Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ТОЖИКИСТОНГА МАСОФА ЯҚИН БЎЛДИ

ТОЖИКИСТОНГА МАСОФА ЯҚИН БЎЛДИ

Баҳор фаслининг илк кунида Самарқанд вилояти ва Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти ўртасидаги “Жартепа” ва “Саразм” ўтказиш пунктлари қайта тикланди.


“Жартепа” ва “Саразм” назорат-ўтказиш пунктлари ишга тушди
Баҳор фаслининг илк кунида Самарқанд вилояти ва Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти ўртасидаги “Жартепа” ва “Саразм” ўтказиш пунктлари қайта тикланди.
Шу муносабат билан ушбу масканларда ўтказилган маросимда икки вилоятнинг раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, фаоллар ва чегара ҳудуди аҳолиси, давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари иштирок этди.
Жам бўлганлар икки халқ ўртасидаги қадим-қадимдан давом этиб келаётган дўстлик муносабатларида очилаётган янги саҳифаларнинг дебочасига гувоҳ бўлдилар.
Дастлаб “Саразм”дан “Жартепа” ўтказиш масканига қўшни республика вакиллари карнай-сурнай садолари остида кириб келди.
Байрамона тусга кирган масканда Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев меҳмонларни унутилмас ташриф билан қутлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган саъй-ҳаракатлари юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Сўғд вилояти ҳокими Ражаббой Аҳмадзода назорат-ўтказиш пунктининг очилиши икки халқ манфаатига бир хилда хизмат қилиши, бу дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Тадбир доирасида саҳна кўринишлари орқали икки халқнинг муштарак адабиёти, маданияти рамзи сифатида концерт дастури намойиш қилиниб, ширу шакарлар ижро этилди.
Меҳмонлар учун “Жартепа” масканида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автотранспорт воситалари ҳамда бошқа маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Ташриф буюрганлар паспорт ва божхона назорат пункти учун яратилган шарт-шароит билан ҳам танишдилар.
Тадбирнинг иккинчи қисмида самарқандликлар вилоят ҳокими бошчилигида “Саразм” масканига йўл олишди. Сўғд вилояти ҳокимлиги ва фаоллар меҳмонларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатди. Тожик миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилди.
Назорат-ўтказиш пункти очилишини сабрсизлик билан кутган юртдошларимизнинг айримлари билан суҳбатлашдик.
- Суғд вилоятининг Панжакент шаҳри Дарвеши маҳалласида туғилиб, вояга етганман, - дейди Хосият Суярова нигоҳини олисларга қадаб. – 1980 йилда Тойлоқ туманининг Галаботир маҳалласига келин бўлиб тушган эдим. Отам билан, кўпчилик қариндошларим билан кўришмаганимга 12 йилдан кўп вақт бўлди. Яшаш жойларимиз орасидаги масофа 30-35 километр. Аммо ота-онамни бориб кўриб келишим учун камида 400 чақирим йўл босишим керак бўларди. Шу сабабли йиллаб ота-онам, ака-укаларим билан кўришолмадик.
Бугун ҳаётимда энг қувончли воқеалардан бири бўлди. Чегара постини очганларга минг раҳмат айтаман. Баҳорнинг биринчи куни менинг ҳаётимга ҳам баҳордай илиқлик олиб кирди.
- Қизимни Панжакентга узатганман, - дейди Ургутнинг Хўжабаланд маҳалласидан келган Кимё Жалолова. – Саккиз йил бўлибди кўрмаганимга. Она учун бу муддатни ўтиши қандай кечганини тасаввур қилиш осон эмас.
Яратганга шукр, бугун чегараларимиз очилиши билан узоғимиз яқин бўлди. Мана шу чегара пости очилишини соат санаб кутдим. Азалдан тўй-маъракаси бир бўлган, борди-келди қилиб келган халқни ўйлаган Президентларимизга минг раҳмат. Менга ўхшаган кўзлари йўлга тикилган оналарнинг ҳаммаси дуо қилаяпти.
- Ургут туманининг Нисбат қишлоғиданмиз, - дейди Матлуба Ёдгорова ва Абдулфаттоҳ Ёдгоров. – Тожикистонда яшайдиган, 70 ёшни қаршилаб қолган Мавжуда опамиз билан кўришгани келдик бу ерга. Тошкентнинг Бекободидан айланиб келишга имкон тополмаганимиз учун уч йилдан буён ҳар кунимиз хавотирда ўтди. Телефонда сўзлашганимиз дийдор ўрнини босармиди?!.
Президентимиз бизга ўхшаган одамларнинг дарду-ташвишини жуда тўғри тушунибди-да, мана, энди узоғимиз яқин, оғиримиз енгил бўладиган бўлди. Бунинг учун чин юракдан раҳмат айтамиз. Боши омон бўлсин Юртбошимизни!

***

Самарқанд шаҳрида бугунги кунда тожик миллий маданий маркази фаолият кўрсатмоқда, барча байрам ва тадбирларда миллий урф-одатлари, санъати, маданияти ва қадимий ҳунармандлик анъаналарини кенг тараннум этиб келади.
Вилоятдаги таълим тожик тилида олиб бориладиган умумтаълим мактабларида ёш авлод учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилган. Самарқанд давлат университетининг тожик филологияси бўлими ва бошқа 5 та факультетда 25 та бакалавриатура ҳамда 2 та магистратура гуруҳида йигит-қизлар илм-фан сирларини тожик тилида ўрганишмоқда.
Вилоят ҳаётида рўй бераётган воқеа-ҳодисалар “Овози Самарқанд” газетаси саҳифаларида тожикзабон аҳоли қатламига етказиб келиняпти. Бундан ташқари, вилоятнинг иккита телевидениесида тожик тилида махсус хабар, кўрсатув ва радиоэшиттиришлар мунтазам равишда эфирга узатилади.
Кейинги йилларда иккала давлат ўртасидаги дўстлик ва яқин қўшничиликка асосланган ҳамкорлик савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларга ҳам кўчган. Энг муҳими, ишбилармонлар ўртасида ўзаро манфаатли алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда.
Икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия ташкил қилиниб, муносабатларни яхшилаш мақсадида Душанбеда Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазмаси ўтказиш бошланди. 2017 йилда Тожикистонда Ўзбекистоннинг олтита савдо уйи очилган.
Ўтган йил якуни билан Самарқанд вилоятидан қўшни Тожикистон давлатига 9 млн. 533 минг доллар ҳажмида товарлар етказиб берилган. 2018 йилнинг ўтган даврида эса қарийб бир миллион доллар миқдорида маҳсулот экспорт қилинди.
Жумладан, тадбиркорларимиз қўшни давлатга “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган ёрлиқ билан гилам ва гилам маҳсулотлари, электротехника воситалари, минерал ва кимёвий ўғитлар, қишлоқ хўжалик ва бошқа маҳсулотлар етказиб беришмоқда.
Йўлга қўйилган бундай ҳамкорлик мамлакатлар иқтисодиётини ривожлантириш ва икки халқ фаровонлигига муносиб ҳисса бўлиб қўшилаётир.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Киритилган вақти: 01/03/2018 10:59.   Кўрилганлиги: 1408
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/regional_government/foreign_relations/tojikistonga-masofa-yaqin-boldi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 2

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.