Самарқандда жорий йил 22-23 ноябрь кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўтказилади.
Давлатимиз раҳбари ташаббусига кўра, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан ташкил этилаётган мазкур халқаро тадбирга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
Форумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича вилоят штаби ва ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, тайёргарлик ишлари кунлик мониторинг қилиб борилмоқда.
— Айни пайтда хорижий ва маҳаллий меҳмонларни кутиб олиш учун Самарқанд халқаро аэропорти ва темирйўл вокзалида барча шароит яратилди, — дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, форумга тайёргарлик кўриш бўйича штаб раҳбари Р. Қобилов. — Форум иштирокчиларига транспорт ажратиш, меҳмонхонага жойлаштириш, гид-таржимон хизмати кўрсатиш, шаҳар бўйлаб саёҳатга олиб чиқиш бўйича масъуллар ва чора-тадбирлар белгиланган. Меҳмонхоналарда мутасадди идоралар масъул ходимларидан иборат гуруҳлар ташкил этилиб, навбатчилик йўлга қўйилди. "Зилол-бахт" меҳмонхонасида вилоят штаби ва оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот маркази ташкил этилиб, зарур жиҳоз ва техник ускуналар билан таъминланди.
Шаҳарни халқаро форум рамзи ва унинг мавзусига мос кўргазмали воситалар билан безатиш ишлари ҳам тегишли ишчи гуруҳ томонидан олиб борилмоқда. Шаҳардаги мутасадди корхона ва ташкилотлар ҳам мазкур халқаро тадбирни юксак савияда, Самарқандга хос меҳмондўстлик билан ўтказишга тараддуд кўрмоқда.
Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган, қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд азалдан турли миллатлар, динлар, маданиятлар, тиллар мулоқоти учун очиқ шаҳар, ўзаро тотувлик, самарали ҳамкорлик ва бағрикенглик намунаси бўлиб келган. 2015 йилда Самарқандга ташриф буюрган АҚШнинг собиқ давлат котиби Жон Керри "Мен тоғлар ва даштлар оша одамлар учрашган, турли минтақаларнинг маҳсулот ва ғоялари тўқнашган жойни ўз кўзларим билан кўрдим. Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бундан 70 йил аввал Нью-Йоркда ташкил этилган, деб ҳисоблаймиз. Йўқ. Аслида, бу ҳодиса бундан 100 йиллар аввал Самарқандда юз берган", деб таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат, илм-маърифат, цивилизация маркази ҳисобланган Самарқанд азалдан халқаро дипломатия маскани ҳам бўлган. Айниқса, Афросиёб тепаликларидан топилган деворий суратлардаги элчиларни қабул қилиш маросими, Соҳибқирон Амир Темурнинг нафақат Осиё, балки Европа мамлакатлари билан ҳам дўстона алоқаларни йўлга қўйиб, фаол ташқи сиёсат олиб боргани Самарқанднинг бир неча асрлар олдин дунё сиёсати маркази бўлганини кўрсатади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилда БМТ штаб-квартирасига ташрифи чоғида Самарқанд шаҳрининг рамзи ҳисобланган Регистон майдони макетини туҳфа қилган эди.
Айни шу жиҳатдан Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумининг Самарқандда ўтказилиши ҳам тарихий аҳамият касб этиши, шубҳасиз.
Муаллиф: Ғ. ҲАСАНОВ
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 5
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.