган.

Дастур доирасида 239 минг 534 нафар кексалар, жумладан 279 нафар уруш фахрийлари, 5342 нафар меҳнат фронти фахрийлари ҳамда 233 минг 913 нафар пенсионер, ёлғиз кексалар ва ногиронлар амбулатор шароитда, шифохоналарда тиббий кўрикдан ўтказилган, 1952 нафар кексалар 17 та сўлим жойларда жойлашган санатор-соғломлаштириш муассасаларида дам олиниши таъминланган.

Шунингдек, 1530 нафар ёлғиз кексаларга, 207 нафар якка ёлғизларга 203 нафар ижтимоий таъминот томонидан манзилли хизмат кўрсатилган. Вилоятдаги 1414 та қабристонлар ободонлаштирилди.

Шу билан биргаликда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Жумладан, фаолият кўрсатмаётган кичик бизнес субъектларининг 329 таси (9,7 фоизи) саноат соҳасига тўғри келмоқда. Хусусан, кичик бизнес субъектлари Самарқанд шаҳри (611 та), Пастдарғом (114 та), Булунғур (98 та), Пахтачи туманида (74 та) фаолиятсиз корхоналарнинг улуши юқорилигича қолмоқда.

Вилоятдаги 68 та корхоналарнинг 26 таси томонидан 11 млн. 385,0 минг долларлик экспорт амалга оширилмаган, 32 та экспортёрлар томонидан 28 млн. 988,7 минг долларга кам экспорт қилинган.

2015 йилниниг 1 декабр ҳолатига жами дебитор қарздорлик йил бошига нисбатан 364,5 млрд.сўмга, кредитор қарздорлик 339,8 млрд. сўмга ошган. Тармоқлар кесимидаги таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бу кўрсаткич саноатда (дебитор 209,6, кредитор 129,3 млрд. сўмга), савдо ва умумий овқатланишда (кредитор 7,9 млрд. сўмга) ҳамда коммунал хўжалигида (дебитор 1 трлн. 774 млрд, кредитор 2 трлн. 167 млрд.сўмга) соҳаларда қарздорлик энг юқори бўлган.

Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгаши шуни алоҳида таъкидлайдики, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги сиёсий партияларнинг депутатлик гуруҳлари вакиллари сўзга чиқиб, вилоятда амалга оширилган ишларга ижобий баҳо берган ҳолда ўз партияларининг дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда вилоятда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада жадаллаштириш борасидаги таклифларини билдирганликлари муҳим аҳамият касб этади. Бундай ҳолат, партия депутатлик гуруҳлари аъзоларининг сайловолди учрашувларда партиялар томонидан илгари сурилган дастурларни бажариш бўйича сайловчилар олдидаги масъулиятларининг ошганидан далолат беради.

Юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгаши регламентининг  5412-моддасига асосан вилоят Кенгаши сессияси

ҚАРОР  ҚИЛАДИ:

1. Самарқанд вилояти ҳокими З.Мирзаевнинг 2015 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

2. Самарқанд вилояти ҳокими З.Мирзаев ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг 2015 йилдаги фаолияти қониқарли деб ҳисоблансин.

3. Маҳаллий давлат ҳокимиятининг ислоҳотлардаги ташкилотчилик, ташаббускорлик ролини янада кучайтириш мақсадида вилоят ҳокимлигига қуйидагилар тавсия этилсин:

- ислоҳотлар йўналиши доирасида ҳудудий дастурларни шакллантириш жараёнида очиқликка эришиш, дастурлар тўла ижро қилинишини таъминлаш чораларини кўриш;

- халқ хўжалигининг барча соҳаларида яратувчилик кайфиятини вужудга келтириш учун янги ғоя, таклиф, лойиҳаларни рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқиш;

- ҳудудий дастурлар ижроси ва тармоқларни ривожлантиришда корпоратив ва ўзаро ҳамкорлик тамойилларини йўлга қўйиш;

- кўчма ва электрон қабулларни тизимли ташкил этиб боришни янада такомиллаштириш;

- йилига камида икки марта маҳаллий телевидение орқали аҳоли билан муайян, долзарб мавзуда тўғридан-тўғри мулоқот қилиш;

- ҳокимлик тизимидаги идора ва бошқармалар фаолиятида очиқликка, ҳамкорликка, уларнинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигига эришиш чораларини кўриш.

4. Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада жадаллаштириш мақсадида вилоят ҳокимлигига қуйидаги таклифлар берилсин;

- вилоят иқтисодиёти ва унинг тармоқларини, ҳудудларни ривожлантиришнинг прогноз параметрларига эришишни сўзсиз бажариш чораларини кўриш;

- вилоятдаги ишлаб чиқарувчи корхоналарни техник ва технологик жиҳатдан узулкусиз янгилаб бориш, уларга чет эл инвестицияларини кенг жалб этиш;

- саноат салоҳиятини ошириш, импорт ўрнини босадиган маҳсулотни кўпайтириш ва ички бозорни истеъмол товарлари билан тўлдиришни кенгайтириш;

- ишлаб чиқарувчи корхоналарни экспорт фаолиятига жалб этиш ҳамда экспорт учун ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари турларини кенгайтиришга эришиш;

- маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги чора-тадбирларни тўлиқ бажаришга эришиш;

- “Соғлом она ва бола йили”  давлат дастури бажарилишини таъминлаш, чораларини кўриш, дастур бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш;

- 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури бажарилиши устидан тизимли мониторинг олиб бориш;

-қишлоқ хўжалигидаги туб таркибий ўзгаришларни узлуксиз давом эттириш, фермер хўжаликларига хизмат кўрсатувчи корхоналар фаолиятларини такомиллаштириш;

- кичик бизнес ва тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш чораларини белгилаш ва амалга ошириш, уларга “Ягона дарча” марказлари орқали хизмат кўрсатишни таъминлаш;

- ижтимоий соҳани рвиожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини янада ошириш билан боғлиқ тадбирларни кенг амалга оширишни давом эттириш;

- коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашда маҳаллий ҳокимликлар масъулиятини янада ошириш;

- Қўшработ тумани аҳоли пунктларида “Тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳаси”ни амалга ошириш устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш.

5. Ушбу қарор вилоятнинг расмий оммавий ахборот воситалари ва веб-сайтларида эълон қилинсин.

6. Мазкур қарор бажарилиши устидан назорат қилиш вилоят ҳокимининг ҳисоботига доир масалани сессияга киритишга масъул этиб белгиланган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси (З.Каримов) га юклансин.

Вилоят Кенгаши сессияси раиси Б.Шарофов

2016 йил, 22 январ


Киритилган вақти: 25/01/2016 17:35.   Кўрилганлиги: 2433
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/local_council/council_documents/samarqand-viloyati-hokimi-zmirzaevning-2015-yilda-viloyatni-ijtimoiy-iqtisodiy-rivojlanishining-eng-muhim-va-dolzarb-masalalari-yuzasidan-hisoboti-togrisida

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 9

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.