Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Туркий давлатлар ташкилоти: биринчи саммит, янги устуворлик ва имкониятлар

Туркий давлатлар ташкилоти: биринчи саммит, янги устуворлик ва имкониятлар

Яқинда, бор-йўғи икки ой аввал Самарқандда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити бўлиб ўтди. 

Унда ШҲТга аъзо, кузатувчи ва ҳамкор давлатлар ҳукуматлари, етакчи халқаро ва ҳудудий ташкилотларнинг раҳбарлари иштирок этди. Саммитда глобал ва минтақавий ривожланишнинг энг долзарб масалалари, барқарор ривожланишга хавфлар ва таҳдидлар муҳокама қилинди.

Учрашувлар ва музокаралар натижаларига кўра, ШҲТга аъзо мамлакатлар умумий муаммоларни ҳал қилиш бўйича ишлашга келишиб, биргаликдаги хатти-ҳаракатларнинг аниқ режаларини белгилаб олди. Ташкилот фаолиятини такомиллаштириш бўйича энг муҳим ҳужжатларни қабул қилди.

Барча манфаатдор ҳамкорларнинг глобал маданиятлараро мулоқоти учун асос яратишга йўналтирилган “Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлиги ташаббусининг” илгари сурилиши саммитнинг асосий натижаларидан бири бўлди. Моҳиятан, ўзида бунёдкорона “Самарқанд руҳини” мужассамлаштирган, амалий ҳамкорлик ва ўзаро тушуниш ғояларини ифодаловчи халқаро ҳамкорликнинг мутлақо янги шаклини илгари суриш бўйича келишувга эришилди.

Ҳозир Самарқанд олий даражадаги навбатдаги учрашув – Туркий давлатлар ташкилоти саммитига тайёргарлик кўрмоқда. Айнан шу ерда, ўзбек заминида ушбу бирлашмага аъзо ва иштирокчи давлатлар раҳбарлари илк бор сифат жиҳатидан янги шаклда – тўлақонли Туркий давлатлар ташкилоти доирасида тўпланади.

Самарқанд яна бир неча кунга халқаро мулоқот ва ҳамкорлик марказига, муҳим сиёсий ва иқтисодий қарорлар қабул қилинадиган жойга айланади.

Ўтган галги Истанбул саммитидан ва Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТДҲК) тўлақонли Ташкилотга айланганидан кейин бу туркий давлатлар раҳбарларининг ана шундай кенг таркибдаги биринчи учрашувидир. Самарқандга барча аъзо ва кузатувчи давлатлар етакчилари келади.

Туркий давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантиришни ташқи сиёсий курсининг устуворлиги деб белгилаган Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсати бунга кўп жиҳатдан кўмаклашди.

2019 йил октябрида Ўзбекистон ТДҲКнинг тўлақонли аъзосига айланди. Орадан икки йил ўтгач, 2021 йилда Истанбул саммитида ташкилот тарихида янги саҳифа очилди – Кенгаш “Туркий давлатлар ташкилоти” деб қайта номланди.

Тошкентнинг туркий давлатлар оиласига қўшилган пайтдан буён ўтган қисқа даврда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашиш бўйича 30 дан зиёд ташаббус ва таклифлар илгари сурилди.

Самарқандда бўладиган саммит ҳам ТДТнинг истиқболли халқаро тузилма сифатидаги ролини мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Шу нуқтаи назардан, Самарқанддаги учрашувга ҳам мамлакат ичида, ҳам хорижда жиддий эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Миллий ва хорижий ОАВнинг 570 дан ортиқ вакили тадбирни бевосита Самарқанддан ёритиб боради.

Шуниси муҳимки, саммит ташкилотда мавжуд бўлган улкан салоҳият қай тарзда амалга оширилишига, белгиланган стратегик устуворликларга эришиш учун қандай аниқ механизмларга таянишига оид саволларга жавоб беради.

Бошқача айтганда, ўтган йили Истанбул саммитида қабул қилинган “Туркий назар – 2040” концепциясининг амалий ўлчами қандай бўлиши ойдинлашади. Айнан ушбу концептуал ҳужжатда туркий халқлар аҳолиси 170 миллион кишини ташкил этувчи 4,5 миллион квадрат метрлик кенг маконда Умумий уйни барпо этиш ғоясига содиқ эканлигини тасдиқлади.

