Самарқандда эртага, 21 май куни ўтказилиши кутилаётган «Шошилинч тез тиббий ёрдамнинг долзарб муаммолари: шошилинч тиббий ёрдамда минимал инвазив технологияларнинг ўрни ва аҳамияти» мавзуидаги
XVI халқаро илмий-амалий конференция доирасида республика ҳамда озарбайжонлик бир гуруҳ шифокорлар Каттақўрғон шаҳрида бўлишди.
Таъкидлаш керакки, Президентимиз ташрифидан сўнг Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига баҳоси 600 минг АҚШ доллари бўлган лапароскопия аппарати берилди. Эндиликда нафақат каттақўрғонликлар, балки шу атроф ҳудуддаги туманлар аҳолиси ҳам вилоят марказига боришига ҳожат йўқ. Шу ернинг ўзида лапароскопия усулидаги операция амалга оширилиши мумкин.
Хориж ҳамда республикадан ташриф буюрган мутахассислар Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасида жарроҳлик бўлимида даволанаётган беморларни кўрикдан ўтказишди. Уларнинг даволаниш жараёнлари, операциядан кейинги ҳолати бўйича хорижлик мутахассислар ўз фикр, таклифларини билдиришди.
- Тизимда ҳар йили 220 мингдан зиёд стационар жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, шундан 50 фоиздан ортиғи юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида амалга оширилган, - дейди республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази раҳбари ўринбосари Шуҳрат Отажонов. – Марказимиз ҳамда унинг филиаллари ҳар йили ишемик ва гаморрагик қон айланишининг ўткир касалликлари, қорин ва кўкрак бўшлиғи соҳасидаги патологиялар учун замонавий минимал инвазив аралашувларини амалга оширади. Марказда Марказий Осиёда биринчи марта замонавий технологиялар ёрдамида шу пайтгача амалга оширилмаган мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилмоқда. Бу масалада марказ мутахассислари Россия, Финландия, Туркия, Япония ва Руминия каби давлат муассасаларида ўқитилди, хорижлик клиникалар билан ҳамкорлик кенгайтирилмоқда, конференция ва маҳорат дарслари ўтказилаётир.
Ташриф давомида озарбайжонлик шифокорлар томонидан лапароскопия ёрдамида бир нечта беморларда жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, каттақўрғонлик жарроҳларга маҳорат дарслари ўтказилди.
- Пойтахт, яъни мамлакат марказидан бир неча юз километр узоқликдаги чекка ҳудудда бу каби юксак технологияли асбобнинг мавжудлиги Ўзбекистонда тиббиётга алоҳида эътибор, аҳолига улкан ғамхўрлик намунаси, деб биламан, - дейди Боку миллий жарроҳлик маркази раҳбари, профессор Гурбонхон Муслюмов. – Бутун дунё тажрибасидан маълумки, шошилинч тез тиббий ёрдам тизимида юқори технологияларни амалиётга татбиқ этиш мураккаб масала. Бемор турли даражадаги оғриқ, жароҳатлар билан келгач, унга шошилинч ёрдам кўрсатилиши лозим. Бундай вазиятда беморга юқори технологияли ускуналарда ёрдам кўрсатиш шифокордан тажриба, маҳорат ҳам талаб этади.
Бугун Ўзбекистонда ушбу амалиёт татбиқ этила бошланган. Бунинг учун шароитлар ҳам, шифокорларнинг тажрибаси ҳам етарли эканлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Қолаверса, бир пайтлар европаликлар Абу Али ибн Синодан медицинани ўрганиш учун келган юртда бу тажрибани тиклаш учун барча имкон мавжуд, деб ўйлайман.
Шунингдек, ушбу мутахассислар республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалида ҳам лапароскопия ёрдамида мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказишди.
Эртага ўтказилиши кутилаётган халқаро конференцияда, шунингдек, Россия, Украина, Корея, Озарбайжон республикаларидан соҳанинг етакчи мутахассислари иштироки кутилмоқда.
Гулруҳ Мўминова.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 7
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.