w w w . s a m a r k a n d . u z

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоевнинг халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирманчи сессиясидаги жорий йилнинг тўққиз ойида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маърузаси

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоевнинг халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирманчи сессиясидаги жорий йилнинг тўққиз ойида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маърузаси

.

ҲУДУДЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШ, АҲОЛИ УЧУН МУНОСИБ ШАРОИТ ЯРАТИШ – ЗИММАМИЗДАГИ БУРЧИМИЗ

 

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоевнинг халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирманчи сессиясидаги жорий йилнинг тўққиз ойида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маърузаси

 

Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар!

Сессия иштирокчилари!

Юртбошимиз томонидан аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мазкур соҳаларни қамраб олган 160 дан ортиқ қарор ва 100 га яқин фармонлар қабул қилинди. Ушба қарор ва фармонлар билан вилоятимизнинг ҳар бир туманига бир йилда ўртача 55-60 миллиард сўм маблағ ажратилди.  

Жорий йил 9 ой якуни билан вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 87,5 триллион сўмни ёки ўсиш суръати 107,7 фоизни ташкил этди. Бунда, саноат ҳажми 7,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги 3,9 фоизга, хизматлар ҳажми 14,1 фоизга ва қурилиш ҳажми 22 фоизга ўсиши таъминланди.

Вилоятда умумий бюджет даромадлари 4,7 триллион  сўмга (106,4 фоиз), маҳаллий бюджет даромадлари эса 4,6 триллион  сўмга (108,8 фоиз) ёки 373,5 миллиард  сўмга орттириб бажарилди.

Албатта, орттириб бажарилган бюджет маблағларининг асосий қисми, сиз депутатлар билан келишган ҳолда вилоятнинг ижтимоий масалаларини ҳал этишга йўналтирилмоқда.

Шу ўринда, вилоятимизда яширин иқтисодиёт улуши сезиларли даражага келиб қолганлигини ҳам таъкидлаб ўтмоқчиман. Яширин иқтисодиётга қарши курашиш ва бюджетга қўшимча манбаларни аниқлаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, зарур чоралар кўрилмоқда.

Йил бошида аниқланган 25 та йўналишдаги қўшимча манбалар ҳисобидан 2 триллион  сўмдан ортиқ маблағ ундирилди.

Яширин иқтисодиётга қарши курашишда сиз, депутатлар ва жамоатчилик билан биргаликда ишларни тубдан ўзгартириб, тизимли ишларни ташкил этмасак иқтисодиётнинг барча соҳаларида орқада қолиш давом этаверади.

Ҳурматли депутатлар!

Бугунги ислоҳотларнинг асосий мазмуни ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўлиб, ўтган 9 ой давомида 294,7 минг ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланди. Натижада, ишсизлик даражаси йил бошидаги 5,4 фоиздан
4,8 фоизга қисқарди.

Бунда асосан, инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш  ҳисобига 15,8 минг, тадбиркорликни ривожлантиришда 202,7 минг, қишлоқ хўжалигида 64,3 минг ва қурилишда 11,9 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди.

Ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитишнинг ваучер тизими асосида 5 мингдан ортиқ аҳоли 35 турдаги касб-ҳунар ва хорижий тилга ўқитилди ва бандлиги таъминланди.

Маҳаллаларда аниқланган 17,3 минг нафар ишсиз фуқаролар билан тўрт томонлама шартномалар имзоланиб, уларнинг ҳар бири билан алоҳида шуғулланиш эвазига 11,7 минг нафар (68 фоиз) ишсизларнинг бандлиги таъминланди.  

73,3 мингта кичик ва ўрта бизнес субъектларига 7,3 триллион сўм, аҳолини бизнесга жалб қилиш учун қарийб 2 триллион сўм кредитлар ажратилди.

Йил якунига қадар барча имкониятларни сафарбар этган ҳолда 320 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланиб, ишсизлик даражаси 5,4 фоиздан 4,5 фоизга қисқартирилади.

Йил бошидан буён 18 минг нафар фуқаро қонуний тартибда Буюк Британия, Корея, Германия, Словакия, Япония, Болгария, Хорватия каби давлатларга юборилиб, юқори даромадли ишга жойлаштирилди.

Хорижда паст даромад топаётган 120 минг нафар фуқарони юртимизга қайтариб, 73 минг нафари даромадли иш билан таъминланди.

“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 36,7 минг оилани камбағалликдан чиқариб, камбағаллик даражасини 7,5 фоиздан 4,0 фоизга тушириш кутилмоқда. Бунинг учун реестрга киритилган камбағал оилаларнинг ҳар бири бўйича “индивидуал режа” ишлаб чиқилиб, 1086 та ташкилот раҳбар ва ўринбосарларига бириктирилди.

