Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Вилоят ҳокимининг 2018 йил 14 ноябрдаги "Вилоят аҳолисини қишлоқ хўжалиги ҳайвонларида учрайдиган юқумли касалликлардан муҳофаза қилиш ҳамда гўшт маҳсулотларини етказиб бериш ва сотишда ветеринария ва санитария талабларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 711-Қ-сонли қарори

Вилоят ҳокимининг 2018 йил 14 ноябрдаги "Вилоят аҳолисини қишлоқ хўжалиги ҳайвонларида учрайдиган юқумли касалликлардан муҳофаза қилиш ҳамда гўшт маҳсулотларини етказиб бериш ва сотишда ветеринария ва санитария талабларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 711-Қ-сонли қарори

Самарқанд вилояти ҳокимининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 28 сентябрдаги “Республика аҳолисини қишлоқ хўжалиги ҳайвонларида учрайдиган юқумли касалликлардан муҳофаза қилиш ҳамда гўшт ва сут маҳсулотларини етказиб бериш ва сотиш чоғида ветеринария-санитария талабларига риоя этиш тўғрисида”ги 379-сонли, 2017 йил 15 мартдаги “Давлат ветеринария хизмати тизимида рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги Низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 139-сонли (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 11-сон, 166-модда), 2017 йил 22 сентябрдаги “Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 748-сонли (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 38-сон, 1057-модда) ва Адлия вазирлиги томонидан 2008 йил 30 июнда 20-15-222/11-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Гўшт ва гўшт маҳсулотларини ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказиш” Қоидаларида белгиланган талаблар ижросини таъминлаш ҳамда вилоят аҳолисини қишлоқ хўжалиги ҳайвонларида учрайдиган юқумли касалликлардан муҳофаза қилиш, мол сўйиш, гўшт ва гўшт маҳсулотлари тайёрлаш ва сотишни ташкил этишда ветеринария-санитария қоидаларига қатьий риоя қилинишини таъминлаш ва жаҳон бозори талабларига жавоб берадиган сифатли тери хом ашёсини етиштириш, тайёрлаш, гўшт ва гўшт маҳсулотлари экспорт салоҳиятини ошириш, гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва мол сўйиш, озиқ-овқат хавфсизлиги устидан доимий назорат юритилишини ташкил этиш мақсадида ҳамда “Маҳаллий давлат хокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 25-моддаларига асосан:

 Қ А Р О Р   Қ И Л А М А Н:

1. Вилоят Ветеринария бошқармаси, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят Давлат санитария эпидемиология назорат маркази ҳамда вилоят Бозорлар ва савдо комплекслари уюшмасининг шаҳар ва туманлар аҳолисини қишлоқ хўжалиги ҳайвонларида учрайдиган юқумли касалликлардан муҳофаза қилиш ҳамда гўшт  маҳсулотларини етказиб бериш ҳамда сотишда  ветеринария-санитария талабларига риоя этилишини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаш юзасидан таклифлари маъқуллансин.

2. Вилоят ҳокимининг ўринбосари (Нуркулов), ИИБ (Ташпулатов), Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (Мелиев), Давлат солиқ бошқармаси (Ахмедов), Молия Бош бошқармаси (Мирзаев), Ғазначилик (Тўйчиев), Соғлиқни сақлаш (Жуманиёзов), Мактабгача таълим (Садинова), Халқ таълими (Юлдашев), Ветеринария (Тошмуратов) бошқармалари, ДСЭНМ (Бойқобилов), вилоят Ҳайвонлар касалликлари ташҳиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази (Алламуродова), Бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси (Мамадалиев), шаҳар ва туман ҳокимликлари, гўштни қайта ишловчи корхоналар ва ихтисослашган сўйиш корхоналари раҳбарлари мол сўйиш ва сотишни ташкил этишда:

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 28 сентябрдаги “Республика аҳолисини қишлоқ хўжалиги ҳайвонларида учрайдиган юқумли касалликлардан муҳофаза қилиш ҳамда гўшт ва сут маҳсулотларини етказиб бериш ва сотиш чоғида ветеринария-санитария талабларига риоя этиш тўғрисида”ги 379-сон қарори;

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги “Давлат ветеринария хизмати тизимида рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги Низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 139-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 11-сон, 166-модда);

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 сентябрдаги “Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 748-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 38-сон, 1057-модда);

- Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2008 йил 30 июнда 20-15-222/11-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Гўшт ва гўшт маҳсулотларини ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказиш” Қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминласинлар.

