.
Хозирги кунда мамлакатимизда кўплаб осмон ўпар бинолар, замон талабига мос кўп квартирали уй-жойлар қурилмоқда, натижада эса шаҳар ҳудудлари кенгайтирилиб, янада кўркамлашиб бормоқда. Шу ўринда тадбиркорлик субъектларининг кўп квартирали уй-жойларнинг ертўла қисмидан фойдаланишга бўлган талаби тобора ошмоқда.
Бу ҳам ўз ўрнида тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратгани каби кўп квартирали уй-жойларда истиқомот қилувчиларга ҳам ўзига яраша қулайликлар яратмоқда.
Бироқ, ертўла қисмлардан қонун доирасида фойдаланиш тартиби мавжудлиги ҳақида хамма хам билмайди.
Ҳусусан, кўп квартирали уй-жойларнинг ертўла қисмидан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 октябрдаги 648-сон қарори билан тасдиқланган “Кўп квартирали уйнинг ертўласидан фойдаланиш тартиби тўғрисида” Низомда белгиланган.
Ушбу тартибга кўра, ертўла ёки унинг бир қисмини ертўладан фойдаланувчига бериш кўп квартирали уй-жойлар мулкдорлари умумий йиғилишининг қарори асосида амалга оширилади.
Умумий йиғилишда барча мулкдорларнинг ёки улар вакилларининг эллик фоизидан кўпроғи иштирок этиши ва уларнинг фикрларини инобатга олиниши орқали қарор қабул қилинади.
Кўп квартирали уйдаги умумий жойлар, таянч ва тўсиқ конструкциялар, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўрама) пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ҳамда бошқа шахталар, даҳлизлар, техник қаватлар, ертўлалар, чердаклар ва томлар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойларнинг ташқарисида ёки ичида жойлашган ҳамда биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуна ва қурилмалар уй-жой мулкдорларининг умумий мулки ҳисобланади.
Кўп квартирали уй-жойларнинг ертўласида қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланишга йўл қўйилади:
озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари билан савдо қилиш (дўконлар, киоскалар, дўкончалар ва бошқалар);
маиший хизмат кўрсатиш (сартарошхоналар, пойабзал тикиш ва таъмирлаш, оптика, соат созлаш устахоналари, тикувчилик ва каштачилик, ателье);
умумий овқатланиш (ресторанлар, кафе, кафетерийлар, музқаймоқ ва чанқовбосди ичимликлар барлари, газакхоналар);
банк хизматлари кўрсатиш (банкларнинг бўлимлари ва валюта алмаштириш пунктлари);
алоқа хизматлари кўрсатиш (почта бўлими) ва курьерлик фаолияти;
газеталар, журналлар ва китоб маҳсулотлари билан савдо қилиш;
бижутерия ва жевакларни тайёрлаш ва таъмирлаш;
гулчамбарлар, сунъий гуллар ва гул маржонларини тайёрлаш;
рассомчилик ва ҳайкалтарошлик;
хизмат кўрсатиш ва тадбиркорларнинг офислари ҳамда идоралари;
видео ва фотосуратга олиш ҳамда компьютер хизматлари;
таржима ва таҳрир хизматлари;
дизайн, чизмачилик-графика хизматлари;
кийим-кечак ва идишларни ижарага бериш хизмати;
риэлторлик фаолияти;
газламаларга нақшлар солиш, трафаретли босма ва қўлда расм чизиш хизматлари;
жисмоний тарбия ва спорт муассасалари фаолияти;
давлат ташкилотларини жойлаштириш;
суғурта ташкилотларини жойлаштириш.
Бунда, кириш жойлари аҳолининг уйга кириш эшикларидан алоҳида бўлган ва баландлиги 2,2 метр ва ундан юқори бўлган ертўлани фойдаланишга беришга рухсат этилишига алоҳида аҳамият берилиши лозим.