Ушбу раҳбарлар кўмагида 65,9 минг оилага барқарор бандлик хизматлари кўрсатилди. Натижада, 36,7 минг нафар оила камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 4,8 фоизга туширилди.

Ҳурматли депутатлар,

Иқтисодиёт тармоқларига хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ва вилоятимиз экспорт салоҳиятини янада ошириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, жорий йилда иқтисодиётнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган 104 та лойиҳа ҳисобига 1,1 миллиард  доллар (78,5 фоиз) тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.

Шунингдек, қиймати 613 миллион долларлик 18 та йирик ва аҳамиятли лойиҳа амалга оширилмоқда. Бугунги кунда, ушбу лойиҳаларнинг 297 миллион долларлик 8 таси ишга туширилиб, 705 та янги иш ўринлари яратилди.

Масалан, Самарқанд шаҳрида “Азиа Металл Проф” корхонасида қиймати 220 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маиший техника ва автомашиналар учун тунука лист, рух ва полимер қопламали тунука ишлаб чиқариш, Самарқанд туманида “Intramed” МЧЖ томонидан қиймати 12 миллион долларлик тиббий марказ ташкил этиш, Оқдарёда “Alkan finans investments” МЧЖнинг қиймати 7 миллион долларлик парфюмерия ва косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилди.

Ҳудудий инвестиция дастур доирасида қиймати 954,2 миллион долларлик 770 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 14 765 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.

Жорий йилда вилоятнинг экспорт ҳажмини 1,0 миллиард долларга етказиш белгилаб олинган. Ҳисобот даврида 713,8 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. Экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан 30 фоизга ошди.

Шу билан бирга, умумий преференциялар тизими плюс (GSP+) имкониятидан фойдаланиб, 30 миллион долларлик маҳсулотлар Европа давлатларига экспорт қилинди.

Ҳурматли депутатлар!

Туризм вилоятимизнинг асосий драйвер соҳаси ҳисобланиб, амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида вилоятимизга келаётган сайёҳлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. 9 ой давомида 2,6 миллион нафар хорижий, 5,1 миллион нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюриб, уларнинг сони қарийб икки баробарга ошди. Сайёҳларнинг қолиш кунлари 2,6 кундан 3 кунга, туризм хизматлари экспорти 538,2 миллион долларга етиб, 79 фоизга ошди. Туристларни кенг жалб этиш мақсадида жорий йилнинг ўзида 40 га яқин маданий кўнгилочар тадбирлар ва фестиваллар ўтказилди. Туризм салоҳияти юқори бўлган Ургутдаги Терсак ва Омонқўтон, Нуробод туманидаги Оқсой маҳаллаларига туризм қишлоғи мақоми берилди.

Вилоятда йил бошидан буён 194 та меҳмонхона, хостел ва оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, уларнинг сони 822 тага, ўринлар сони эса 21 мингтага казилди. 63 та янги туризм компаниялари фаолияти йўлга қўйилди ва улар жами 452 та бўлди.

Ҳурматли депутатлар!

Вилоятда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмани янада ривожлантириш, шунингдек, аҳолининг турмуш даражасини ошириш, тадбиркорлар учун қулай инвестиция муҳитини яратиш мақсадида кенг миқиёсда қурилиш бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Жорий йилда 12500 хонадонли 181 та кўп қаватли уйни фойдаланишга топширишни режалаштирганмиз. 95 та уй-жой фойдаланишга топширилди. Реновация дастури асосида Самарқанд шаҳри темирйўл орти ҳудудида 16 минг нафар аҳоли яшайдиган 301 гектар ер майдонида 100 минг аҳолига мўлжалланган шаҳарча барпо этиш бошланди.

Келгусида ушбу ҳудуднинг архитектуравий қиёфаси замонавий кўринишга келиши билан бирга, аҳоли учун 4 та хиёбон, 8 та тиббиёт муассасаси, 32 та боғча ва 5 та мактаб қурилади.

Самарқанд шаҳрининг бошқа ҳудудларида ҳам янги массивлар қуришни бошлаяпмиз. Мисол учун, Ширин массивидаги 665 гектар ҳудудда 180 минг аҳолига мўлжалланган 250 дан зиёд баланд қаватли уй-жойлар, 40 ортиқ ижтимоий соҳа объектлари, 25 дан ортиқ меҳмонхона, ишбилармонлик ва бизнес марказлари, спорт мажмуалари қурилади.

Ҳозир вилоят маъмурий марказини ҳам Ширин массивига кўчириш устида ишлаяпмиз. Биринчи босқичда 100 гектарда қурилиш ишлари бошланади.