Ҳозирги кунда Туркий давлатлар ташкилоти доирасида эришилган ўзаро ҳар томонлама ҳамкорлик даражаси катта рағбат уйғотмоқда. Аммо унинг реал салоҳияти бундан анча юқори. Хусусан, туркий давлатлар ўртасидаги умумий савдо ҳажми нисбатан камтарона бўлиб қолмоқда.

Иқтисодчилар ҳисоб-китобларига кўра, мавжуд ҳамкорлик салоҳияти амалга оширилганда, товар айланмаси вақт ўтиши билан юзлаб миллиард долларни ташкил этиши мумкин.

Шу муносабат билан, Шавкат Мирзиёев бир неча маротаба таъкидлаганидек, фаол ривожланиш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятларни излаб топиш ТДТнинг устуворлигига айланиши керак.

Жаҳон бозорида шаклланиб бораётган конъюнктура ташкилотнинг иқтисодий асосини мустаҳкамлашни – ўзаро савдони кўпайтириш, технологик ҳамкорликни чуқурлаштириш, йирик инфратузилмавий лойиҳаларни, жадал ривожланаётган секторларда ва истиқболли йўналишларда инвестицион алмашинувни қўллаб-қувватлашни тақозо этади.

Туркий дунёнинг иқтисодий ўлчами ҳамкорлик локомативига ва одамлар фаровонлигининг ўсиши асосига айланиши зарур. Бугун ТДТ мамлакатларининг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 1,2 триллион доллардан кўп. Бу жаҳон ЯИМнинг салкам 1,5 фоизини ёки Осиё ЯИМининг 5,5 фоизини ташкил этади.

Ушбу нуқтаи назардан Президент Шавкат Мирзиёевнинг ТДТ ўртасида савдо ҳамкорлиги борасида тадқиқот марказини яратиш бўйича таклифи долзарб аҳамиятга эга.

Мамлакатларимизнинг етакчи саноат корхоналари, инвестицион компаниялари, банк-молия институтлари ва тадбиркорлари ўртасидаги кооперацион алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳудудлараро ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур.

Бу борада Ўзбекистон етакчиси томонидан таклиф қилинган ТДТнинг Тараққиёт банкини яратилиши муҳим асос бўлиши мумкин.

Тошкент, ўз навбатида, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш борасида фаол иш олиб бормоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги ушбу йўналиш нақадар муҳимлигини фактлар ҳам тасдиқлайди. 2016 йилда юртимизнинг туркий дунё мамлакатлари билан савдо айланмаси 2 баробарга ўсиб, 7 миллиард доллардан ортди.

Туркий давлатлар бирдамлигини мустаҳкамлашга қодир бўлган янги минтақавий йўлаклар ва логистик инфратузилмани ривожлантириш алоҳида эътиборга молик.

Ўзбекистон раҳбари таъкидлаганидек, асосий мақсадимиз – қуруқлик йўлларимиз ва денгиз портларини дунё бозорлари билан боғловчи ягона транспорт маконини шакллантиришдан иборат.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ТДТнинг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик дастурлари айнан шу вазифани ҳал қилишга қаратилган.

Туркий давлатлар транспорт соҳасидаги боғлиқликни ривожлантириб, ўзаро савдо ҳажмларини кенгайтиришга эришади, глобал бозорларга кенг йўл очилади. Шу тарзда иқтисодиётлар ва инсонлар интеграцияси даражаси кўтарилади, ташкилотнинг узоқ муддатли стратегиясида белгиланган мақсадларга эришилади.

Туркий давлатлар ўзаро ҳаракатининг яна бир асосий йўналиши – бу Тўртинчи саноат инқилобини илгари суриш бўйича саъй-харакатларни бирлаштиришдир.

“Яшил” ва “ақлли” иқтисодиётларни яратиш барқарор тараққиёт ва ривожланишни таъминлашга қодир бўлган инновациялар, ноу-хау ва моделларни ишлаб чиқишда имкониятларни кенгайтириш учун пойдевор бўлиши мумкин.

Ахборот технологиялари ва илғор усулларни фаол жорий этиш қишлоқ хўжалиги каби анъанавий соҳа учун жуда муҳим. Ўзбекистонда июль ойида ўтган биринчи Туркий агрофорумда давлатларимиз озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларига дуч келаётгани айтилиб, уларни ҳал қилиш имкониятларига эга эканликлари кўрсатилди. ТДТ нафақат бир-бирларига, балки жаҳон бозорига қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини катта ҳажмларда етказиб беришга қодир.

