Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Cоғлом овқатланишни ташкил этиш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида вилоятда амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи тўғрисида

Cоғлом овқатланишни ташкил этиш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида вилоятда амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи тўғрисида

Бугунги кунда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, бу соҳада фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтириш масаласи нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё жамоатчилигини ўйлантирмоқда.

Бугунги кунда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, бу соҳада фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтириш масаласи нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё жамоатчилигини ўйлантирмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунёда 2 млрд. (26 фоиз) инсон темир моддаси, А витамини каби одам организми учун ўта зарур бўлган органик микроэлементларни талаб даражасида истеъмол қилмайди. Шу туфайли 155 млн. бола (7 фоиз) ўсиш ва ривожланишда орқада қолаётганлиги, 52 млн. бола (2 фоиз) эса сурункали чарчашдан азият чекмоқда.

Мазкур ташкилот Европа минтақаси мамлакатларида ўлим ва ногиронликка сабаб бўлувчи 4 та асосий юқумсиз касалликни аниқлаган. Булар - юрак-қон томир касалликлари, диабет, саратон касалликларидир. Сурункали касалликларнинг умумий юки 77 фоизни, бу эса эрта ўлимнинг қарийб 86 фоизини ташкил этмоқда. Хусусан, ҳозирги кунда дунёдаги 1,62 млрд. (21 фоиз) инсон организмида темир моддаси етишмаслиги оқибатида турли касалликка чалингани аниқланган. Ушбу касалликлар алоҳида гуруҳга ажратилиб, бу касалликларнинг келиб чиқиши камҳаракат қилиш, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқдир.

Мамлакатимизда мазкур масалага давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларга сифатли тиббий ва ижтимоий-тиббий хизмат кўрсатиш, оила саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.

Халқимизнинг соғлом турмуш тарзига, хусусан, миллатимиз тақдирига дахлдор долзарб масалалар юзасидан мамлакатимизда зарур чоралар кўрилиб, ушбу соҳадаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий ва ташкилий механизмлари яратилди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда соғлом овқатланишини ташкил этишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 январдаги «Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони соҳада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Бироқ мамлакатимизда бу соҳада қатор комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, муаммолар тўлиқ ҳал этилмаяпти. Аҳоли орасида ҳали ҳам овқатланиш рационига тўлиқ риоя қилмайдиганлар сони кўплигича қолмоқда.

Халқимиз овқатланиш рационида ёғ ва қанднинг улуши юқори бўлиб, микроэлементлар, айниқса, йод ва темир моддаси танқислиги кузатилмоқда.

Юртимизда 18 ёшдан 64 ёшгача бўлган аҳолининг 16,4 фоизида жисмоний фаолликнинг камлиги, 25 фоизи тамаки маҳсулотларини, 19 фоизи спиртли ичимликларни истеъмол қилиши ва соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслиги бу борадаги ҳолатни янада ёмонлаштирмоқда. Натижада, мамлакатимизда катта ёшдаги аҳолининг 50 фоизи ортиқча вазндан, 34 фоизи қон босими ошишидан азият чекмоқда. Бу эса, ўз навбатида, қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари, бош мия қон айланиши фаолиятининг бузилиши, бўғин касалликлари ва бошқа бир қанча хасталикларнинг ривожланишига олиб келмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 40 ёшдан 64 ёшгача бўлган аҳолининг 34 фоизини қон айланиши тизими касалликлари ривожланиши билан ўн йилдан ортиқ вақт хасталанганлар ташкил қилади.

Вилоят эндокринология ва кардиология диспансерларидаги “Семизлик”, “Қандли диабет”, “Юрак-қон томир касалликлари” “Камқонлик” ва “Онкологик касалликлар” каби овқатланиш билан боғлиқ касалликларнинг статистик кўрсаткичлари Каттақўрғон шаҳар, Нуробод, Булунғур, Иштихон, Нарпай, Оқдарё, Пахтачи, Тойлоқ, Ургут ва Самарқанд туманларида йилдан-йилга ошиши кузатилмоқда. Демак, ушбу ҳудудларда аҳолининг тўғри овқатланиши бўйича ишлар етарли эмас.

