Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2014 йил 22 октябрдаги 992-II-сонли ва Сенатининг 2014 йил 13 ноябрдаги CҚ-454-II-сонли Қарорлари билан тасдиқланган ва шу ҳақдаги 2014 йил 11 декабрдаги 315-37-сонли Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг қарори билан тасдиқланган “2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш” ҳудудий дастурига асосан вилоятда 2015 йил давомида 94500 та, январ-июн ойларида 45316 та иш жойлари ташкил этиш белгиланган бўлиб, амалда 47185 та иш ўринлари яратилди ёки дастур кўрсаткичи 104,1 фоизга бажарилган.
Шу билан бирга, вилоятда айрим шаҳарлар ва туманларда тегишли чоралар кўрилмаганлиги сабабли белгиланган дастурнинг баъзи параметрлари ижроси тўлиқ таъминланмаган. Жумладан,
- ишламаётган корхоналар фаолиятини тиклаш йўналишида Каттақўрғон шаҳрида 69,4 фоизга (134 тадан 93 та), Оқдарё туманида 75 фоизга (100 тадан 75 та), Жомбой туманида 84 фоизга (25 тадан 21 та), Нарпай туманида 22,5 фоизга (89 тадан 20 та);
- тижорат банкларининг кичик корхоналар ва микрофирмаларни ташкил этиш учун ажратиладиган кредитлари ҳисобига яратиладиган иш ўринлари йўналиши Каттақўрғон шаҳрида 73,7 фоиз (353 тадан 260 та), Нарпай туманида 49,1 фоизга (562 тадан 276 та), Пайариқ туманида 46,3 фоизга (933 тадан 432 та);
- якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш йўналиши Булунғур туманида 60,2 фоиз (387 тадан 233 та), Жомбой туманида 60,4 фоизга (363 тадан 241 та), Қўшработ туманида 66,2 фоизга (207 тадан 137 та) бажарилган.
Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросини таъминлаш ва мувофиқлаштириш бўйича шаҳар, туман ишчи комиссиялари аъзолари томонидан масъул ҳисобланган йўналишлар бўйича амалий ёрдам кўрсатмаслиги натижасида дастурга киритилган баъзи лойиҳалар амалга ошмасдан қолган.
Аҳоли бандлигини ва шу асосда унинг даромадлари ва ҳаёт даражасини ошириш, ташқи меҳнат миграциясидан қайтаётган фуқаролар учун барқарор иш жойлари захирасини тайёрлаш, шаҳар ва туманларда шаклланган меҳнат бозорининг эҳтиёжлари ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш устуворликларини инобатга олиб янги иш жойлари яратилиши юзасидан жавобгарликни кучайтириш мақсадида халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Б.Раҳматуллаевнинг 2015 йилнинг биринчи ярим йиллигида иш ўринлари ташкил қилиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш тўғрисидаги ҳудудий дастурнинг ижроси юзасидан ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси (С.Холматов) Каттақўрғон шаҳар (Ш.Раҳмонов), Оқдарё (Н.Бердибоев), Жомбой (Ҳ.Бўриев), Нарпай (Б.Юсупов) туманлари ҳокимликлари билан биргаликда ишламаётган корхоналар фаолиятини тиклаш йўналишида 2015 йил биринчи ярим йиллигида белгиланган лойиҳаларнинг муаммоларини таҳлил этиб, уларни бартараф этган ҳолда белгиланган иш ўринларини ташкил этилишини таъминласин.
3. Марказий банк вилоят бош бошқармаси (Ғ.Маматқулов) Каттақўрғон шаҳар (Ш.Раҳмонов), Нарпай (Б.Юсупов) ва Пайариқ (А.Жўраев) туманлари ҳокимликлари билан биргаликда тижорат банкларининг кичик корхоналар ва микрофирмаларни ташкил этиш учун ажратиладиган кредитлари ҳисобига 2015 йил январ-июн ойларида яратилмаган иш ўринларини таҳлил қилиб, тегишли амалий ёрдам кўрсатган ҳолда белгиланган иш ўринларини ташкил этилишини таъминласин.
