Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Савол-жавоблар

Савол-жавоблар

Ушбу саҳифада баъзи саволлар ва уларга берилган жавоблар эълон қилинади

Савол: Яқинда хизмат сафари билан хорижга бормоқчиман. Ўзим билан қанча миқдорда нақд хорижий валютани олиб чиқишим мумкин?

 

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 декабрдаги “Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасига жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиш тартибига ўзгартиришлар киритилди.

Унга кўра, 2018 йил 1 январдан бошлабЎзбекистон Республикасига олиб кириладиган ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиладиган эквиваленти 2 минг доллардан ошган миқдордаги нақд хорижий валюта ёзма декларациялаш ва божхона органи ходимига тақдим этиш йўли билан божхона назоратидан ўтказилади. Бунда йўловчи божхона декларациясида олиб кирилаётган ва олиб чиқилаётган нақд хорижий валютанинг жами суммаси кўрсатилади. Эквиваленти 2 минг долларга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд хорижий валюта жисмоний шахснинг хоҳишига кўра ёзма декларацияланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасига нақд хорижий валюта олиб кириш божхона назорати қоидаларига риоя қилган ҳолда чекланмаган миқдорда рухсат этилади. Ўзбекистон Республикасидан нақд хорижий валютани эркин олиб чиқиш божхона назорати қоидаларига риоя қилган ҳолда эквиваленти 5 минг долларга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда рухсат этилади.

Резидентлар томонидан белгиланган суммадан ортиқча маблағни олиб чиқишЎзбекистон Республикаси Марказий банкининг рухсатномаси асосида амалга оширилади. Унда ушбу рухсатномада эркин олиб чиқиш учун белгиланган миқдордан ортиқча олиб чиқилаётган нақд хорижий валюта миқдори кўрсатилган бўлиши лозим. Норезидентлар томонидан Ўзбекистон Республикасига киришда тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида амалга оширилади, бунда ушбу декларациядаги нақд хорижий валюта суммаси олиб чиқиладиган нақд хорижий валюта суммасидан кам бўлмаган миқдорда кўрсатилган бўлиши лозим.

Шунингдек, норезидентлар республикада белгиланган тартибда ташкил қилинган мусобақалар, танлов ва олимпиадаларнинг совриндорлари ёки қатнашчилари томонидан эркин олиб чиқиш учун белгиланган миқдордан ортиқча нақд хорижий валюта олиб чиқилаётганда нақд хорижий валюта олинганлигининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат асос ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг рухсатномасини ва Ўзбекистон Республикасига киришда норезидентлар томонидан тўлдирилган йўловчи божхона декларациясини, яъни эквиваленти 5 минг  доллардан ошган миқдордаги нақд хорижий валютани олиб чиқиш учун асос бўлган ҳужжатни бошқа шахсга беришга йўл қўйилмайди.

Қисман фойдаланилган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг рухсатномаси ва Ўзбекистон Республикасига киришда норезидентлар томонидан тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси келгусида эквиваленти 5 минг доллардан ошган миқдордаги нақд хорижий валютани олиб чиқиш учун асос сифатида қўлланилмайди.

Жисмоний шaxc Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасини кесиб ўтаётганда эга бўлган нақд хорижий валютанинг ишончли ва тўғри декларацияланиши учун жавобгардир.

 

Жавобни Самарқанд вилоят божхона бошқармаси матбуот хизмати тайёрлади.




Савол: Болали оилаларга ва бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам даромади қанча миқдорда бўлган оилаларга тайинланади? 

Жавоб: Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромади жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 бараваридан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.




Савол: Фуқаролар йиғини томонидан эҳтиёжманд, деб топилган оилалар бир вақтнинг ўзида нафақа ва моддий ёрдам олиши мумкинми? 

Жавоб: Фуқаролар йиғини томонидан эҳтиёжманд деб топилган оила нафақа ёки моддий ёрдамнинг фақат бир турини олиш ҳуқуқига эга.




Савол: Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тўловлари миқдори ва муддатлари қандай? 

Жавоб: Болали оилаларга нафақа 6 ой муддатга тайинланади. Бунда бир нафар фарзанди бўлган оилага энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, икки нафар фарзанди бўлган оилага энг кам ойлик иш ҳақининг 80 фоизи, уч ва ундан ортиқ фарзанди бўлган оилага эса энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида маблағ тўланади.

Бола парвариши бўйича нафақа 12 ой муддатга тайинланади ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида тўланади (бола 2 ёшга тўлгунга қадар давом этиши мумкин).