Қорасув массиви ҳам кенгайтирилади. Ҳозир массивнинг 36,6 гектар ҳудудида 30 мингдан ортиқ аҳолига мўлжалланган “Янги Ўзбекистон” массиви барпо қилинмоқда. 2026 йилдан 24 гектар ҳудудда 22 минг аҳолига мўлжалланган турар жойлар қурилишининг иккинчи босқичи бошланади. Ушбу босқичда ҳудудда 6200 хонадонли 55 та кўп қаватли уй, 3300 ўринли 2 та мактаб, 2 та боғча, оилавий поликлиника, спорт майдончалари, савдо-маиший хизмат кўрсатиш объектлари қурилади.

Қурилиш кўламининг ошиши жараёнида давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида кўприк бўлиши учун Президентимизнинг 2025 йил 7 августдаги қарори асосида, вилоят ҳокимлиги ҳузурида “Самарқанд Инвест компанияси” ташкил этилди. Кампания вилоят инфратузилмасини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектлари қурилиши ва бошқа кўплаб вазифалар билан шуғулланади.

Аҳолига қулай ва сифатли жамоат транспорти хизмати кўрсатиш Самарқанд шаҳар Чўпон ота ҳудудида 50 та автобус, 80 та микро автобус, 400 та йўналишли таксига хизмат кўрсатувчи янги автовокзал биноси фойдаланишга топширилди.

“Самарқанд - Ургут” йўналишида 55 километр янги темирйўл ҳамда 2 та вокзал қурилиши якунланди. Мазкур темирйўлда 1 декабрдан поезд ҳаракати йўлга қўйилади, 2026 йилда темир йўл линияси электрлаштирилиши ҳисобига аҳолига хизмат кўрсатиш бошланади.

Темирйўл қурилиши ҳисобига Зарафшон дарёси бўйидаги 40 дан ортиқ ноқонуний каръерлар фаолияти тўхтатилди.

Самарқанд шаҳрида кўприк ва тоннелларни қуриш лойиҳаси доирасида жами 84,2 миллион доллар маблағ эвазига Гагарин ва Рудакий кўчалари кесишмасида қурилаётган тоннел йил якунигача ишга тушурилади.

Гагарин кўчасини давом эттириб, М-37 автомобиль йўли билан тўғридан-тўғри боғлаш учун темирйўл устида ҳамда Сиёб канали устида кўприклар қурилиши бошланди

2026 йилнинг иккинчи чорагида иккала кўприк ҳам фойдаланишга топширилади. Натижада, Самарқанд шаҳрига Даҳбед кўчаси орқали киришда тирбандликлар олди олинади.

Оқдарё, Пайариқ, Қўшработ ва Иштихон туманларидан келиб кетувчи йўловчиларга қулайликлар яратиш мақсадида Самарқанд тумани Ўзбеккенти маҳалласи ҳудудида автостанция ишга туширилди.

Тойлоқ, Ургут туманлари йўловчилари учун жорий йил якунига қадар Самарқанд тумани Чумчуқли маҳалласи ҳудудидан янги автостанцияси ишга туширилади.

Вилоятда 450 километр умумфойдаланишдаги йўллар, 700 километр ички йўллар таъмирланди, 1200 километр узунликдаги тупроқ йўллар шағаллаштирилди. Аҳолини анча вақтдан буён қийнаб келаётган Пайариқ ва Иштихон туманларини боғловчи 4Р48 Зарафшон тракт автомобиль йўли таъмирланмоқда.

Иштихон шаҳрида тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида, Иштихон шаҳрини айланиб ўтувчи 4,5 километр узунликдаги айланма йўл қурилмоқда.

Темирйўллар билан кесишган автомобиль йўлларида тирбандликларнинг олдини олиш учун Булунғурда 4Р-47 йўлининг 2-километр қисмида тоннел қурилди, 2026 йилда Жомбой туманида ҳам шундай тоннел қурамиз.

Шунингдек дастур асосида 150 миллиард сўм маблағлар эвазига Республика аҳамиятидаги М37 “Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши” автомобиль йўлининг 11-150 км қисмини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йилда дастурлар доирасида республика бюджетидан 1,3 триллион сўм маблағ эвазига 199 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда 900 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, 69 та мактаб, 16 та мактабгача таълим ташкилоти, 5 та тиббиёт, 1 та олий таълим муассасаси, 2 та сув иншооти, 4 та йўл, 3 та ирригация ва мелиорация ва 14 та бошқа объектлар фойдаланишга топширилди. 

Халқимизнинг ташаббускорлиги ва бирдамлигида “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида жами 647 миллиард  сўмлик лойиҳалар ютиб олинди ва дсстурнинг биринчи мавсумида 319 миллиард сўм маблағ ҳисобига 73 та ижтимоий соҳа объекти, 338 километр ички йўллар таъмирланди, 26 та объектда электр таъминоти яхшиланди.

