Самарқанд шаҳрида “Фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳамда давлат ва жамият қурилишида хотин-қизларнинг ўрни: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан UNWOMEN (БМТнинг Аёллар тузилмаси) ҳамда Германиянинг омонат кассалари жамғармаси, “Фридрих Эберт” фонди ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Германия, Италия, Хитой, АҚШ, Озарбайжон давлатлари ва халқаро ташкилотлардан келган экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирликлар, идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари раислари қатнашди.
Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги доимий вакили Стефан Приснер ва бошқалар мамлакатимизда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидладилар. Ушбу мақсадда саксонга яқин миллий ва халқаро ҳужжатлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб, БМТнинг “Хотин-қизлар камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенцияга қўшилди. Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш, аёлларни ижтимоий муҳофаза қилишга доир кўплаб фармон ва қарорлари, махсус дастурлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилди.
Бунинг натижасида айни пайтда мамлакатимиз хотин-қизлари давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида фаол иштирок этмоқдалар. Олий Мажлис Сенати аъзоларининг 17 фоизини, Қонунчилик палатаси депутатларининг 16 фоизини аёллар ташкил этади. Мустақиллик йилларида 14 нафар фаол аёлларга давлатимизнинг юксак мукофоти – Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилди. Президентимиз ташаббуси билан Зулфия номидаги давлат мукофоти таъсис этилиб, аъло хулқи, зукколиги, ўқишдаги муваффақиятлари, ташаббускорлиги билан ноёб истеъдодини намоён этаётган иқтидорли қизлар тақдирланмоқда.
Юртимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилиб, юксак самаралар бермоқда.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари С.Артикова, БМТнинг аёллар масалалари тузилмаси Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича бош маслаҳатчиси С.Фрейзер, Германия Омонат кассалари жамғармаси раиси Матиас Фосс, АҚШ аёллар ташкилотлари бўйича Миллий кенгаши раиси С.Сканлан, Шанхай хотин-қизлар федерацияси аёллар масалалари бўйича департаменти директори Гу Сьюжуан хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётдаги иштирокининг ҳуқуқий асослари ва аҳамияти ҳақида хорижий мамлакатлар тажрибаси, бу борада Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сўз юритдилар.
Ялпи мажлисдан сўнг конференция икки шўъбага бўлинган ҳолда давом этди. Уларда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида, шунингдек, юртимиз ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳаётида, оила ва жамиятда хотин-қизларнинг ўрни ва ролини мустаҳкамлаш юзасидан маърузалар тингланди.
Ўзбекистонда аёлларни иш билан таъминлаш, оналик ва болалик муҳофазаси, аёллар ўртасида спортни ривожлантириш, хотин-қизларнинг таълим ва фандаги роли, маънавий муҳит барқарорлигидаги ўрни, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини муфовиқлаштириш ва самарали ижтимоий ҳамкорлик борасида тажриба алмашилди.
Хотин-қизларнинг иқтисодий билимларини ошириш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини кучайтириш, хотин-қизлар қўмитаси тизимида халқаро ҳужжатлар ижросини таъминлашда ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида масъулларнинг билимларини янада ошириш бўйича халқаро ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди.
***
Икки кунлик анжуман доирасида тадбир иштирокчилари Самарқанд енгил саноат касб-ҳунар коллежида бўлиб, битирувчи қизлар бандлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар. Инглиз тили хонаси, тренинг хоналарида макетлаш ва тикув цехида ҳунар ўрганаётган қизларнинг иш жараёнини ҳам кузатишди.
Самарқанд шаҳридаги “Чашма” маҳалласида хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган секторлар фаолияти, 21-умумтаълим мактабидаги “Ораста қизлар” тўгараги фаолияти ҳам анжуман қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.
“Бибихоним” маданият тўгарагида хорижлик меҳмонлар ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси вакилларининг Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари билан ўтказган учрашувида мамлакатимизда хотин-қизларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва бандлигини таъминлаш, истеъдодли қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, халқаро конференция иштирокчилари Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари, тарихий обидалари билан ҳам танишдилар.