Умумий ўлимнинг 60 фоизи юрак қон-томир касалликлари сабаблидир. Ушбу бўлимлар очилди. Вилоят аҳолисига юқори технологик ёрдам кўрсатиш мақсадида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ангиограф ўрнатилди ва ҳозирги кунгача 200 нафар бемор коронараграфиядан ўтказилиб, уларнинг 150 нафари эндоваскуляр операциядан ўтказилди.

Бирламчи профилактика муҳимлигини эътиборга олиб, профилактик кўрикларда аниқланган гипертония, қонда қанд миқдорининг ошиши ва семизликда умумий амалиёт врачлари ҳамда патронаж ҳамширалар томонидан парҳез овқатланиш бўйича тушунчалар берилмоқда.

Шу билан бирга, вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд 45 та стационар тиббиёт муассасаси ва санаториялардан 26 тасига 20 штат бирлигида диетолог штати ажратилган бўлиб, қолган 19 та муассасада бу штат ажратилмаган. Фаолият кўрсатаётган диетологларнинг асосий қисми диетолог мутахассислигини олмаган терапевтлардир. Шу сабабли, тиббиёт муассасаларида беморларни даволашда жорий қилинган 15 та парҳез столлар бўйича парҳез таомлар тайёрланмаяпти. Бу эса беморларни соғайиши учун муҳим бўлган тўғри овқатланиш тамойилларига риоя қилинишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Самарқанд вилоятида соғлом овқатланишни ташкил этиш ва аҳолига соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасига мувофиқ, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати А.Шодмоновнинг “Соғлом овқатланишни ташкил этиш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида вилоятда амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи тўғрисида”ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
  2. Вилоят ҳокимининг ўринбосари (Р.Қобилов) 10 кун муддатда вилоят аҳолисининг соғлом овқатланишини ташкил этиш, уларнинг жисмоний фаоллик даражасини ошириш ҳамда соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқсин ва тасдиқлансин.
  3. Вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси (А.Жўраев) ва вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази (О.Бойқобилов)ларга:

вилоятда патронаж таҳлиллари, овқатланиш ва жисмоний ҳаракат билан боғлиқ касалликларни барвақт олдини олиш, соғлом овқатланишни ташкил этиш ва аҳолига соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасидаги фаолияти бўйича аниқланган муаммо ва камчиликлари кўрсатиб ўтилсин;

бу борада йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан бир ойлик муддатда аниқ чора-тадбирлар белгилаб, тегишли ишларни янада кучайтириш вазифаси юклансин.

  1. Вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси (А.Жўраев), вилоятдаги марказий кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалари бош врачларига:

патронаж жараёнида оилаларда тиббий маданиятни ошириш ва ҳар бир кишининг ўз саломатлиги ва болалари саломатлиги учун масъулиятини оширишга қаратилган мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш;

аҳоли ўртасида баркамол авлодни тарбиялаш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий этика ва деонтология, санитария-гигиена кўникмалари, оқилона овқатланиш қоидаларига риоя этиш, туғма патология ва ирсий касалликларни камайтиришга йўналтирилган профилактика тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

вилоятда соғлом овқатланиш маданияти ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли ўртасида овқатланишнинг бузилиши билан боғлиқ турли касалликларни олдиндан аниқлаш ва уларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш;

соҳада юқумли бўлмаган касалликларга чалиниш хавфи омилларини барвақт аниқлаш механизмларини жорий этиш орқали аҳоли ўртасида турли касалликка чалиниш, уларни эрта аниқлаш, хусусан, ногиронликни барвақт профилактика қилиш ишларини жадаллаштириш;

ҳомиладор ва эмизикли аёллар, шунингдек, 3 ёшгача бўлган болаларнинг тўлиқ овқатланишини ташкил этиш, даволаш жараёнининг ажралмас қисми сифатида даволаш-профилактика муассасаларида парҳезли (даволаш ва профилактик) овқатланишни тизимли равишда босқичма-босқич яхшилаб бориш;

малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда клиник, биокимёвий лаборатория ва инструментал тадқиқотлар ўтказиш, аҳолининг бевосита яшаш жойларида профилактик тиббий кўриклар ташкил этиш орқали уларни сурункали ва хавфли касалликлардан профилактика қилиш чора-тадбирларни амалга ошириш;

вилоятда соғлом овқатланишни ташкил этиш ва аҳолига соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига таҳлилий ахборот тақдим этиб бориш топширилсин.