Кўп квартирали уй-жойларда истиқомат қилувчиларга ортиқча ноқулайликлар яратмаслик мақсадида ертўлаларда қуйидаги фаолият турлари билан шуғулданишга қатъий йўл қўйилмайди:
уйни қуришда ўтириладиган жойлари сони лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилмаган, шунингдек, соат 23.00 дан кейин ҳам ишлайдиган умумий овқатланиш корхоналари, ресторанлар, кафелар, кафетерийлар, барлар;
кимёвий товарлар, сабзавот ва балиқ маҳсулотларини, шунингдек, газ баллон, кимё воситалари, енгил алангаланувчи ва ёнувчи суюқликлар ҳамда портлаб ёниш хавфлилиги жиҳатидан хавфли бўлган бошқа моддалар ва материаллар бор бўлган маҳсулотларни сотувчи дўконлар;
ўз ишлаб чиқаришида тез ёнувчи моддаларни қўлловчи кимёвий тозалаш хоналари;
10 тадан ортиқ иш ўрнига эга бўлган пойабзал тикиш ва таъмирлаш устахоналари;
ҳаммомлар ва сауналар;
алоқа тармоқ станциялари, шаҳарлараро алоқанинг кеча-кундуз фойдаланиладиган сўзлашув пунктлари ва телеграф;
жамоат ҳожатхоналари;
маросимлар билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш муассасалари;
саноат корхоналари фаолиятининг барча турлари;
уй ҳайвонлари ва паррандалари боқишга ёки кўпайтиришга мўлжалланган жойлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг транспорт воситалари учун гаражлар (махсус лойиха асосида қурилган гаражлар бундан мустасно);
яшаш жойлари, кинотеатр, ётоқхона ва меҳмонхоналар ташкил этиш.
Шунингдек, ертўладан фойдаланишда қуйидагилар тақиқланади:
кўп квартирали уйнинг ён-атрофидаги йўлакларда, фасад қисмларида, умумий фойдаланиш ҳудудларида ҳар хил кўрсаткичлар, пешлавҳалар, флагштоклар, меъморчилик деталлари, рекламалар, палаткалар, турли ёзувлар, афишалар, плакатлар, ҳар хил эълонлар ва бошқаларни кўп квартирали уйни бошқариш органининг ёзма розилигисиз ўрнатиш;
ертўладан фойдаланиш натижасида маиший ва бошқа чиқиндиларни белгиланмаган жойларга тўкиш, ташлаш ва ёқиш;
фавқулодда вазиятларда ертўладаги ўтиладиган жойлар, умумий йўлаклар, қўшимча ўтиш ва чиқиш жойларини турли буюмлар ва асбоб-ускуналар билан тирбанд қилиш;
ертўла эвакуация йўллари, зинапоялар ва йўлакларда ёнувчи газ билан тўлдирилган баллонларни, енгил алангаланувчи ва ёнувчи суюқликларни, аэрозоль идишдаги товарларни ҳамда бошқа портлаш ва ёниш хавфи бор модда ва материалларни сақлаш ва улардан фойдаланиш, хўжалик хоналарини ташкил этиш;
ертўлада бинонинг конструктив қисмларига зарар етказувчи ишларни амалга ошириш;
кўп квартирали уйнинг лойиҳа ҳужжатларида кўзда тутилмаган ҳолларда ертўлада транспорт воситаларининг исталган турини сақлаш, уларни тузатиш ва ювиш;
ертўлада ўзбошимчалик билан иситиш қозонлари, радиаторларни ўрнатиш ёки уларнинг иситиш майдонини кенгайтириш, қувурларга кранлар ўрнатиш, элеватор узелларини созлаш, иссиқ сув, канализация қувурлари ва бошқа тармоқлар схемаларини ўзгартириш, умумий фойдаланишга мўлжалланган жойларни эгаллаб олиш, шунингдек, муҳандислик-коммуникация тизимларига бориш имкониятини чеклаб қўйиш;
соат 23.00дан бошлаб соат 8.00 гача товуш даражаси 45дБАдан ортиқ бўлган телевизорлар, радиоприёмниклар ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралардан, шунингдек, яшовчиларнинг тинчлигини бузувчи бошқа қурилмалардан фойдаланиш;
фуқароларнинг ҳаётига, соғлиғига, мол-мулкига ёки атроф муҳитга хавф туғдирадиган ертўланинг ёки уйнинг конструктив қисмлари таянч қобилияти ҳамда зилзилага бардошлилигини бузувчи, шовқин ва тебраниш ҳосил қилувчи ҳамда ҳавони ифлос қилувчи ишларни амалга ошириш ёки бошқа ҳаракатларни содир этиш.
Ертўладан фойдаланувчи томонидан ертўлани бошқа шахсларга сотишга, ҳадя этишга, гаровга қўйишга ва ижарага беришга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 1
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.