Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Вилоятда болаларнинг 2016 йил ёзги соғломлаштириш мавсумини намунали ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида

Вилоятда болаларнинг 2016 йил ёзги соғломлаштириш мавсумини намунали ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида

Самарқанд вилояти ҳокими ва вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раёсатининг 
ҚЎШМА ҚАРОРИ

“Соғлом она ва бола йили”да болаларни ёзги соғломлаштириш мавсумини намунали ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида вилоят ҳокими ва вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг раёсати

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Болаларнинг ёзги дам олишини ташкил этиш, оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш ва соғломлаштириш ишларини мувофиқлаштирувчи вилоят комиссияси таркиби 1-иловага, ўтказилган хатлов якунлари бўйича нуқсон далолатнома асосида таъмирланадиган ва етишмайдиган инвентарлар 3-иловага, оромгоҳларга бириктирилган раҳбарлар 4-иловага, оромгоҳларни спорт инвентарлари билан таъминлаш ва маънавият хоналарини ташкил этишга масъуллар 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. 2016 йилнинг ёз мавсумида болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш режаси 2, 2,1-иловаларга мувофиқ вилоят бўйича 22 700 нафар этиб белгилансин.

Шу жумладан:

шаҳардан ташқари доимий оромгоҳларда 11 200 нафар болаларни касаба уюшмалари, корхона ва ташкилотлар ҳамда ота-оналар маблағлари ҳисобидан;

ҳокимликлар ҳамда ҳомий корхона-ташкилотлар, муассасалар ва тадбиркорлар маблағлари ҳисобидан 11 500 нафар болаларни халқ таълими ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ташкил этиладиган кундузги оромгоҳларда дам олдирилиши таъминлансин.

3. Вилоят ҳокимлигининг халқ таълими (А.Умаров), ўрта махсус, касб-ҳунар таълими (Р.Юлдашев) бошқармалари 10 мартгача кундузги оромгоҳларда 11 500 нафар болаларни дам олдириш мақсадида 2-иловага мувофиқ ташкил этиш бўйича вилоят комиссиясига таклиф киритсин.

4. Вилоят ҳокимлигининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси (Р.Юлдашев) вилоят МТПлар бирлашмаси (Э.Тўраев) билан биргаликда Ургут, Самарқанд ва Пайариқ туманлари, Самарқанд шаҳридаги касб-ҳунар коллежларини амалиёт ўтаётган юқори курс ўқувчиларини жалб этган ҳолда кундузги оромгоҳларни молиялаштириш учун ҳомийлардан йиғиладиган маблағлар ҳисобидан “Меҳнат ва дам олдириш” оромгоҳларини ташкил этсин ҳамда 250 нафар коллеж ўқувчиларининг дам олишини таъминласин.

5. Вилоят ҳокимлиги халқ таълими бошқармаси бошлиғи А.Умаров ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши раиси А.Аслановларнинг:

Самарқанд туманида жойлашган “Алпомиш” болалар оромгоҳида қўшимча 4-даврада иқтидорли болалар учун “Интеллектуал ривожлантириш” оромгоҳини ташкил қилиш ҳисобига 100 нафар;

Тарбияси оғир, ички ишлар идораларида рўйхатда турувчи болалар учун “Ҳарбий тарбия ва спорт соғломлаштириш” оромгоҳи ташкил қилиш ҳисобига 100 нафар болани соғломлаштириш бўйича таклифлари маъқуллансин.

6. Вилоят ҳокимлиги халқ таълими бошқармаси (А.Умаров)га ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси (Р.Юлдошев) ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда:

халқ таълими ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ташкил этиладиган кундузги оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш, ҳудудларини ободонлаштириш, биноларини таъмирлаш, жиҳозлаш, мавсум давомида фаолиятини низом асосида ташкил этиш;

кундузги оромгоҳларга болаларни 2-иловага мувофиқ жалб этиш, уларни дам олишларини мазмунли ўтказилишини ташкил этиш;       

кундузги оромгоҳларда “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари, кам таъминланган оилалар ва етим болаларни дам олдиришини ташкил этиш мақсадида ҳомийлик ҳаракатини кенг кўламда тарғибот қилиш орқали маблағ жамғариш чораларини кўриш вазифаси топширилсин.

Белгилансинки, кундузги оромгоҳлар учун ҳомийлардан йиғиладиган маблағ халқ таълими бошқармаси махсус ҳисоб рақамига кўчирилиб, оромгоҳларни молиялаштириш амалга оширилади.

