Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Жомбой туман Кенгаши сессияси

Жомбой туман Кенгаши сессияси

20 июль куни халқ депутатлари Жомбой туман Кенгашининг йигирма еттинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияни туман кенгаши раиси Х.Бўриев бошқарди.

Намунали тарзда ташкил этилган сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг раиси Н.Йўлдошев, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, тумандан сайланган вилоят Кенгаши ҳамда туман Кенгаши депутатлари, вилоят ва туман ижро ҳокимияти, прокуратура, ички ишлар, тиббиёт бирлашмаси ва бошқа назорат идораларининг раҳбарлари, шунингдек, сиёсий партияларнинг шаҳар ва туманлар ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.

Дастлаб сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгилаб берилган устувор вазифаларни Жомбой туманида амалга оширишнинг  2017–2019 йилларга мўлжалланган дастури муҳокама этилди.

Давлатимиз раҳбарининг маърузасида асосли равишда танқид қилинганидек, вакиллик органлари, хусусан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, шунингдек сиёсий партияларнинг жойлардаги Кенгашлари, депутатлик гуруҳлари ҳамда депутатлар ўз ваколатларини тўлиқ ва самарали амалга оширмаяпти. Бундай салбий ҳолат халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва унинг доимий комиссиялари, сиёсий партияларнинг депутатлик гуруҳлари фаолиятида ҳам кўзга ташланмоқда.

Хусусан, 2017 йилнинг ўтган даврида туман Кенгашининг сессияларида прокуратура, ички ишлар органлари ҳамда соғлиқни сақлаш тизимлари фаолиятининг айрим йўналишларидан ташқари, туман учун долзарб ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган масалалар муҳокама этилмаган. Туман Кенгашидаги бирорта сиёсий партиянинг депутатлик гуруҳи ёки доимий комиссиялари  ушбу йўналишларда ташаббус билан чиқмаган. Туманда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлаш, шу  мақсадда тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш ишлари ҳам аксарият ҳолларда депутатлик корпуси эътиборидан четда қолиб келмоқда.

Сиёсий партиялар туман кенгашлари фаолиятини қониқарли, деб бўлмайди. Туман кенгашларининг бошланғич партия ташкилотлари билан узвий ва самарали алоқаси тўлиқ йўлга қўйилмаган. Бошланғич партия ташкилотлари ишини аниқ мақсадларга йўналтириш ишлари талаб даражасида эмас. Сиёсий партияларнинг туман кенгашлари моддий-техник базаси қониқарсиз аҳволда, уларда кадрлар қўнимсизлиги юзага келган.

Сессия кун тартибидаги иккинчи масала – туманда жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликлар профилакатикаси самарадорлиги юзасидан туман ички ишлар бўлими бошлиғи Акрам Халимов ҳисобот берди. Ушбу масаланинг тумандаги аҳволини ўрганиш юзасидан халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳ раҳбари ахбороти ҳам тингланди.

Ўрганиш натижаларида маълум бўлишича, туманда бу борада олиб борилаётган ишлар етарли эмас. Жорий йилнинг 6 ойи давомида фирибгарлик, гиёҳвандлик, безорилик, номусга тегиш  жиноятларининг сони ошган. Ўғрилик, баданга ўртача тан жароҳати етказиш, қотиллик, фоҳишахона сақлаш жиноятлари эса камаймаган. Жорий йилнинг биринчи чорагида жами маҳаллаларнинг 47 фоизида жиноят содир этилган бўлса, бу салбий кўрсаткич шу йилнинг ярим йили якунлари бўйича 84 фоизга етган.

Мактаб ўқувчилари ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга тўлиқ барҳам берилмаган ва оқибатда ички ишлар профилактик назоратига олинган ўқувчилар сони 10 нафардан ошган. Бундай муаммолар  ечимига оид таклиф ва ташаббуслар туман Кенгашининг ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш ёки ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари доимий комиссиялари томонидан Кенгаш муҳокамасига киритилмаган.

Сессия кун тартибидаги туманда тиббиёт муассасалари, жумладан, тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятининг самарадорлиги бўйича учинчи масала юзасидан туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Бурҳон Ўринов ҳисобот берди. Ушбу масала юзасидан ҳам туман кенгаши ишчи гуруҳи раҳбари ахборот берди.

Туманда аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилиш, бу борада тиббиёт ходимларининг масъулиятини ошириш, жавобгарлигини таъминлаш бўйича ҳам қатор муаммолар бор. Жумладан, тумандаги соғлиқни сақлаш муассасаларида мутахассислар етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар қатор йиллардан буён ўз ечимини топмаяпти. Тиббиёт муассасаларида фтизиатр, психиатр, онколог, инфекционист, гематолог, рентгенолог ва умумий амалиёт шифокорларига эҳтиёж катта.

Сессияда навбатдаги ёшларга оид давлат сиёсатининг туманда амалга оширилиши ҳолати масала юзасидан туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, маънавий-маърифий ҳамда ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Санжар Имомов ахборот берди.

Танқидий таҳлил асосида ўтган намунали сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг раиси Н.Йўлдошев сўзга чиқиб, тумандаги мажуд муаммоларни ҳал этилиши учун сиёсий партиялар ва депутатлар фаолиятини жонлантириш лозимлигини таъкидлади. Бунинг учун очиқлик, депутатлик сўровлари бўйича депутатлар малакасини ошириш, қарор ижросининг таъминланишини назорат қилиш амалиётини кучайтириш бўйича тавсиялар берди ва муҳокама этилган масалалалар юзасидан фикрларини билдирди.

Сессия якунида муҳокама қилинган масалалар бўйича қарор лойиҳаси тасдиқланди.



Киритилган вақти: 20/07/2017 09:14.   Кўрилганлиги: 2115
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/local_council/council_documents/jomboy-tuman-kengashi-sessiyasi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 12

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.