3. Вилоят Ветеринария бошқармаси (Тошмуратов), шаҳар ва туман ҳокимликлари, ихтисослашган мол сўйиш корхоналари раҳбарларига:

- гўштни истеъмолга чиқариш учун мўлжалланган ҳайвонларни сўйишни замонавий механизациялаштирилган ёки автоматлаштирилган асбоб-ускуналар билан жихозланган бино ва хоналари мавжуд бўлган ветенария-санитария талабларига жавоб берадиган ихтисослашган сўйиш корхонасида (ветеринария врачининг рухсати билан шахсий эҳтиёжи учун ва мажбурий сўйиш бундан мустасно) амалга оширилишини ташкил этиш;

- ихтисослашган сўйиш корхоналарида ветеринария кўригини ташкил этиш, ветеринария мутахассиси томонидан ҳайвонларни сўйишдан олдинги кўрикдан ҳамда сўйишдан кейинги кўрикдан ўтказиш ишларини амалга ошириш учун талаб этиладиган зарурий шарт-шароитларни яратиш;

- ихтисослашган сўйиш корхоналарида фақат уй ҳайвонлари, яъни йирик ва майда мол, чўчқа, от, туя, қуён ҳамда уй паррандаларининг барча турларини сўйилиши мумкинлиги юзасидан белгиланган тартибга қатъий амал қилиш, бунда соғломлиги ва сўйишга рухсат этилганлигини тасдиқловчи, ҳудуддаги ветеринария мутахассиси томонидан расмийлаштирилган маълумотномаси бўлмаган ҳайвонларни сўйилишини тақиқлаш;

- ихтисослашган мол сўйиш корхоналарида сўйилган ҳайвонлардан олинган тери хом ашёсининг тўлиқ ҳисобга олиниши, бирламчи ишлов берилиши ҳамда ҳайвон эгасига идентификация қилинган мол сўйилганлиги тўғрисида белгиланган шаклда маълумотнома ва ҳайвоннинг идентификация атрибути (электрон идентификациядан ташқари)  берилишини  таъминлаш топширилсин.

4. Вилоят ҳокимининг ўринбосари (Нуркулов), вилоят ИИБ (Ташпулатов), Ветеринария бошқармаси (Тошмуратов), ДСЭНМ (Бойқобилов), Бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси (Мамадалиев)га туман ва шаҳар ҳокимлари билан биргаликда:

- сўйилган мол гўшти ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказилиб танасига махсус муҳр босилган ҳолда тегишли маълумотнома (гувоҳнома) асосида савдо корхоналари, истеъмолчилар ва бошқа ташкилотларга етказиб берилиши устидан назоратни кучайтириш;

- вилоят ҳудудидаги барча ихтисослашган мол сўйиш корхоналарини инвентаризациядан ўтказиб, уларга белгиланган тартибда ветеринария-санитария хулосаси расмийлаштириш;

- 10 кун муддатда ҳудудлардаги гўшт сотиш дўконларини хатловдан ўтказиш ҳамда гўшт ва гўшт маҳсулотлари ветеринария-санитария талабларига жавоб берадиган жойларда сотилишини ташкил этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топширилсин.

5. Вилоят ИИБ (Ташпулатов), Давлат солиқ бошқармаси (Ахмедов) Бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси (Мамадалиев) ва шаҳар, туман ҳокимликларига:

- деҳқон бозорлари ҳудудида гўшт маҳсулотлари билан савдо қилинадиган дўконларда ихтисослашган сўйиш корхоналарида сўйилган ҳамда тегишли маълумотнома (гувоҳнома) билан келтирилган, ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказилган ва сўйилган мол танасига “Дастлабки кўрик” (тўртбурчак) ва махсус муҳр (овал шаклда) босилган гўштлар сотилишини таъминлаш;

- гўшт ва гўшт маҳсулотлари савдоси амалга ошириладиган расталарга совутгич ускуналари ўрнатиш бўйича зарур чораларни кўриш;

- ветеринария кўригидан ўтказилмаган гўшт маҳсулотларини бозор ҳудудига киритилиши ва сотилишига йўл қўймаслик юзасидан қатъий назорат ўрнатилишини таъминлаш;