Ҳудудларда шакллантирилган драйвер лойиҳалар инфратузилмасини яхшилаш учун 108 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 112 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

 “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида республика бюджетидан ажратилган 303,0 миллиард сўм маблағ ҳисобига 101 та оғир маҳалла инфратузилмаси яхшиланди.

2024 йил 9 ойда 9,6 триллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилган бўлса, жорий йил 9 ойида бу рақам 14,2 триллионни ташкил этди.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 155 та кўп хонадонли уйлар, 28 километр ичимлик суви тармоқлари ва 95 та сув насоси, 3172 километр электр тармоқлари, 1208 та трансформатор, 25 километр газ қувурлари ва 52 та газ тақсимлаш пункти капитал таъмирланди. 285 та мактаб ва 121 та мактабгача таълим муассасаси жорий таъмирланиб, 81 минг тонна кўмир захираси яратилди.

Бир неча йиллардан буён иссиқлик таъминотидан узилиб қолган Самарқанд шаҳрининг темирйўл вокзали ҳудуди, Суғдиёна, Микрорайон, Сартепо массивларидаги 22288 хонадонли 433 та кўп қаватли уйни марказлашган иссиқлик таъминотига улаш ишлари якунига етказилмоқда.

Бундан ташқари, Каттақўрғон шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг иссиқлик тизимини тиклаш ишлари ҳам якунланиб қолди. Шаҳарда битта янги қозонхона қурилиб (3,2 км иссиқлик тармоғи, 2 та қозон), 880 хонадонли 22 та уй иссиқлик тармоғига уланди. 

Яна бир муҳим масала, Самарқанд шаҳри аҳолисининг 70 фоизи “Чўпон ота” сув иншооти орқали ичимлик суви билан таъминланади. Бироқ, сўнги вақтларда иншоотда сув дебити пасайган бўлиб, буни бартараф этиш мақсадида 2026 йилда Зарафшон дарёсида сув иншоотига яқин ҳудудда 2 та сув дамбасини қуришни режалаштиряпмиз.

Шунингдек, Тойлоқ тумани ҳудудидан ўтувчи Зарафшон дарёсининг чап қирғоғида галерея типидаги ер ости сув олиш иншооти қуриш ҳамда мазкур сув иншоотидан “Чўпон ота” сув тақсимлаш иншоотигача (узунлиги 25 км) магистраль сув қувури қуриш лойиҳаси таклиф қилинмоқда.

Каттақўрғон шаҳрида Жаҳон банкининг 66 миллион доллар маблағлари ҳисобидан 3 та сув ва 20 минг метр куб ҳажмли 1 та оқова иншооти, 117 километр ичимлик ва 72,2 километр оқова тармоқлари қурилади. Натижада, 2026 йил якунига қадар Каттақўрғон шаҳрининг ичимлик ва оқова тизими тўлиқ таъмирланади, ичимлик сув билан қамров даражаси 71 фоиздан 91 фоизга, марказий оқова таъминоти 30 фоиздан 72 фоизга етказилишига эришилади.

Амалга оширилган ишлар натижасида вилоятда аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш даражаси 77,5 фоиздан 79,7 фоизга етди.

Вилоятда яшиллик даражасини ошириш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил баҳор мавсумида 11 миллион 600 минг туп кўчат экилди. Олдинги йилларда куз мавсумида 6 миллион туп кўчат экардик, бу йил 10 миллион 200 минг туп кўчат экишни режалаштирганмиз.

Вилоятда зиёратгоҳларни реконструкция-реставрация қилиш бўйича ҳам алоҳида ишлаяпмиз. Биргина, Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасида жойлашган Маҳдуми Аъзам мажмуасининг йўл, йўл бўйи инфратузилмасини яхшилаш, туташ ҳудудлар қиёфасини тартибга келтириш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Самарқанд шаҳар Чокордиза қабристонида жойлашган Имом Мотрудий ёдгорлик мажмуаси ва қабристон ҳудудидаги 8 нафар буюк уламолар қабрларини тиклаш ва ободонлаштириш ишлари ҳам бошлаб юборилди.

Зиёратгоҳда 2026 йил сентябрга қадар реконструкция ва реставрация ишларини тўлиқ якунлаймиз.

Шаҳарда кўп хонадонли уйлар қуриш, коммуникация тармоқларини яхшилаш билан бир қаторда яшиллик даражасини ошириш ҳам ўта муҳим. Шу мақсадда Ўзбекистон кўчасидаги собиқ ҳарбий госпитал ўрнида 5,4 гектар ер майдонида “Болалар ва яшил жамоат парки” ташкил этяпмиз. Қорасув массивида Қорадарё бўйида 116 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” боғи яратяпмиз. Ватанпарвар маҳалласида 7 гектар майдонда, Сўғдиёна массивидаги 3 гектар ер майдонда ҳам аҳоли дам олиши учун боғ қуряпмиз.

