Самарқандда кеча тантанали очилган “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази ҳақида ана шундай фикр билдириш мумкин.
Уч йил олдин бу жойлар Самарқанд эшкак эшиш канали ва спорт мактаби биноларини ҳисобга олмаганда, очиқ майдон эди.
Янги Ўзбекистон бунёдкори, ҳурматли Президентимиз ташаббуси ва ғояси билан бу ерда Самарқанд халқаро сайёҳлик марказини қуришга киришилганда кўпчилик бу лойиҳа қисқа фурсатда амалга оширилишига унчалик ишонмаган эди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 2022 йилдаги саммити Самарқандда, айнан мана шу – янгидан бунёд этиладиган туризм марказида ўтказилиши ҳақида гап-сўзлар айтилганда эса ростакамига бунга ишончсизлик билдирганлар кўп эди. Ўзимиз ҳам Чўпонота тепаликларидан Самарқанд шаҳрига бориб келишда узоқдан бу ердаги бунёдкорлик ишларини кўриб “икки-уч йилда бу ерда марказ битармикан, обод бўлармикан”, деб ўтардик. Аммо иш йилнинг тўрт фаслида, ҳатто пандемия шароитида ҳам, туну кун давом этди. Аввало бу ерга коммуникация тизими яратилди, газ, сув, электр энергияси олиб келинди.
Йўл инфратузилмаси яратилди. Кейин баланд-баланд меҳмонхоналар кўзга ташлана бошлади. Ҳудуд секин-аста обод бўлиб, яшил либос кийди, дарахт кўчатлари ўтқазилди. Кеча эшитдим, ушбу гўзал масканда 280 минг туп манзарали дарахт ва буталар экилибди, 170 гектар яшил ҳудуд яратилибди. Яшил ҳудуднинг ўзи шунча бўлгач, мажмуанинг умумий майдони қанча дейсизми? 260 гектардан ортиқ экан. Қаранг, шунча жой уч-тўрт йил ичида кўркам масканга айланди, очиқ майдонда янги бир шаҳарча пайдо бўлди. 8 та замонавий меҳмонхона, қиёси йўқ Конгресс холл, ўзига хос кўриниш ва техник имкониятларга эга амфитеатр ва кўплаб бошқа объектлар бунёд этилибди. Одамлар бу жойни “Самарқанд Сити” ҳам деб атаяпти. Ҳақиқатдан Сити деганларича бор – замонавий, кўркам, киши баҳри дили очилади. “Боқий шаҳар” меъморий ансамблини айтмайсизми?! 7 гектар майдонда жонажон Ўзбекистонимизнинг дурдонаси яратилибди.
Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа тарихий шаҳарларимиздаги тарихий-меъморий обидаларнинг андозаси, қадимий шарқона бозор, юртимизнинг 14 ҳудудининг ўзига хос ҳунармандчилик анъаналари, одамлар турмуш тарзи шу масканда ўз ифодасини топган. Бу ердаги Риштон кулолчилиги, Бухоро зардўзлиги, Қорақалпоқ ўтови, Марғилон атласи, Самарқанд нонлари ҳар сайёҳ учун қизиқарли, ҳайратланарли бўлиши табиий. Не бахтки бизга ана шу “Боқий шаҳар”нинг илк меҳмонлари сифатида бу ерда давлатимиз раҳбари билан учрашиш насиб этди. У киши биз самарқандлик фаоллар, фахрийлар билан суҳбатлашиб, бизни ушбу янги маскан билан табриклади. Биз Юртбошимизга мазкур тарихий бунёдкорликни амалга оширганлари учун миннатдорлик билдириб, табрикладик.
Давлатимиз раҳбари соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “кимки бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилса, биз қурган иморатларга боқсин” деган гапларини эслаб, бу каби объектлар ҳам бугун Янги Ўзбекистоннинг, мард ва олижаноб халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини дунёга намоён этишини таъкидлади. “Бу масканнн бежиз “Боқий шаҳар” деб номламадик. Мажмуада бизнинг тарихимиз, бугунимиз, халқимизнинг ҳаёти акс этган ва у абадий бўлиб, келгуси авлодларга ҳам етиши, анъаналаримиз давом этиши керак”, – деди Президентимиз.
Мажмуадаги тарих ва замонавийлик уйғунлашган амфитеатрда буюк мунажжим Мирзо Улуғбек расадхонасидан андоза олиб яратилган саҳнада намойиш этилган ўзига хом мусиқий композицияни Юртбошимиз билан бирга томоша қилдик, у кишининг табриклари, дил сўзларини эшитдик. Кеча менинг ҳаётимдаги, балки барча самарқандликларнинг ҳаётидаги унутилмас бир кун бўлди. Қалбим қувонч ва шодликка тўлди. Жонажон Ўзбекистонимиздаги янгиланиш ва улкан яратувчилик ишларидан, шундай бағрикенг, халқпарвар Президентимиз борлигидан яна бир фахрландим.
Гулнора Ахмедова,
Жомбой туманидаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази директори ўринбосари
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 11
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.