Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқанд – Амир Темур давлатининг пойтахти

Самарқанд – Амир Темур давлатининг пойтахти

1370 йили Амир Темур Балх шаҳридаги катта қурултойда Мовароуннаҳр ҳукмдори этиб сайланди. Мў­ғуллар ҳукмронлиги даврида мамлакат пароканда бўлган, давлатчиликка путур етгани боис. Соҳибқирон олдида мамлакатни қайта тиклашдек улкан ва машаққатли вазифалар турарди. 

Амир Темур яратилиши лозим бўлган қудратли давлатига пойтахт зарурлигини яхши биларди. У Мовароун­наҳрдаги ша­ҳарларни бирин-кетин кўз олдига келтириб, Самарқандга тўхталди. Амир Темур Балхдан қайтгач, она шаҳри Кеш – Шаҳри­сабзда бироз дам олгач, Самарқандга йўл олди. Бу вақтда ўз тарихий шон-шуҳрати билан танилган Самарқанд хароба ҳолатида эди.

Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар Самарқандни шу даражада вайрон қил­ди­ларки, уни қайта тиклашнинг иложи бўл­ма­ди ва у то 1370 йилгача вайрона ҳолатида қолиб кетди. Соҳибқирон Амир Темур Самарқандни ўз давлатининг пойтахти қилиб танлар экан, қадимги Самарқанд – Афро­сиёбни қайта тиклашдан кўра, янги шаҳарни бунёд этишни маъқул топди. Афросиёб харобалари қайта тикланмади, балки унинг жанубий томонида янги шаҳар барпо қилишга киришилди. Шу туфайли Самарқанд икки тарихий ўринга эга шаҳар сифатида машҳурдир.

Амир Темур янги Самарқандни барпо этишга киришар экан, том маънода қадим­ги шаҳарсозлик маданиятини қайта тиклади, унга янгича жило, руҳ бағиш­лади, десак хато бўлмайди. Албатта, Амир Темур Самарқандни пойтахт қилиб танлар экан, уни ҳар томонлама ўрганиб чиқди, жойлашиш ўрни, тарихи, табиати, иқлими ва сув ресурсларини ҳар томонлама таҳлил қилди. Ҳузурига меъморлар, қу­рувчи-усталар, олимларни чорлаб, улар билан кенгаш ўтказди ва сўнгра меъморларга шаҳарни қуришнинг бош режасини ишлаб чиқишни топширди. Бўлғувчи арки аъло, маҳаллалар, кўчалар, бозор ва майдонларнинг ўрни белгиланди. Арк ва шаҳар атрофига улкан мудофаа девори қуришга фармон берди. Шаҳар мудофаа деворига Оҳанин, Шайхзода, Чорсу, Феруза, Сўзангарон ва Коризгоҳ дарвозалари ўрнатилди.

Амир Темур Самарқандда бир-биридан гўзал, бетакрор обидалар - жомеъ масжиди, Кўксарой, Бўстонсарой, Амир Темур, Шоҳизинда каби мақбараларни бунёд этди. Самарқандликлар дам олиб хордиқ чиқаришлари учун шаҳар ичида ва атрофида бир-биридан гўзал, баҳаво, хушманзара 12 боғ-саройни яратди. Бу ажойиб боғларнинг дарвозалари кеча-ю кундуз барча учун очиқ эди.

XIV асрнинг охирларига келиб, Самар­қанд шу даражада обод ва гўзал, бой, улуғвор шаҳарга айландики, унинг кўрки олдида Шарқнинг гўзал шаҳарлари - Шероз, Миср, Бағдод, Султония ва Дамашқ­лар ҳам ўз кўркини йўқотгандек бўлди. Шу туфайли Соҳибқирон Самарқанд атрофидаги бир неча қишлоқларга юқоридаги шаҳарларнинг номини берди. Амир Темур Самарқандни ва самарқандликларни ало­ҳида меҳр-муҳаббат билан севарди. Шу сабабли бу шаҳарнинг ободончилиги, фаровонлиги йўлида бойлиги ва вақтини аямади, унинг фармонига кўра, самарқанд­ликлар бир неча марта ҳар хил солиқ­лар­дан озод этилган эдилар.

Тарихий манбаларда ёзилишича, Амир Темур замонида Самарқандда жуда кўплаб сайиллар, байрамлар ва тўйлар ўтказил­ган, бу байрамларда шу даражада кўп одамлар қатнашганки, бунча халқни ша­ҳар ўзига сиғдиролмас эди. Шу туфайли бу сайиллар Самарқанднинг шарқидаги Конигилда ўтказилар, бунинг учун Конигилда минглаб чодирлар, расталар, дўкон­лар режа билан жойлаштирилар эди. Бу ердаги тартиб-интизом шу даражада пухта эдики, бирор киши ҳам озор чекмасдан сайллардан хушнуд бўлар эди. Чодирлар, раста-дўконлар, йўлаклар гўзал ва кўркам бўлганлигидан гўёки Самарқанд Конигилга кўчиб чиққанга ўхшарди.

Амир Темур илм-фан, санъат ва маданиятга чин маънода ҳомийлик қилганлиги туфайли Самарқандда меъморчилик, шеърият, илм-фан, монументал рангтасвир, манзарали рангтасвир, тўқимачилик санъати, наққошлик, кандакорлик, тоштарошлик, шишасозлик, кулолчилик ғоятда ривожланди. Ўз даврининг энг моҳир меъморлари Самарқандда осмонўпар биноларни қуришиб, Амир Темур давлатининг шон-шуҳрати ва қуд­ратини абадиятга муҳрладилар. XIV–XV асрларда Самарқанд Туроннинг энг улуғ даҳолари учун ижодий лаборатория вазифасини ҳам бажарди. Негаки, бу даврларда юксак ғоялар, тафаккурлар, нодир санъат асарлари Самарқандда туғилар, ривожланар ва амалиётга айланиб, Соҳибқирон давлатининг чекка-чекаларига тарқалар эди. Шу туфайли, Амир Темур яратган қудратли давлатнинг пойтахти бўлган Самарқандда инсоният маданияти тарихидаги энг нодир ҳодиса, Ренессанс – Уйғониш жараёни бошланди ва ривожланди. Самарқандда туғилган "Темурийлар Ренессанси" қуёш каби порлаб, Шарқ ва Fарб мамлакатларига тарқалиб кетди.

Самарқандда Амир Темур ва Мирзо Улуғбек даврида порлаган илм-фан, санъат-маданият маёғи Эрон, Ҳиндистон, Хуросон, Туркия каби давлатларда ҳам илм-фаннинг ривожига катта таъсир кўрсатди.


Киритилган вақти: 12/09/2015 20:46.   Кўрилганлиги: 13519
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/about_region/shrines/samarqand-amir-temur-davlatining-poytaxti

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 4

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.