1-3 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессиясида кенг муҳокама этилади
Ушбу анжуман Президентимизнинг 2014 йил 1 августдаги фармойишига мувофиқ ташкил этилаяпти. Унда Осиё, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка ҳамда Африка қитъаларидан кўплаб олимлар, нуфузли халқаро сайёҳлик ташкилотлари раҳбар ва вакиллари, илмий марказлар ҳамда институтлар мутахассислари, экспертлар қатнашиши кутилмоқда.
Туризм – барқарор ривожланишнинг муҳим омилларидан бири бўлиб, мазкур соҳа аҳоли турмуш даражасини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш имконини беради. Шу боис давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистонда ушбу тармоқ салоҳиятидан янада самарали фойдаланишга йўналтирилган чора-тадбирлар белгиланиб, муваффақиятли амалга оширилаяпти.
Бугунги кунда юртимизда тўққиз юздан зиёд сайёҳлик корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Сайёҳликнинг экотуризм, геотуризм, экстремал, тиббий ва маданий йўналишлари, автомобилда саёҳат қилиш, альпинизм каби кўплаб замонавий турлари жадал ривожланмоқда. Янги сайёҳлик маршрутлари ишлаб чиқилиб, халқаро ва маҳаллий аэропортлар, транспорт коммуникациялари барпо этилаяпти.
Кейинги йилларда эса “Тошкент–Самарқанд”, “Самарқанд–Тошкент” йўналишларида замонавий тезюрар “Афросиёб” поезди қатнови йўлга қўйилди. Тошкент, Нукус, Бухоро, Урганч ва бошқа шаҳарлардаги аэропортлар модернизация қилиниб, уларда халқаро талабларга мос сервис хизматлари кўрсатиш имконияти яратилди. Соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва мамлакатимиздаги тинч-осуда ҳаёт ҳамда барқарорлик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳити сайёҳлар оқимининг янада кўпайишига хизмат қилаётир.
Таъкидлаш жоизки, Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашган заминимизда тўрт мингдан ортиқ тарихий-меъморий обида мавжуд. Юртимизнинг бебаҳо моддий ва маънавий мероси ҳисобланган ушбу осори-атиқалар кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келинаяпти. Мамлакатимизнинг муҳим туризм марказлари – Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз шаҳарлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.
Ўзбекистон 1993 йилдан бери Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO)га аъзо давлат сифатида ўзаро ҳамкорликда қатор муҳим тадбирларни ўтказиб келади. Буюк Ипак йўли мамлакатларининг биринчи мажлиси (Самарқанд, 1994 йил), Маданий меросни сақлаш бўйича семинар (Бухоро, 1996 йил), Буюк Ипак йўлида туризмни ривожлантириш бўйича учинчи мажлис (Бухоро, 2002 йил) шулар жумласидандир.
2004 йилда эса Самарқандда UNWTOнинг Минтақавий офиси очилди. 2010 йил 8-9 сентябрь кунлари худди шу шаҳарда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош котиби Талеб Рифаи иштирокида ўтказилган навбатдаги мажлисда “Ипак йўли” савдо белгисини жаҳон сайёҳлик бозорига олиб чиқиш борасида муҳим қадам қўйилди. Шунингдек, UNWTO Бош ассамблеясининг Кенжу (Жанубий Корея) шаҳрида ўтказилган 19-сессиясида Европа минтақавий гуруҳи томонидан Ўзбекистон Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг аъзолигига сайланди.
БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессиясини ўтказиш учун айнан Самарқанд танлангани бежиз эмас. Президентимиз шу йил ушбу шаҳарда ташкил этилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида таъкидлаганидек, кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри бетакрор шарқона руҳи ва қиёфаси, бой тарихи, бу ерда сақланиб қолган ноёб, ҳар қандай одамни ҳайратга соладиган обидалари билан сайёрамизнинг турли минтақаларида афсонавий шаҳар сифатида маълуму машҳурдир. Мовий гумбазлари миллионлаб сайёҳларни ўзига мафтун этадиган Самарқанд Рим билан бир қаторда “Абадий шаҳар” деган ном билан бутун дунёда шуҳрат қозонган.
Кейинги йилларда давлатимиз томонидан мазкур кентда кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Хусусан, Регистон, Амир Темур, Руҳобод мақбаралари, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Ҳазрати Хизр ва Бибихоним масжидлари, Мирзо Улуғбек расадхонаси реконструкция қилинди. Улар атрофида кўркам боғ ва хиёбонлар яратилди.
Халқаро анжуманда дунёнинг етакчи экспертларига жаҳон сайёҳлик бозорининг бугунги аҳволи ва истиқболлари хусусида тажриба алмашиш, бу борадаги янги тенденциялар, долзарб сайёҳлик муаммоларини муҳокама қилиш, янги имкониятларни намойиш этиш кўзда тутилган.
Бинобарин, сессия жаҳон жамоатчилигини Ўзбекистоннинг сайёҳлик борасидаги юксак салоҳияти билан кенг таништириш, етакчи компаниялар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашиш имконини ҳам беради.
Шунингдек, сессия қатнашчилари Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги тарихий, илмий ва маданий обидаларни зиёрат қилиб, истиқлол йилларида юртимизда амалга оширилган бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишларининг гувоҳи бўладилар.
Фазлиддин Абилов.
www.xs.uz дан
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 5
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.