Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ТАШРИФ САМАРАЛИ БЎЛДИ

ТАШРИФ САМАРАЛИ БЎЛДИ

Мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Муҳаммад Навоз Шариф 18 ноябрь куни пойтахтимиздаги Мустақиллик майдонига ташриф буюрди.

Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

Муҳаммад Навоз Шариф ушбу муаззам майдонда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига юксак баҳо берди.

Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Муҳаммад Навоз Шариф Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Самарқандга ташриф буюрди.

Олий мартабали меҳмон Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди. Покистон Бош вазирига буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг бой маънавий мероси, муқаддас динимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, мустақиллик йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида бу ерда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида сўзлаб берилди.

Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейи билан танишув чоғида олий мартабали меҳмонга Мирзо Улуғбекнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссаси, аллома яратган илмий мактаб ҳақида атрофлича маълумот берилди. Музейдаги ноёб экспонат ва тарихий ашёлар аждодларимизнинг буюк закоси, юртимиз илм-фанининг чуқур илдизлари ва тараққиётидан далолат бериши алоҳида таъкидланди.

Амир Темур мақбараси ва Регистон мажмуаси покистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Улар бу ердаги миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси, қўли гул усталаримиз тайёрлаган маҳсулотларни қизиқиш билан томоша қилдилар.

Муҳаммад Навоз Шариф қадим маданиятимиз ва миллий давлатчилигимиз тимсоли, меъморлик санъатининг юксак намунаси бўлган Самарқанд обидалари унутилмас таассурот қолдирганини алоҳида таъкидлади.

Покистон делегацияси аъзолари мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган юк автомобиллари ва автобуслар, қишлоқ хўжалик техникалари кўргазмасини ҳам кўздан кечирди. Самарқанддаги “JV MAN Auto Uzbekistan”, “СамАвто” корхоналарида ишлаб чиқарилаётган “МАN” ва “Isuzu” русумли юк машиналари, автобуслар ва бошқа транспорт воситалари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

– Бу техникалар Ўзбекистонда саноат, машинасозлик жадал ривожланиб бораётганидан далолат беради, – деди Муҳаммад Навоз Шариф. – Нуфузли компаниялар билан ҳамкорликда тайёрланаётган юк машиналари, замонавий қишлоқ хўжалик техникаларининг имкониятлари юқори. Бу Ўзбекистон билан мазкур йўналишда ҳам самарали ҳамкорлик қилиш истиқболларини кўрсатиб турибди.

Шу билан Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Муҳаммад Навоз Шарифнинг мамлакатимизга расмий ташрифи якунига етди.

ЎзА


Охирги ўзгариш: 22/12/2015 09:19.   Кўрилганлиги: 2316
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/regional_government/foreign_relations/tashrif-samarali-boldi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 2

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.