Моддий ёрдам 6 ой муддатга энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 баравари миқдорида тўланади.




Савол: Агар оиланинг жами даромади миқдори ҳақидаги маълумотлар бўлмаса, уларнинг ўртача ойлик даромади қандай аниқланади? 

Жавоб: Агар оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосининг ўртача ойлик даромадлари тўғрисида тақдим этилган маълумотларда даромад суммаси кўрсатилмаган бўлса ёки энг кам ойлик иш ҳақининг 2,5 бараваридан кам сумма кўрсатилган бўлса, у ҳолда оиланинг ўртача ойлик жами даромадини ҳисоблаш учун даромадни нормативдан паст кўрсатган ёки даромади мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмаган оила аъзоларининг ҳар бирига нафақа ёки моддий ёрдамга мурожаат қилинган ойда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 2,5 бараварига тенг бўлган норматив даромад миқдори қабул қилинади.




Савол: Маблағим ва танлаган жойим бор, аммо тадбиркорлик бўйича билимларим ҳали етарли эмас, деб ҳисоблайман. Бу борада қайси йўналишни танлаш, асбоб-ускуна олиш, талаб қилинаётган маҳсулотлар ва бизнес ҳақида кимдан маслаҳат олишни билмай турибман...

Жавоб: Ҳар бир туман ва шаҳарларда тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, давлат хизматларини кўрсатаётган органлар ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда мурожаат этувчиларга информацион ёрдам кўрсатувчи "Ягона дарча" марказлари фаолият олиб бормоқда.

Қолаверса, тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароит яратиш ва ишбилармонлик муҳитини такомиллаштиришга кўмаклашиш мақсадида Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ва туман (шаҳар)ларда Ахборот-маслаҳат марказлари фаолият юритмоқда.

Бу ерда Сиз товар ишлаб чиқариш турлари, хизматлар кўрсатиш, ускуналар олиб келиш, хориждан ҳамкорлар топиш, тижорат, молия маслаҳатлари олиш ҳамда корхона ташкил этиш шакллари борасида барча маълумотга эга бўлиб, бизнес-маслаҳатлар олишингиз мумкин.




Савол: Самарқанд вилояти ҳокимининг қарори асосида автобусларда йўл кира ҳақини тўлашда пластик карточкалар орқали сотиб олинадиган жетонлар муомалада бўлади, деб эшитган эдим. Биз, йўловчилар ана шу жетонларни қаердан сотиб олиб, фойдалансак бўлади?

Жавоб: 2016 йил 20 апрелда вилоят ҳокимининг "Самарқанд шаҳрида йўловчи ташувчи жамоат транспорти – автобуслардан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Қарорда 2016 йил 1 майдан эътиборан Самарқанд шаҳрида автобусларда пластик карточкалар орқали сотиб олинадиган жетонлар ҳам тўлов воситаси сифатида қайд этилиши лозимлиги кўрсатилган.

Шунингдек, 13 та жетонларни сотиб олиш шохобчалари қуриш ва уларни терминаллар билан таъминлаш кўрсатилган. 20 май ҳолатида “Ҳазора”, “Темир йўл”, “Сиёб” ва “Шохи Зинда” автобошбекатларидаги шохобчаларда ишга тушган. Бундан ташқари, яна тўққизта бекатларда терминаллар билан таъминланган, жетон тарқатиш шохобчалари тез орада ишга туширилади.




Cавол: Агарда мол-мулк солиғини ўз вақтида тўламасам қонунда қандай жавобгарлик чоралари белгиланган?

Жавоб: Мол-мулк солиғи ўз вақтида тўланмаса, тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня ундирилади. Бироқ, пеня ундирилиши солиқ тўловчини солиқ тўлаш мажбуриятидан озод этмайди. Шунингдек, муддатида тўланмаган солиқлар, солиқ органларининг даъво аризалари асосида суд тартибида мажбурий тарзда ундирилади. (Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 62 ва 120-моддалари)