- деҳқон бозори павильонларидан умумий овқатланиш корхоналари томонидан харид қилинган гўшт маҳсулотларига белгиланган тартибда маълумотномалар расмийлаштириб берилишини ташкил этиш;

- вилоят мол бозорларида идентификация қилинмаган қишлоқ хўжалик ва уй ҳайвонлари сотилишига йўл қўймаслик;

- савдо шохобчалари ва бозорларда гўшт, гўшт маҳсулотларини сотиш билан шуғулланадиган шахслар белгиланган тартибда махсус кийим кийиши ҳамда бир йилда икки марта тиббий кўрикдан ўтказилиши юзасидан белгиланган ветеринария-санитария тартибига қатъий амал қилинишини таъминлаш топширилсин;

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида юкларни ташиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 213-сонли қарорига мувофиқ, гўшт ва гўшт маҳсулотлари тез бузиладиган юклар, яъни улар махсус ҳарорат ва санитария-гигиена режимларига риоя этиш талаб қилинадиган юклар тоифасига кирганлиги сабабли ихтисослаштирилган (фургон, рефрижиратор ва шу кабиларда) автотранспорт воситаларида маҳсулотлар махсус тараларга ўраб жойлаштирилган ҳолда ташилиши устидан доимий назорат ўрнатилсин.

6. Вилоят ҳокимининг ўринбосари (Нуркулов), шаҳар ва туман ҳокимларига:

- озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган тадбирлар самарадорлигини ўрганиш бўйича Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар бошқармалари (бўлимлари), Давлат санитария эпидемиология назорати маркази, туман Ветеринария, туман Давлат солиқ инспекцияси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бўлимлари мутахассисларидан иборат доимий фаолият кўрсатувчи вилоят, туман, шаҳар ишчи гуруҳларини ташкил этиш;

- ишчи гуруҳлари томонидан ўрганиш натижаларини ҳар ойда камида бир марта вилоят ҳокими ҳузурида танқидий муҳокама этилишини таъминлаш топширилсин.

7. Вилоят Ветеринария бошқармаси (Тошмуратов), Соғлиқни сақлаш бошқармаси (Жуманиёзов), ДСЭНМ (Бойқобилов), шаҳар ва туман ҳокимликлари билан биргаликда қишлоқ хўжалиги ва уй ҳайвонларини сақлаш, идентификация қилиш тартиби, сўйиш, гўшт ва гўшт маҳсулотларини сотишда ветеринария-санитария қоидалари ва уларга амал қилмасликнинг ҳуқуқий оқибатлари юзасидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тушунтириш ишларини кучайтирсинлар.

8. Вилоят Ветеринария бошқармаси (Тошмуратов), вилоят ДСЭНМ, вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ветеринария-санитария қоидаларини бузишга йўл қўяётган шахсларга, ветеринария ҳужжатларисиз гўшт қабул қилган умумий овқатланиш ва қайта ишлаш корхоналарига нисбатан амалдаги қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда жавобгарлик чоралари кўрилишини таъминласинлар.

9. Вилоят телерадиокомпанияси (Д.Исматов), “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти ва бошқа оммавий ахборот воситаларига вилоят аҳолисини қишлоқ хўжалиги ҳайвонларида учрайдиган юқумли касалликлардан муҳофаза қилиш ҳамда гўшт  маҳсулотларини етказиб бериш ва сотишда  ветеринария ва санитария талабларига риоя этилиши юзасидан давра суҳбатлари ҳамда танқидий кўрсатувлар ташкил этиш, мақолалар чоп этиш тавсия этилсин.

10. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари А.Нурқулов зиммасига юклатилсин.

 

Вилоят ҳокими в.б.                                                   Э.Турдимов


Охирги ўзгариш: 29/01/2019 19:12.   Кўрилганлиги: 1948
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/viloyat-aholisini-qishloq-xojaligi-hayvonlarida-uchraydigan-yuqumli-kasalliklardan-muhofaza-qilish-hamda-gosht-mahsulotlarini-etkazib-berish-va-sotishda-veterinariya-va-sanitariya-talablariga-rioya-etilishini-taminlash-boyicha-qoshimcha-chora-tadbirlar-to

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 12

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.