Биргаликда олға интилиш истиқболларини белгилаган ҳолда, шунингдек, халқларимизнинг маънавий-аҳлоқий қадриятлари, бой тарихи ва маданияти, кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч анъаналарига таяниш муҳим аҳамиятга эга.

Шу маънода, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Туркий дунё ҳамжиҳатлигига қўшган ҳиссаси учун” Алишер Навоий номидаги мукофотнинг таъсис этилиши аҳамиятли воқеалардан бири бўлди.

Маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш доирасида биргаликда фестиваль, концерт, маданият кунлари, ижодий жамоалар билан алмашинув кабиларни амалга ошириш эътиборлидир.

Шу билан бирга, кўрсатиб ўтилган устувор мақсадларга минтақамизда тинчлик ва барқарорликни таъминламай туриб, эришиш мушкул вазифа эканлигини тан олиш даркор.

Халқаро вазиятнинг мураккаблашуви, зиддият ва қарама-қаршиликларнинг чуқурлашуви, глобал даражадаги ишончнинг йўқлиги хавфсизликка янада янги таҳдид туғдиради. Бундан ташқари, иқлим ўзгариши, эпидемиологик касалликлар, деструктив ахборот оқимлари билан боғлиқ бўлган хавфлар кескинлашмоқда.

Янги имкониятлар ҳамда янги таҳдидлар ортаётган ҳозирги замонда туркий давлатларининг бирдамлигини мустаҳкамлашни давр талаб этмоқда. Ўзаро кучларни бирлаштирган ҳолда замонавий таҳдидлар ва хатарларга қарши курашиш, ўз манфаатларини илгари суриш, умумий муаммоларни ҳал қилиш енгилроқ кечади. 

Бироқ, бу дунёни ўзимизники ва бегоналарга бўлиш, халқаро муносабатларда кучлар мувозанати анъаналарига қайтиш, дегани эмас.

Туркий давлатлар ташкилотини ривожлантириш стратегияси асосини инклюзивлик ва очиқлик тамойилларига янада содиқлик ташкил этади. Туркий дунёнинг гуллаб-яшнаши доимо кенг кўламли мулоқотлар, халқларимизнинг ўз қўшнилари ва шерикларидан энг яхши фазилатларни ўзлаштиришга қодирлиги ва тайёрлиги туфайли таъминланган. Айнан шу нарса ташкилотнинг муваффақиятли ривож топиши, унинг жаҳон майдонидаги обрў-эътибори мустаҳкамланишининг гарови ҳисобланади.

Туркий давлатларининг тарихий тажрибаси, Осиё ва Европа чорраҳасидаги ноёб жойлашуви тамаддунлар, мамлакат ва халқларни конструктив ҳамкорлик ва умумий тараққиёт йўлида бирлаштирувчи кўприк вазифасини бажара олади ва бажариши керак.

Жаҳоннинг ўта кенг миқёсли хилма-хиллигини шак-шубҳасиз ҳурмат қилиш Туркий давлатлар ташкилотининг ташриф қоғозидир.

Шундай ёндашувга асосланган ҳолда ТДТ ўзининг нуфузли ва зарур минтақавий тузилма, шунингдек, халқаро муносабатларнинг замонавий тизимидаги муҳим элемент сифатидаги мақомини мустаҳкамлашда давом этади.

Шубҳасиз, Самарқанд саммити бу йўлдаги муҳим босқич бўлади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг дипломатияси, нуфузи туфайли бугун Самарқанд изчил равишда конструктив ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва дўстлик тимсоли сифатида муваффақиятли дипломатик майдонга айланиб бормоқда. Шу сабабли, яратувчан “Самарқанд руҳи” ўзаро тараққиёт ва ривожланишга қаратилган туркий давлатлар ҳамкорлигининг янада юксалишида ҳал қилувчи ўрин тутади.

Элдор АРИПОВ, 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Стратегик ва минтақалараро

тадқиқотлар институти директори.

ЎзА


Киритилган вақти: 10/11/2022 12:28.   Кўрилганлиги: 807
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/turkiy-davlatlar-tashkiloti-birinchi-sammit-yangi-ustuvorlik-va-imkoniyatlar

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 7

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.