Савол: Мен тадбиркорлик билан шуғулланмоқчиман, қандай имтиёзлар бор?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида 2012-2016 йилларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги ПҚ-1754-сонли қарорига асосан 
2012 йилнинг 2-чорагидан бошлаб, қишлоқ жойлардаги маҳаллалар ҳудудида маиший хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар (сартарошлик, тикувчилик, пойафзал маиший техника таъмирлаш бўйича усталар ва бошқалар) қатъий белгиланган солиқ тўлашдан 3 йил муддатга; қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жой қурилиши асосида барпо этилаётган массивларда ташкил қилинаётган корхоналар хизматларини кўрсатадиган якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқ тўловини тўлашдан 5 йил муддатга озод этилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 28 мартдаги “Халқ бадиий ҳунармандчиликлари ва амалий санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-3588-сонли Фармони билан ҳунармандчиликнинг асосий 25 та фаолият турлари рўйхати тасдиқланган. Мазкур фаолият тури билан шуғулланувчи ҳунарманд якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқ тўлашдан озод этилган бўлиб, ушбу солиқ имтиёзининг амал қилиш муддати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 декабрдаги
ПФ-4399-сонли фармонига асосан 2014 йилнинг 1 январгача узайтирилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги ПФ-4725-сон “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони билан:

-2015 йилнинг 1 июлидан микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларида эса фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига асосан уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилиши;

-молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кунидан ошмаслиги;

-тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақат сўнгги текширувдан кейинги даврни қамраб олиши;

-қўзғатилган жиноий ишлар муносабати билан хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъект жалб этган адвокатлар иштирокида (хўжалик юритувчи субъект томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиш ҳолатлари бундан мустасно) амалга оширилиши;

 -Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасида назарда тутилган жиноятни (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) биринчи марта содир этган, жиноят аниқлангандан кейин 30 кун ичида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ва бошқа турдаги молиявий санкцияларни тўлаган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилмаслиги ва у жавобгарликдан озод қилиниши.

- Солиқ кодексининг 390-моддасига асосан Гастроль-концерт фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи учун давлат божи тўловчи жисмоний шахслар мазкур фаолият тури бўйича қатъий белгиланган солиқ тўлашдан озод этилиши;

- Солиқ кодексининг 311-моддасига асосан ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлари бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликларининг аъзолари учун суғурта бадалининг миқдори унинг белгиланган миқдорининг камида 50 фоизини ташкил этиши белгиланган.




Cавол: Сайловларда овоз беришда неча ёшдан иштирок этиш мумкин?

Жавоб: Ўзбекистон республикаси Конституциясининг 117-моддасига асосан сайлов куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга.




Cавол: Ким депутатликка номзод бўлиши мумкин?

Жавоб: Қонунчилик палатасига сайланиш ҳуқуқига сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар эгадир. Сайлов куни йигирма бир ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайланиши ҳуқуқига эга.




Cавол: Сайловчилар рўйхатига киритиш учун нима асос бўлиб хизмат қилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасига ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 32-моддасига асосан сайлов кунига қадар ёки сайлов кунида 18 ёшга тўладиган, тегишли сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб турган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин.




Савол: Ўзбекистон республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги ваколатлари нималардан иборат?

Жавоб: Аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини рўйобга чиқариш ҳамда фуқароларга тегишли кафолатларни таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва унинг маҳаллий органлари томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги:

-меҳнат бозорини таҳлил этади ва истиқболини белгилайди ҳамда аҳолини иш билан таъминлаш даражасини ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқади.

-аҳолини иш билан таъминлаш масалалари юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллий меҳнат органларига услубий ва амалий ёрдам кўрсатади;

-иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси маблағларидан ишсиз шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, янги иш жойларини яратиш, иш билан банд бўлмаган аҳолини касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш учун фойдаланишнинг йўналишларини белгилайди;

-аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни таъминлайди;

-қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.




Савол: Самарқанд вилояти ҳокимлигида “фуқароларнинг мурожаат”лари қай тарзда кўриб чиқилади?

1. Вилоят ҳокимлиги аппаратида фуқароларнинг оғзаки ёки ёзма шаклдаги ариза, таклиф ва шикоятлар билан ишлаш ҳамда фуқароларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни ҳамда вилоят ҳокимининг қарори билан тасдиқланган “Самарқанд вилояти ҳокимлигида фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларни қабул қилиш тартиби” асосида амалга оширилади.

2. Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш учун масъуллар вилоят ҳокими ўринбосарлари, умумий бўлим, гуруҳ раҳбарлари ва котибият мудирлари зиммасига юкланади.

3. Вилоят ҳокимлигида фуқаролар вилоят ҳокими, ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик аппаратининг котибият, бўлим ва гуруҳ раҳбарлари томонидан фуқароларни қабул қилиш хонасида қабул қилинади. Фуқароларни қабул қилиш вилоят ҳокими қарори билан тасдиқланган жадвал асосида амалга оширилади. Қабул жадвали фуқаролар эътиборига етказилади.

