Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

“Ташаббусли бюджет” ташаббускорларга фойда келтиради

“Ташаббусли бюджет” ташаббускорларга фойда келтиради

Икки йилдан буён юртимизда “Ташаббусли бюджет” доирасида ажратилаётган маблағлар ҳудудларда яшовчи аҳолининг йиллар давомида йиғилиб қолган энг долзарб муаммоларига ечим бўляпти.

Президентимизнинг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан 2022 йил 1 январдан эътиборан барча туман ва шаҳарларда тегишли бюджетларнинг тасдиқланган харажатларининг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилиши белгилаб қўйилган эди. Жорий йил 1 июлдан бошлаб эса мазкур қўшимча маблағларнинг энг кам миқдори 10 фоиздан 30 фоизга оширилди.

- “Ташаббусли” бюджет жараёнининг биринчи босқичида фуқаролар томонидан 3661 та таклиф илгари сурилган бўлиб, ҳудудий ишчи комиссиялар томонидан 1732 та таклиф овоз бериш жараёнига ўтказилди, - дейди вилоят молия бош бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари Шаҳзод Турсунтошев. - Бу жараёнда вилоят аҳолисининг 10 фоизидан зиёди овоз берди. Ғолиб бўлган 209 та таклифни амалга ошириш учун 114 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. 3 та таклиф низом талабларига зид бўлганлиги сабабли рад қилинди. Шунингдек, 2000 дан ортиқ овоз берилган таклифларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшимча равишда республика бюджетидан Каттақўрғон ва Иштихон туманларига 2,9 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Вилоят бўйича 53 та умумтаълим мактаби, 11 та тиббиёт муассасаси, 33 та МТМ, 14 та маҳалла бинолари ҳамда 70 та ички йўл таъмирланади. Ҳозирда ғолиб деб топилган таклифлар бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилиб, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларида тасдиқланди.

Қўшработ тумани Шовона маҳалласи аҳолиси “Ташаббусли бюджет” жараёнида иштирок этиб, қишлоқнинг ички йўлларини асфальт қилиш лойиҳаси бўйича ғолиб бўлган эди. Айни пайтда маҳалланинг барча кўчаларига шағал-тош тўкилиб, асфальт ётқизиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, тумандаги 85-умумий ўрта таълим мактаби учун замонавий спортзал қурилиш ишлари давом этмоқда. “Ташаббусли бюджет” жараёни биринчи босқичида Қўшработ тумани мактабгача таълим бўлими ҳам ғолиб бўлган эди. Жараёнда тумандаги барча МТМларни мебель ва ўқув жиҳозлари билан таъминлаш таклиф қилинган эди. Айни вақтда жиҳозлар олиб келиниб, муассасаларга тарқатилмоқда. 

Тойлоқ туманида “Ташаббусли бюджет”да ғолиб бўлган 17 та лойиҳа учун 7 миллиард 502 минг сўмдан зиёд маблағ ажратилган. Ҳозирда Хўжаюз маҳалласидаги қишлоқ врачлик пунктида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 

“Ташаббусли бюджет”да Иштихон тумани аҳолиси 181 лойиҳа учун овоз берган бўлса, улардан 13 таси ғолиб бўлди. Яъни, 4 та умумтаълим мактаби, 4 та қишлоқ врачлик пункти ва “Азамат” оилавий шифокорлик пункти биноларини жорий таъмирлаш, шунингдек, 4 та маҳалладаги ички кўчаларни асфальт қилиш кўзда тутилган эди. 

- Туманимиздаги Намуна маҳалласи ҳудудида жойлашган 19-умумтаълим мактаби бинолари таъмирдан чиқарилиб, мини стадион қурилиб, фойдаланишга топширилди, - дейди Иштихон тумани молия бўлими мутахассиси Жўрабек Холмонов. – Шунингдек, Баҳрин маҳалласида “Ўзбекистон” оилавий поликлиника биноси 187,2 миллион сўмга жорий таъмирланди. Тумандаги Бойтуби маҳалласи Питов қишлоғининг 2457 метр ички йўлини таъмирлаш лойиҳаси учун 900 миллион сўм, шу маҳалланинг Бўстон қишлоғи билан боғловчи минг метрлик ички йўл учун 782,2 миллион сўм маблағ ажратилди.

-  Қишлоғимиз аҳли ўтган асрнинг 60-70 йилларида ўрнатилган трансформатор ва ёғоч устунларга тортилган электр тармоқларидан фойдаланиб келган, - дейди туманнинг Сўғот маҳалласида яшовчи А.Нурматов. – Сал шамол бўлса, трансформаторимиз ишдан чиқиб, симлар узилиб кетарди. Танловда иштирок этиб ғолиб бўлдик, 100 дона темирбетон устун, 1853 метр электр узатиш симлари ҳамда 1 дона янги трансформатор пункти ўрнатилди.

Айни пайтда “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2-босқичи учун туман, шаҳар ҳокимликлари қошида ташкил этилган фуқаролар ташаббуси жамғармасига тегишли бюджетларнинг тасдиқланган харажатларининг 5 фоизи ҳисобидан 78,4 миллиард сўм, 1-чоракнинг ошириб бажарилган қисмидан 30 фоиз - 12,5 миллиард сўм, 2-чорак ҳисобидан эса 13,8 миллиард сўм, жами 104,7 миллиард сўм маблағ жамғармага ажратилиши кўзда тутилган.

Ушбу маблағларни жамоатчилик фикри асосидаги тадбирларга йўналтириш доирасида фуқаролар томонидан жорий йилнинг 15 июлидан 3 августига қадар таклиф қолдириш, 4 августдан 23 августгача бу таклифларнинг ишчи комиссия томонидан сараланиши ва 24 августдан 12 сентябрга қадар мазкур таклифларга овоз бериш жараёни ўтказилиши белгиланган. 

Овоз бериш якунларига кўра, ғолиб таклифлар жамғармада маблағлар етгунига қадар юқоридан пастга қараб сараланади ва ғолиб таклифларни молиялаштириш учун халқ депутатлари Кенгашларига тақдим этилади.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.


Киритилган вақти: 08/08/2022 14:24.   Кўрилганлиги: 393
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/tashabbusli-byudjet-tashabbuskorlarga-foyda-keltiradi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 4

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.