Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Ташрифдан ташрифгача: Самарқанднинг иқтисодий салоҳияти йилдан йилга юксалмоқда

Ташрифдан ташрифгача: Самарқанднинг иқтисодий салоҳияти йилдан йилга юксалмоқда

Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга амалга оширадиган ташрифлари жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш ва келгуси режаларни белгилаб олиш,

халқ билан мулоқот қилиш, одамларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим топишда муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан Президентимизнинг Самарқандга ҳар бир ташрифи вилоят ҳаётида янги саҳифа очмоқда.

Жумладан, кейинги икки йилда ислоҳотлар жараёни билан танишиш, шунингдек, бир қатор халқаро форумлар ва олий даражадаги учрашувлар ўтказиш учун вилоятда бўлган Шавкат Мирзиёев Самарқанднинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан муҳим вазифаларни белгилаб берди ва бу вазифалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Хусусан, туризмни вилоят иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бирига айлантириш мақсадида бу ердаги муқаддас қадамжоларни обод қилиш, буюк аждодларимиз маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Бу борадаги ишлар натижасида Самарқанд халқаро аэропорти модернизация қилинди, эшкак эшиш канали атрофида халқаро туризм маркази бунёд этилди, Имом Бухорий мажмуаси реконструкция қилинмоқда. Бу жараёнда инфратузилмани янгилаш, замонавий турар жой массивлари бунёд этиш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 200 гектардан ортиқ майдонда бунёд этилган “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази қисқа фурсат ичида Самарқанднинг янги туризм дарвозаси сифатида танилди. 

Икки йилда бу ерда ўнлаб халқаро форум ва анжуманлар, давлатлар раҳбарлари ва бошқа нуфузли делегациялар иштирокидаги ташрифлар амалга оширилди. Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида Самарқанд туманидаги Қорасув массивида 100 минг аҳоли яшайдиган шаҳарча қурилиши бошланган эди. Айни пайтда Қорасув кўркам аҳоли яшаш манзилига айланди ва бу борадаги ишлар давом этмоқда. 

Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 6 июнь куни Самарқандда Қатар амири билан ўтказган олий даражадаги учрашувидан сўнг Қорадарё бўйида 389 гектар ерда бунёд этиладиган “Ширин” массиви лойиҳаси билан танишиб, уни илғор шаҳарсозлик тажрибаси асосида такомиллаштириш, ижтимоий хизматларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Массивда кўп қаватли уйлар, мактаб ва болалар боғчалари, поликлиникалар, спорт майдонлари ва кўнгилочар масканлар бўлади. 

Йирик бизнес ва савдо мажмуалари қурилади. Массивни шаҳар билан боғловчи кўприк ва йўллар, инфратузилма ва коммуникация тармоқлари барпо этилади. Бу ишлар албатта, вилоят иқтисодиёти барқарорлиги билан амалга оширилади. Кейинги йилларда давлатимиз томонидан тадбиркорликнинг фаол қўллаб-қувватланиши, мазкур соҳа вакилларига кенг имкониятлар яратилиши, имтиёзлар берилиши натижасида Самарқанд иқтисодиётида ҳам ўсиш суратларига эришилмоқда. Ўтган йил якуни билан вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 5,8 фоизга ўсди.

Бунда саноатнинг улуши 1,8 фоизга, хизматлар соҳаси 1,5 фоизга кўпайди. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 1,9 миллион сўмга ошди. Халқ истъемоли моллари ишлаб чиқариш ҳажми 4 триллион сўмга ёки 19,4 фоизга ўсди. Тадбиркорлар сони 18 фоизга ошиб, 51 мингдан ортиқни ташкил этди. Йил давомида 49 қўшма корхона ташкил этилиб, уларнинг сони 720 дан ошди. 

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 902 миллиард сўм кредитлар ажратилиб, аввалги йилга нисбатан 18 фоиз ўсишга эришилди. Ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш мақсадида 19,5 миллиард сўм субсидиялар ажратилди ва 5 баробар ошди. 11,2 минг нафар ишсиз фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида вилоятда ишсизлик даражаси 6 фоизга камайди. Жорий йилда ушбу кўрсаткичларни янада яхшилаш борасида тегишли дастурлар асосида иш олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир ташрифи вилоятдаги ислоҳотларга катта туртки беради, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш йўллари кўрсатилади, қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари кўлами кенгаяди. 

Бу галги ташриф ҳам Самарқанд ва самарқандликлар ҳаётида янги саҳифа очиб, ҳудуд ривожи, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган ташаббусларга бой бўлиши кутилмоқда. 

Ғ.ҲАСАНОВ,

А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА


Киритилган вақти: 24/08/2023 14:03.   Кўрилганлиги: 235
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/tashrifdan-tashrifgacha-samarqandning-iqtisodiy-salohiyati-yildan-yilga-yuksalmoqda

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 11

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.