4. Вилоят ҳокими ва ҳоким ўринбосарлари томонидан фуқаролар ҳудудларда махсус жадвал асосида сайёр қабул қилинади.

5. Ҳар бир фуқаронинг қабулидан сўнг қабул варақалари расмийлаштирилади. Унда қабул қилинган фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, истиқомат қиладиган жойи, мурожаатнинг қисқача мазмуни ёзиб қўйилади. Қабул варақаси умумий бўлимда рўйхатдан ўтказилади. Қабулда кўтарилган муаммо ҳал этиш учун тегишли ижрочиларга юборилади ва унинг назорати ҳокимлик аппаратининг тегишли бўлинмаси ва умумий бўлим раҳбарлари томонидан шахсан назорат қилинади.

6.Фуқароларни қабул қилишни ташкил этиш учун масъулият вилоят ҳокимлиги аппарати ишлар бошқармаси етакчи мутахассиси А.Каримов зиммасига юклатилади.

7. Умумий бўлим мудири вилоят ҳокимлигига келган фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиб олади, мазмунига қараб вилоят ҳокими топшириғи лойиҳасини тайёрлайди ва шахсан вилоят ҳокими кўриб чиқиши учун тақдим этади. Вилоят ҳокими томонидан мурожаатни ўрганиш бўйича берилган топшириқ вилоят ҳокимлиги аппарати ишлар бошқармасида рўйхатдан ўтказилади ва тегишли ижрочиларга етказилади. Ушбу жараён вилоят ҳокимлиги аппарати ишлар бошқармаси етакчи мутахассиси А.Каримов томонидан шахсан назорат қилинади. Вилоят ҳокими ўринбосарлари ёки ҳокимлик аппаратининг бўлинмалари раҳбарлари номига келган мурожаатлар ҳам вилоят ҳокимлиги аппарати ишлар бошқармаси етакчи мутахассиси А.Каримов томонидан худди шу тартибда расмийлаштирилади ва назоратга олинади. 

8. Фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиб чиқиш учун вилоят ҳокими ёки ушбу мурожаат кўриб чиқиш учун юборилган ҳоким ўринбосари томонидан тегишли мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ тузилиши мумкин. Фуқароларнинг таклифлари тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади (қўшимча ўрганиш талаб этиладиган таклифлар бундан мустасно) ва бу ҳақда таклиф киритган шахсга ўн кун муддат ичида маълум қилинади. 
Ариза ва шикоятлар вилоят ҳокимлигига тушган кунидан эътиборан бир ойгача бўлган муддат ичида, қўшимча ўрганишни ва текширишни талаб этмайдиган ариза ва шикоятлар эса ўн беш кундан кечиктирмай кўриб чиқилади. 
Ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материаллар талаб қилиб олиш ёки бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш муддати вилоят ҳокими томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин ва бу ҳақда ариза ёки шикоят берган шахсга маълум қилинади.

Вилоят ҳокимлигига қабулга келган фуқароларга мурожаатлари бўйича ўша пайтда тушунтириш берилади, масаланинг моҳиятига қараб унинг кўриб чиқилиши натижалари тўғрисида мурожаат муаллифларига ёзма шаклда хабар берилиши ҳам мумкин.

9. Фуқаронинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёки у ҳақда сохта маълумотлар кўрсатилган, шунингдек, имзо қўйилмаган ёзма мурожаатлар аноним деб ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди. 
Фуқароларнинг мурожаатларида қўйилган масалаларни ҳал этиш вилоят ҳокимлигининг ваколатига кирмайдиган бўлса, узоғи билан беш кунлик муддат ичида тегишли органларга жўнатилади ва бу ҳақда фуқарога хабар қилинади.

10. Вилоят ҳокимлиги аппарати ишлар бошқармаси етакчи мутахассиси А.Каримов ҳар куннинг охирида фуқароларнинг мурожаатларини рўйхатдан ўтказиш ва улар билан олиб борилган ишларни таҳлил қилади, қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик чораларини кўради. Ой якунлари бўйича вилоят ҳокимлигига фуқаролардан келган мурожаатларни умумлаштиради ва уларни мазмуни бўйича таҳлил қилади. Таҳлилий маълумотларни вилоят ҳокимлик соати ва аппарат йиғилишлари муҳокамасига киритади.




Савол: Самарқанд вилоятида Рақамли телевидения каналлари сони кўпаядими?

