Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 17-18 август кунлари юртимизга давлат ташрифини амалга оширган Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Самарқандда ҳам бўлди.
Олий мартабали меҳмон дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов мақбара-мажмуасини зиёрат қилди.
Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти қабрига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирди. Ислом Каримов хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинди.
Эмомали Раҳмон Ислом Каримов буюк давлат арбоби, дунё тан олган улкан сиёсатчи бўлганини таъкидлаб, у нафақат Ўзбекистон, балки минтақа давлатлари тараққиёти, хавфсизлиги учун ҳам муҳим ташаббуслар билан чиққанини қайд этди.
Икки давлат раҳбарлари Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек ва “Афросиёб” музейларидаги экспонатлар билан танишди.
Регистон мажмуасига ташриф чоғида Тожикистон Президенти мазкур мажмуа нафақат Самарқанднинг юраги, балки бутун дунё халқларининг ҳайрат ва ҳавасини уйғотадиган мўъжиза эканини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Регистон майдонида эсдалик учун суратга тушдилар.
Шундан сўнг Тожикистон Президенти давлатимиз раҳбари ҳамроҳлигида буюк Соҳибқирон Амир Темур мақбарасини зиёрат қилди.
Тожикистон Президенти ўзи учун Амир Темур ва темурийлар давлати тарихига оид янги жиҳатларни кашф этганини таъкидлади.
Шу билан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг мамлакатимизга давлат ташрифи якунланди.
***
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 18 август куни Самарқандда шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга доир лойиҳалар билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълумки, Амир Темур кўчасининг икки ёнида қарийб 14 гектар майдонда “Samarkand city” бунёд этиш режалаштирилган. 2017-2020 йилларга мўлжалланган тадбирлар дастури доирасида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа Самарқанднинг туристик салоҳиятини замон талаблари даражасига кўтаришга қаратилган. Бугунги кунда хорижлик инвесторлар жалб этилиб, бир нечта шартнома ва битимлар имзоланган.
Самарқанднинг ҳозирги сайёҳлик салоҳияти тарихий қадамжолар ҳисобигадир. “Samarkand city” эса замонавий туризм маркази бўлади. Дунёда нимаики хизмат турлари бўлса, бу ерда муҳайё бўлиши керак. Бу ердаги иншоот ва кўнгилочар масканлар мунтазам ишлаши, харажатни оқлаб, даромад келтириши зарур, деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз Самарқанд шаҳри Бош режасини хорижлик мутахассислар билан биргаликда лойиҳалаштириш, катта меҳмонхоналар билан бирга сайёҳлар учун кичик-кичик отеллар ҳам бунёд этиш зарурлигини таъкидлади.
Самарқандда йўллар, бинолар, транспорт инфратузилмаси, ўриндиқларгача – ҳамма-ҳаммаси чуқур ўйланиши, инсонлар учун қулай бўлиши лозим, деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 9
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.