Чиқиндилардан самарали фойдаланиш ҳам бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан Самарқанд шаҳрининг “Хишрав” қўрғонидаги чиқинди полигони ҳудудида 15 гектар ер майдонида Хитой компанияси  томонидан 150 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритилган ҳолда кунига
1,5 минг тонна чиқиндини қайта ишлаб, 240 миллион кВт. соат электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Ҳурматли депутатлар!

Иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бири бўлган қишлоқ хўжалиги соҳаси - аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш ва экспортни оширишда муҳим ўрин тутади.

Ўтган 9 ой давомида вилоятимизда  632 минг тонна картошка, 1,4 миллион тонна сабзавот, 112,9 минг тонна полиз, 344,9 минг тонна мева ва резаворлар, 567,2 минг тонна узум, 245 минг тонна гўшт, 1,1 миллион тонна сут ва 1,2 миллиард дона тухум етиштирилди.

Жами 6,1 минг гектар ер майдони қайта фойдаланишга киритилиб, ушбу майдонларига 1,1 минг гектар бошоқли дон, 273 гектар сабзавот ва полиз экинлари, 3,7 минг гектар мойли ва дуккакли экинлар, 40 гектар картошка, 55 гектар озуқабоп экинлари ҳамда 830 гектар боғ ва ток кўчалари экилди. Биргина Нуробод туманида 1440 гектар лалми ер майдонини суғориладиган ерлар тоифасига ўзгартириш ҳисобига “Сариқул мега агро” МЧЖ томонидан картошка ва сабзавот етиштириш йўлга қўйилди. Бугунги кунда 750 гектар майдон сув тежовчи технологиялар асосида ўзлаштирилиб, 150 гектар майдонга картошка экилди.

Аҳолининг озиқ-овқатга бўлган талабини қондириш, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида 90,6 минг гектар майдонда такрорий экинлар экилди. Бу экинлардан 217,8 минг тонна картошка, 7 минг тонна мойли, 65 минг тонна дуккакли дон, 223 минг тонна сабзавот ҳамда 794 минг тонна озуқа ҳосили олинди.

Ғаллачиликда 94 минг гектар майдонда дон экилиб, 825 минг тонна ёки ўтган йилга нисбатан қарийб 100 минг тонна кўп ҳосил етиштирилди. Ўртача ҳосилдорлик 87,6 центнерни ташкил этди. Пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан 64,6 минг қути ипак қурти парваришланиб, 3878 тонна пилла хом ашёси олинди. Бу йил 60 минг гектар майдонда ғўза парваришланиб, 261 минг тоннадан ортиқ хом-ашё етиштирилиб, ҳосилдорликни ўртача 43,5 центнерга етказилди. Хитойдан келтирилган навлардан ҳосилдорлик 56-57 центнерга етди.

Боғдорчилик соҳасида 2024 йилнинг куз ва 2025 йилнинг баҳор мавсумида жами 7,2 минг гектар саноатлашган боғ ва токзорлар барпо қилинди.

Ҳурматли депутатлар!

Вилоятимиз картошка етиштириш бўйича республикада етакчи ўрин эгаллайди. Жорий йил ҳосили учун барча тоифадаги хўжаликлари томонидан 52,8 минг гектар майдонларда картошка экилди. Баҳорда экилган 35 минг гектар майдондан 632 минг тонна, ғалладан бўшаган 18 минг гектар майдондан 320 минг тонна, аҳоли томорқаларидан 480 минг тонна картошка етиштириш ҳисобига жорий йил ҳосили 1 миллион тоннадан ошиши кутилмоқда. Вилоятимизда картошкачликни ривожлантириш мақсадида Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқот институтида Ўзбекистон-Корея картошка уруғчилиги маркази фаолияти йўлга қўйилди. Бу ерда 2027 йилга бориб, ин-витро усулида йилига 1 миллион дона супер-элита уруғлик етиштириш йўлга қўйилади.

Шунингдек “Булунғур Агро Стар” МЧЖ томонидан Булунғур туманида картошкачиликни ривожлантириш, уруғчилик тизимини йўлга қўйиш, юқори ҳосилдор навлар билан таъминлаш бўйича Нидерландиянинг “Agrico Co.LTD” компанияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилди, ушбу лойиҳа бўйича 2026 йилда 6 минг тонна элита уруғ импорт қилиниши бўйича келишувга эришилди.

Мазкур уруғлар асосида 2027 йилга қадар 50 минг тонна (Р1) уруғ ва 10 минг тонна истеъмол картошка захираси яратилади.

Булунғур тумани Хўжамазгил маҳалласининг 100 гектар ер майдонида “Картошкачилик агротехнопарки” ташкил этилмоқда. 56 гектар ер майдонида уруғлик картошка экилиб, замонавий суғориш тизимлари ўрнатилди.