Жавоб: 2008-2015 йилларда рақамли телерадио эшиттиришларга ўтиш чора-тадбирлар режасига асосан 2010 йил 14 сентябрда Самарқанд вилоятида рақамли телевидение тажрибавий асосда ишга туширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 17 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли телевидениега техник ва технологик ўтиш бўйича Давлат дастури тўғрисида”ги ПҚ-1741-сон қарорига мувофиқ, рақамли радиотелеузатгичларга 2016-2017 йилларда алмаштирилиши режалаштирилган, ушбу қарорга мувофиқ;

-1-босқичда 2015-2016 йилларда вилоят марказлари ва аҳоли кўп ҳудудларда юқори қувватли рақамли телеузаткичлар ўрнатиш кўзда тутилган. Уларнинг ёрдамида аҳоли тўлиқ рақамли телевидение билан таъминланиб, телеканаллар сонини 40 тагача етказиш мўлжалланган. Бу телеканаллар орасида хорижий телеканаллар ҳам мавжуд бўлади:

-2-босқичда 2016-2017 йилларда узоқ ва аҳоли кам ҳудудларда кам қувватли узаткичлар ўрнатилади. Иккинчи босқичнинг якунланиши натижасида аҳолини тўлиқ рақамли телевидение билан таъминланади:

Ушбу лойиҳалар амалга оширилгандан сўнг, асосий 12 та маҳаллий телеканаллардан ташқари, хорижий телеканалларни узатиш имкони мавжуд бўлади.




Савол: Имтиёзли шартлар (фоиз ставкаси, муддати) асосида кредит ажратиш масаласи қандай тартибда амалга оширилади?

Жавоб:Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг 28-моддасига асосан банк операциялари бўйича фоиз ставкалари ва воситачилик ҳақи миқдори банклар томонидан мустақил белгиланади.




Савол: Тўлов терминаллар қаерларда ўрнатилган бўлиши лозим?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010-йил 19-апрелдаги 
ПҚ-1325-сонли қарорига асосан аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширувчи қуйидаги чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида тўлов терминали мажбурий ўрнатилиши лозим*:

• авиация ва темир йўллар патталарини сотиш кассалари;

• автовокзал ва автостанциялар кассалари;

• автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари;

•меҳмонхоналар;

• кредит ташкилотлари (микрокредит ташкилотлари, ломбардлар), суғурта ташкилотлари ва молия бозорининг бошқа субъектлари;

• турғун савдо шохобчалари, шу жумладан, дорихоналар (эгаллаб турган майдони ўлчамидан қатъи назар);

• умумий овқатланиш объектлари;

• уй-жой-коммунал, шунингдек телефон алоқа хизматлари, шу жумладан, уяли алоқа телефонлари хизматлари учун аҳолидан тўловларни қабул қилиш шохобчалари;

• автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари;

• алоқа бўлимлари;

• маиший хизмат кўрсатиш ҳамда маданий-оммавий ва томоша тадбирлари ўтказиладиган объектлар;

• аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширувчи бошқа хўжалик

юритувчи субъектлар.

*Назорат-касса машиналарини қўлламаган тарзда, қонунчиликка мувофиқ аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган объектларни истисно қилган ҳолда.




Савол: Менинг фирмамда, мен ҳам директор ҳам таъсисчи ҳисобланаман. Мен яна бир фирмани ўз номимга очиб унда ҳам директор бўла оламанми?

Жавоб: Амалдаги қонунчиликка кўра, жисмоний шахс бир вақтнинг ўзида бир неча фирмаларнинг таъсисчиси ва директори бўлиш ҳуқуқига эга.








Савол: Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш учун шартнома тузилишини эшитганман. Бундай шартнома ким томонидан тўлдирилиши керак?



Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 15 январдаги 1-сонли йиғилиш баёни ижросини таъминлаш мақсадида бир ой муддатда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини корхона ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ва келгусида ишга жойлашиши бўйича тўрт томонлама (коллеж-битирувчи-корхона-туман (шаҳар) ҳокими) шартномалар тузиш ишларини якунлаш режалаштирилган.

Коллежларда битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича штаб ташкил этилиб, коллеж ўқитувчи-педагогларининг ҳар бирига беш нафардан битирувчилар бириктирилди. Яъни, ўша вакил ўзига биркитилган битирувчиларнинг келгусида иш билан таъминланишини тасдиқловчи шартномани тайёрлаб, муассасанинг ўзида йиғиб боради. Коллеж битирувчисига корхона-ташкилотларга шартнома кўтариб боришига йўл қўйилмайди. 


Охирги ўзгариш: 05/01/2018 19:47.   Кўрилганлиги: 9273
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/questions-answers

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 8

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.