7. Мувофиқлаштирувчи комиссия (Х.Худжаёров) шаҳар ва туманлар ҳокимлари билан биргаликда касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси (М.Бобоёров) томонидан тақдим этилган таҳлил асосида 2016 йилда болаларни соғломлаштириш билан боғлиқ маблағларни корхона, ташкилот ва муассасалар, хўжаликлар томонидан оромгоҳларга мавсум бошидан (давра) бир ҳафта олдин ўтказилишини ўз назоратига олсин.

8. Белгилаб қўйилсинки:

Оромгоҳларни 3-иловага мувофиқ таъмирлаш ишларини 20 апрелга қадар қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси (Ш.Сафаров) - “Нарпай”, “Қўшчинор”, “Баркамол авлод”, “Камалак”, “Пахтасаноат” (Н.Омонов) - “Соғлом авлод”, “Самарқандтранс” (И.Хамраев) - “Дўстлик”, “Каттақўрғон ёғ-мой” (А.Маҳмудов) - “Фарҳод”, “Оқтошдон” (Т.Худойбердиев) - “Баҳора” оромгоҳларини, туман ва шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари халқ таълими тизимидаги оромгоҳларни таъмирлаш ишларини якунига етказиш учун;

туман ва шаҳар ҳокимларининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари 3,1-иловага мувофиқ 20 апрелга қадар зарур инвентарлар билан таъминлаш ҳамда ҳар бир оромгоҳ ҳудудида ўйингоҳлар ташкил этиш, камида 2000 дона гул кўчатлари экишни ташкил этиш учун;

вилоят ҳалқ таълими бошқармаси туман ва шаҳар ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари билан биргаликда оромгоҳларда маънавият хоналари ташкил этиш, уларни зарур турдаги адабиётлар билан таъминлаш учун шахсан масъул ҳисобланади.

9. Самарқанд архитектура-қурилиш институти (С.Аҳмедов) институтнинг тажрибали ўқитувчи ва талабаларидан иборат ландшафт дизейнерчилар гуруҳини ташкил этиб, 15 мартга қадар ҳар бир оромгоҳни ободонлаштириш бўйича лойиҳа таклифларини ишлаб чиқсин ҳамда вилоят комиссиясига тақдим этсин.

10. Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси (М.Бобоёров) Самарқанд давлат университети (О.Халмухаммедов) билан биргаликда оромгоҳларга жалб этиладиган тарбиячи, етакчи, тиббиёт ходими, спорт йўриқчиси, ички ишлар, ДСЭНМ, ошпазлар рўйхатини шакллантириб, уларни махсус дастур асосида ўқувини ташкил этсин.

11. Вилоят ҳокимлиги халқ таълими бошқармаси (А.Умаров) тизимдаги “Савазсой” оромгоҳини фойдаланиш ёки фойдаланмаслик бўйича бир ҳафта муддатда вилоят комиссиясига ўз таклифини берсин.

12. Вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси (Б.Игамбердиев) ҳар бир оромгоҳга болаларнинг сонидан келиб чиқиб, 1 апрелга қадар шифокор ва ҳамшираларни буйруқ билан бириктириб, вазифаларини аниқ белгиласин ҳамда оромгоҳлардаги тиббиёт хоналарини зарур тиббий жиҳозлар (1 та музлатгич, тарози, бўй улчаш, 72 турдаги дори, қорақурт ва илон заҳрига қарши зардоб) билан 1 майга қадар таъминласин.

Оромгоҳга келадиган болалар ҳамда жалб этиладиган ишчи-ходимларнинг ҳар бирини тиббий кўрикдан ўтказиб, вилоят комиссиясига хулоса берсин.

13. Вилоят ички ишлар бошқармаси (Ж.Қодиров), вилоят ДСЭНМ (О.Бойқобилов) ҳар бир оромгоҳга бир нафардан ДСЭНМ, ички ишлар ҳамда ёнғин хавфсизлиги ходимларини буйруқ билан бириктириб, уларнинг вазифасини алоҳида белгилаб берсин.

14. Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси (У.Ҳайдаров) ҳар бир оромгоҳни мавсум бошланишидан бир ой олдин текшириб, хавфсизлик талабларига жавоб бериши бўйича вилоят комиссиясига таклиф киритсин ҳамда мавсум давомида болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича алоҳида чора-тадбир ишлаб чиқсин.

15. Вилоят ички ишлар бошқармаси (Ж.Қодиров) болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир оромгоҳни видео-кузатув ускуналари билан таъминлаш чорасини кўрсин.

16. Вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси (С.Санақулов) вилоят ҳокимлиги маданият ва спорт ишлари бошқармаси (К.Мизомов) вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси билан биргаликда ҳар бир оромгоҳ бўйича алоҳида дастур асосида маданий, маърифий ва спорт тадбирларини ўтказиш режасини ишлаб чиқсин.

Маданий, маърифий ва спорт тадбирларига вилоятдаги таниқли шоир, ёзувчи ва профессор-ўқитувчиларни ҳамда спорт соҳасида юксак марраларни қўлга киритган спортчиларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратсин.

17. Вилоят ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш бошқармаси (Н.Эрназаров) барча оромгоҳларни алоқа тармоғининг мақбул бўлган воситалари билан тўлиқ таъминласин ҳамда уларни мавсум давомида узлуксиз ишлашини ўз назоратига олсин.

18. “Самарқанд электр тармоқлари” (Ғ.Примов), “Марказгазтаъминот” унитар корхонаси ҳар бир оромгоҳга масъулларни буйруқ билан бириктириб, узлуксиз электр энергияси ҳамда суюлтирилган табиий газ билан таъминлаш чорасини кўрсин.

Суюлтирилган табиий газдан хавфсизлик талаблари даражасида фойдаланишга алоҳида эътибор қаратсин.

19. Вилоят ички ишлар бошқармаси (Ж.Қодиров), вилоят касаба уюшмалари вилоят ташкилотлари бирлашмаси (М.Бобоёров), “Самарқандтранс” маркази (И.Ҳамраев) ҳар бир оромгоҳнинг хўжалик ташкилоти (транспорт корхоналари билан) шартнома асосида оромгоҳларга болаларни олиб бориш ҳамда олиб келишини ички ишлар кузатуви асосида ташкил этсин.

20. Булунғур (Ҳ.Абжалов), Жомбой (Ҳ.Бўриев), Пастдарғом (В.Раҳимов), Пахтачи (К.Қурбонов), Каттақўрғон (С.Азимов) туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳар (Ш.Раҳмонов) ҳокимлари бир ҳафта муддатда ўз ҳудудларидаги болалар оромгоҳларни тоғли, сўлим ҳудудларга кўчириш бўйича вилоят комиссиясига таклиф киритсин.

21. Вилоят телерадиокомпанияси (Ф.Тўраев), “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти (Ф.Тошев), “Овози Самарқанд” (О.Хидиров) газеталарига оромгоҳларнинг ёзги дам олиш мавсумига тайёргарлигини ҳамда мавсумнинг ўтказилишини мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш тавсия этилсин.

22. Пайариқ тумани ҳокими А.Жўраевнинг “Камалак” оромгоҳини келажакда ўзини ўзи молиявий таъминотини яхшилаш мақсадида балиқчилик ҳавзаси ташкил этиш ҳақидаги ташаббуси маъқуллансин.

23. Ушбу раёсат қарорининг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Худжаёров ҳамда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси М.Бобоёров зиммаларига юклансин.

Самарқанд вилояти ҳокими З.Мирзаев

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси М.Бобоёров

2016 йил 19 февраль


1-илова. 2016 йилнинг ёз масумида болаларнинг ёзги дам олишини ташкил этиш, оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш ва соғломлаштириш ишларини мувофиқлаштирувчи вилоят комиссиясининг таркиби (PDF форматда, 215 kb)

2-илова. 2016 йил ёзги соғломлаштириш мавсумида барча турдаги оромгоҳларга болаларни жалб этиш тақсимоти (PDF форматда, 129 kb)

2.1-илова. Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашида болаларни 2016 йилги ёзги дам олишини ташкил этиш ва ўтказишнинг оромгоҳлар бўйича тақсимоти (PDF форматда, 183 kb)

3-илова. Вилоятдаги болалар оромгоҳларида хатлов якунлари бўйича таъмирланадиган бинолар тўғрисида (PDF форматда, 133 kb)

3.1-илова. Вилоятдаги оромгоҳларнинг 2016 йил мавсумига талаб этиладиган инвентарлар тўғрисида (PDF форматда, 138 kb)

4-илова. Самарқанд вилоятидаги шаҳардан ташқари болалар оромгоҳларига бириктирилган масъуллар рўйхати (PDF форматда, 152 kb)


Киритилган вақти: 01/03/2016 18:38.   Кўрилганлиги: 3113
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/regional_government/cooperation/viloyatda-bolalarning-2016-yil-yozgi-soglomlashtirish-mavsumini-namunali-tashkil-etish-va-otkazish-togrisida

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 8

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.