Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги “Собиров Тошмурод” фермер хўжалиги 17 гектар ер майдонида ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиради.
Ўтган йили Наманганда бўлиб ўтган гул сайлида қатнашган фермер Акбар Собиров водий вилоятларидаги тадбиркорлар асли ватани Голландия бўлган хризантемани маҳаллий шароитда етиштириб, мўмайгина даромад олаётганига гувоҳ бўлди.
Фермер хўжалигини кўп тармоқлига айлантириш, бозор талаб ва таклифидан келиб чиққан ҳолда бошқа турдаги экинларни етиштириш мақсадида тадбиркор янги лойиҳага қўл урди. У Голландиядан 20 минг дона хризантема кўчатларини келтириб, иссиқхонада маҳаллий иқлим шароитига мослаштирди ва тажриба сифатида эрта баҳорда 1 гектардан ортиқ ер майдонига экиб парваришлади.
Астойдил қилинган меҳнат ўз самарасини берди — хризантема гуллари фермер даласини алвон рангларга “бўяди”. Айни кунларда бу ерда ўн турда 25 минг тупдан ортиқ гуллар етиштириляпти. Бугунги кунда фермернинг гулзорида оила аъзолари билан бирга қирққа яқин киши доимий иш билан таъминланиб, қўшимча даромад олмоқда.
— Тажриба сифатида 1,2 гектар ер майдонига шу гулларни экиб, қарийб 600 миллион сўм фойда олишни мўлжаллаб турибмиз, — дейди фермер хўжалиги иш юритувчиси Бахтиёр Собиров. — Гулларни парваришлашда “Ўзагроинспекция”нинг Жомбой туман бўлими мутахассислари бизга яқиндан ёрдам берди.
Ҳозирда “Собиров Тошмурод” фермер хўжалигида етиштирилган хризантема гуллари тадбиркорлар ва аҳоли томонидан харид қилинмоқда.
-Булунғур туманиданман. Хусусий клиникам ҳудудини ободонлаштириш учун хризантема гулларидан 300 дона харид қилдим. Нархлари ҳам бозордан анча арзон, - дейди тадбиркор Дилдора Фармонова.
Келгусида фермер хўжалиги томонидан яна 3 гектар ер майдонида хризантема гуллари етиштириб, қўшни Қашқадарё, Навоий, Бухоро ва Хоразм вилоятларига ҳам етказиб бериш мўлжалланмоқда. Шунингдек, 2 гектар ерда 10 турдаги атиргул, оқ, қизил ва сариқ рангли лола парваришлаш режалаштирилган бўлиб, бунинг эвазига қатор янги иш ўринлари яратилади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи” мухбири.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 8
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.