Самарқандда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Хитой Халқ Республикасининг Шэньси провинцияси Хитой Халқаро савдо тараққиётига кўмаклашувчи қўмитаси томонидан бизнес форум ва кооперацион биржа ўтказилди.
Ўзбекистон ва Хитой ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари О.Очилов, Шэньси провинцияси вице-губернатори Ванг Лисиа хоним, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари А.Икромов ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, техникавий, энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Икки давлат раҳбарлари учрашувлари чоғида эришилган келишувлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.
Хусусан, 2015 йилнинг сентябрь ойида Президентимиз Ислом Каримовнинг Хитойга ташрифи, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг 2016 йил июнь ойида мамлакатимизга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни мазмунан бойитиш, жумладан, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ўсиб, жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида 1,4 миллиард долларни ташкил этди. Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилган инвестициялари ва кредитлари ҳажми 6,5 миллиард доллардан ошган. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокида ташкил этилган 651 корхона фаолият кўрсатмоқда. 75 та етакчи фирма ва компаниялар ўз вакиллигини очган. Бугунги кунда икки томонлама ҳамкорлик алоқалари, айниқса, юқори технологиялар соҳасида фаол ривожланиб бормоқда.
– Мазкур бизнес форумнинг Самарқандда ўтказилиши бежиз эмас, – дейди Шэньси провинцияси вице-губернатори Ванг Лисиа хоним. – Чунки, икки давлат раҳбарларининг ташаббуси билан 2013 йилда Самарқанд вилояти ва Шэньси провинцияси ўртасида биродарлик алоқалари йўлга қўйилди. Бу икки тарихий шаҳар ҳам Буюк Ипак йўлининг муҳим бўғинларидан бири сифатида цивилизация, савдо-сотиқ, илм-фан, маданият маркази бўлган. Бугун ҳам мазкур ҳудудлар икки давлатнинг иқтисодиёти жадал ривожланиб бораётган масканлари ҳисобланади.
Шундан келиб чиқиб, келгусида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик алоқаларимизни янада ривожлантириш, биргаликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тадбиркорларимизнинг бир-бирлари билан яқиндан танишишларига имконият яратиш мақсадида ушбу форумни ташкил этдик.
Ўйлайманки, бу тадбир бундан буён мунтазамлик касб этади.
Бизнес форумда Шэньси ва Самарқанддаги йирик компания ва корпорациялар, фирмалар тоғ-кон саноати, инвестиция ва замонавий технологиялар, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, суғурта фаолияти, сайёҳлик йўналишлари бўйича ўз тақдимотларини ўтказди.
Шу ернинг ўзида икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари маҳсулот етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш бўйича келишувларга эришди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда Шэньси провинцияси Хитой Халқаро савдо тараққиётига кўмаклашувчи қўмитаси ўртасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.
Хитойлик меҳмонлар ташриф давомида Самарқанддаги йирик корхона ва фирмалар фаолияти билан яқиндан танишди, тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойларни томоша қилди.
Ғ.Ҳасанов
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 9
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.