Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Шайх Худойдоди Вали зиёратгоҳи

Шайх Худойдоди Вали зиёратгоҳи

Шайх Худойдоди Вали - Кармана фарзанди. Унинг шу заминда туғилиб ўсганлиги манбаларда ўз тасдиғини топган. Сўнгги макони Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги Fазира қишлоғи эсада, ҳаёти ва фаолиятининг камолот даври она тупроғи билан боғлиқ. Шайх Олим Азизоннинг «Ламаҳот мин нафаҳотул қудус», Абу Тоҳирхожанинг «Самария», Муҳаммад Шариф ал-Ҳусайнийнинг «Ҳужжат ул-зокирин», Роқим Самарқандийнинг «Тарихи касира», Мавлоно Саиднинг «Маноқиби Худойдоди Вали» каби йигирма бешдан ортиқроқ нодир манбаларда бу ҳақиқатнинг тасдиғи бор. 

Она Ватанимиз мустақиллигидан кейингина бу мавзуда эркин сўз айтиш имконияти туғилди. Илмий ва адабий тадқиқотларга қўл урилди. Қисқа бир даврда А.Ҳотамов ва Ш.Халиловларнинг «Йиллар садоси» (1995), А.Раҳмоновнинг «Авлодлар манзили» (1996), С.Иноятов, О.Ҳайитоваларнинг «Кармана тарих кўзгусида» (1996), Р.Қодировнинг «Қосим Шайх ёдгорлик мажмуи» (буклет 1997), С.Иноятов, Ҳ.Тўраев, М.Саидовларнинг «Қосим Шайх Азизон» (2000), С.Иноятовнинг «Соҳибқирон ва темурийлар назари тушган диёр» (2002), О.Ҳайитованинг «Карманалик буюк сиймолар ва муқаддас қадамжолар» (2004), А.Ҳотамов, Н.Бекниёзовларнинг «Кармана - қадимий диёр» (2007), С.Иноятов, А.Қандаҳоровларнинг «Шайх Худойдоди Вали - Кармана фарзанди» (2008) ва Суюндуқ Мастафо Нуротои «Кармана азизлари» (2010) китоблари чоп этилди. Тадқиқотлар янги манбалар билан бойитилиб, тарихий хотиранинг унутилган жиҳатлари бирмунча тикланди.

Муҳим мавзу сифатида илм аҳлининг эътиборини тортди. Айни пайтда тадқиқотлар давом эттирилмоқда. Ўз даврида Абдурауф Фитрат «Яссавий мактаби шоирлари тўғрисида текширишлар» мақоласида Худойдоди Валини Сулаймон Боқирғоний, Иқоний, Машраб, Қул Шароф, Фақирий, Хуббий, Қул Шарифий, Қосим, Насиҳий, Шуҳудий, Гадоий, Беҳбудий ва Тож каби тасаввуф шоирлари рўйхатига бежиз киритмаган. («Яссавий ким эди?». Тошкент. «Мерос». 1994 йил. 35-бет.) Чунки бу зот валий, пири комил ва ҳассос шоир ҳам бўлганлар. Худойдоди Вали - яссавия тариқатининг ўн биринчи ҳалқаси муршиди. Бу зот - тариқат султони, ҳақиқат бурҳони, орифлар қутби, улуғлар Қавси, обидлар қаймоғи, комиллар пешвоси, шариат ва ҳақиқат жамловчиси сифатлари билан улуғланади. Эллик нафар комил муршидларни тарбия этган.

Шайх Худойдоди Вали зиёратгоҳи олти асрлик тарихга эга. Бу табаррук тупроқда Яссавия тариқатининг етук намоёндаларидан бири, ғазаллари билан ўзбек адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшган мутасаввуф шоир ва олим Ҳазрати Азизон Шайх Худойдоди Валининг хоки қўним топган. Даставвал, истиқлолнинг илк йилларида тарихий қадамжо таъмирланиб, хонақоҳ ва унинг атрофи ободонлаштирилди. 2011 йилда эса ҳазрат таваллудининг 550 йиллик юбилейи муносабати билан дарвоза ва бинолар, маънавият маркази барпо этилди. Хонақоҳ ўрнида гумбазли баланд мақбара қурилди. 