  1. Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари (Р.Қобилов, Х.Шодиева), вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи (Ш.Ахмедов), Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари (М.Бобоёров), ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи (А.Насимов), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси (А.Аслонов), Республика Маънавият-маърифат маркази вилоят бўлими бошлиғи (Ў.Усмонов)га:

вилоятда соғлом овқатланиш соҳасида кенг тушунтириш ишларини ташкил этиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида аҳоли орасида соғлом овқатланиш маданиятини оммавийлаштириш жараёнига, жамоат, фан-таълим, санъат арбоблари ва спортнинг таниқли усталарини жалб этиш;

ҳар бир маҳаллада аҳоли орасида, энг аввало, ёшлар орасида соғлом овқатланиш, жисмоний фаолликни тарғиб этиш, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмоли соғлиқ учун зарарли оқибатларга олиб келишини тушунтириш ва соғлом турмуш тарзини тарғибот-ташвиқот қилиш;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини 20 ёшга тўлмаган шахсларга сотиш, таълим, спорт ва диний муассасалардан 500 метрдан кам радиусда жойлашган савдо объектларида реализация қилишга йўл қўймаслик устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

алкоголь ва тамаки маҳсулотлари реализация қилинадиган жойларда уларни 20 ёшга тўлмаган шахсларга сотишга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги, шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзувларни жойлаштириш;

овқатланиш билан боғлиқ касалликлар тарқалишини камайтиришга йўналтирилган соғлом овқатланиш масалалари бўйича аҳоли учун буклет ва бошқа тарқатма материалларни ишлаб чиқиш ҳамда бу борадаги тадбир ва тушунтириш ишларини оммавий ахборот воситаларида туркум материаллар билан ёритиб бориш вазифалари топширилсин.

  1. Вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат маркази (О.Бойқобилов), Мактабгача таълим (Н.Садинова), Халқ таълими (Р.Юлдошев), Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими (А.Насимов), Соғлиқни сақлаш (А.Жўраев) бошқармалари бошлиқлари:

таълим муассасаларида соғлом ва хавфсиз овқатланишни ташкил этиш учун санитария қоида, норма ва гигиена нормативлари асосида кунлик ва ҳафталик таомномаларни тузиш, соғлом овқатланишга йўналтирилган овқатланиш рационлари ва маҳсулотлари рўйхатини тасдиқлаш;

мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ошхоналарида сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар, шунингдек, уларда фойдаланиладиган технологик жиҳозларнинг санитария қоида, норма ва гигиена нормативларига мослигини, ошхоналар ходимларининг санитария-гигиена тадбирлари, эпидемияга қарши чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва унинг қатъий бажарилишини таъминлаш;

умумий ўрта таълим муассасаларининг бошланғич синф ўқувчилари ўртасида “Саломатлик”, “Соғлом овқатланиш” каби очиқ дарсларни ташкил этиш орқали ўқувчиларда саломатликнинг қадри ва уни мустаҳкамлаш зарурлиги тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш, уларни соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш қоидалари билан таништириш борасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш;

таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш юзасидан доимий мониторинг олиб бориш, жумладан, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида мунтазам равишда сўровномалар ўтказиб бориш;

таълим муассасаларида ошхоналарда тайёрланаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар сифатини ўрганиш бўйича комиссиялар ишини жонлантириш, бириктирилган ҳамшира, соғлом овқатланишни ташкил этиш масалалари учун масъул ходим ва ўқувчиларнинг ота-оналари таълим муассасаси ошхонасида тайёрланаётган таомлар сифатини доимий равишда ўрганиб бориш ва ўрганиш натижаларини алоҳида юритиладиган махсус журналда қайд этиш;

мониторинг натижаларини ҳар чоракда мактабгача таълим, халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари раҳбарлари ҳузуридаги йиғилишларда ва таълим муассасаларининг педагогик кенгашларида мунтазам равишда муҳокама қилиб боришни таъминласин.