Шу билан бирга, 2 гектар майдонда лойиҳа қиймати 46 миллиард сўм бўлган “Булунғур Агро Стар” агрокомплекси лойиҳаси амалга оширилмоқда. Комплекс таркибида 10 минг тонна сиғимга эга омборхона, 2 минг тонна сиғимли совутгич, лаборатория, ўқув маркази жорий этилади.

Вилоятдаги мавжуд 30 минг гектар боғ, 48 минг гектар токзорлардан жорий йилда 383 минг тонна мева, 659 минг тонна узум маҳсулотлари йиғиштириб олинди. Фаолият кўрсатаётган 221 та қайта ишлаш корхоналар томонидан 33 фоиз маҳсулотлар қайта ишланиб, ички ва ташқи бозорга сотилмоқда. Бугунги кунда жами 351 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди (129 фоиз).

Чорвачилик йўналишида қиймати 102,5 миллиард  сўмлик 33 та лойиҳа ишга туширилиб, қорамол бош сони 3 минг бошга, қўйлар сони 7,3 минг бошга кўпайди.

Бундан ташқари, Россия ва Қозоғистон давлатларидан 10,4 миллион долларлик 5 минг бош наслли қорамол,  Мўғулистондан қиймати 313 минг долларлик 1,8 минг бош “Баят” зотли наслли қўйлар олиб келинди.  9 ой якуни билан вилоятда қорамол бош сони 1,8 миллионтага, сигир 742 минг бошга, қўй ва эчки 2,6 миллион бошга етди. Гўшт ишлаб чиқариш 245 минг тоннага  ва сут ишлаб чиқариш 1,1 миллион тоннага етказилди.

Паррандачилик соҳасида қиймати 210 миллиард сўмлик 19 та лойиҳа амалга оширилиб, парранда бош сони 15,6 миллионта, тухум 1,2 миллиард донани ташкил этди. Шу билан бирга 172 тонна парранда гўшти етиштирилди.

“Агропарранда кластери” томонидан Булунғур туманида 22,5 гектар ер майдонида 40 минг бош наслли парранда боқиш лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланди. 2026 йилда бошлаб наслли жўжалар етиштириш маҳаллийлашади, аҳоли хонадонларига арзон нархларда 10 миллион бош гўшт йўналишидаги жўжалар тарқатилиб, 50 минг тонна парранда гўшти етиштирилади.

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, самарадорликни ошириш мақсадида замонавий суғориш технологиялари жорий этилмоқда.

Хусусан, жорий йилда 36,3 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар йўлга қўйилиши ҳисобига 150,8 миллион куб метр сув иқтисод қилинди.

Ҳурматли депутатлар!

Мактабгача таълим соҳасида жорий йилда қўшимча 30 мингга яқин янги қувватлар ташкил этилди. Шундан, 134 та болалар боғчасини ташкил этиш ҳисобига 6,5 минг ўрин, фаолият юритаётган 740 та давлат боғчаларидаги бўш гуруҳларини тўлдириш ҳисобига 9,4 минг ўрин яратилди. Натижада, 3-7 ёшгача болалар қамрови 72,1 фоиздан 75,5 фоизга етказилди, шундан 6 ёшли болаларнинг қамрови 93 фоиздан 96,6 фоизга оширилди.

Тойлоқ туманидаги “Илк ривожланиш маркази” тажрибаси асосида янги ўқув йилидан бошлаб Иштихон, Оқдарё, Паст Дарғом ва Самарқанд туманларида ҳам “Илк ривожланиш марказлари” фаолияти йўлга қўйилиб, қўшимча 1 500 ўрин яратилди.

Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар ўқийдиган инклюзив синфлар очилган мактаблар сони 182 та етказилди. Натижада алоҳида таълимга эҳтиёжи бор 297 нафар бола соғлом ўқувчилар билан бирга-бир синфда таълим-тарбия олишни бошлади. 16 та “Жасорат мактаби” ташкил этилиб, 416 нафар бола қабул қилинди. Ихтисослаштирилган мактаблар сони 18 тадан 19 тага, нодавлат мактаблари сони эса 40 тадан 49 тага етказилди.

  Умумтаълим мактабларида олий тоифали ўқитувчиларнинг улуши 9,8 фоиздан 11,2 фоизга, сифат таркиби эса 28,1 фоиздан 30,9 фоизга ошди.  Мактаблардаги жами 5919 нафар хорижий тил ўқитувчиларининг 72,7 фоизи халқаро ва миллий сертификатга эга бўлиб, уларнинг сони 681 нафарга ошди.

Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи ўтган йилги 45,6  фоиздан 48 фоизга етди.