Айни кунларда зиёратгоҳ Самарқанд вилоят ҳокимлиги саъй-ҳаракати билан тубдан қайта қурилмоқда. – Дарвозахона кенгайтирилди, кўча томонда ғиштин девор қурилди, – дейди туман бош архитектори Зиёқул Аллабоев. – Ичкари ҳовли сатҳига рангли плиталар ётқизилиб, йўлаклар барпо этилмоқда. Мақбара гумбази ва унинг ташқарисига турфа рангларда жило берилиб, сайқалланмоқда.

Ўндан зиёд алоҳида гулзор, яшил ўтлоқ, юзлаб манзарали дарахт ниҳоллари экилган кўркам боғ-хиёбон барпо этилаётир. Мақбара чап томонидаги айвон нақшинкор устунлардан иборат кенг, баланд қилиб қурилмоқда. Қадамжодаги ҳовуз кенгайтирилиб, атрофи йўлаклар, яшил ўтлоқлардан иборат дизайнда ўзгартирилди.

Табаррук маскан кўҳна Ғазира қишлоғининг кунчиқар томонида тепаликда жойлашган.

Ҳаводор мақбара гумбази йигирма чақирим узоқликдан кўзга ташланади. Қадамжонинг архитектуравий кўринишига соя соладиган аҳоли турар-жойлари, қўшимча қурилишлари олиб ташланди.

– Шайх Худойдоди Вали ҳазратлари қабрини зиёрат қилиш учун Арабистон, Покистондан, ғарб мамлакатларидан ҳам меҳмонлар ташриф буюришмоқда, – дейди туман бош имом хатиби Хайрулла Сатторов. – Унинг илмий-адабий мероси юртимиз алломалари қаторида ЎзФА Шарқшунослик институти фондида, ислом ва араб давлатлари кутубхона ва музейларида сақланмоқда.

Ҳазрати Шайх Азизоннинг илмий фаолияти ва бой адабий меросини ўрганиш ҳамда халқимизга етказишда мустақиллик йилларида катта эътибор берилаётгани қалбимизга шукуҳ бағишлайди. Зиёратгоҳнинг ҳовли саҳнига ётқизилган гулдор плиткалар мўъжизанинг ўзгинаси.

Яшил майсазор, йўлаклар ва ўриндиқлар, гулзорлар – барисини бир-бирига уйғунлиги ҳайратингизни оширади. Ҳовуз бўйи, атрофидаги дарахт ниҳоллари ва ёриткич чироқлари эса янаям кўркамлик бахш этмоқда.

Ривоят қилишларича, Нақшбандия тариқати намояндаси Маҳдуми Аъзам Даҳбедий ҳазратлари кексайиб қолган чоғларида Тошкент тарафларга ўтаётганида от-араваси, туяларини шу масканда – Шайх Худойдоди Валининг уйларида тўхтаб, бир кеча дам олар эканлар. Бирлари тўқсонда, бирлари эса қирқ ёшларда бўлган иккала тасаввуф алломалари илм-у урфон, имон-эътиқод мавзусида суҳбат қуриб, Ҳазрати Азизон Маҳдуми Аъзамни кунчиқар маҳали йўлларига кузатиб қўяр эканлар.

Ҳозирги кунда шу икки улуғ аллома қадамжолари – Шайх Худойдоди Вали мақбараси ёнидан қарасангиз, Оқдарё бўйидаги чинорлари кўкка бўй чўзган Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳи кўзга ташланади. Ва мўъжизани қаранг-ки, Ғазира тепаликларидан нигоҳингиз Самарқанднинг Регистонига ҳам тушади. Зеро, авлиёлар макон топган тупроқ табаррук, кўзга суртгуликдир.


Охирги ўзгариш: 12/09/2015 22:04.   Кўрилганлиги: 5622
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/about_region/shrines/shayx-xudoydodi-vali-ziyoratgohi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 14

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.