Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Университет хиёбонидан ШҲТга нигоҳ

Университет хиёбонидан ШҲТга нигоҳ

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити муносабати билан шу кунларда қадимий ва навқирон кентда маданият ҳафталиги ўтказилмоқда.

Жумладан, шаҳардаги Университет хиёбонида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва xорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “ШҲТга нигоҳ” маданий-маърифий дастурлари ташкил этилди.

– Мазкур фестивални ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – Самарқанд аҳли ва меҳмонларининг ШҲТ қандай тузилма эканлиги, унга аъзо мамлакатлар халқларининг ўзига хос маданияти, анъаналари тўғрисидаги тасаввур ва тушунчаларини бойитиш, санъат ва маданият барча миллат ва элатларни бирлаштирувчи қудратли куч эканлигини намойиш этишдан иборат, – дейди мазкур маданий-маърифий дастур ташкилий гуруҳи раҳбари Фарҳод Жўраев. – Бунинг учун хиёбондаги саккиз жойда мамлакатимиздаги рус, тожик, қирғиз, қозоқ, хитой миллий маданий марказлари, Ҳиндистон элчихонаси қошидаги ҳинд маданият маркази, юртимиздаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган покистонлик талабалар томонидан кўргазма ва маданий дастурлар намойиш этилмоқда. Шунингдек, ўзимизнинг миллий ҳунармандчилик маҳсулотларимиз кўргазмаси ўтказилмоқда. Фольклор ва халқ этнографик жамоаларининг бадиий чиқишлари уюштирилди. Хиёбондаги иккита катта саҳнада ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатлар халқларининг миллий куй-қўшиқ ва рақслари ижро этилмоқда.

Маданий тадбирлар давомида Самарқанд вилоятидаги театр жамоалари томонидан турли саҳна кўринишлари, театрлаштирилган томошалар намойиш қилинаётир.

– Бугун юртимиздаги турли миллат вакиллари бир оила сифатида ўзимизнинг турмуш тарзимиз, маданиятимиз, анъаналаримизни самарқандликлар ва ШҲТ саммити меҳмонларига маданий дастур тарзида кўрсатиб беряпмиз – дейди Жиззах вилояти қозоқ миллий маданият маркази раҳбари Ўтеп Саидомонов. – Бу мамлакатимизда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, яратилаётган имкониятлар самараси. Бундай тадбирлар дўстлигимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Самарқанд шаҳрига бундан икки йил аввал келгандим. Ўтган вақт мобайнида шаҳарнинг қиёфаси бутунлай ўзгариб, гўзаллашибди. Марказий кўчалар кенгайтирилиб, атрофи ободон қилинибди. Турфа гулларни айтмайсизми, кўриб ҳавас қилдим.

– Дунё халқлари ўртасидаги маданий ва дўстлик алоқаларни мустаҳкамлаш, миллий анъана ва қадриятларни асраб-авайлаш Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг асосий мақсадларидан ҳисобланади, – дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари – туризм ва маданий мерос бошқармаси бошлиғи Р.Қобилов. – Бугун дунё нигоҳида бўлиб турган шаҳримизда маданият ҳафталиги ўтказишимизнинг боиси ҳам шунда. Мақсад – саммитга келадиган меҳмонлар ва шаҳримиз аҳолисига бой миллий маданиятимиз, юртимизда яшаётган турли миллат ва элатларнинг миллий анъана ва қадриятларини ҳунармандчилиги намуналари билан яқиндан танишиш учун имконият яратишдир.

Айни пайтда Самарқанддаги истироҳат боғлари, театр ва маданият саройлари, савдо-кўнгилочар масканларда ҳам концерт ва маданий дастурлар намойиш этилмоқда.


Киритилган вақти: 15/09/2022 12:54.   Кўрилганлиги: 304
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/universitet-xiyobonidan-shhtga-nigoh

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 8

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.