Мария Людовика Боттарелли– “LOBBY Европа аёллари” ташкилотининг Италиядаги бўлими бош котиби:
– Юртингизда кечаётган ўзгаришларни кузатиб бораман. Ташкилотимиз аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни иш билан таъминлаш масалалари билан шуғулланади. Кўриб турибманки, мактаб қошидаги тўгараклар қизларга келажакда асқотадиган турли ҳунарларни ўргатиб, уларнинг танлаган касб йўналишларидан ташқари, қўшимча уй меҳнати билан ҳам шуғулланишларига замин тайёрлайди. Бу борада Ўзбекистон тажрибасидан кўп жиҳатларни ўрганиш мумкинлигини кўриб турибман.
Ўзбекистонлик ҳамкасблар билан шу кунгача аёлларнинг иқтисодий билимларини ошириш бўйича учта лойиҳада бирга ишлаганмиз. Келгусидаги ҳамкорлигимиз ҳам ижобий самара беришига ишонаман.
Гу Сьюжуан – Шанхай хотин-қизлар федерацияси аёллар масалалари бўйича департаменти директори:
– Қизларнинг шарқона лутфи, хорижий тилларда эркин сўзлашиши, бадиий ижодни юксак даражада тушуниши ва тингловчига етказиб бериш иқтидори таҳсинга лойиқ.
Юртингиз ёшларининг фан, таълим, маданият, спорт, санъат соҳаларида эришаётган ютуқлари кишида қанчалар ҳавас уйғотса, ана шу муваффақиятларга асос бўлиб хизмат қилаётган тизим ҳам шунчалик қизиқишни орттиради.
Ўқувчиларни давлат томонидан кенг миқёсда қўллаб-қувватлаш тизими самарали йўлга қўйилган. 12 йиллик мажбурий таълим бепул этиб белгилангани мени ҳайратлантирди. Бундай имконият, албатта, юртингиз равнақи учун жуда ҳам муҳим.
Саодат Гаҳраманова – Озарбайжон Республикаси оила, аёллар ва болалар масалалари бўйича давлат қўмитаси раиси ўринбосари:
- Ўзбекистонга ўтган асрнинг 80-йилларида келган эдим. Ўтган йиллар давомида юртингиз таниб бўлмас даражада ўзгариб кетибди. Амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини кўриб ҳайратим ошди. Замонавий уй-жойлар, савдо марказлари қад ростлабди. Кўчалар, маҳаллалар янада кўркамлашибди.
Ҳар қайси соҳадаги ислоҳотлар самарадорлиги, аввало, унинг ҳуқуқий асосларига боғлиқ. Ўзбекистонда Президент ташаббуси билан “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилинганидан яхши хабардорман. Ушбу ҳужжатларда кўзда тутилган мақсад ва вазифалар ҳаётга изчил татбиқ этиб борилаётгани боис ёшлар пухта билим эгаллаб, мамлакат равнақига муносиб ҳисса қўшадиган мутахассислар бўлиб етишишмоқда. Буни биз фаолияти билан танишган коллеж ўқувчилари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Наташа Мундингер – Германия Омонат кассалари жамғармаси эксперти:
- Маҳалладаги секторлар фаолияти билан танишганимизда ҳафта кунларининг номлангани, жумладан, душанба – кексалар, сешанба – ҳомиладор аёллар, кейинги кун аёллар ҳамда ёш болаларнинг тиббий кўрикдан ўтишининг белгилангани шифокорларга ҳам, аҳолига ҳам жуда қулай экан.
Бир қатор халқаро институтларнинг баҳолашича, Ўзбекистон дунёнинг 125 давлати орасида хотин-қизлар учун қулай шароит яратиш ва оналикни муҳофаза қилиш борасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Жаҳон рейтингида Ўзбекистон ўсиб келаётган ёш авлод саломатлиги ҳақида энг кўп ғамхўрлик кўрсатаётган давлатлар ўнталигига киради.
Германиядаги бир қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси билан хотин-қизларнинг иқтисодий билимларини ошириш, аёлларда экологик маданият ва соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, таълим масалаларида ҳам ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда.
Зилола Омонова
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 10
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.