  1. Вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази (О.Бойқобилов) ва таълим муассасалари раҳбарлари:

таълим муассасаларидаги ошхоналарда ижарачилар томонидан ўқувчилар учун соғлом овқатланишни ташкил этиш, соғлиқ учун зарарли бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар савдосига йўл қўймаслик, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатли сақланишини таъминлаш, таълим муассасасида ижарага олинган ошхонадан фойдаланиш бўйича санитария қоида, норма ва гигиена нормативларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш;

жисмоний ва юридик шахслар томонидан сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар сифати, таълим муассасалари ошхоналаридаги мавжуд технологик жиҳозларнинг санитария қоида, норма ва гигиена нормативлари ҳамда санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирлар бажарилишига риоя қилиш, бу борада назоратни янада кучайтириш чора-тадбирларини кўрсин.

  1. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши (М.Бобоёров), Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими (А.Насимов), Жисмоний тарбия ва спорт (Ш.Рўзиев) бошқармалари бошлиқларига:

оилалар, маҳалла, таълим муассасалари, тиббиёт масканларида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний тарбия ва спорт маданиятини ривожлантириш борасидаги тарғибот-тушунтириш тадбирларини янада кучайтириш;

таълим муассасаларидаги жисмоний тарбия залларида бепул спорт секциялари ва тўгаракларини ташкил этиш ҳамда уларни кенгайтириш;

ёшларни жисмонан соғломлаштириш мақсадида маҳалла ёшлари, таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида турли спорт мусобақаларини ўтказиш ва унинг натижаларига кўра, уларни мунтазам равишда рағбатлантириш чораларини кўрсин.

  1. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси (Б.Шарофов)га:

аҳолининг соғлом овқатланиши ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш устидан депутат ва жамоатчилик назоратини янада кучайтириш;

ҳар ойнинг 10 санасигача тегишли мутасаддиларнинг вилоятда соғлом овқатланишни ташкил этиш ва аҳолига соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар юзасидан ҳисоботларини олиш ҳамда ҳар чорак якунида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши (М.Бобоёров), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши (А.Асланов), Халқ таълими (Р.Юлдошев), Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими (А.Насимов), Жисмоний тарбия ва спорт (Ш.Рузиев) бошқармалари, таълим муассасалари раҳбарлари ва соҳа мутахассислари иштирокида вилоят Кенгашининг сессиясида танқидий-таҳлил асосида муҳокама қилиш чораларини кўриш вазифалари топширилсин.

  1. Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати (М.Ибодуллаев)га:

вилоятдаги оммавий ахборот воситаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш ва аҳолига соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича мунтазам равишда олимлар, мутахассислар, шифокорларнинг чиқишларини ташкил этиш чораларини кўриш;

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ушбу қарорини вилоятдаги оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш ҳамда вилоят ҳокимлигининг интернетдаги расмий веб-сайтида жойлаштириш вазифалари топширилсин.

  1. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси (Б.Шарофов) ва вилоят ҳокимининг ўринбосарлари (Р.Қобилов, Х.Шодиева) зиммасига юклатилсин.
  2. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Вилоят Кенгаши раиси                            Э.Турдимов

2018 йил 24 август                 

 

 


Охирги ўзгариш: 10/09/2018 22:50.   Кўрилганлиги: 3527
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/local_council/council_documents/coglom-ovqatlanishni-tashkil-etish-va-aholi-ortasida-soglom-turmush-tarzini-targib-qilish-borasida-viloyatda-amalga-oshirilayotgan-ishlarning-ahvoli-togrisida

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 4

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.