Вилоятдаги 57 та касбий таълим ташкилотида дуал таълим асосида 536 та корхона билан ҳамкорликда 3,5 минг нафар ўқувчилар таълим олмоқда. Уларга корхоналарнинг 591 нафар малакали мутахассислари “Устоз” сифатида бириктирилган.

Вилоятимизда олий таълим муассасалари сони 19 тани ташкил этиб, уларда 106,8 минг нафар талаба таҳсил олмоқда, жумладан, уларнинг 3270 нафарини  хорижлик талабалар ташкил этади.

“QS”-халқаро рейтинг натижаларига кўра, Самарқанд давлат университети биринчи марта мазкур нуфузли рейтингга киришга муваффақ бўлди ва 1001-1200 ўринларда эътироф этилди.

Ҳурматли депутатлар!

Соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги ишлар ҳам бугун ўз самарасини бермоқда. Самарқанд шаҳар, Иштихон ва Булунғур туманларида бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги тизими жорий этилди. Соҳани рақамлаштириш ва “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастури учун маҳаллий бюджетдан 30 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Ихтисослаштирилган тиббий хизматни бирлаштириш мақсадида келгусида Ширин массивида 800 ўринли замонавий кўп тармоқли тиббиёт маркази барпо этилади. Республика кардиология маркази Самарқанд филиалида инсульт бўлими очилади. Болаларда онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш мақсадида 80 ўринли онкогематология бўлими очилади. Вилоят кардиология марказида соғлиқни сақлаш тизимининг рақамли трансформацияси ва маълумотларга асосланган бошқарув тизимини жорий этиш мақсадида рақамли соғлиқни сақлаш маркази ташкил қилинмоқда.

Тез тиббий ёрдамга муҳтож беморларга ўз вақтида хизмат кўрсатиш мақсадида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва шаҳар марказий шифохонасида “Шошилинч қабул бўлимлари” ташкил этилди. Охирги 10 кунда тез ёрдам орқали ушбу муассасаларга 500 нафар бемор ётқизилган.

Асаб, қон айланиш ва таянч-ҳаракат тизими касалликлари ҳамда жароҳатлар оқибатларидан кейинги ҳолатларда реабилитация қилишнинг уч босқичли тизими жорий этилади.

Скринингнинг 3 та янги тури жорий этилади. 45 ёшдан катта эркакларда простата бези хавфли ўсмаларини эрта аниқлаш учун PSA таҳлили ва доплер текширувлари, 50  ёшдан ошган фуқароларда инсультнинг олдини олиш учун уйқу артерияси доплерография текширишлари, 50 ёшдан катта аҳоли орасида оғир қулоқликни аниқлаш учун аудиометрия текширишлари ўтказилади.

Келгуси йилда  Инвестиция дастури асосида 432,5 миллиард сўм маблағ эвазига 114 та объектда таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Бугунги кунда вилоятда 700 та нодавлат тиббий марказлар фаолият кўрсатмоқда.

Ҳурматли депутатлар!

Вилоят аҳолисининг 55 фоизи ёки 2,3 миллион нафарини 30 ёшгача, шундан, 1,1 миллион нафарини 14-30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.

“Ёшлар баланси”га асосан хатловда аниқланган 12,3 минг нафар ишсиз ёшларимиз 502 нафар раҳбарларга бириктирилиб, кўрсатилган ёрдамлар эвазига бандлиги таъминланди. Алоҳида ишлаш талаб этиладиган ва оталиққа олинган
4616 нафар ёшлар ҳуқуқ-тартибот ҳамда мудофаа органлари раҳбарларига бириктирилди. “Ёшлар дафтари”даги 11 847 нафар ёшларга кўрсатилган кўмак эвазига 11200 нафари ёки  93 фоизи дафтардан чиқарилди. Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва уларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 548 нафар йигит-қизга 66 миллиард сўм кредит ажратилди.

“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида 1 417 минг нафар ёшлар электрон платформага киритилиб, уларнинг 1,3 миллион нафари олимпиада доирасидаги мусобақа ҳамда танловларга қамраб олинди. Жорий йилда ўтказилаётган мусобақа ва танловларнинг республика босқичларида вилоятимиз ёшлари муносиб иштирок этиб, 18 та олтин, 13 та кумуш, 8 та бронза медалларни қўлга киритиб, республикада биринчи ўринни эгаллаб турибди.

Халқаро мусобақаларда спортчиларимиз 33 та медалга сазовор бўлди.

Қадрли депутатлар!