4. Вилоят давлат солиқ бошқармаси (А.Мирзараҳимов) Булунғур (Ҳ.Абжалов), Жомбой (Ҳ.Бўриев) ва Қўшработ (А.Алиходжаев) туманлари ҳокимликлари билан биргаликда 2015 йил 6 ойи давомида якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш йўналишида ташкил этилмаган тадбиркорлик субъектларини ҳудудларда тадбиркорлик фаолияти билан норасмий тарзда шуғулланаётган фуқароларга мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун яратилаётган имтиёзларни тушунтирган ҳолда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиб фаолият кўрсатишини ташкил этсин.
5. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Худжаёров, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари:
вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш (Б.Раҳматуллаев) ҳамда Иқтисодиёт (Н.Сулаймонов) бош бошқармалари билан ҳамкорликда 10 кун муддатда аниқ корхоналар бўйича 2015 йилнинг иккинчи ярим йиллигида иш ўринлари ташкил этиш тармоқ дастурларини, шунингдек, кўп меҳнат талаб этадиган ишлаб чиқаришларни модернизациялаш ва технологик янгилашни, ишчи кучларига бўлган талаб ва таклифнинг мавсумий ўзгаришини ҳисобга олиб, илгари ташкил этилган иш ўринлари сақлаб қолиниши ва барқарор фаолият юритишини сўзсиз таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни;
вилоят ҳокимлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси (Р.Юлдашев) ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси (Б.Раҳматуллаев) раҳбарлари иштирокида икки ҳафта муддатда касб-ҳунар коллежлари билан ўзаро ҳамкорликни янада такомиллаштириш, айниқса, битирувчилар эгаллаган маълумотлари бўйича иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин.
6. Ҳар чоракда вилоят, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари йиғилишларида 2015 йилнинг иккинчи ярим йиллигида иш ўринлари ташкил этиш дастурлари ва тасдиқланган чора-тадбирлар амалга оширилишининг боришини танқидий кўриб чиқиш белгилаб қўйилсин.
Бунда асосий эътибор ташкил этилган иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш мақсадида меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси ҳамда ваколатли ташкилотлар билан биргаликда яратилган иш ўринларини инвентаризациядан ўтказиш натижаларига қаратилсин.
7. Вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш (Б.Раҳматуллаев)га Иқтисодиёт бош бошқармаси (Н.Сулаймонов), Статистика бошқармаси (Ж.Мийлиев), туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда:
дастурнинг бажарилиши мониторингини тизимли олиб борилишини таъминлаш;
ишсизларни ишга жойлаштириш, шу жумладан уларни касб-ҳунарга қайта ўқитиш ва қайта тайёрлаш, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига йўллаш, шунингдек, “Бўш иш ўринлари ярмаркалари”ни ўтказиш орқали ишга жойлаштириш тадбирларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юклатилсин.
8. Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси (Ғ.Маматқулов), тижорат банклари билан биргаликда:
ўн кун муддатда 2015 йилнинг иккинчи ярмида тижорат банклари томонидан банклар, туман ва шаҳарлар, шунингдек бандлик йўналишлари бўйича хўжалик юритувчи субъектларнинг иш ўринлари ташкил этишни таъминлайдиган бизнес-лойиҳаларини молиялаштириш, шу жумладан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун кредит маблағлари ажратиш прогноз параметрларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
иш ўринлари ташкил этиш учун, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига ажратилаётган кредит ресурслари бўйича кенг реклама-тушунтириш ишларини доимий равишда амалга ошириш ҳамда тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга ўз бизнесини ташкил этиш ва ривожлантириш учун таклиф қилинадиган кредит маблағларининг банк фоизларини белгиланган тартибда камайтириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
9. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси (З.Каримов)га юклансин.
Вилоят Кенгаши раиси З.Мирзаев
2015 йил 21 июль
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 7
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.