Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги ПФ-4609-сонли “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги ПФ-4609-сонли “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳақида

Самарқанд вилояти ҳокимининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги ПФ-4609-сонли “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида 

         ҚАРОР ҚИЛАМАН:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги ПФ-4609-сонли “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.

2. Мазкур Фармон билан:

2014-2015 йилларда Инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар Дастури (кейинги ўринларда чора-тадбирлар Дастури) 1-иловага* мувофиқ тасдиқланганлиги.;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

чора-тадбирлар Дастурига киритилган тадбирларнинг амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатиши, шу жумладан уларни амалда жорий этишнинг натижадорлиги тўғрисида тадбиркорлик субъектлари ўртасида мунтазам сўровлар ўтказиш йўли орқали назоратни таъминлаши;

икки ҳафта муддатда лицензия ва рухсатнома характерига эга ҳужжатларни олиш тартиботларидан ўтиш тартибини тубдан қисқартириш, соддалаштириш ва арзонлаштириш бўйича аниқ таклифларни киритиши.;

2014 йилнинг 1 июнидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтларида чоп этилмаган уларнинг тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатлари учун тадбиркорлик субъектларига жавобгарлик чоралари қўллаш таъқиқланиши;

тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнини мураккаблаштиришни ва тадбиркорлик субъектларига янги юридик мажбуриятлар юклатишни назарда тутадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектларига юридик жавобгарликнинг янги чораларини белгилайдиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар улар расман чоп этилган фурсатдан бошлаб, уч ойдан олдин бўлмаган муддатда кучга киритилиши белгилаб қўйилганлиги.;

солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлайдиган, шунингдек ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларини ва рентабеллигини таъминловчи кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини солиқ текширувидан ўтказишга қўлланилган мораторий 2017 йилнинг 1 январигача бўлган муддатгача узайтирилиши (юридик шахсларни тугатишдаги, қўзғатилган жиноий ишлар доирасидаги, шунингдек бюджет ва марказлаштирилган маблағлар ва ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ режадан ташқари текширувлар бундан мустасно);

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, хўжалик бошқаруви органларининг 2014 йилнинг 1 июлидан бошлаб саноатнинг кўп меҳнат талаб қиладиган айрим тармоқлари бўйича кичик корхоналар ишчиларининг чекланган ўртача йиллик сонини ошириш тўғрисидаги таклифи 2-иловага мувофиқ қабул қилинганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қўшимча таклифларни киритган ҳолда иқтисодиётнинг кўп меҳнат талаб қиладиган тармоқларида фаолият юритаётган микрофирмалар ва кичик корхоналарда қўшимча иш ўринларини ташкил этиш юзасидан тизимли мониторинг ўрнатиши.;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига уларнинг ҳисобварақларидан солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда банклар хизматлари учун тўловлар ундириш амалиётини бекор қилишлари;

шундай тартиб ўрнатилганлиги, унга мувофиқ:

хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ, молиявий ҳисоботларни тақдим этмаслик ва уларни кўрсатилган манзилда йўқлиги ҳолатларида уларнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш давлат солиқ хизмати органлари томонидан фақат суднинг тегишли қарори асосида амалга оширилиши;

2014 йилнинг иккинчи чораги учун солиқ солишдан бошлаб, янгидан ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари (чакана савдо ташкилотларидан ташқари) қурилиши якунланган объектни қабул қилиш ҳужжати тасдиқланганидан кейин 6 ой давомида, бироқ уларнинг давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг бир йилдан кўп бўлмаган даврда, ягона солиқ тўлови ва ягона ижтимоий тўловни, ушбу тўловларнинг тасдиқланган энг кам миқдорларини ҳисобга олмаган ҳолда, амалда бажарилган иш ҳажмларидан келиб чиқиб тўлашлари;

2015 йилнинг 1 январидан бошлаб, кичик тадбиркорлик субъектлари статистика ҳисоботларини йилда бир маротаба тақдим этишлари, бунда статистика органлари ҳар чоракда фаолиятнинг тегишли йўналишлари ва соҳалари бўйича танланма асосдаги ўрганишларни ўтказиб боришлари.;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартишлар киритилганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиши маълумот учун қабул қилинсин.

3. Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари (Х.Худжаёров, О.Очилов) бошқармалар, ташкилотлар ҳамда шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда иловадаги чора-тадбирлар Дастурига киритилган тадбирларни тегишли бандларини белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминласинлар.

4. Бошқармалар, ташкилотлар ҳамда шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари бир ой муддатда ўзларининг расмий веб-сайтларида тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга солувчи ахборотларни жойлаштирсинлар ва кейинчалик уларни доимий равишда янгилаб борсинлар, бунда қуйидагиларга асосий эътибор қаратилсин:

улар томонидан қабул қилинган идоравий меъёрий-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни мажбурий равишда жойлаштириб бориш (тарқатилиши чегараланган ҳужжатлар ва тижорат сири баён этилган ҳужжатлар бундан мустасно);

тадбиркорлик субъектларига рухсатнома характерига эга ҳужжатларни, лицензиялар, сертификатлар ва бошқаларни расмийлаштириш ва беришнинг тартиби ва муддатлари;

тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатишнинг муддатлари ва нархи.

Бошқармалар ва ташкилотлар ҳамда шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари раҳбарлари зиммасига белгиланган талабларга мувофиқ, уларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштириладиган ахборотнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилсин.

5. Вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати (М.Ибодуллаев), компьютерлаштириш маркази (З.Туйчиев), Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси (Д.Хўжамбердиев), вилоят Адлия бошқармаси (Х.Маматов) бошқармалар ва ташкилотлар ҳамда шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг расмий веб-сайтларини юритишда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалалари бўйича қўйиладиган талабларга риоя этилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин.

6. Вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш (А.Шарапов), Иқтисодиёт (Н.Сулаймонов) Бош бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда вилоят ҳокимлигига қўшимча таклифларни киритган ҳолда иқтисодиётнинг кўп меҳнат талаб қиладиган тармоқларида фаолият юритаётган микрофирмалар ва кичик корхоналарда қўшимча иш ўринларини ташкил этиш юзасидан тизимли мониторинг ўрнатсин.

7. Вилоят ҳокимининг айрим қарорларига 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

8. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Х.Худжаёров ва О.Очиловлар зиммасига юклансин.


Вилоят ҳокими                                                          З.Мирзаев


Киритилган вақти: 02/12/2014 16:17.   Кўрилганлиги: 3875
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/documents/for_population_and_businesses/zbekiston-respublikasi-prezidentining-2014-yil-7-apreldagi-pf-4609-sonli-zbekiston-respublikasida-investitsiia-ilimi-va-ishbilarmonlik-muitini-ianada-takomillashtirishga-doir-shimcha-chora-tadbirlar-trisidagi-farmoni-aida

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 12

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.