Ижтимоий ҳимоя тизими - инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилувчи, жамиятдаги ижтимоий мувозанатни таъминловчи муҳим механизмдир. Маҳалла еттилиги таркибига ижтимоий ходимлар киритилганлиги сабабли, 119 та (ўтган йили 49 та эди) ижтимоий хизматлар маҳалла даражасига туширилди.  Натижада, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг 75 фоиз муаммоларини маҳалланинг ўзида ҳал этиш имконияти яратилди. Мисол учун, ижтимоий масалалар бўйича Президент портали, вилоят ҳокимлиги ва маҳаллий ҳокимликларга жорий йилнинг 9 ойида  тушган мурожаатлар (9104 та) сони, ўтган йилнинг мос даврига (4 865 та) нисбатан сезиларли даражада  камайди.

Бугунги кунда 1081 та маҳаллаларга ижтимоий ходимлар бириктирилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож 12 тоифадаги 212 661 та оилалар билан маҳалла еттилиги кўмагида манзилли ишлар олиб борилмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахслар сони 112 297 нафарга етиб, улар ижтимоийлашувини таъминлаш бўйича 33 718 та хизмат ва ёрдамлар кўрсатилди.

Вояга етмаган 13 212 нафар бола ижтимоий ҳимояга олиниб, уларга 4 мингга яқин ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилди.

Ёлғиз (яшовчи) 2 030 нафар кексалар ҳимояга олиниб, уларга 22 мингдан ортиқ яқин ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилди.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 3232 нафар аёлларга ҳимоя ордери берилди.

Кам таъминланган оилаларни куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриши бўйича 139 487 та оилага 1 миллионсўмлик компенсация ёрдам пули ажратилди.     

Ҳурматли депутатлар!

Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, ижтимоий-сиёсий ҳаётида уларнинг роли ва фаоллигини ошириш асосий вазифамиздир.

Бугунги кунда вилоят аҳолисининг 49 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг 750 минг нафари иқтисодий фаол ҳисобланади. Жорий йилда 121,6 минг нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 23,7 минг аёлларга 698 миллиард  сўм кредит ажратилди. 30 минг  нафардан  ортиқ хотин-қизлар касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитилди. 19,5 минг нафар хотин-қиз доимий иш ўринларига жойлаштирилди.

Ҳурматли депутатлар,

Жамиятимизда содир этиладиган қонунбузилишларнинг асл омилларини ўз вақтида аниқлаш ва манзилли бартараф этиш орқали жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш долзарб вазифа сифатида намоён бўлмоқда.

Ўтган 9 ой давомида вилоятда 10321 та жиноят содир этилган бўлиб, умумий жиноятларнинг 46 фоизи (4734 таси)ни ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар ташкил этмоқда. 9 ой якуни билан вилоятдаги 1081 та маҳалланинг 374 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. Криминоген вазияти оғир деб баҳоланган 106 та маҳалланинг 34 таси “яшил” тоифага ўтиб, “қизил” тоифадаги маҳаллалар сонини 61 тага камайтирилди.

Ҳурматли депутатлар, сессия иштирокчилари!

Вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича юқорида айтиб ўтилган ютуқларимиз билан бир қаторда албатта ҳали ечимини кутаётган муаммолар, амалга оширилиши зарур бўлган ишларимиз жуда кўп.

Биргина, Президентимизнинг жорий йил 8 октябр куни қабул қилган қарорига кўра, 2026 йилда вилоятнинг 32 та маҳалласига “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” мақомини бериб, ҳар бирига 5 миллиард сўмдан маблағ ажратиш ҳисобига ушбу маҳаллалар аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантирилиши лозим.

Булунғур, Иштихон, Каттақўрғон ва Пайариқ туманларига  эса “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман” мақомини бериб, ушбу туманлар жадал комплекс ривожлантирилади. Бунинг учун ҳар бир туманга 100 миллиард сўмдан маблағ ажратилади. Ушбу туман ва маҳаллалар камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилади.

Йил якунига қадар барча соҳаларда қолган ишларимизни якунига етказиб, 2026 йилда вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаб оламиз.

Эътиборингиз учун раҳмат!

 


Oxirgi o‘zgarish: 12/11/2025 16:42.   Ko‘rilganligi: 7
 
Material manzili: https://samarkand.uz/viloyat-hokimi-vazifasini-bajaruvchi-adiz-boboevning-xalq-deputatlari-viloyat-kengashining-yigirmanchi-sessiyasidagi-joriy-yilning-toqqiz-oyida-viloyatni-ijtimoiy-iqtisodiy-rivojlantirish-boyicha-amalga-oshirilgan-ishlar-togrisidagi-maruzasi

 

So‘rovnoma


Xabarlarga obuna bo‘lish


Statistika


Hozir onlayn
Ro‘yxatdan o‘tganlar: 0
Mehmonlar: 13

Harakatlar strategiyasi 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. . Sayt materiallaridan foydalanganda www.samarkand.uz manba sifatida ko‘rsatilishi shart.

 
O‘qish uchun ushbu tugmani bosing